Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон — ўз-ўзимизники!” шиори остида ўтказилган “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳасининг сўнгги кунида Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда “Ватан посбонлари — юрт келажаги” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жонибек Жумаев ватанпарварлик, миллий қадриятлар, юксак маънавият ва инсоний фазилатларнинг Ватан ҳимоячилари ҳаётидаги ўрни хусусида атрофлича фикр юритди. Зеро, юрт посбонларининг маънавияти юксак, дунёқараши кенг бўлиши юрт тинчлиги ва тараққиётининг муҳим омилидир. Бу борада буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси ва ибратли ҳаёт йўли ҳарбий хизматчилар қалбида юртга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини янада камол топтиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.


Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Мазкур учрашув ҳарбий хизматчиларда Ватанга садоқат, миллий ғурур ва юксак масъулият туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




