Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар бисёр

Ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбариятининг Туркияга амалий сафари доирасидаги навбатли манзилли учрашув ушбу мамлакат Диёнат вақфи ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (İslam Araştırmaları Merkezi – ISAM)да бўлди.

Нуфузли академик ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланган ISAM кўп жилдли “Туркия Диёнат вақфи Ислом энциклопедияси”ни нашр этгани, шунингдек, исломшунослик, манбашунослик ва тарих йўналишларида бой фондга эга илмий кутубхонаси билан халқаро миқёсда катта обрў-эътибор ва нуфузга эга.

Марказ директори Шовосил Зиёдов ва директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев муассаса раҳбари профессор, доктор Муртазо Бедир билан учрашиб, икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидлаш жоизки, Марказ билан ISAM ўртасида 2024 йилнинг февраль ойида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ўтган вақт давомида қатор амалий натижаларга эришилди. Хусусан, ўша йилнинг ўзида икки муассаса ҳамкорлигида Ҳанафий мазҳабига бағишланган IV йиллик халқаро конференция юқори савияда ўтказилди. Яқинда эса, қатор муассасалар билан ҳамкорликда “Имом Бухорий илмий мероси: Анъанавий ва замонавий ёндашувлар” мавзуида нуфузли халқаро илмий симпозиум ишини муваффақиятли якунлади.

Учрашувда доктор Муртазо Бедир ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун барча асослар етарли экани, бунинг учун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси ва алломалар меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Мулоқот чоғида томонлар келгусида ҳамкорликда халқаро конференциялар, илмий семинарлар ташкил этиш, мутахассислар алмашувини йўлга қўйиш ва янги қўшма лойиҳаларни режалаштириш юзасидан келишиб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Тарихул Кабир» – Мовароуннаҳр илмий меросининг муҳим бўғини

Туркиядаги Памуккале университетининг Ислом илмлари институтида «Имом Бухорий илмий мероси: Анъанавий ва замонавий ёндашувлар» мавзусида …