Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация айни пайтда Малайзияда меҳмон бўлиб турибди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Малайзия дин ишлари вазири, доктор Зулкифл Ҳасан билан учрашув ўтказди.


Мулоқот чоғида Самарқанднинг ислом оламидаги юксак мақоми ва “Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” сифатидаги салоҳияти алоҳида қайд этилди. Учрашувда Малайзия томони Самарқанд замини буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари мангу қўним топган маскан сифатида малай халқи учун ниҳоятда қадрли ва муқаддас эканини эътироф этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгидан қад ростлаган Имом Бухорий мажмуасининг очилгани ҳамда 2026 йил Ўзбекистонда “Очиқ туризм йили” деб эълон қилингани натижасида зиёратчилар учун яна ҳам кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди.
Музокара давомида ҳамкорликни амалий бўғинини янги босқичга олиб чиқувчи қатор муҳим таклифлар илгари сурилди. Хусусан, “Куала-Лумпур – Самарқанд – Жидда” йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда зиёратчилар учун меҳмонхона ва транспорт хизматларига 30 фоизгача чегирмалар жорий этиш масалалари юзасидан фикрлашиб олинди.

Учрашувда асосий эътибор илмий-маърифий ҳамкорликка қаратилиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан боғлиқ таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, Малайзиядаги диний ташкилотлар ходимлари ва таълим муассасалари талабаларининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий амалиёт ўташини ташкил этиш, Марказ олимлари иштирокида Имом Бухорий ҳадислари хатмонасининг бошланишини Куала-Лумпурда, якуний қисмини Самарқандда ўтказиш, диний-маърифий соҳада қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва кадрлар алмашувини йўлга қўйиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Доктор Зулкифл Ҳасан мазкур ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, Марказ билан ҳамкорлик Малайзия учун шараф эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлардаги ишларни изчил амалга оширишга келишиб олди.
Делегация сафари давом этмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





