Home / МАҚОЛАЛАР / АБУЛ ҲАСАН АЛИ ИБН ҲУСАЙН МУҲАММАД СУҒДИЙНИНГ “НУТАФ ФИЛ-ФАТАВО” АСАРИДА ҚОЗИЛИК ОДОБЛАРИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

АБУЛ ҲАСАН АЛИ ИБН ҲУСАЙН МУҲАММАД СУҒДИЙНИНГ “НУТАФ ФИЛ-ФАТАВО” АСАРИДА ҚОЗИЛИК ОДОБЛАРИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

IX–XIII асрларда Мовароуннаҳр, ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатида фиқҳ ва ҳуқуқшунослик соҳасида улкан мерос қолдирган. Бу ҳудудда яшаб ижод қилган уламолар фиқҳ илмини юқори даражада ўрганиб, қозилик институтини нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам мукаммал тарзда ишлаб чиқиб, ўз асарларига киритиб кетган.

Ислом ҳуқуқида қозилик – жамиятда адолатни қарор топтириш вазифасини бажарувчи муҳим институтдир. Шу сабабли қозига қўйиладиган талаблар фақат ҳуқуқий билим билан чекланмасдан, балки юксак одоб-ахлоқни ўз ичига олган.

Қозилик одоби қуйидаги манбалар асосида шаклланган:

  • Қуръон;
  • ҳадис;
  • фиқҳий қоидалар;
  • уламолар ижтиҳоди.

Мовароуннаҳр уламолари қози юқори даражадаги илм эгаси бўлиши билан бирга бир нечта сифатларни қамраб олишини таъкидлаган ва уларни бир қанча бандларга ажратган.

Қози Қуръон, ҳадис ва фиқҳ илмини пухта эгаллаган бўлиши:

Абу Бакр ал-Косоний “Бадоеъ ас-саноеъ” асарида қозининг нотўғри ҳукм чиқариши жамиятда катта фасодга сабаб бўлишини таъкидлайди [4: 67].

Имом Али Суғдий ҳам ўзининг “Нутаф фил фатаво” асарида қозилик одоби бешта нарсани ўз ичига қамраб олишини таъкидлаб, уларни бирма-бир санаб ўтган. Биринчиси қалбга оид сифат бўлиб, у ҳам беш нарсани қамраб олади:

  1. Қози илмли бўлиши. Қуръон, ҳадис фиқҳни комил ҳолда билиши лозим.
  2. Қози ҳукмида ва ҳатти-ҳаракатида ҳалим бўлишлиги лозим.
  3. Сўраган ва жавоб берган нарсада доно, ақлли бўлиши лозим.
  4. Мусулмонларга насиҳатгўй бўлиши лозим.
  5. Хусуматчилардан бирига ён босишни тарк қилиши лозим.

 Адолатли бўлиш:

Абу Мансур Мотуридий ва бошқа уламолар қозининг энг муҳим сифати – адолат эканини таъкидлаб, қози нафсига эргашмаслиги, қариндош-уруғчилик ёки моддий манфаат таъсирига тушмаслиги лозимлигини айтади.

Бурҳониддин Марғиноний эса ўзининг машҳур “Ҳидоя” асарида “Қози тарафлар ўртасида тенгликни сақламоғи шарт” [3: 180], деган. Бу фикр эса қозининг бетарафлигини таъминлашга қаратилган.

    Тақво ва ҳалоллик:

Имом Сарахсий “Ал-Мабсут” асарида қозининг гуноҳдан узоқ бўлиши, нафсини назорат қилиши шартлигини таъкидлайди. Тақво – нотўғри қарорлар чиқаришдан сақловчи ички механизм сифатида талқин қилинади.

Имом Али Суғдий ҳам ўзининг “Нутаф фил фатаво” асарида қозилик одобларидан яна бири бу тил эканини таъкидлаб, қози ахлоқсиз сўзларни тарк этиши, жавоб беришда фасоҳат ила чиройли жавоб бериши, ҳузурига ким келса ҳам хушмуомалалик билан муомалада бўлиш лозимлигини келтириб ўтган.

Нафсга оид сифатлар бобида эса қози чиройли тақво соҳиби бўлиши, фарз ва нафл ибодатларни чиройли суратда адо этиши лозимлигини таъкидлаган. Бу хислат ҳам қози учун ниҳоятда зарур хислатлардан ҳисобланади.

Қозининг мустақиллиги ва сиёсий таъсирдан ҳимоя:

Қозининг сиёсий ҳокимиятдан мустақил бўлиши масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Уламолар фикрича, қозининг қарорларига ҳоким ёки бошқа шахслар аралашмаслиги лозим. Қозининг мустақиллиги адолатнинг гарови ҳисобланади.

Имом Сарахсий “Ал-Мабсут” асарида қозининг босим остида чиқарган ҳукми ҳақиқий ҳисобланмаслигини баён қилади [3: 178]. Бу принцип ҳозирги замонавий суд мустақиллиги ғоялари билан уйғун десак муболаға бўлмайди.

Суд жараёнида қозилик одоби;

Қозининг муомала маданияти ҳам муҳим ҳисобланади. У тарафларга бир хил муносабатда бўлиши, овозини баланд кўтармаслиги ва далилларни диққат билан тинглаши лозим. Қози бой ва камбағал, таниш ва бегона ўртасида фарқ қилмаслиги лозим.

Ибн Абдулҳакам “Адаб ал-қози” асарида:

  • овозни баланд қилмаслик;
  • тарафларни бўлмаслик;
  • далилларни диққат билан эшитиш

каби қоидалар келтирилган [1: 136].

Суд жараёнида ўтириш одоби:

Яъни ушбу бобда қозининг иш жараёнида қандай тартибда ўтириши назарда тутилган.

Имом Али Суғдий ҳам ўзининг “Нутаф фил фатаво” асарида суд жараёнидаги қозилик одобларини келтиради. Унга кўра:

  1. Тўғри ўтириш – қози мажлис жараёнида ҳамма кўра оладиган ва икки тарафга ҳам тенг жойда ўтириши лозим. Яъни, ундан мақсад ҳеч ким у фалон томонни ўйлаяпти, унга ён босяпти деб ўйламаслиги учун қози суд жараёнида тўғри ўтириши керак.
  2. Эшик ҳамма учун очиқ – қози бой-камбағал, яқин-узоқни фарқ қилмасдан ҳаммани бир хил қабул қилиши керак.
  3. Олимлар билан маслаҳат – қози суд жараёнида тарафларни тинглаб, мавжуд далилларни кўриб чиқиши жараёнида агарда масала жиддий ва қийин бўлса, қози илмли, олим кишиларни чақириб, маслаҳатлашиши лозим.
  4. Шошилиб ҳукм чиқармаслик – қози кўриб чиқаётган иш шунчаки оддийгина бир иш эмас, балки унинг кўриб чиқаётган ишида инсоннинг тақдири ётгани сабабли, охирги ҳукмни чиқариш пайтида йўлда ёки шошилиб ҳукм чиқармаслиги лозим.
  5. Руҳий ҳолат муҳим – қози оч бўлса, жаҳли чиқса, бирор нарсадан ғамгин бўлса, ёки чарчаган бўлса ҳукм чиқармаслиги лозим. Сабаби, бундай ҳолатларда инсоннинг ақли комил ҳолатда ўзига хизмат қилмайди.

Демак, бундан инсон шундай фойда олиш мумкинки, қози ўртада адолат қилиши учун у ички томондан хотиржам, сабрли, ташқи томондан эса тенглик ва масъулиятли бўлиши лозим.

Даъвогарлар (икки тараф) одоби:

Бу мавзуда гап судга келган икки томон (даъвогар ва жавобгар)лар билан қози қандай муомала қилиш кераклиги ҳақидадир. Мақсад, одамларни судга қандай тартибда келиши ва чақирилиши ҳақида бир қанча фикрлар айтилган. Энг асосийси одамларни судга чақиришда адолат ва қулайлик бўлиши лозим. Имом Шофеий: “Агар кимдир судга келмаса, қози уни мажбуран олиб келади”, деган. Яъни бундан мақсад суд жараёни узоқ чўзилмасдан, ҳақ эгаси тезроқ адолат топиши учун. Масалан, сиз кимгадир қарз бергансиз, лекин у одам бермасдан турли баҳоналар қилиб, чўзиб юрибди. Бундай ҳолатларда давлат уни мажбуран олиб келиши мумкин. Баъзи аҳли илмлар эса: “Келмаган одамни мажбурлаш шарт эмас. Уни ихтиёри ўзида бўлиши керак”, деган.  Лайс ибн Саъднинг фикрича “Агар масофа яқин бўлса, у одам келиши керак. Агар узоқ бўлса шароитига қаралади”, деган. Яъни бу жараёнда кела олмаган одамнинг яқин ёки узоқ масофадан келиши эътиборга олинган. Имом Абу Ҳанифа: “Агарда суд жараёнига келиш қийин бўлса, унинг келиши маълум харажат талаб қилса, ёки унинг соғлигига зарар келтирадиган бўлса, унда қози ишончли йўлни тутади. Яъни ундан ўша судга кела олмаслиги тўғрисида ёзма ҳужжат олади” [5: 775], деган.  

Даъвони тинглаш одоби:

Яъни, бу қисмда қози ишни қандай тартибда бошлаши кераклиги баён этилган. Биринчидан, қози ишни тартиб билан кўриши лозим. Яъни, ким олдин келган бўлса, тартибга амал қилган ҳолда ишни ўшандан бошлайди. Иккинчидан, қози одамларни шундай қабул қиладики, улар ўзини хавфсиз ҳис қилсин. Яъни одамлар қўрқмаслиги ва гапини эркин ифода этиши лозим. Учинчидан, қози халқнинг одатига қараб иш кўради. Адолат фақат қонун эмас, балки тушуниш ҳамдир. Масалан, кўпинча одамлар қишлоқда пиёда юради. Ундай ҳолатларда қози уларни узоқ ҳудудга чақирмасдан, балки ишни яқинроқ жойда кўриши лозим.

Демак, бу саҳифадан олинадиган фойдалар, қози адолатли бўлиши, ҳар вазиятни алоҳида ўрганиши, тартибга амал қилиши, судда инсонийлик тамойилларига ҳам амал қилиши кераклиги тушунилади.  

Рақиб тарафни судни тарк этиш одоби:

Имом Али Суғдий ҳам ўзининг “Нутаф фил фатаво” асарида суд жараёнида рақиб тарафни судни тарк этиши одоби ҳақида ҳам уламоларнинг фикрини келтириб ўтган. Имом Шофеий: “Уларнинг баъзиси даъвогар очиқ далил келтирмаган тақдирда судни тарк этишини айтиши мумкин”, деган фикрни айтган. Лайс ибн Саъд эса: “Уларнинг баъзиси судни тарк этмайди, фақат ҳозир бўлган шахс аниқ далил келтирмаса, судни тарк этишини айтиши мумкин”, деган.

Хўш, бугунги кунда қозилик одобининг ижтимоий аҳамияти қандай?

Қозилик одоби жамиятда:

  • ишонч муҳитини шакллантиради;
  • ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди;
  • низоларни тинч йўл билан ҳал қилади.

Мовароуннаҳр уламолари бу институтни жамият таянчи сифатида кўрган.

 Замонавий ҳуқуқ тизими билан қиёсий таҳлил

Қадимий қарашлар қуйидаги замонавий принциплар билан уйғун:

Қадимий тушунча

Замонавий эквивалент

Адолат

Қонун устуворлиги

Холислик

Судья мустақиллиги

Тақво

Профессионал этика

Илм

Юридик малака

Бу эса Мовароуннаҳр меросининг ҳозирги кунда ҳам долзарблигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Мовароуннаҳр уламолари қозилик одобини комплекс тарзда – ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатларни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиққанлар. Уларнинг асарлари бугунги кунда ҳам суд-ҳуқуқ тизими учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Қозининг адолатли, билимли ва мустақил бўлиши ҳақидаги қарашлар ҳозирги замон ҳуқуқий давлат тамойиллари билан ҳамоҳангдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ибн Абдулҳакам. Адаб ал-қози. – Қоҳира, 1982.
  2. Косоний, Абу Бакр. Бадоеъ ас-саноеъ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1986.
  3. Марғиноний, Бурҳониддин. Ҳидоя. – Қоҳира: Дор ал-фикр, 2000.
  4. Сарахсий, Шамс ал-аимма. Ал-Мабсут. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1993.
  5. Абул Ҳасан Али Ибн Ҳусайн Муҳаммад Суғдий. Ан-нутаф фил-фатаво. Таҳқиқчи // Салоҳиддин Ноҳий. – Байрут.

 

Машраб Хидиров,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими,
мустақил тадқиқотчи
«МОВАРОУННАҲР ВА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТЎПЛАМИДАН ОЛИНДИ.

Check Also

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ИЛК ЛОТИНЧА ТАРЖИМАЛАРИ ВА УЛАРДА ЎРТА АСР МАФКУРАВИЙ КУРАШЛАРИНИНГ ИНЪИКОСИ (“Corpus Islamolatinum” қўлёзмалари асосида)

Кириш. Европанинг XI аср иккинчи ярми – XIII асрда фаолият юритган арабшунослик таржима марказларида аниқ …