Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Академик ҳамкорлик истиқболлари

Академик ҳамкорлик истиқболлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг Ван Юзунжу Йил университети ректори, профессор Ҳамдуллоҳ Шевли ва Анқара Ҳожи Байрам Вали университети Илоҳиёт факультети декани, профессор Абдураҳмон Жандан ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев кутиб олиб, музей экспозициялари билан яқиндан таништирди.

Бу ерда намойиш этилаётган ноёб қўлёзмалар, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳамда мовароуннаҳрлик бошқа аллома ва уламоларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини акс эттирувчи тарихий ашёлар, Марказ нашрлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқотда Марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, манбашунослик йўналишидаги ютуқлар ва халқаро илмий муассасалар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари хусусида атрофлича маълумот берилди. Ўзаро илмий-академик алоқалар ўрнатиш, хусусан, қўшма халқаро конференциялар ва илмий семинарлар ташкил этиш, шунингдек, талабалар ва ёш тадқиқотчилар алмашуви дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиялик меҳмонлар Марказ фаолиятини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни қарор топтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирди.

Томонлар белгиланган йўналишлар бўйича амалий қадамлар ташлаш ва илмий-маърифий мулоқотни изчил давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Самарқандда “Маърифат ҳафталиги” ниҳоясига етди

Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон — ўз-ўзимизники!” шиори остида ўтказилган “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳасининг сўнгги кунида Миллий …