Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури доирасида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) илмий ходимлари Моҳд Шаҳир ибн Ҳошим ва Муҳаммад Узаир ибн Изҳам, шунингдек, Бурсадаги Улудағ университетининг қирғизистонлик докторанти Мадинабону Моидинова Бухоро шаҳрида илмий-тадқиқот сафарида бўлди.

Изланишлар учун зарур манбалар билан яқиндан танишиш, юртимизнинг бой тарихий-маданий меросини ўрганиш ва илмий тадқиқотлар учун муҳим манбаларни жойида тадқиқ этиш мақсадида ташкил этилган сафар давомида хорижлик тадқиқотчилар Бухоро давлат музей-қўриқхонасининг қўлёзмалар фондида бўлиб, ҳар бири ўзи танлаган мавзуга алоқадор манбаларни кўздан кечириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, стипендиатлар Мир Араб мадрасаси, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ва Бухоронинг бошқа тарихий обидаларини зиёрат қилди.

Осори атиқалар билан танишув жараёнида изланувчиларга уларнинг тарихи, меъморий хусусиятлари ва маънавий меросимиздаги ўрни ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Уларга бу жараёнда музей-қўриқхона илмий ходимлари Ахтам Аҳмедов ва Ўктамали Равшанов ҳамроҳлик қилиб, тарихий қадамжолар ҳақида батафсил тушунчалар берди.

Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказида эса директор ўринбосари Муҳаммаджон Атоев тадқиқотчиларни ушбу муассаса фаолияти, амалга оширилаётган илмий изланишлар ва нашр этилаётган китоблар билан таништирди. Шунингдек, зиёратгоҳ тарихи ва унинг ислом маънавиятидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур илмий сафар хорижлик тадқиқотчиларнинг Ўзбекистон тарихий-илмий мероси ҳақидаги билимларини бойитиш, ноёб манбаларни бевосита ўрганиш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга кенг йўл очди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




