Китоб муаллифи: Жалолиддин Суютий (1445-1505)
Нашрга тайёрловчи: Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов
Китоб ҳажми: 216 бет.
Китобнинг қисқача мазмуни: Ҳадис, тафсир, фиқҳ илмлари билимдони Жалолиддин Суютийнинг ҳаёти, илмий фаолияти ва «Лубобул ҳадис (Сара ҳадислар)» китоби ҳақида. Китобдан одоб-ахлоққа доир айрим ҳадислар тўплаб таржима қилинди. «Бир соатлик сабр дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», дейилади китобда.
Алломанинг тўлиқ исми Абдурраҳмон ибн Абу Бакр Абулфазл Жалолиддин Суютий. Аслида у кишининг исмлари Абдурраҳмон ибн Абу Бакр бўлиб, Абулфазл яъни, «фазилатлар мужассам бўлган инсон» кунясидир.
Аллома 1445 йили Қоҳирада туғилган. Мисрнинг жанубидаги Асют шаҳрига нисбат берилгани учун Суютий дейилган. Имом Жалолиддин Суютий ҳадис, тафсир, тилшунослик, тарих, адабиёт, фиқҳ каби илмларнинг моҳир билимдони бўлган.
Имом Жалолиддин Суютий 1505 йилда вафот этган.
«Лубобул ҳадис» (Сара ҳадислар) китоби 40 бобдан иборат бўлиб, ҳар бир бобда 10 тадан ҳадис бор. Ҳар бир бобларда келтирилган ҳадислар, бир-бирини маъно жиҳатидан тўлдириб боради.
Китоб «Илм ва уламоларнинг фазилати», «Ла илаҳа иллаллоҳнинг фазилати», «Иймоннинг фазилати», «Аллоҳни зикр қилишнинг фазилати», «Зинонинг ёмонлиги», «Ота-онага яхшилик қилиш», «Фарзандларни тарбия қилиш», «Камтаринликнинг фазилати», «Касал кўришнинг фазилати» каби бобларга бўлинган.
«Лубобил ҳадис» асаридан танлаб олинган ҳадислар ўқувчига тушунарли бўлиши учун таржимасидан кейин баъзиларининг шарҳлари ҳам баён этилди.
Масалан, «Кимки икки намоз орасини узрсиз жамласа, дарҳақиқат, у гуноҳи кабиралар эшигидан бирига келибди».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан, ҳар бир намозни ўз вақтида ўқишнинг кераклигини билиб оламиз. Аммо ҳаж мавсумида Арафот* ва Муздалифа*да пешин билан аср намозини ва шом билан хуфтон намозини жамлаб ўқилади. Яъни пешин вақтининг тугашида аср билан жамлайди. Шом вақтининг тугашида уни хуфтон билан жамлаб ўқилади. Ҳанафий мазҳабида ҳаждан бошқа пайтларда намозлар жамлаб ўқилмайди.
Китобдаги баъзи ҳадисларнинг санади заифлиги ёки баъзилари инкор этилгани ёхуд ўқувчига тушунарли бўлиши учун изоҳталаблиги жиҳатидан муаллиф бошқа манбалар орқали шарҳларини ўрганиб, ўқувчига содда тилда етказишга ҳаракат қилди. Чунки бу асардаги ривоятларнинг ҳаммасининг ҳам санади саҳиҳ эмас. Муаллиф бундай ривоятларни китобга киритишининг сабаби, мавзу қамровини кенгайтириш бўлган.
Китобда зикр этилганидек, «Олимнинг обид*га нисбатан афзаллиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллиги сингаридир».
Шарҳ: Бу ўриндаги афзалликдан мурод Аллоҳ таолонинг олим бандасига охиратда берадиган жаннатдаги юксак мақомлари, неъматларидир.
«Кимки, ҳар куни «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни юз марта айтса, қиёмат кунида юзи ўн тўрт кечалик ойдек бўлиб келади».
Шарҳ: Мазкур китобнинг шарҳи «Танқиҳул қовлил ҳасис» китобида Фокиҳоний «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»нинг фазилати ҳақида: «Кимки, уйга кираётиб бу зикрни айтса, фақирликка тўсиқ бўлади», дейди.
Бундан ташқари, ҳадис китобларида «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган кишининг минглаб гуноҳлари кечирилиши ҳақидаги ривоятлар «фазилатли амаллар» мавзусида келтирилган.
«Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир».
Шарҳ: Ота-она номига сазовор бўлган шахс борки, динимизда қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган «Роббининг розилиги» ота-нинг розилиги ва «Аллоҳнинг ғазаби» отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам, Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди.
«Сабр мусибат етган илк вақтдагисидир»
Шарҳ: Бандага етган мусибатга агар у сабр қилса, унинг гуноҳи кечирилиши ёки даражасининг кўтарилишига сабаб бўлади. Ибн Абу Дунёдан қилинган ривоятда шундай дейилади: “Мусулмонлардан бирор кишига мусибат етса, ҳаттоки, тикан кирса ҳам, икки хислатдан бири бўлади: Аллоҳ у сабабли унинг гуноҳидан ўтади ёки ўша сабабли унинг даражасини кўтаради
Боблар шу тартибда давом этган.