Home / МАҚОЛАЛАР / XIX АСР ОХИРИ ВА XX АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ЎЛКАСИДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА ЖАДИДЧИЛИК ҲАРАКАТИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ

XIX АСР ОХИРИ ВА XX АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОН ЎЛКАСИДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА ЖАДИДЧИЛИК ҲАРАКАТИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ

 “Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб этади”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев

 Кириш. Бугунги кунда жадид ҳаракатини чуқур ўрганиш, ўша даврда ижод қилган ва фаолият юритган зиёлилар, тараққийпарварларнинг эзгу мақсадларини кенг тарғиб қилиш давлатимизнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Юртбошимиз томонидан 2020 йил 30 сентябрда имзоланган “Маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати намояндаларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонда ҳам жадидлар фаолияти яна бир бор эътироф этилган эди. ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ҳамда юртимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлашга қўшган беқиёс ҳиссаси учун Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхоновлар “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги 206-сонли Қарори билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчаси 47-уйда Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи 2021 йил 18-окйтабрдан расман ўз фаолиятини бошлади [1].

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 3 январда эълон қилинган “Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори ҳам жадид намоёндаларига бўлган эътиборининг давомидир.

Кўриниб турибдики, жадидчилик ҳаракати ва унинг моҳияти бугунги кун учун ҳам долзарб ва аҳамиятлидир. Туркистон XIX аср охирида Россия империяси мустамлакасига айлантирилиб, мустамлака зулмини бошидан ўтказаётган минтақа эди. Шундай шароитда жадидчилик миллий ҳаракатининг вужудга келиши муҳим тарихий ҳодиса бўлди. Бу ҳаракат, биринчи навбатда, ижтимоий ва сиёсий: Ватан озодлиги, демократик тартибни ўрнатиш, мамлакатга барча соҳаларда замонавийликни олиб кириш кабиларни ўзининг асосий вазифаси деб билган.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Жадидчилик ҳаракати ва Маҳмудхўжа Беҳбудийга оид дастлабки тадқиқотлар унинг вафоти муносабати билан Ҳожи Муин, Фитрат, Чўлпон, Садриддин Айний, Вадуд Маҳмуд ва Рожийлар томонидан эълон қилинган мақола, шеър ва марциялар ҳисобланади. Совет даврида халқнинг ифтихор туйғусини уйғотувчи миллий қаҳрамонлар, адиблар, олимлар, хусусан, Беҳбудийнинг номи мажбурий унуттирилди. Айрим тадқиқотларда Беҳбудийнинг ишлари қоралаб кўрсатилди, холос. Шунингдек, “Ўзбек совет энциклопедияси” нашр этилиши муносабати билан Беҳбудий ҳақида мақола бериш масаласи кўтарилган. Энциклопедия учун С.Қосимов, Ҳ.Воҳидов, А.Валиев ва бошқалар томонидан мақолалар тайёрланган бўлсада, фақат С.Қосимов томонидан ёзилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” мақоласи қисқартиришлар билан чоп этилган.

Кейинги йилларда тарихчи, адабиётшунос ва файласуф олимлар Н.Каримов, Қ.Ражабов, С.Аҳмедов, Ҳ.Саидов, Д.Алимова, Д.Рашидова, Д.Жамолова,  Ж.Яхшиликов, З.Абдирашидов, Н.Эгамқулова, Х.Ашурова ва бошқалар Туркистон жадидлари отасининг фаолиятига тарихий нуқтаи назардан баҳо берди. Бундан ташқари, Самарқанд жадидчилиги ва Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига бағишланган қўшни Тожикистонда амалга оширилган ишларни қайд этиб ўтиш жоиз. Тожикистонлик тарихчилар Н.Хотамов, И.Усмонов, М.Боқиев, К.Расулов, Н.Ғаффоровларнинг тадқиқотларида Туркистонда тараққийпарварлик ҳаракатининг вужудга келиши, йўналишлари ва унинг тарихий жиҳатлари таҳлил қилинган бўлса, адабиётшунос олимлар М.Шукуров (Шакурий), Р.Ҳодизода, С.Табаров, М.Ражабий, М.Имомов, А.Махмадаминов, М.Абдуллаев, А.Азимов, А.Набавий, П.Гулмуродзода, О.Салимзода, А.А.Шехов асарларида бухоролик машҳур жадидлар ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти тадқиқ қилинган. Тожикистонлик файласуфлар Г.Ашуров, Б.Самиев, З.Иброҳимов тадқиқотларида ҳам Туркистон жадидчилигининг, хусусан, Самарқанд ва Бухоро жадидчилигининг  фалсафий жиҳатлари ўрганилган.

Америка, Европа ва Осиё давлатларида Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши, жадид намояндалари, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига бағишланган тадқиқотлар амалга оширилиб, унга Боймирза Ҳайит, А.Зенковский, Дж.Уиллер, Э.Бекон, Ҳ.Каре дЪЕнкауз, Э.Оллворт, Ҳ.дЪЕккос, С.Бекер, Л.Жеймс, Адиб Холид, И.Балдауф, Шимадо Шизуо, Хисао Коматсуларнинг монография ва рисолаларини киритиш мумкин.

Тадқиқод методологияси. Ушбу мақолани тайёрлашда тарихий тадқиқот методларининг тарихийлик, муаммовий-хронологик ва статистик таҳлил, қиёсий таҳлил, мантиқий изчиллик, тизимлаштириш каби усулларидан фойдаланилди.

Таҳлил ва натижалар. Туркистонда босқинчи ҳукумат ўлкани бошқариш учун ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйди:

  • Туркистонда руслаштириш сиёсатини амалга ошириш;
  • Туркистонни хом ашё манбаига айлантириш;
  • Маорифини Россия манфаатларига бўйсундириш.

Генерал-губернаторлик маъмурлари мустамлакачиликнинг дастлабки йилларидаёқ Туркистондаги мактаб ва мадрасалар фаолияти билан танишиб, уларнинг ўзи учун ғоятда хавфли эканини англаб етди. Россия империяси руслаштириш сиёсатини айнан маориф соҳасидан бошлаб, ўз дастурини ишлаб чиқишга киришди. Айниқса, Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори К.П. фон Кауфман бу соҳада жонбозлик кўрсатди. 1880 йилдаги Империя давлат кенгашида фон Кауфман руслар ва маҳаллий аҳоли болаларини биргаликда тарбиялаш масаласини кўтарди. Шунингдек, мусулмон ва рус мактабларининг ажралиб туришини иқтисодий ҳамда сиёсий жиҳатдан зарарли деб ҳисоблади [7:32]

Империя иқтисодий сиёсатида Туркистонни хом ашё базасига айлантириш, уни Россия моллари сотиладиган бозор сифатида тутиб туриш ва табиий бойликларни марказга ташиб кетишни мақсад қилган эди ва у буни тўлиқ амалга оширди. 1869 –  1896 йиллари империя хазинаси Туркистондан 158 миллион рубль даромад олган.

1880-1890 йиллари аҳолидан олинадиган солиқ икки марта кўпайган. Солиқчиликка оид қонунга кўра, умумий олинадиган даромаддан қатъи назар, савдогар савдо қилиш ҳуқуқи учун, ҳунарманд маҳсулот ишлаб чиқариш ҳуқуқи учун солиқ тўлашга мажбур бўлган. Нарх навонинг кўтарилиб тушиши, миллий савдогар ва ҳунармандлар даромади камайиб бориши солиқ йиғишнинг янги тартибларида эътиборга олинмади. Бу эса, 1890 йилларнинг боши ва ўрталарида кўплаб норозилик чиқишларига сабаб бўлган [4:171].

Туб аҳолидан олинган солиқнинг 27 фоизи шаҳарни янги қисмини ободонлаштириш учун сарфланган. Шаҳарнинг эски қисми атайин хароб аҳволда қолдирилган. Шаҳар эгалари, юрт эгаларига охирги даражадаги кишилар сифатида қаралган. 1907 йилнинг охирида Туркистонда бўлган Абдурашид Иброҳим мустамлакачиликнинг аччиқ асоратларини, Россия ҳукумати қўли остидаги мусулмонларнинг оғир аҳволини кўриб, афсусланган. Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Марғилон шаҳарларининг эски ва янги қисмларини таққослаб, Россия империясининг Туркистондаги мустамлакачилик сиёсатини очиқ кўрсатиб берган. У икки қисмга ажратилган шаҳарнинг Россия фуқаролари яшайдиган қисмини рус Тошкенти деб атайди ва: “Жуда тартибли бинолар ва дўконлар, тартибли кўчалар, озода йўлаклар, электр чироқлар ва ҳоказолар бор. Шаҳарнинг бу қисми Европа намунасидир”, деб таъкидлайди. Мусулмон Тошкенти деб номлаган Тошкентнинг Эски шаҳар қисми ҳақида эса: “500 йил олдин қандай бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Баҳор ойининг бошида ва кузда шаҳарда бир уйдан иккинчи уйга юришнинг иложи йўқ, шу қадар лой бўлиб кетадики, ҳатто баъзи кўчалардан ҳайвонлар ҳам ўта олмайди. Ваҳоланки, шаҳар ўша шаҳар, Тошкентдир. Маъмурияти битта, даромади битта, аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардир. Солиқлар мусулмон уйларидан йиғилади, лекин харажатлар христиан кўчаларига сарфланади”, деб танқид қилган. Абдурашид Иброҳим бу ҳолат фақатгина Тошкент учун хос бўлмай, Россия империяси Туркистоннинг бошқа марказий шаҳарларида, жумладан, Самарқанд, Марғилонда ҳам худди шу тартибда йўл тутганини қайд этиб ўтган. Абдурашид Иброҳим: “Бунда ҳақиқий масала кўчалар ёки йўлакларда эмаслиги, балки Россия империяси атайин шундай йўл тутиб, хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар, тадқиқотчиларга мусулмонларни ёмонлаб, уларни ожиз ва кучсиз қилиб кўрсатиш, ғафлат уйқусида ётганини билдириш, бундан ташқари, мусулмонларнинг шу ҳолатда бўлишига ислом динини айбдор қилиб кўрсатиш эди” [3:42], деб таъкидлаган.

Туркистон генерал-губернаторларининг ўлкада юритаётган бундай сиёсати эса маҳаллий зиёлилар – жадидлар норозилигига сабаб бўлди. Улар мустамлака исканжасида харобага айланиб бораётган мамлакатининг озодлиги учун кураш майдонига чиқди.

Америкалик тарихчи Адиб Холид Туркистондаги жадидчиликнинг пайдо бўлишини Марказий Осиё жамиятининг эврилиши, рус босқини ҳамда унинг ислом олами дохил бутун дунёни қайта тақсимлашга бўлган ҳаракати натижасида замонавийликка замонавий “жавоб” сифатида шаклланган, деб ҳисоблайди. Янгилик ёйиш орқали “замонавий ва шу билан бир қаторда, мусулмончиликни маҳкам ушлаган ва Туркистонга содиқ бўлган янги элита” яратишга ва бунинг натижасида замонавий дунёда минтақанинг манфаатларини ҳимоя қилишга шай бўлган туркистонлик жадидлар ва уларнинг издошларини ажратиб кўрсатишга ҳаракат қилган.

Жадидчиликнинг туғилиш, шаклланиш ва мағлубиятга учраш даврлари бўлиб, уларни шартли равишда тўртга бўлиш мумкин. Туркистон, Бухоро ва Хоразм ҳудудида бу даврлар 1895-1905; 1906-1916; 1917-1920; 1921-1929 йилларни ўз ичига олади [2:519].

Ўша давр аҳволини Муҳаммадали халфа Собир ўғли (Дукчи Эшон) халққа қарата ўз “Хитобнома”си (1898)да яхши баён қилган.

Миллат истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар ҳунармандлар, деҳқонлар, савдогарлар, мулкдорлар, уламолар – халқнинг деярли барча табақалари орасида мавжуд эди. Тараққийпарварлар дастлаб Россия империясига қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш – сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилди. Жадидчилик ҳаракати ана шундай тарихий бир шароитда Туркистон минтақасида ривожланиш учун ўзига қулай замин топди.

Жадидлар Туркистоннинг тараққий этиши учун турли йўлларни ечим сифатида кўрди. Улар ривожланган мамлакатлардаги тараққиётга назар солган ҳолда Туркистондаги ўзгаришлар билан солиштирди. Бу қиёслаш миллат аҳволини кенгроқ ва чуқурроқ билиш, мулоҳаза қилиш ва хулоса чиқариш имконини берди. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Эҳтиёжи миллат” мақоласида мактабни тараққиётга эришишнинг энг биринчи ечими сифатида кўрган: “Бошқа миллатга қаралса, кўрилур-ки”, мунтазам мактаблари бор. Ва у мактабда диний илм устинда дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмак учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илм ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларға поймол бўлур…” [5:384].

Жадидлар Туркистоннинг жуда бой мамлакат эканини яхши билган. Бу бойликларнинг ҳаракатсиз ётиши, бировлар манфаати учун ишлатилишини миллатнинг уқувсизлигида деб кўрсатадилар. Улар ўз миллати буюклигини исботлаш учун тарихга мурожаат қилган. Ўтмишдан миллатнинг фахрли, соғлом илдизлари мавжуд эканини кўрсатиб берган.

Жадидларнинг Туркистон мустақиллиги учун курашида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди: янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш; қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш; турли маърифий жамият ва театр труппалари тузиш; газета ва журналлар чоп қилиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш билан Туркистонда миллий демократик давлат қуриш. Жадид зиёлиларининг кучли партияси ташкил қилинган тақдирдагина бу ишларни амалга ошириш мумкин эди.

Жадидчиликнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат бўлган:

  • Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш;
  • шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш;
  • Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун кураш; Бухоро ва Хивада конституцион монархия ва парламент, кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод ва фаровон жамият қуриш;
  • барқарор миллий валютани жорий қилиш;
  • миллий қўшин тузиш.

Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Хоразмда ҳур фикрли ва тараққийпарвар кишиларнинг айрим гуруҳлари томонидан очилган маданий-маърифий йўналишдаги жамият ва уюшмалардан жадидчилик ҳаракати шаклланди.

1906 йил 17 сентябрда Тошкент шаҳрининг сармоядорлари ва жадидлари Кўкалдош мадрасасида тўпланиб, хайрия жамияти тузишга қарор қилган. Орадан уч йил ўтиб, Мунавварқори Абдурашидхонов ва Абдулла Авлоний ташаббуси билан Тошкентда 1909 йили “Жамияти имдодия”га асос солинган. Мўминжон Муҳаммаджон ўғли жамият ва унинг таъсисчилари ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Жамияти имдодия отлиқ бир кўмак жамияти бор эди. Буни бошлаб очувчилар: 1) Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, 2) Башируллахон Асадуллохўжа ўғли, 3) Мулла Абдуллоҳ Авлоний, 4) Низомқори мулла Ҳусайн ўғли, 5) Тошхўжаҳожи Туёқбой ўғиллари эканлар” [6:211].

“Жамияти имдодия”нинг мақсади:

  • Бева, камбағал, ногиронларни тарбиялаш;
  • кўча ҳамда бозорларда гадойлик ва бошқа беҳуда ишлар қилиб юрувчилар учун камбағалхона, етимхона, ошхона, чойхона, ётоқхоналар очиш;
  • муҳтожларга лозим бўлганда пул, овқат, кийим бериб туриш;
  • вақфсизликдан, тарбиячи йўқлигидан ҳувуллаб қолган мактаб ва мадрасаларни ислоҳ қилиш, мударрис ва шогирдларга пул тайин қилиб, ободонлаштириш;
  • камбағал, муҳтож мударрис ва ўқувчиларга ёрдам бериш, ўзи ўқишга қодир бўла туриб, моддий етишмовчиликдан ўқий олмай қолган талабаларнинг илм олишига ёрдам беришдан иборат бўлган.

Хайрия жамияти ташкил топган даврида асосий маблағини истеъдодли ёшларни хорижда ўқитишга сарфлаган бўлса, 1911 йили камбағалхона ташкил этишга 1100 сўм маблағ ажратган. Камбағалхона 10 кишига мўлжалланган бўлиб, унда яшовчи кишиларнинг бир йиллик харажати, жумладан, ҳар бир кишининг овқати, кийим-кечаги, ўтин, идиш-товоқ, хона жиҳозлари кабилар нархи ҳисоблаб чиқилган. Шунингдек, жамият етим ва фақир болалар таълими учун 1344 сўм маблағ ажратган. Тошкент шаҳрининг тўрт даҳасидан 40 нафардан 160 нафар боланинг бошланғич таълими ва ўқув қуроллари учун ишлатилган. 1911 йил бошида жамиятга моддий ёрдам сўраб ариза ёзган камбағалларга ҳам йиллик 140 сўм берилган. Бу маблағ 1914 йили 194 сўмни, 1915 йили эса 500 сўмни ташкил қилган [8:56].

Хайрия жамияти мактабларнинг моддий таъминотини яхшилаш учун ҳам маблағ ажратган. Жумладан, 1914 йили “Кўк масжид” маҳалласидаги Абдуллахон Иброҳимхон ўғли бошчилик қилаётган мактабга 120 сўм ҳамда “Каллахона” маҳалласидаги Муҳаммадсайид Муҳаммадмусо ўғли мактабига 80 сўм, “Девонбеги” маҳалласидаги Эшонхўжа Ҳоний мактабига 150 сўм, “Тахтапул” маҳалласидаги Собиржон ва Шокиржон Раҳимийларнинг мактабига 100 сўм ҳамда “Тарновбоши” маҳалласидаги Мунавварқори мактабига 350 сўм берилган.

“Жамияти имдодия” бойлар томонидан бериладиган пулни хайрия ишларига сарфлаш билан чекланмай, ўзи ҳам турли тадбир, жумладан, театр томошалари қўйиш орқали ҳам пул жамғарган.

1913 йил охирларида “Жамияти имдодия” негизида “Турон” жамияти тузилган. Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Комилбек Норбеков, Муҳаммаджон Подшохўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Башриллахон Асатиллахўжаев, Низомиддин Асомиддинхўжаев, Каримбек Норбековлар унинг таъсисчилари бўлган [10:104].

Жамият аҳоли ўртасида саҳна ишлари ва хайрияга жиддий муносабат ҳамда муҳаббатни ривожлантириш; халқ учун спектакль кўрсатиш, унга соғлом руҳдаги томоша бериш, кечалар, концертлар, спектакллар ва бошқа оммавий томошаларни ўтказиш; Туркистон ўлкаси ҳудудида яшовчи муҳтож мусулмонларга моддий ёрдам бериб, уларнинг аҳволини моддий ва маънавий жиҳатдан яхшилашни мақсад қилган. “Турон” жамияти ўз биносига ва “Тошкент шаҳридаги Турон номли мусулмонлар драма санъати ҳаваскорлар жамияти”, деб ёзилган хусусий муҳрига эга бўлган [15:54].

Фарғона водийсида ҳам жадидларнинг кўплаб ташкилотлари мавжуд эди. Масалан, Андижонда “Тараққийпарвар” ва “Падаркуш” яширин ташкилотлари (Россия империяси охранкаси ҳужжатларида яширин сиёсий партиялар деб номланган) ҳам фаолият кўрсатган. Бу жиҳатдан олганда, тараққийпарвар Мирза Абдулқодирбек Мирза Аҳмад Қушбегиевнинг “Тараққийпарвар” жамияти ғоялари очерки” (1916 йил 22 ноябрда ёзилган) деб номланган маълумотномаси диққатга сазовордир. Унда кўрсатилишича, “Тараққийпарвар” жамиятининг бош ғояси ёш туркларнинг тараққиётига тақлид қилишдир. Уларнинг мақсади халққа сиёсий ва ички эркинликлар беришдан иборат. Улар аҳоли орасида сиёсат ва дин соҳасида ҳаракат қилишга катта эътибор қаратган.

1909- йилда Садриддин Айний, Абдувоҳид Мунзим, Аҳмаджон Ҳамдий, Ҳамидхўжа Меҳрий, Ҳожи Рофе, Мукаммал Бурҳоновлар Бухорода “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) номли яширин жамият тузган [11:271].

 “Тарбия атфол” жамияти ўз фаолияти даврида қуйидаги ишларни амалга оширган:

Биринчидан, илмга чанқоқ ёшларга ҳар жиҳатдан: ҳам иқтисодий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатган. Жамият Туркия ҳамда Россиянинг Қозон, Уфа, Боғчасарой шаҳарларига ўқувчилар юбориш масаласига алоҳида эътибор берган. Истанбул шаҳрида таълим олаётган бухоролик талабалар сони 1911 йилда 15 та, 1912- йилда эса 30 дан ошган.

Иккинчидан, жамият Туркия ва Эрон ҳамда Россия мусулмон шаҳарларида нашр қилинадиган матбуот намуналари билан бухороликларни таништириб боришга катта эътибор берди. Бухородаги Россия сиёсий агентлигининг ҳар қандай таъқиб ва тўсиқларига қарамай, жамиятнинг саъй-ҳаракати билан бундай нашрлар амирликда ҳам кенг тарқала бошлади.

Учинчидан, ҳамма жадид мутафаккирлари каби “Тарбияи атфол” жамияти аъзолари ўринсиз сарф-харажатлар (тўй ва маъракаларга сарф қилинадиган катта-катта харажатлар) ва исрофгарчиликларга қарши чиқди. Бундай маблағларни фарзандлар тарбиясига, уларни чет элларда ўқитиш учун сарф қилишга даъват этди. Ушбу жамият 1914 йил мартда “Маърифат” ширкати тузади ва 1915 йил 22 декабрда амир Олимхон бу жамият уставини тасдиқлаб беради. Бу ширкат китоб савдоси билан шуғулланган. Усули жадид мактабларини дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш жамиятнинг бирламчи вазифаси ҳисобланар эди [14:29].

“Тарбияи атфол” жамияти ўз фаолиятининг дастлабки йилидаёқ бир гуруҳ ёшларни Истанбулга ўқишга юборди. Туркияда таълим олишдан мақсад ўлкадаги “усули жадид” мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, “усули тадрис”нинг ҳам амалий, ҳам назарий асосларини ишлаб чиқиш, дарсликлар, ўқитувчилар учун услубий қўлланмалар яратиш эди. Туркларнинг “усули савтия” методида илк бор яратилган Аҳмад Мидҳатнинг “Хожаи аввал” (1868 йил) алифбоси ҳамда Исмоилбек Гаспиринскийнинг “Хўжаи сибён” дарслик-алифбосидан Бухоро жадид мактабларида дастлаб дарслик сифатида фойдаланилган бўлса, кейинчалик шулар асосида маҳаллий муаллимлар ўз дарсликларини яратган.

Бухоро амирлигидаги жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этган Усмонхўжа Пўлатхўжаев ва Ҳамидхўжа Меҳрийлар 1908 йилда ўқиш учун Эрон ҳудуди орқали Туркия пойтахти Истанбулга борган. Бу ерда уларни Бухородан келган бир расмий ҳайъат каби эъзоз билан кутиб олади. Ўша пайтда Туркияда Ҳарбий ишлар Нозири бўлган Анвар пошо уларни олий даражада қабул қилади. Бу ҳодиса Россиянинг Туркиядаги элчисини хавотирга солиб, бу ҳақда рус императори Николай ИИ га хабар берган. У Бухоро амири Абдулаҳадхондан Усмонхўжа ва Ҳамидхўжа ҳақида маълумот сўрайди. Абдулаҳадхон рус ҳукмдорига: “Улар ёш болалардир, Туркияга таҳсил олиш учун борган”, деб жавоб қайтарган.

1913 йилнинг баҳорида Истанбулда ўқиётган бир гуруҳ ёшлар – Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, Атохўжа, Фитрат, Ҳомидхўжа ватанига қайтиб келди ва Бухорода “усули жадид” мактаби очишга киришди.  Бу мактабларни китоб ва дарсликлар билан таъминлаш мақсадида “Маърифат кутубхонаси” ва “Баракат ширкати”ни очади. Туркия, Татаристон, Қрим, Озарбайжонда чиқадиган ҳар бир янги чиққан китоб, дарслик ва нашрлар кутубхонага келиб туради. Россия империясининг Янги Бухоро (Когон)даги хуфияси Белман томонидан йўлланган махфий мактуб (1912 йил 24 февралда ёзилган)да кўрсатилишича, “Усмон Хўжа Истанбулдан кўплаб сиёсий рисолалар олиб келган. У туркчилик ва исломчилик ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланган, яширин сиёсий ташкилот ҳаётида фаол қатнашган” [12:42].

ХХ аср бошларида Хоразмда шаклланган жадидчилик бир қадар бошқачароқ тарихий шарт-шароитда вужудга келди. У бу ерда асосан иккита оқимдан иборат эди. Унинг ўнг оқими хонликда ривожланаётган савдо-саноат корхоналари эгалари ҳамда йирик бойлар вакилларини ўзида бирлаштирган эди. Бу оқимга Хива хони Асфандиёрхоннинг бош вазири Исломхўжа бошчилик қилган. Жадидчиликнинг ўнг оқими ўз олдига мамлакатда хон ҳокимиятини сақлаб қолган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш орқали эркин бозор муносабатларининг ривожланишига кенг йўл очиб беришни мақсад қилиб қўйган эди. Хивада жадидчиликнинг сўл оқими эса майда сармоядорлар, ҳунармандлар ва халқнинг турли табақа вакилларини бирлаштирган бўлиб, қозикалон Бобоохун Салимов унинг раҳбари эди. Улар Хива хонлигида янги усул мактаблари ташкил қилиш орқали халқ оммасининг сиёсий фаоллигини ўстириш мақсадини қўйган эди. 1904 йил “Жамияти хайрия” тузилиб, унинг кўмаги билан Хива шаҳрида дастлабки янги усул мактаби очилди (1904 йил 10 ноябрь). Хива жадидлари маърифий ишлар билан кифояланиб қолмасдан, хон тузумига қарши кураш ҳам олиб борди. Биринчи жаҳон урушигача Хива жадидларининг ягона маркази ва дастурий ҳужжатлари бўлмаган. Бироқ жадидчилик ҳаракати Хива хонлигида катта ижтимоий-сиёсий кучга айланиб, 1914 йил августда Ёш хиваликлар фирқаси  шаклини олган[13:198].

1904-1905 йиллардаги рус-япон уруши, 1905-1907 йилларда бўлган биринчи рус инқилоби, 1905-1911 йиллардаги Эрон инқилоби, 1908 йили Туркияда бўлган Ёш турклар инқилоби жадидлар дунёқарашига кучли таъсир кўрсатди. Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. Шу тарзда жадидчилик ҳаракати 1906-1916 йилларда ўзининг асосий йўлини белгилаб олди. Жадид нашрлари халқни янги давр бошлангани билан таништирар экан, ўзлигини англаб, уюшишга чақирди. Ўлка моддий ва маънавий бойликлари таланаётганини ошкор қилди.

1917 йил мартда Туркистонда мустақиллик ва миллий давлатчиликни тиклаш ҳаракатлари бошланиб, унинг бошида Туркистон жадидчилигининг йирик намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев ва бошқалар турган. 1917 йил 16 апрелда Умумтуркистон мусулмонларининг биринчи қурултойи ўз фаолиятини бошлаган. Хабарларга кўра, қурултой таъсисчилари 1917 йил 17 апрель куни миллий давлатчилик масаласини муҳокама қилган. Қурултойда Маҳмудхўжа Беҳбудий нутқ сўзлаб, миллатни ўзаро ихтилофдан воз кечиш, буюк мақсад йўлида бирлашиш, иттифоқ бўлишга чақиради. “Ихтилофимиз сабабли мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар”, деб очиқ айтади.

1917 йил ёзида Россия ўз муаммолари билан овора бўлиб турган даврда Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон халқлари келажагини ўйлаб, “Биз истаймизки, бутун Русия мусулмонлари мухторият усули юзасидан тирикчилик қилсунлар… Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда… Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз (парламентаризм) бўлсун”, деб янги таклифлар берган. Бу таклифга биринчи бўлиб чоризмдан қолган “буржуачилар” эмас, “морозовчилар”, яъни бўлғуси большевиклар қарши чиққан. Улар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг адолатли ёндашувларидан хато топа олмаган. Бироқ унинг таклифларини “шошқалоқларча” берилган, дея эътироз билдирадилар. Шунингдек, ўзларининг ҳар жиҳатдан устунлигини кўрсатиб, “Мусулмонлар ўзини бошқаришда ҳали руслардан кўп ўрганиши керак. Думада ишбилармон, уддабурон, меҳнатсевар кишилар ўтирса, унда турли жамият ва сиёсий гуруҳ талабларини ёқлайдиган кишилар бўлса, шаҳарда ишлар яхши кетади. Бундай гуруҳлар русларда кўп бўлади, мусулмонларда эса бўлмайди… Фикримизча, агар мусулмонлар ва маҳаллий яҳудийлар сайловчиларнинг ярмини юбориб, иккинчи қисмини маҳаллий бўлмаганларга қўйиб берса, иш равнақи учун фойда ва ҳаққонийлик бузилмаган бўлади”, деб хулоса ясайди.

Беҳбудийнинг “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”да қозилик ишларини тартибга солиш, маориф масалаларини ҳал қилишда мухторият талаб қилинган бўлса, 1917 йил тайёрланган “Шўрои исломия”нинг Муваққат қонуни, Шоислом Шоаҳмедовнинг “Туркистон федерацияси лойиҳаси”, “Турк адами марказият фирқасининг маромномаси”да миллий демократик мухтор давлат бошқарувининг қонун-қоидалари тўла мужассамлаштирилган.

1917 йил 26-28 ноябрда Қўқонда бўлиб ўтган Бутунтуркистон мусулмонларининг фавқулодда ИВ қурултойида Туркистон Мухторияти ҳукумати ташкил қилинган. Қурултой жараёнида Миллий Мажлис таркибига Туркистон жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари Убайдулла Хўжаев, Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли, Обиджон Маҳмудов, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар киритилган. Хуллас, миллий давлатчиликнинг қарор топиши, биринчи навбатда, Маҳмудхўжа Беҳбудий бошчилигидаги жадидларни қувонтирган ва улар Ватани ҳамда халқини Мухторият билан табриклаб, уни асраб-авайлашга чақирган.

Хулоса қилиб айтганда, Туркистондаги жадидчилик ҳаракати мустамлакачилик тузумига қарши миллий-озодлик ғояларини халқ орасида тарқатиш, тараққиётга эришиш, Ватанни босқинчилардан озод қилиш мақсадида вужудга келган. Бунинг учун улар жадид мактаблари очди, замонавий кутубхона ва қироатхоналар фаолиятини йўлга қўйди шунингдек, миллий матбуот ва миллий театрга асос солди. Натижада жадидилар ижтимоий – сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Совет ҳукумати томонидан қатағон қилингунига қадар улар ўз мақсадидан қайтмаган.

Таклиф ва тавсиялар:

  1. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 18 та газета ва журналлардаги барча мақолаларининг кўрсаткичини тайёрлаш, таржима қилиш, жорий имлога ўгириш ҳамда китоб ҳолатида чоп этиш;
  2. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг турк пошолари билан ўзаро ёзишмалари, уларнинг ҳамкорлигини тасдиқловчи мақола, рисола ва ҳужжатлардан нусха олиш ҳамда нашр қилиш;
  3. Беҳбудий уй-музейида театр ишини йўлга қўйиш ҳамда жадидларнинг саҳна асарлари намойишини мунтазамлаштириш;
  4. Беҳбудий ҳақида ҳужжатли фильм ва сериаллар яратишдан иборат. 
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномаси. // https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-oliy-25-01-2020.; https://president.uz/uz/lists/view/3860
  2. Аҳмедов С., Ражабов Қ. Жадидчилик // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Том 3. Тошкент: ЎзМЕ Давлат илмий нашриёти, 2002.
  3. Abdürreşid İbrahim. Alem-i İslam ve Japonyaʼda İslamiyetin Yayilmasi.
  4. Бартольд В. История културной жизни Туркестана. Ленинград: 1927-г
  5. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. 1-жилд. Нашрга тайёрловчи ва сўз боши муаллифи Сирожиддин Аҳмад. – Т.: Академнашр, 2018.
  6. Мўминжон Муҳаммаджон ўғли. Турмуш уринишлари. – Т., 2015.
  7. Ўзбекистон Миллий архиви, 47-жамғарма, 1-рўйхат, 1004-йиғмажилд, 32-варақ.
  8. Ўзбекистон Миллий архиви. II-461-жамғарма, 1-рўйхат, 942-йиғмажилд, 56-варақ.
  9. Ўзбекистон Миллий архиви. II-461-жамғарма, 1-рўйхат, 942-йиғмажилд. 5-варақ
  10. Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. Тошкент. 2002. Б. 104.
  11. Ражабов Қ. Тарбияи атфол. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд. – Т.: ЎзМЕ нашриёти, 2004.
  12. Ражабов Қ. ХХ аср бошларида Туркистон ёшлари // “Ҳуқуқ ва бурч” журнали. № 1. 2008.
  13. Ражабов Қ. Ёш хиваликлар // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 3-том.
  14. Тоҳир Қаҳҳор. Ҳур Туркистон учун. – Т.: Чўлпон, 1994.
  15. Турсунов Т. ХХ аср ўзбек театр тарихи. – Т., 2010.

 

Гулмамат АХМЕДОВ,
Маҳмудхо ъжа Беҳбудий уй-музейи мудири
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

МУҲАММАД ОБИД СИНДИЙНИНГ“АЛ-МАВОҲИБУЛ ЛАТИФА” АСАРИДА ҲАДИСЛАРНИ ШАРҲЛАШДАГИ МЕТОДИ

Кириш. Ҳанафий мазҳабига ҳар хил адашган фирқалар томонидан танқидий муносабат билдирилиб, унинг асосчиси Абу Ҳанифа …