Қуръони Карим Аллоҳнинг Ўз Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган китоби, Исломнинг ўлмас мўъжизаси ва Ислом аҳкомларини қиёматгача ўзида жамлаб, сақловчи дастурдир. Қуръони каримни ўқишлик Исломнинг суннатларидан бўлиб, уни ўқиганлиги сабабли муслимнинг қалби ёруғ, покиза ва тирик қалб эгасига айланади. Қуръон ўқишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилишимиз, ундан бошқа нарсани истамаслигимиз Аллоҳ таоло қабул қиладиган қироат ҳисобланади. Ниятни холис Аллоҳ таоло учун ва мақсадини чиройли қилиб Қуръон тиловат қилган муслим улуғ ажрлар билан ажрланади. Ибну Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Кимки Аллоҳнинг каломидан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик берилади ва бир яхшилик ўн баробарга кўпайтирилади”[1]. Абу Умомадан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни ўқинглар, чунки Қуръон қиёмат кунида эгасини шафоат қилувчи бўлиб келади” деганлар[2]. Шариатимиз Қуръонни тўлиқ ўқиб чиқишлик муддатини ҳам белгилаб қўйган. Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Қуръонни бир ойда ўқиб тугатгин” дедилар. Мен айтдим: “Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Унда, ўн кунда тугатгин” дедилар. Мен, “Албатта, менинг ундан афзалига ҳам тоқатим етади”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Етти кунда Қуръонни ўқиб тугатгин, бунга зиёда қилмагин” дедилар[3]. Шунинг учун Қуръонни ўқиган муслим тажвид қоидаларига этибор бериб, тартил билан ўқимоқлиги лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизларни Қуръонни унутиб қўйишлигимиздан огоҳлантириб, шундай деганлар: “Қуръонга ўзаро аҳдлашинглар, Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, Қуръон кишанда боғланиб турган туядан ҳам тезроқ қочувчироқдир”[4].
Қуръони Каримга бўлган одоб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Зеро, биз Қуръонни ўқиш ва ёд олиш одобларига қатъий риоя қилишимиз, улар билан одобланишимиз ва бу одоблар биз учун ҳаётимиз чироғи бўлиши лозим. Ана шундай одоблардан қуйидагиларни келтирамиз:
1. Таҳоратли бўлмоқлиги. Чунки таҳорат зикрларнинг энг афзали бўлиб, таҳоратсиз кишига қироат қилишлик жоиз, лекин уни ушлашлик мумкин эмас. Аллоҳ таоло “Уни фақат покланганларгина ушлайдир “ деб марҳамат қилган.[5]
2. Қироатнинг улуғлигини эътиборга олиб, тоза-покиза жойда қироат қилишлик.
3. Хушуъ, сакина ва виқор билан қироат қилишлик.
4. Қироатни бошлашликдан олдин оғизни мисвок қилишлик.
5. Ўқишни бошлашда «аъузу» ни айтишлик. Бунда суранинг боши бўладими, ўртаси бўладими, барибир. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидир: “Қуръон ўқиган чоғингда Аллоҳдан қувилган шайтон (шарри)дан паноҳ сўрагин”.[6]
6.”Бароат” сурасидан бошқа сураларни бошлашликда “басмалани” айтишлик
7. Ҳар бир харфнинг ҳаққини адо қилиб ва мад, идғом ва шунга ўхшаш тажвид аҳкомларига риоя қилиб, машаққатсиз дона-дона қилиб, тартил билан ўқиш. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!”[7]
8. Қуръон ўқигувчи оятларнинг маъноларини ўрганишга ҳаракат қилиши ва унинг мағзини чақиб, тафаккур қилиши. Бу инсонни мақсадларининг энг улуғи ва инсондан талаб қилинган ишларнинг энг аҳамиятлисидур. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир”.[8]
9. Қуръони каримнинг амрлари ва қайтариқларига қатъий эътибор бериб, тиловат вақтида йиғлашлик ёки йиғлашга қодир бўлмаса йиғламсирашлик, маҳзунлик ва хушуъ билан ўқиш. Ибну Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда , у киши айтади: “ Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Менга Қуръон ўқиб бер” деди. Мен “Ё Расулуллоҳ, сизга ўқиб берайми, ваҳоланки Қуръон сизга нозил бўлган бўлса? дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Тўғри айтасан, лекин мен бошқадан эшитишликни яхши кўраман” дедилар. Мен “Нисо” сурасидан қироат қилиб, хатто, “Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?![9] деган оятга етиб келганимда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ҳозирча кифоя қилади” деб мени тўхтатдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бурилиб қараганимда, у кишининг кўзларидан ёш қуйилиб оқарди”.[10]
10. Тиловат давомида овозни чиройли қилиш. Чунки Қуръон овоз учун зийнатдир. Ибну Ҳайёндан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қуръонни овозларинг билан зийнатланглар” дедилар.
11. Қуръонни жаҳр (овозни чиқариб) ўқиш афзал бўлган жойда жаҳр қилиб тиловат қилиш. Чунки, бунда қалбни уйғотиш, фаолликни янгилаш бўлиб, бу эшитувчиларга фойда берган ҳолда оятларга жим қулоқ тутишга олиб боради. Аммо қироатига риё аралашиб қолишидан ва масжиддаги намозхонларга азият беришдан қўрқса, унга махфий ўқишлик афзал бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло жаҳр қилиб, ҳуш овоз билан Қуръон ўқиётган Пайғамбарини эшитгани каби бирор нарсага қулоқ тутмайди”.[11]
Уламолар қироат қилишда Мусҳафга қараб ўқиш афзалми ёки қалбнинг зоҳирига қараб ёддан ўқишми, шу тўғрисида ихтилоф қилиб, уч хил гап айтдилар:
- Мусҳафга қараб ўқишлик афзал, чунки Қуръонга назар қилиш ҳам ибодатдир. Шундай экан бунда қироат қилишлик ва Қуръонга назар қилиш жам бўлди.
- Қалбнинг зоҳирига қараб ёддан ўқиш, чунки бу йўл оятларни чиройли фикр-мулоҳаза қилишга олиб боради. Мусҳафга қарашлик олий мақсадга етишишликка халал беради.
- Иш холатларга қараб хар-хил бўлади. Агар қироат қилувчига ёддан ўқиганда фикрлаш, мулоҳаза қилиш ва қалбни жамлаш каби ишлар содир бўлса, унда ёддан ўқигани афзал. Агар ҳолат баробар бўлганда Мусҳафга қараб ўқишлик афзалдир.
Бахриев О
Қуроншунослик шўъбаси илмий ходими