Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМИ – ҚОЗОҒИСТОНДАГИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО АНЖУМАНДА

МАРКАЗ ИЛМИЙ ХОДИМИ – ҚОЗОҒИСТОНДАГИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО АНЖУМАНДА

Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ва Фанлар академиясининг Рамазон Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Олма-ота шаҳрида «Қозоғистон ва Шарқ дунёсининг тарихий-маданий, сиёсий-иқтисодий муносабатлари: Тарих, бугунги кун ва тараққиёт истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Бахтиёр Турсунов «Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигининг янги босқичи» мавзусида илмий маъруза билан иштирок этди.

Нотиқ сўнгги ўн йилда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатлари янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шакллангани, минтақа халқаро дипломатия, сиёсий фаоллик ва иқтисодий ривожланишнинг янги чорраҳасига айланаётгани эътироф этилаётганини қайд қилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат савдо-иқтисодий соҳада, балки маданий-гуманитар йўналишда ҳам изчил ҳамкорлик қилиб, мунтазам равишда маданий-маърифий тадбирлар – маданият ва кино кунларини, спорт мусобақаларини ўтказиб келмоқда. Олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар ўртасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда.

Илмий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ҳамда Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши мамлакатимиз жаҳон академик ҳамжамиятининг халқаро мулоқот платформасига айланишига хизмат қилмоқда.

Б.Турсунов Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига алоҳида тўхталди. Ушбу муассаса ўзбек халқининг бой миллий маънавий меросини ўрганиш ва ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу ерда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Абдулҳамид Кеший, Абул Муъин Насафий каби буюк алломалар қаламига мансуб 50 дан ортиқ нодир қўлёзма асар ўзбек тилига таржима қилиниб, улар асосида 100 дан зиёд китоб ва рисола нашр этилган.

Хориждаги турдош марказлар ва халқаро илмий ташкилотлар билан 300 дан ортиқ халқаро тадбир – конференция, семинар, симпозиум, кўргазма, китоб тақдимотлари ўтказилган. Хусусан, Марказ билан Қозоғистоннинг Геосиёсий тадқиқотлар институти, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро Қозоғистон-Туркия университети, Мисрнинг «Нур Муборак» ислом маданияти университети ҳузуридаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академиясининг Рамазон Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти ва Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти, «Ҳазрат Султон» миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси, «AQNIET» ахборот-тарғибот ва реабилитация маркази каби муассасалар ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган ва ўзаро алоқалар йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, қозоғистонлик тадқиқотчилар Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндорлари сифатида Марказда илмий стажировка ўтамоқда.

Юқорида қайд этилганлардан Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик, ўзаро ишонч ва тўлақонли шерикликни мустаҳкамлашга содиқ, деган хулосага келиш мумкин. Биргаликда ўтказилаётган тадбирлар, шубҳасиз, икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантиришга янги туртки беради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қўлёзмалар тадқиқида ҳамкорлик янги босқичда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг Туркияга амалий …