Туркиядаги Памуккале университетининг Ислом илмлари институтида «Имом Бухорий илмий мероси: Анъанавий ва замонавий ёндашувлар» мавзусида ташкил этилган халқаро илмий симпозиум доирасида 10 октябрь куни навбатдаги илмий сессия бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев «Имом Бухорийнинг “Тарихул Кабир” асарида Мовароуннаҳр олимлари» мавзусида маъруза қилди.

Маърузада IX асрда Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланиши, Бухоро, Самарқанд, Пойканд, Насаф ва Термиз каби шаҳарларнинг илмий ҳаётдаги ўрни, маҳаллий муҳаддисларнинг ҳадисларни ривоят қилиш ва ровийлар ишончлилигини баҳолашдаги фаолияти ёритилди.
Таъкидланганидек, Имом Бухорийнинг мазкур асарида 13 779 нафар ровий ҳақида маълумот жамланган. Бу эса ҳадис ровийлари фаолияти билан бир қаторда, ўша даврдаги илмий алоқалар, устоз-шогирд анъаналари ва минтақалараро билим алмашувини ўрганишда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Маърузачи Муҳаммад ибн Саллом Пойкандий ва Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий Бухорий каби олимлар фаолияти мисолида Мовароуннаҳрда Имом Бухорийдан аввал ҳам шаклланган ҳадисшунослик анъаналарини кўрсатиб берди. Шунингдек, Ҳижоз, Ироқ ва Шом илм марказлари билан алоқалар минтақадаги муҳаддисларнинг кенг илмий муҳитда фаолият юритганини тасдиқловчи далиллар сифатида таҳлил қилинди.

Симпозиумда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Буюк Британия, Нигерия, Саудия Арабистони, Қатар, Марокаш, Иордания ва Жазоирдан олтмишдан ортиқ олим ва тадқиқотчи иштирок этди. Анжуман давомида Имом Бухорийнинг ҳадис методологияси, фиқҳий қарашлари, асарларига ёзилган шарҳ ва ҳошиялар, шунингдек, турли мамлакатлар кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва аллома меросини замонавий усуллар асосида асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман доирасидаги муҳокамалар ҳадис илми тарихи ва Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон илм-фани тараққиётидаги ўрнини янада кенгроқ ёритишга қаратилди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




