Баъзида инсонлар билан суҳбатлашиб қолганимизда “Имом Бухорийнинг оиласи ва фарзандлари бўлганми?” деган саволни кўп беришади. Бу ҳақида ўзимизни қониқтирадиган батафсил маълумотларни тополмаймиз. Лекин, у ер – бу ерда сочилиб ётган баъзи маълумотларнигина топамиз. Бизлар мана шу мавзудаги маълумотларни қидирганимизда уламоларни бир неча гуруҳга бўлинганини кўрамиз.
Биринчиси: Имом Бухорийнинг хотини ва жориялари борлигини тасдиқлайди. Лекин, фарзандлари борлигини инкор этади.
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий ўзининг “Сияру аъломи-н-нубало” ва “Тариху-л-ислом” номли китобларида Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг қиссасини қўйидагича келтиради: “Имом Бухорий менга: “Менинг жорияларим ва хотиним бор. Сен эса, бўйдоқсан”, деди”. Яна Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Биз Фирабрда турганимизда, Абу Абдуллоҳ бир куни менга: “Бир қулфуруш жориялар келтирибди. Мен билан бирга борасанми?”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. Биз у ерга бордик. У қулфуруш ҳуснда чиройли гўзал жорияларни бизга олиб чиқиб кўрсатди. Улар орасидан бир кўзи ғилай, пакана ва семиз жория чиқди. Абу Абдуллоҳ унга қараб, иягини ушлади ва: “Буни ўзимиз учун сотиб олгин”, деди. Мен: “Бу бир пакана ва хунук экан, буни сотиб олмайлик. Шу пулга бизга қараб турган бошқа жорияларни сотиб олсак бўлади”, дедим. У киши: “Мана шуни сотиб оламиз. Албатта, мен унинг иягини ушладим. Зеро, мен бир жорияни ушлаб, кейин бошқасини сотиб олишни яхши кўрмайман”, деди. Абу Абдуллоҳ бу жорияни нарх-наводан хабардор кишилар айтганидек, қиммат бўлган беш юз дирҳамга сотиб олди. Сўнг бу жория ҳамиша Абу Абдуллоҳнинг ҳузурида бўларди. Ҳатто, уни ўзи билан бирга Нишопурга ҳам олиб кетди”.
Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Сорифийнинг бундай деганини эшитдим: “Мен Абу Абдуллоҳнинг уйида у киши билан бирга ўтирган эдим. Шунда бир жория келиб, уйга кирмоқчи бўлганида Абу Абдуллоҳнинг олдидаги сиёҳдонга қоқилиб кетди. Шунда Абу Абдуллоҳ унга: “Бу қандай юриш?”, деди. У: “Йўл бўлмаса қандай юрай?”, деди. Шунда Абу Абдуллоҳ икки қўлини ёйиб: “Сен кетавер, сени озод қилдим”, деди. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Сорифий айтади: “Шунда у кишига: “Эй, Абу Абдуллоҳ! бу жория сизни ғазабингизни чиқардими?”, дейилди. У киши: “Агар бу мени ғазабимни чиқарган бўлса, албатта, мен қилган ишим билан нафсимни рози қилдим”, деди”.
Ушбу маълумотлар Имом Бухорийнинг уйланганига ва жорияларни мулк қилиб олганига очиқ-ойдин далолат қилиб турибди. У киши ҳақида ривоят қилувчи одам ўзининг ходими ва котибидир.
Иккинчиси: Ўғил фарзанди борлигини тасдиқлайди. Лекин, қиз фарзанди борлигини инкор этади.
Бакр ибн Мунир ва Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг гапида келади. Гапнинг лафзи Бакрникидир. У айтади: “Имом Бухорийга товарлар олиб борилар эди. У товарларни Имом Бухорийга ўзининг ўғли Абу Ҳафс Аҳмад юборарди. Баъзи савдогарлар кечки пайт у кишини олдига келиб, бу товарларни беш минг дирҳам фойда эвазига сотишни талаб қилдилар. Шунда Имом Бухорий: “Бугун кечаси кетинглар”, деди. Эртаси куни бошқа савдогарлар келиб у кишидан ўша товарни ўн минг дирҳам фойда эвазига сотишни талаб қилдилар. Шунда Имом Бухорий уларни қайтариб юборди ва: “Албатта, мен кеча уни кеча келган одамлар учун сотишни ният қилгандим”, деди. Яна: “Мен ниятимни бузишни яхши кўрмайман”, деди”.
Бу гап Имом Бухорийнинг Аҳмад исмли ва Абу Ҳафс куняли фарзанди борлигига очиқ далилдир. Лекин, баъзилар айтади: Албатта, гапирувчи одам: “У товарларни Имом Бухорийга унинг ўғли Абу Ҳафс Аҳмад юборарди”, деб айтган. Яъни, Абу Ҳафс Аҳмад гапирувчи одамнинг ўғли эканлигини қасд қилаяпти. У Бакр ибн Мунир ёки Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийдир.
Лекин, бу гап ҳақиқатдан узоқдир. Чунки, Абу Ҳафс Аҳмад гапирувчи одамнинг ўғли бўлганида, албатта, гапирувчи одам: “У товарларни Имом Бухорийга менинг ўғлим Абу Ҳафс Аҳмад юборарди”, деб айтган бўларди. Чунки, луғавий жиҳатдан ўзининг ўғли ҳақида унинг ўғли деб гапириш тўғри бўлмайди.
Учинчиси: Қиз фарзанди борлигини тасдиқлайди. Лекин, ўғил фарзанди борлигини инкор этади. Ҳоким Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Байъ ўзининг “Маърифату улуми-л-ҳадис” номли китобида: “Имом Бухорий ва Имом Муслим ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
Ҳофиз Абдураҳмон ибн Али ибн Дайбаъ Шайбоний: “Имом Бухорий ўзидан ўғил фарзанд қолдирмасдан вафот этди”, деган. Бу гапни Сиддиқ Ҳасанхон ўзининг “Ал-ҳитто” номли китобида келтирган.
Сирожиддин Умар ибн Али ибн Мулаққин ўзининг “Ал-муқниъ фий улуми-л-ҳадис” номли китобида: “Имом Бухорий ва Имом Муслим ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
“Ал-икмал” номли китобнинг соҳиби: “Имом Бухорий ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
Мулло Али Қори ўзининг “Мирқоту-л-мафотиҳ” номли китобида: “Имом Бухорий ўғил фарзанд қолдирмасдан вафот этган”, деб айтади.
Амир Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Ат-таҳбир ли-ийзоҳи маъани-т-тайсир” номли китобида: “Имом Бухорий ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
Муҳаммад ибн Али Шавконий ўзининг “Найлу-л-автор” номли китобида: “Имом Бухорий ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
Абдулҳақ Бухорий Диҳлавий Ҳанафий ўзининг “Ламаъоту-т-танқиҳ фий шарҳи мишкати-л-масобиҳ” номли китобида: “Имом Бухорий ўғил фарзанд қолдирмаган”, деб айтади.
Баҳс қилувчилардан бири айтади: “Мен Имом Бухорий уйланган ва битта ёки иккита қиз фарзанди бўлган деган маълумотни учратдим. “Даъвату-л-ҳақ” журналидаги Имом Бухорийга тегишли мана шу мавзуда хоҳловчини қониқтирадиган ва йўлни ёритадиган гапни топишни умид қилиб бир қанча вақт баҳсни давом эттирдим ва бу ердаги маълумотларни қайтадиган жойини билмадим”.
Тўртинчиси: Имом Бухорийнинг уйланганини инкор этади. Демак, у кишининг зурриётлари борлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Имом Ажлуний ўзининг “Изоату-л-бадрайн” номли китобида: “Мен Имом Бухорийнинг уйлангани ҳақида тўхталмадим. У кишининг фарзанди борлиги ҳақида гапирмасам ҳам бўлади”, деб айтади.
Имом Бухорийнинг “Ат-тарих ал-авсот” номли китобининг таҳқиқчиси Абу Ҳаймад Тайсир ибн Саъд айтади: “Таржимаи ҳол китобларида Имом Бухорийнинг уйлангани ва зурриётлари ҳақида Ҳокимнинг: “Имом Бухорий ва Имом Муслим ўғил фарзанд қолдирмаган”, деган гапидан бошқа бирор нарса зикр қилинмаган”.
Бешинчиси: Имом Бухорийнинг фарзанди борлигини мутлақ инкор этади.
Шайх Абдусалом Муборакфурий “Мишкату-л-масобиҳ” номли китобнинг соҳиби Аллома Валиюддин Хатибдан ва Мулло Али Қорининг “Шарҳу мишкати-л-масобиҳ” номли китобидан: “Албатта, Имом Бухорий ўзидан кейин зурриёд қолдирмаган”, деган гапни келтиради.
Ҳусайн ибн Муҳаммад Лоъий Мағрибий ўзининг “Ал-бадру-т-тамам” номли китобида айтади: “Имом Бухорий бирорта фарзанд қолдирмаган. Аллоҳ таоло у кишини солиҳ фарзанддан кўра яхшироқ ва улуғроқ бўлган неъмат яъни, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг машҳурлиги ва Ер юзининг барча тарафларидаги уммат у кишининг китобидан фойдаланиши билан ризқлантирди.
Мен айтаман: “Фарзанд лафзи ўғил ва қиз фарзандни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 11-оятида: “Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этади”, деб марҳамат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, деганлар”.
Исмоил ибн Умар ибн Касир айтади: “Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзидан кейин барча мусулмонлар учун фойдали илм қолдирди. Шу сабабли Имом Бухорийнинг амали тўхтагани йўқ. Балки, у кишига ҳаётлик чоғида қолдирган солиҳ амалларидан фойда бориб туради. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одам боласи вафот этса унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарсадан тўхтамайди: фойдали илмдан”, дедилар. Имом Муслим ривояти.
Албатта, Ибн Касирнинг мана шу гапи Имом Бухорийнинг фарзанди йўқлигига ишорадир.
Олтинчиси: Имом Бухорийнинг фарзанди бор ёки йўқлиги ҳақида иккиланадилар.
Шайх Абдусалом Муборакфурий келтиради: “Аллома Ажлуний “Имом Бухорийнинг Абу Абдуллоҳ деб куняланишини сабаби нима?” деб сўради. Сўнгра, бу саволга у кишининг ўзи қуйидагича жавоб берди: “Албатта, куняланиш учун инсоннинг фарзандлари бўлиши шарт эмас. Дарҳақиқат, арабларнинг одатига кўра ўғил-қизларини кичкиналигидаёқ яъни, ҳали фарзандли бўлмаган ҳолида ҳам куня билан чақирар эди. Бунга сон-саноқсиз мисоллар бор. Имом Бухорий ажам бўлса ҳам лекин, Мовароуннаҳр шаҳарларига арабларнинг одатларини катта таъсири бўлган. Хусусан, илм аҳлларига.
Афсуски, биз бу мавзуда Валиюддин Хатиб Табризийнинг сўзидан кўра қадимгироқ бирор бир сўзни тополмаймиз. Ваҳоланки, у киши сўнгги мутааххирлардандир.
Аммо, Аллома Ажлуний шак қилади. Ҳатто, Имом Бухорийнинг уйланиши ҳақида ҳам. У киши айтади: “Агар Имом Бухорий уйланганида, биз уни бирор жойда зикр қилинганини топардик. Афсуски, тарихчилар одатда хотин ва никоҳнинг ҳолатларини зикр қилмайди. Тарих китобларида юзлаб исмлар борки, уларнинг хотинлари борлиги ёки йўқлиги ҳақида бирор нарсани зикр қилмаган. Бу заиф эҳтимолларга кўра, Имом Бухорий суннати муаккададан маҳрум бўлган ҳатто, Имом Бухорийнинг суннати муаккадани тарк қилгани саҳиҳ санад билан собит бўлган, деб ўйлашимизга рухсат этилмаган.
Агар Имом Бухорий бирорта сулбий фарзанд қолдирмаган деб фараз қилсак. У кишининг руҳий зурриётлари икки юз миллион икки юз тўрт минг нафардан ошиб кетган. (Шарҳловчи “Жаридату-л-муаййид” номли китобда: “Милодий 1897 йил статистик маълумотларга кўра мусулмонларнинг сони шунча бўлган”, деб айтади.) Ана ўша шак-шубҳа қиладиган кимсаларга эътибор бермаслик керак. Ҳатто, улар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тўплаган Қуръони каримнинг саҳиҳлиги ҳақида ҳам шак-шубҳа қиладилар ва албатта, Саҳиҳ Қуръон ертўлаларнинг ёки ерости йўлларининг бирида яширинган ва йўқолиб кетган деб ҳисоблайдилар. Албатта, бу Имом Бухорийнинг руҳий зурриётларидан бирор нарсани камайтирмайди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, “Саҳиҳул Бухорий” китоби Аллоҳнинг китобидан кейинги китобларнинг энг саҳиҳроғи эканлигига ишонадиган одамларнинг сони кундан-кунга ошиб бораяпти”.
Абу Нуъайм айтади: “Бу Имом Бухорийнинг уйланиши ва фарзанд кўриши ҳақидаги топган нарсаларимдир”.
Дарҳақиқат, мен келтирган нарсалардан Имом Бухорийнинг уйлангани, жорияларга эга бўлгани, сотиб олгани, озод қилгани ва у кишининг зурриёти бўлгани аниқ бўлди. Ким буни инкор қилса унга ҳужжат тополмайди. Тасдиқловчи инкор қилувчидан устундир.
Эҳтимол, бу рожиҳдир. Лекин, бизнинг наздимизда у кишининг хотинларини, жорияларини, қизларини ва ўғилларини сони маълум эмас. Лекин, зикр қилинмагани йўқ дегани эмас-ку. Хоссатан, “Аёлларнинг иши яшириш, махфийлик, зоҳир қилмаслик ва билдирмасликка бино қилинганини” билган пайтимизда.
Албатта, Сийрат ва таржимаи ҳол китобларида аёлларнинг зикрини камлиги бунга очиқ гувоҳдир. Бу аёлларнинг камлигига далолат қилмайди. Балки, мен сизлар учун зикр қилган сабабларга далолат қилади. Аёллардан машҳурлари уларнинг сонини кўплигига нисбатан жуда оздир”.
Тарихчи Абдулқодир ибн Муҳаммад Қураший ўзининг “Ал-жавоҳиру-л-музият” номли китобида: “Бизларга Мовароуннаҳр шаҳарлари ва бошқа шаҳарлардаги бирорта уйдан бирор фатво уй соҳибининг ва қизининг ёки хотинининг ёки опасининг ёки синглисининг дастхати билан чиқарди деган маълумотлар етиб келди”, деб айтади. Бу эса уламоларнинг уйланганига ва хонадонидаги аёлларнинг аҳли илм эканлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло Имом Бухорийга раҳм қилсин ва у кишига улкан жаннатларни маскан қилиб берсин. У киши ўлмас меросни қолдириб кетди.