Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ олимларидан халқаро симпозиумга илмий ҳисса

Марказ олимларидан халқаро симпозиумга илмий ҳисса

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия университетида «Мовароуннаҳрдан Онадўлигача туркий ислом тафаккури: Билим ва ҳикмат теграсидаги Туркистон» мавзусида III халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Анқара Йилдирим Боязид университети, Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон-Туркия университети ва Ҳадис тарихи жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман Марказий Осиёда илмий-маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, минтақадан етишиб чиққан буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш ва уларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари симпозиумда фаол иштирок этиб, алломалар мероси, ҳадис илми, фиқҳ ва тасаввуф тарихига оид илмий изланишларини тақдим этди.

Тадбирда бевосита қатнашган Шукурилло Умаров «Марказий Осиёга Ислом динининг кириб келишида буюк саҳобаларнинг хизмати» мавзусида маъруза қилди. Унинг нутқида Мовароуннаҳрда ислом маърифатининг ёйилишида Қусам ибн Аббос каби саҳобаларнинг ўрни ва ушбу жараённинг уч босқичли тарихий концепцияси ёритиб берилди.

Равшан Элмуродов «Абул Баракот Насафийнинг “Ал-Эътимод фил эътиқод” асари таҳлили» мавзусидаги маърузасида алломанинг илмий мероси, асарнинг мазмун-моҳияти ва унинг Мовароуннаҳрда калом илми ривожини ўрганишдаги аҳамиятига эътибор қаратди.

Симпозиум доирасида Марказнинг қатор илмий ходимлари онлайн форматда иштирок этди. Жумладан, Меҳрожиддин Амонов «Зарафшон воҳасидаги тасаввуф тарихида иршодномалар таҳлили» мавзусида маъруза қилди. Унинг нутқида муршидлар (пирлар) шогирдлар (муридлар)га берадиган тўғри йўл, нафс тарбияси ва руҳий камолотга эришиш қоидалари баён этилган қўлланма ё насиҳатномалар – иршодномаларнинг тасаввуф тарихи ва манбашуносликдаги ўрни, тариқат пирларининг ижозатномаларини (таълимотни ўзидан кейин бошқаларга етказиш, ўргатиш ва ривоят қилиш ҳуқуқини шогирдга тақдим этиш тўғрисидаги далолатнома) ўрганиш орқали минтақадаги маънавий-илмий анъаналарни тадқиқ этиш имкониятлари таҳлил қилинди.

Усмонхон Муҳаммадиевнинг маърузаси эса «Самарқанд ҳанафий фиқҳ мактаби: Шаклланиш жараёни ва хусусиятлари» мавзусига бағишланди. Унда Самарқандда ҳанафийлик фиқҳ мактабининг вужудга келиши, ривожланиши босқичлари ва ўзига хос илмий хусусиятларини ўрганиш масалаларига эътибор қаратилди. Бу тадқиқот Мовароуннаҳрда шаклланган фиқҳий анъаналарнинг ислом ҳуқуқшунослиги тарихидаги ўрнини чуқурроқ англашга хизмат қилади.

Отабек Муҳаммадиев «Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” асарида зикр этилган мовароуннаҳрлик ровийлар» мавзусида маъруза қилиб, буюк муҳаддиснинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан ровийларни бошқа манбалар асосида ҳам ўрганиш жараёнлари ҳақида сўзлади.

Бир сўз билан айтганда, Марказ вакилларининг маърузаларида ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф соҳаларига оид бой илмий меросни ўрганиш, тарихий манбаларни таҳлил қилиш ва Мовароуннаҳр алломаларининг ислом цивилизацияси ривожидаги ўрнини янада кенгроқ ёритиш масалалари қамраб олинди.

Халқаро симпозиум тадқиқотчиларимизга ўз илмий изланишлари билан халқаро илмий ҳамжамият йиғинларида иштирок этиш, соҳадаги тадқиқотлар натижаларини тақдим қилиш ва давлатлараро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очиб берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Бухоро кутубхоналари тарихи қандай ўрганилмоқда?

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 15 октябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ислом тарихи, санъати …