Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қўлёзмалар тадқиқида ҳамкорлик янги босқичда

Қўлёзмалар тадқиқида ҳамкорлик янги босқичда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг Туркияга амалий сафари доирасида Истанбул шаҳридаги «Дорул махтутот» («Қўлёзмалар уйи») маркази Бош директори, доктор Маҳмуд Мисрий билан учрашув бўлиб ўтди.

«Дорул махтутот» раҳбари аввалроқ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрган, Марказимиз фаолияти, кутубхонаси, манбалар хазинаси ва қўлёзмаларни рақамлаштириш йўналишидаги ишлар билан танишган эди. Мазкур учрашув ана ўзаро мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида икки муассаса ўртасидаги илмий алоқаларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар очди.

Суҳбат чоғида илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Қўлёзма манбаларни ўрганиш, илмий аҳамиятини очиб бериш, нодир асарларни тадқиқ ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларда мужассам бўлган бой маънавий-маърифий меросни кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига эътибор қаратилди.

Мулоқотда билдирилган фикрлар ва илгари сурилган ташаббуслар асносида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди.

Томонлар алоқаларни мустаҳкамловчи мазкур ҳуқуқий асос, айниқса, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар, фақиҳлар ва мутафаккирлар меросини чуқур ўрганишда, уларнинг асарларини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ҳамда натижаларини халқаро илмий муҳитда биргаликда кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятининг Туркияга амалий сафари доирасидаги навбатли манзилли учрашув ушбу мамлакат …