(Нажмиддин Кубро таълимоти мисолида)
Мовароуннаҳрда барча исломий фанлар тараққиёти каби тасаввуф илми ҳам ривожланган. Барча тариқатларнинг тарихи ва илмий манҳажининг асли бир йўналишга бориб бирлашади. Бу манҳаж исломнинг асоси бўлган Қуръон ва суннатга асосланган йўлдир. Шундай улуғ тасаввуф олимларидан хоразмлик (Ўзбекистон) мутасаввиф олим, тасаввуфдаги «Кубровия» тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро (540-1145/618-1221) бўлади.
Ислом жамиятида тасаввуф тариқатлари кенг тарқалган бўлиб, ҳар бир минтақанинг ўзига хос машойихлари ва уларнинг эргашувчилари (муридлари) мавжуд. Мавжуд тариқатларнинг таълимотлари, аврод ва қоидалари ўртасида маълум фарқлар бўлса-да, улар асл мақсадда муштаракдир.
Ўзбекистонда Кубровия, Ясавия ва Нақшбандия тариқатлари энг машҳур тариқатлардан саналади. Бу тариқатларнинг ҳар бири ўзига хос таълимоти ва тарихига эга. Ушбу йўналишлар орасида Кубровия таълимоти ҳам ислом оламида кенг тарқалган [2:1/7].
Шамсуддин аз-Заҳабий, «Сияр аълам ан-нубала» асарида: «У (Нажмиддин Кубро) — Шайх, имом, аллома, пешво, муҳаддис, шаҳид, Хуросон шайхи, Нажмул-кубро… У суннатда имом эди… Татарлар (мўғуллар) Хоразмга бостириб кирганда, Нажмиддин Кубро жиҳодга чиққанлар билан бирга чиқди ва шаҳар дарвозаси олдида то шаҳид бўлгунича жанг қилган», [11:22/111-114] деди.
Шайх Нажмиддин Кубро Хоразмнинг Хива (Хивақ) шаҳрида таваллуд топган. У илм ўрганиш ва руҳий тарбия (сулук) йўлидаги сафарларини ёшлигидан бошлаган. Ислом оламининг йирик илм марказлари Нишопур, Ҳамадон, Табриз ва Миср каби шаҳарлар бўлган. Нажмиддин Кубро – тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири “Кубравия” тариқатининг асосчисидир.
Нажмиддин Кубро Хоразмга 1185 йилда қайтиб келади. У 25 йилдан ортиқ умрини илм олишга бағишлайди. У Хоразмга қайтгач, катта хонақоҳ қурдириб Кубравия таълимотига асос солади. У – Шайх Абул Жаноб Аҳмад ибн Омар ибн Муҳаммад ал-Хивақий ал-Хоразмий бўлиб, «Кубро» ва «Сўфий» лақаблари билан машҳурдир.
Мунозаралардаги устунлиги, заковати ва илм мажлисларидаги пешқадамлиги сабабли, шунингдек, жуда кўп машойихлардан дарс олгани учун «Кубро» (Буюк) лақабини олган. У фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмларида чуқур билимга эга бўлиб, бутун ҳаётини тасаввуф ва руҳий тарбияга бағишлаган. Тасаввуф таълимотини Табризда Шайх Исмоил ал-Қасрий каби улуғ устозлардан ўрганган, сўнгра Хоразмга қайтиб, ўз таълимотига асос солган.
Тарбиядаги имомлик ва «Кубровия» тариқатининг ташкил топиши. Нажмиддин Кубронинг аҳамияти шундаки, у Марказий Осиё ва Форс ўлкаларида асрлар давомида маънавий ҳукмронлик қилган «Кубровия» тариқатининг асосчисидир. Бу мактабдан илм, зуҳд ва ибодат билан танилган буюк сўфийлар етишиб чиққан. Улар орасида Фаридиддин Аттор ва (устози орқали) Жалолиддин Румий каби зотлар бор.
Нажмиддин Кубро шогирдларини юксак маҳорат билан тарбиялагани ва улардан буюк имомлар етишиб чиққани учун унга «Валийтарош» (валийлар тарбиячиси) лақаби берилган.
Абдураҳмон Жомий, «Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс» асарида: «У зотни «Валийтарош» дер эдилар. Чунки қайси бир муридга назар қилсалар, у зотнинг назарларининг баракасидан ўша мурид вилоят (авлиёлик) даражасига етар эди… У зотнинг қўлида камолга етган шайхларнинг сони жуда кўпдир», деб таъкидлаган [1:443-445].
Кубровия тариқати тарбия услубининг ўзига хос жиҳатлари:
Хилват ва мужоҳада: Кашф ва шуҳуд (илоҳий сирларнинг очилиши) мақомига етишиш учун узлат ва машаққатли руҳий машқларга урғу берган.
Ранглар ва нурлар: Нажмиддин Кубро муридларнинг зикр пайтида кўрадиган ботиний кечинмаларига, айниқса, ранг ва нурларнинг маъноларига катта эътибор қаратган ва ўз асарларида уларга руҳий-психологик таъриф берган.
Амалий зуҳд: Сулук йўлига киришдан аввал дунёдан ва нафсоний хоҳишлардан бутунлай воз кечиш зарурлигини таъкидлаган.
Нажмиддин Кубро тақводорлик ва дунёдан юз ўгиришнинг олий намунаси бўлган. Унинг ҳаёти фидойиликнинг чўққиси билан якун топди. Ҳижрий 618-йилда Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Хоразмга бостириб кирганида, шайх шаҳарни ташлаб чиқишни ёки яширинишни истамади. У муридларига Ватанни ҳимоя қилишни буюрди ва саксон ёшида қўлида қилич билан мўғулларга қарши жангда шаҳид бўлди.
Нажмиддин Кубро Марказий Осиё тасаввуфининг «маънавий асосчиси» ҳисобланади. Унинг «Кубровия» тариқати Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон ва Туркияга кенг тарқалган.
Нажмиддин Кубро мутасаввуф, муфассир ва муҳаддис бўлган. У ҳадис илми талабида кўплаб ўлкаларни кезиб, Абу Тоҳир ас-Силафий, Абул Ало ал-Ҳамадоний ал-Аттор, Муҳаммад ибн Банимон, Абдулмуним ибн ал-Фуравий ва уларнинг давридаги муҳаддислардан сабоқ олган. У ҳадис илмига алоҳида эътибор қаратиб, «усул» (асос) илмларини мукаммал эгаллади. Унинг муҳаддис бўлганлиги ҳақида Ибн Нуқта, «ат-Тақйид ли-маърифати руват ас-сунан вал-масонид» асарида: «Аҳмад ибн Омар ибн Муҳаммад ал-Хоразмий: У — шофеий, суннатда имомдир. Кўп илм талаб қилиб сафар қилган ва ҳадис эшитган» деб таъкидлайди [3:1/172].
Нажмиддин Кубродан қуйидагилар ҳадис ривоят қилган: Абдулазиз ибн Ҳилола, Дория хатиби Шамх, Носир ибн Мансур ал-Арзий, унинг шогирди Сайфиддин Бохарзий ва бошқалар.
Нажмиддин Кубро ўнлаб асарлар муаллифи ҳамдир. Жумладан, унинг “Фиодобис соликийн” (“Соликлар одоби ҳақида”), “Рисолатул хайф ул – хоим ан лавмат ил – лоим” (“Қўрқувчилар ва маломат этувчилар ҳақида”), “Фавойиҳул жамол”(“Гўзалликни эгаллаш”), “Рубоийлар тўплами”, “Фавойиҳул жамол ва фавотиҳул жалол” (“Жамол хушбўйликлари ва жалолнинг кашфи”), “Ал-усул ал –ашара” (“Ўнта усул”), “Рисола ат-туруқ” номли асарларида Оллоҳни таниш, ҳалоллик ва мардликни улуғлаб, илм олиш ва илм бериш савоби барча мўмин мусулмоннинг бурчидир деган фикрлар олдинга сурилган.
Унинг тасаввуф тарихидаги яна бир хизматлари – жавонмардлик ғояларини тариқатга жорий этиш бўлди. Натижада мардлик ва поклик, қаҳрамонлик ва фидойилик, маърифат ва жисмоний-руҳий қудрат бирлаштирилди, инсон камолотида ахлоқий юксаклик, ватанпарварлик ғоялари қўшилиб ифодаланди.
Нажмиддин Кубро тўғрисида олимларнинг фикрлари:
Ибн Нуқта: «У шофеий мазҳабида бўлиб, суннат амалларида имом эди», — деб таъкидлаган.
Умар ибн ал-Ҳожиб: «У турли ўлкаларни кезди, ҳадис тинглади ва Хоразмда муқим яшаб, ўша ҳудуднинг етакчи шайхига айланди. У ҳадис ва суннат соҳиби, мусофирлар учун бошпана ва юксак обрў-эътибор эгаси эди. Аллоҳ йўлида маломат қилувчининг маломатидан қўрқмасди», — деган.
Ибн Ҳилол: «Унинг ҳузурида хилватда кўп бор ўтирдим, ажойиб ҳолатларга гувоҳ бўлдим ва менга хайрли нарсаларни сўзлаётган ғойибона нидоларни эшитдим», — деб зикр қилган.
Тарихий манбада ривоят қилинишича, у Қуръони каримни ўн икки жилдда тафсир қилган. Нажмиддин Кубро билан Фахриддин Розий ўртасида доимий баҳс ва илмий ҳамкорликлар бўлган.
Хоразмга мўғул-татарлар 618/1221 йилнинг Рабиул-аввал ойида бостириб киришади. Нажмиддин Кубро ватанни ҳимоя қилиш мақсадида жиҳодга чиққанлар билан бирга майдонга чиқиб, шаҳар дарвозаси олдида то шаҳид бўлгунча жанг қилади. Шайх саксон ёшлар атрофида шу майдонда ватан учун курашда вафот этади. Бу воқеа қуйидагича баён этилган: “Чингизхон Хоразмни олаётганда Шайх Нажмиддин Куброга одам юбориб, шаҳардан чиқиб кетишни таклиф қилди. Шайх: «Етмиш йил давомида хоразмликлар билан фароғатда яшадим, энди бало келганда уларни ташлаб қочишим мурувватдан эмас», деди ва жанг майдонига кириб ҳалок бўлди” [6:1/510-520]. Бу шайхнинг бутун инсоният учун ибратли ҳаётидан намуна бўлиб, ҳақиқий ватанпарварликнинг амалий тимсолидир.
Ҳозирги вақтда Нажмиддин Кубронинг қабри Туркманистон Республикасини Тошҳовуз вилояти Кўҳна Урганч шаҳридадир.
Кубровия тариқатининг тарихий илдизи икки йирик тасаввуф йўналишига бориб бирлашганини кўрамиз. Бу икки йўналиш Киллавия – Киллавия йўналиши машҳур сўфий Шайх Абу Жаноб Бадиъуззамон (ёки Шайх Абу Бакр ал-Киллавий) номи билан боғлиқ. Ушбу мактаб асосан Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида кезган зоҳидлар ва орифларнинг қарашларини бирлаштирган йўналиш ва Суҳравардия – Абу Нажиб Суҳравардий (ваф. 1168 м.): Тариқатнинг назарий асосчиси бўлиб, У «Одоб ул-муридин» асари билан тасаввуфнинг ахлоқий қоидаларини тизимлаштирган. Бу тариқатлар силсиласи бевосита Ҳазрат Али (р.а.) орқали Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га бориб тақалади. Киллавия Нажмиддин Кубро учун руҳий «илдиз» бўлган бўлса, Суҳравардия унинг учун «илмий ва ташкилий» мактаб бўлган. Нажмиддин Кубро ушбу икки буюк оқимни бирлаштириб, уларга ўзининг Хоразмдаги миллий ва руҳий кашфиётларини қўшди ва натижада жаҳоншумул Кубровия тариқати вужудга келди [9:151].
Нажмиддин Кубронинг устози Шайх Исмоил ал-Қасрий, унинг устози Шайх Муҳаммад ибн Мансур, у эса машҳур Жунайд Бағдодийга боғланадиган силсиланинг давомчиларидир.
Нажмиддин Кубро ўз таълимотини шунчаки ҳиссиётларга эмас, балки аниқ илмий ва назарий манбаларга асослаган: Қуръони Карим ва Суннат: Тариқатнинг энг бош манбаси. Шайх Кубро «Суннат имоми» деб бежиз айтилмаган. Унинг ҳар бир руҳий ҳолати шариат мезонлари билан ўлчанган. Нажмиддин Кубронинг “Ат-Таъвилоту-н-нажмия фи-т-тафсири-л-ишорий ас-суфий” асари Қуръон тафсирига оид ва «Фова-иҳул жамол ва фова-тиҳул жалол» Кубровия тариқатининг асосий қоидалари зикр этилган асар ҳисобланади. Унда руҳий сафар, ранглар, нурлар ва инсон камолотининг босқичлари батафсил баён этилган. Алломанинг «Одоб ул-муридин» асарида шогирдларнинг устоз ва тариқат билан боғлиқ одоблари зикр этилган [5].
Тариқатнинг илмий ва шаръий далиллари. Кубровия тариқати ўз амалиётларини қуйидаги шаръий далиллар билан асослайди: Зикр далили. Кубровияда зикр кенг қўлланилади. Бунга Қуръони каримнинг “Аъроф”сураси, 205–оятидаги: «Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ билан ва қўрқиб, овоз чиқариб гапиришдан паст даражада зикр қил…» ҳамда зикрни кўпайтириш ҳақидаги умумий буйруқлар далил қилиб олинади.
Хилват ва Мужоҳада далили: Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг пайғамбарлик келишидан олдин Ҳиро ғорида узлатда бўлганлари хилватнинг асосий далилидир. Нажмиддин Кубро муриднинг 40 кунлик чилла (арбаъин) ўтиришини инсоннинг лойи 40 кун қорилгани ҳақидаги набавий ишораларга боғлайди.
Нажмиддин Кубронинг ўз асари: «Фоваиҳул жамол ва фоватиҳул жалол» асарида тариқатнинг моҳиятини очиб берган: «Билгинки, бу йўл (тариқат) — фақатгина руҳий ҳолатлар ва нурларнинг кашф бўлишидан иборат эмас. Балки у нафсни поклаб, уни Ҳақ таолонинг ҳузурига ҳозир қилишдир» [5:50].
«Билгинки, бу йўл (тариқат) — фақатгина руҳий ҳолатлар ва нурларнинг кашф бўлишидан иборат эмас. Балки у нафсни поклаб, уни Ҳақ таолонинг ҳузурига ҳозир қилишдир».
Кубровиянинг «Ўнта асоси» (Усули ашара) қуйидагилардир.
Шайх Нажмиддин Кубро тариқатнинг далил ва талабларини 10 та асосий қоидага жамлаган [4:25].
- Тавба — гуноҳлардан қайтиш.
- Зуҳд — дунёга меҳр қўймаслик.
- Таваккул — Аллоҳга суяниш.
- Қаноат — борига рози бўлиш.
- Узлат — ёмонлардан узоқлашиш.
- Мулозаматут-таважжуҳ — доимо Аллоҳга юзланиш.
- Сабр — қийинчиликларга чидаш.
- Муроқаба — Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилиш.
- Зикр — доимий Аллоҳни эслаш.
- Ризо — тақдирга розилик.
Кубровия тариқати шунчаки бир «сўфийлик оқими» эмас, балки илмий асосланган, шаръий далилларга таянган ва инсон руҳиятини мукаммал тадқиқ қилган улкан мактабдир. Унинг манбаси — ваҳий ва суннат, далили — қалбий тажриба ва шариат ҳукмлари, илдизи эса — саҳобаларнинг тақвосидир.
Юқоридаги манбалар Нажмиддин Кубронинг нафақат буюк сўфий, балки кучли муҳаддис ва ватанпарвар қаҳрамон бўлганини бир овоздан тасдиқлайди.
Марказий Осиёда ривожланган Кубровия ва Нақшбандий тариқати бир-бирини тўлдириб келган икки йирик йўналиш ҳисобланади.
Ўхшашликлар (Муштарак жиҳатлар): Ҳар икки тариқат ҳам бир манҳаждан пайдо бўлган бу Аҳли Сунна вал Жамоадир. Иккала мактаб ҳам Шариат ва Суннатга қатъий амал қилишга асосланган. Шариатсиз тариқат бўлмаслигини таъкидлайдилар. Бу икки тариқатнинг олтин силсиласи ҳам Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ёки Ҳазрат Али (р.а.) орқали Пайғамбаримизга (с.а.в.) боғланади.
Тариқатнинг мақсади: Нафсни поклаш, ахлоқни гўзаллаштириш ва Аллоҳнинг розилигини топишдан иборат (Маърифатуллоҳ).
Манҳажлардаги ўзига хослик: Кубровия манҳажи: «Эҳтироқ» (Ёниш)
Нажмиддин Кубро манҳажида мурид қаттиқ жисмоний ва руҳий мужоҳадалар орқали «ёниб» покланиши керак. Бу тариқатда ботиний оламдаги ранглар ва нурларнинг тафсири муҳим ўрин тутади. Шайх Нажмиддин Кубро муриднинг қалб кўзи очилиши жараёнини илмий-психологик жиҳатдан асослаб берган.
Нақшбандия манҳажи: «Эътидол» (Мўътадиллик). Баҳоуддин Нақшбанд манҳажи эса «дунё ичида — дунёдан узоқ» бўлишни тарғиб қилади. Нақшбандияда шовқин-суронсиз, ортиқча риёзатларсиз, лекин ҳар бир нафасда ҳушёр бўлиш муҳим. Бу «олимлар ва косиблар» тариқати сифатида ҳам машҳур, чунки у инсондан кундалик касб-корини ташлашни талаб қилмайди. Нақшбандийлик манҳажининг шиори “Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин”, – дейилган.
Бу икки тариқат бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи йўллардир. Тарихда кўплаб машойихлар ҳам Кубровий, ҳам Нақшбандий ижозатига эга бўлганлар. Нажмиддин Кубро кўпроқ руҳий кашфиётлар ва нурлар оламини очиб берган бўлса, Баҳоуддин Нақшбанд инсонни жамият ичида туриб маънавий юксалишга ўргатган.
Бугунги кунда Нақшбандия тариқати дунё бўйлаб кенг тарқалган, Кубровия эса кўпроқ илмий асарлар ва маълум ҳудудлардаги кичик тармоқлар сифатида сақланиб қолган.
Тасаввуф — инсонни тарбиялайдиган, унинг ички дунёсини, руҳий ҳолатларини ва қалб турфаларини тартибга соладиган муҳим йўлдир.
Мусулмон жамиятида кенг тарқалган тариқатларнинг вазифаси инсонларнинг ташқи кўринишига эмас, балки уларнинг руҳий-маънавий тарбиясига (нафс тарбиясига) қаратилиши лозим [8:52]. Агар инсоннинг илми уни ибодатга бошласа, тасаввуф унинг қалбини Аллоҳга боғлайди ва Унга яқинлашишга ундайди. Тасаввуф таълими мусулмонларнинг одоб-ахлоқини шакллантириш, нафсни жиловлаш, ўзликни англаш, диний қадриятларни эъзозлаш, бағрикенглик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни камол топтиришда энг муҳим таълимотлардан бири ҳисобланади.
Тасаввуф тариқатларига эътибор қаратиш Ўзбекистонда ўзига хос тарихга эга. Бу юртдан Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ривгарий, Хожа Али Ромитаний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Дарвеш Муҳаммад, Мавлоно Муҳаммад Имканагий, Муҳаммад Зоҳид, Сўфи Оллоҳёр каби буюк мутасаввифлар етишиб чиққан [7: 3/255]. Юртимиз алломалари сийратини ўрганиш ва улар қолдирган илмий меросни тадқиқ этиш мақсадида тасаввуф мактаблари ташкил этилган бўлиб, уларнинг фаолияти тасаввуф тариқатларини кенг кўламда ўрганишга қаратилган.
Хулоса: Тасаввуф тариқатлари Ислом динининг руҳий-ахлоқий мактаблари бўлиб, уларнинг хилма-хиллиги услублардадир, аммо мақсад — Яратганнинг розилигига эришиш ва инсон руҳиятини поклашда муштаракдир.
Тасаввуфнинг асл мақсади — Комил инсонни тарбиялашдир. Бу йўл инсонни ўзлигини англаш орқали Парвардигорини англашга олиб боради. Мутасаввифлар қолдирган мерос бизга шуни ўргатадики: динийлик фақат шаклда эмас, балки гўзал ахлоқ ва чексиз муҳаббатдадир.
Агар илм инсонга нима қилиш кераклигини ўргатса, тасаввуф ўша ишни қандай мақомда ва қандай ихлос билан бажаришни ўргатади. Бу таълимот инсониятга тинчлик, бағрикенглик ва ички хотиржамликни тақдим этади.
Юртимизда тарихда тасаввуф таълимотини назарий ва амалий устоз-шайхлари етишиб чиққан бўлиб, бугунги даврда ёшлар тарбиясида, халқлар ўртасидаги бағрикенглик ҳамда инсониятнинг маънавий камолоти учун тасаввуф таълимотининг ўрни ва мақоми муҳим аҳамият касб этади.
-
Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс мин ҳазарот ил-қудс. – Теҳрон: Интишороти Иттилоот, 1996.
-
Абдураҳмон Муҳаммад Саид Дамашқий. Нақшбандия тариқати. Дамашқ,
-
Ибн Нуқта. ат-Тақйид ли-маърифати руват ас-сунан вал-масонид. – Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1988.
-
Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент, 2009.
-
Нажмиддин Кубро. Фоваиҳул жамол ва фоватиҳул жалол. – Германия: Висбаден Фриц Мейер, 1957.
-
Рашидуддин Ҳамадоний. Жомеъ ут-таворих. – Теҳрон: Албурз нашриёти, 1994.
-
Сиддиқ ибн Ҳасан Қанужий. Абжадул улум. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1978.
-
Тасаввуфга оид раддиялар энциклопедияси. Миср, Дар ал-Фотиҳ. 2007.
-
Тримингҳам Ж.С. The Sufi Orders in Islam. – Oxford, 1971.
-
Ҳаким Термизий. Баёнул фарқ. Нашр: Китаб, 2023.
-
Шамсуддин аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. – Байрут: Муассасатур-рисала, 1985.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




