Бугунги кунда телефон ва замонавий алоқа воситалари инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Телефон орқали яқинларимиз билан ҳол-аҳвол сўрашамиз, узоқдаги қариндошларимиз билан боғланамиз, илм ўрганамиз, янгиликлардан хабардор бўламиз, турли масалаларни ҳал қиламиз. Айниқса, интернетга уланган смартфонлар таълим, илм-фан, тиббиёт, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб соҳаларда катта имкониятлар яратмоқда.
Бироқ ҳар қандай неъматдан тўғри фойдаланиш, унинг одоб ва қоидаларига риоя қилиш лозим. Телефон орқали мулоқот қилишнинг ҳам ўзига хос одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Ушбу қоидаларга риоя қилиш инсоннинг маънавияти, муомала маданияти ва бошқаларга бўлган ҳурматини намоён этади. Телефондан ўринли фойдаланиш инсоннинг вақтини тежайди, одамлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди. Аксинча, ундан нотўғри фойдаланиш вақтнинг беҳуда сарфланишига, оилавий муносабатларнинг сусайишига, ёлғон ва ғийбатнинг тарқалишига, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларида гўзал ахлоқ, одоб, масъулият ва ўзаро ҳурматни тарғиб этади. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидаги кўплаб кўрсатмалар бугунги кунда телефондан фойдаланиш маданияти учун ҳам муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.
Шундай экан, телефондан фойдаланишдаги одоблар ҳақида сўз юритар эканмиз, масала фақат қўнғироқ қилиш ёки хабар ёзиш қоидалари билан чекланмаслигини англашимиз зарур. Бу, аввало, инсоннинг тилини, вақтини, ахлоқини ва бошқаларнинг ҳаққини асраш маданиятидир.
- Телефон – неъмат, ундан фойдаланиш эса масъулиятдир.
Аллоҳ таоло инсонга ақл, тил, вақт ва имкониятлар ато этган. Уларни эзгу ишларга сарфлаш, одамларга манфаат етказиш ва яхшиликни кўпайтириш ҳар бир мўминнинг вазифасидир. Телефон ҳам ана шу имкониятлардан бири ҳисобланади.
- Телефондан фойдаланиб, ота-онадан хабар олиш, қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкамлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам уюштириш, илм ўрганиш ва диний-маърифий билимларни тарқатиш каби савобли ишларга восита бўлиши мумкин.
- Бироқ телефоннинг ўзи эмас, балки ундан қандай мақсадда ва қай тарзда фойдаланиш муҳимдир. Агар инсон телефон орқали яхшилик қилса, ҳақиқатни тарқатса ва бошқаларга манфаат етказса, бу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Агар у ёлғон хабар, ғийбат, туҳмат, ҳақорат ва беҳуда машғулотларга берилиб кетса, мазкур восита зарар манбаига айланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни рост-ёлғонлигини) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Бир хабарни эшитиши биланоқ, уни тўғри ё нотўғри эканини суриштирмай, унга ишониб бирор иш қилинса, ё ўша хабар тарқатилса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда. Ушбу оят ахборотни текшириш, унинг ишончлилигига эътибор бериш ва шошма-шошарлик билан ҳукм чиқармаслик кераклигини билдиради. Бугунги кунда бу кўрсатма телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган хабарларга нисбатан ҳам катта аҳамиятга эга.
Ҳар бир хабарни ўқибоқ бошқаларга юбориш тўғри эмас. Айниқса, бирор инсонни айбловчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёки одамларни бир-бирига қарши қўювчи маълумотларнинг ҳаққонийлиги аниқланиши шарт. Чунки ёлғон хабарни тарқатган киши уни ўзи тўқимаган бўлса ҳам, унинг зарарига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун телефондан фойдаланишдаги биринчи қоида – неъматни қадрлаш, уни эзгу мақсадга йўналтириш ва ҳар бир ҳаракат учун масъулиятни ҳис этишдир. Бирор хабарни тарқатишда халқимиз орасида машҳур бўлган “Уч элак” ҳақидаги ривоятга амал қилиш мақсадга мувофиқдир:
“Бир киши донишманддан сўради:
– Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?
– Шошма, – деди донишманд, – аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ…
– Учта элак?
– Бирор гапни айтишдан олдин, уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми?
– Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.
– Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи – ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?
– Йўқ, аксинча.
– Демак, – давом этди донишманд, – сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз – ФОЙДА элаги. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга бирор фойда келтирадими?
– Йўқ, фойда келтирмайди.
– Демак, – хулоса қилди донишманд, – сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан!?”
Бу ривоят инсоннинг сўзлаш маданияти, ахлоқий тарбияси, дўстлик муносабатлари ва жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини шакллантириш борасида жуда муҳим ҳаётий сабоқларни ўз ичига олади. Ушбу ривоятга кўра:
- Ҳар бир эшитган гапимизни ҳақиқат деб қабул қилмаслигимиз керак.
Инсон бирор хабарни эшитганда, уни бошқаларга етказишга шошилмаслиги лозим. Чунки ҳар қандай маълумот ҳам ҳақиқат бўлавермайди. Асоссиз гап-сўзлар инсонлар ўртасида ишончсизлик, келишмовчилик ва адоват келтириб чиқариши мумкин.
- Бошқалар ҳақида ёмон гап тарқатишдан сақланиш зарур.
Инсоннинг обрўси, шаъни ва қадр-қиммати унинг учун муҳим бойликдир. Бировнинг айбини қидириш, унинг ортидан гапириш ва салбий хабарларни тарқатиш яхши хулқ белгиси эмас. Аксинча, инсон бошқаларнинг камчилигини ошкор қилишдан кўра, уларнинг яхши фазилатларини кўришга ҳаракат қилиши керак.
- Ҳар бир сўзнинг инсонга фойдаси бор-йўқлигини ўйлаш лозим.
Айтиладиган гап инсонга қандайдир манфаат етказиши, унга тўғри йўл кўрсатиши ёки бирор муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши керак. Агар бирор хабарни етказиш ҳеч қандай фойда келтирмаса, аксинча, кишиларнинг кўнглини оғритса, уни айтмаган маъқул.
- Тилни тийиш – юксак ахлоқий фазилат.
Инсоннинг одоби унинг фақат қилган ишларида эмас, балки айтаётган сўзларида ҳам намоён бўлади. Баъзан ўйламасдан айтилган бир оғиз сўз йиллар давомида шаклланган дўстликка путур етказиши мумкин. Шунинг учун гапиришдан олдин фикрлаш, ҳар бир сўзнинг оқибатини ҳисобга олиш зарур.
- Ғийбат, чақимчилик ва туҳматдан узоқ бўлиш керак.
Бир инсоннинг гапини иккинчисига етказиб, улар ўртасида низо келтириб чиқариш чақимчилик ҳисобланади. Бундай иллат оилада, маҳаллада, меҳнат жамоасида ва жамиятда ўзаро ишончни йўқотади. Шу сабабли инсонлар ўртасида иноқлик ва биродарликни мустаҳкамлаш учун бундай одатлардан сақланиш лозим.
- Ҳар бир инсон ўз сўзи учун масъул эканини унутмаслиги керак.
Айтилган сўзнинг оқибати бўлади. Бир оғиз яхши сўз инсонга умид, қувонч ва ишонч бағишлаши мумкин. Аксинча, ўйламасдан айтилган ёмон сўз қалбни жароҳатлаши, оилалар ва дўстлар ўртасига совуқчилик солиши мумкин.
Уяли алоқа воситасидан фойдаланишда қилишда юқорида баён қилинган фикрларни кундалик ҳаётимизда қўллаш учун қуйидаги қоидаларни ёдда тутишимиз лозим:
- Телефондан фойдали ва эзгу мақсадларда фойдаланинг.
- Қўнғироқни салом билан бошланг, суҳбатдошингизга ҳурмат кўрсатинг.
- Бошқалар вақтини қадрланг ва уларни заруратсиз безовта қилманг.
- Телефон орқали ёлғон, ғийбат, туҳмат ва ҳақоратли сўзларни тарқатманг.
- Ҳар қандай хабарни бошқаларга юборишдан олдин унинг ҳаққонийлигини текширинг.
- Шахсий маълумот, сурат ва ёзишмалар дахлсизлигини ҳурмат қилинг.
- Масжид, дарс, мажлис ва жамоат жойларида телефон одобларига риоя қилинг.
- Оила аъзолари, айниқса, ота-она ва фарзандлар билан юзма-юз мулоқотга вақт ажратинг.
- Телефонга ортиқча боғланиб қолманг, вақтингизни илм, меҳнат, ибодат ва оилага ҳам сарфланг.
- Ҳар бир сўз ва ҳаракатингиз учун Аллоҳ таоло олдида масъул эканингизни унутманг.
Бироқ телефондан нотўғри фойдаланиш инсонни беҳуда машғулотлар, ғийбат, туҳматга ва бошқалар ҳақ-ҳуқуқларини бузишга олиб келиши мумкин. Шунинг учун телефон одобларига амал қилишни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз лозим. Ислом таълимоти бизни яхши сўзлаш, бошқаларга озор бермаслик, вақтни қадрлаш, хабарларни текшириш ва инсонлар шаънини ҳурмат қилишга чақиради. Бу тамойиллар телефондан фойдаланиш маданиятининг ҳам асосини ташкил этади.
Ҳар биримиз ўзимизга қуйидаги саволларни беришимиз керак:
Телефондан фойдаланишим мен ва атрофдагиларга қандай фойда келтирмоқда? Мен тарқатаётган хабарлар ҳақиқатга мосми? Юбормоқчи бўлган хабаримнинг у одам учун манфаати борми? Ёзган сўзларим бировнинг қалбига озор бермайдими? Телефонга ажратаётган вақтим оилам, меҳнатим ва ибодатимга халақит бермаяптими?
Агар ушбу саволларга виждонан жавоб берсак, телефондан фойдаланишдаги кўплаб хатоларнинг олдини олишимиз мумкин.
Хулоса қилганда, уяли алоқа воситаси – телефон инсон учун катта имконият ва айни пайтда масъулият ҳамдир. Ундан оқилона фойдаланиш билим ва маърифатни оширади, инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди. Нотўғри фойдаланиш эса вақтнинг зое кетишига, одоб-ахлоқнинг сусайишига ва турли низоларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир инсон телефондан фойдаланишда вақтни қадрлаши, суҳбатдошини ҳурмат қилиши, ахборотни текширмасдан тарқатмаслиги, шахсий ҳаёт дахлсизлигига риоя этиши ва оилавий муносабатларга эътиборли бўлиши лозим.
Энг муҳими, телефон инсонни эзгулик, илм, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва жамиятга фойда келтиришга хизмат қилсин. Зеро, одобли инсоннинг фазилати унинг фақат юзма-юз мулоқотида эмас, балки телефон ва интернет орқали қиладиган муомаласида ҳам намоён бўлади.
Сўзимиз сўнгида Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бирингиз бошқарувчисиз! Ҳар бирингиз қўл остингиздагидан масъулсиз (сўраласиз)!” ҳадисини эслатиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Телефон ҳам инсон тасарруфидаги неъмат бўлиб, ундан фойдаланган ҳар бир инсон бу нарсага масъулдир. Шу сабабли ундан эзгу мақсадларда оқилона фойдаланиш унинг соҳибига ҳам, атрофидагиларга ҳам фойда келтириши мумкин.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




