Home / МАҚОЛАЛАР / ҲУСАЙН ВОИЗ КОШИФИЙ АСАРЛАРИДА ШАХС ЭРКИНЛИГИ ВА МАСЪУЛИЯТИНИНГ ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ

ҲУСАЙН ВОИЗ КОШИФИЙ АСАРЛАРИДА ШАХС ЭРКИНЛИГИ ВА МАСЪУЛИЯТИНИНГ ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ АСОСЛАРИ

Кириш. Жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида амалга оширилаётган етакчи илмий-фалсафий тадқиқотлар объекти айнан Марказий Осиё минтақасида мужассам бўлиб, энг қадимий, ранг-баранг оғзаки ҳамда ёзма маданиятнинг илмий жиҳатларига оид тадқиқотларни амалга оширмоқда. XXI аср маданий мулоқот тенденцияси Ғарб ва Шарқдаги бир-бирини тўлдирувчи умуминсоний қадриятлар бўлиши қаторида, маълум миллат ва элатнинг буюк илмий меросини эътироф этади. Жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларимиз Ҳусайн Воиз Кошифий ва Жалолиддин Давонийлар илмий, диний-фалсафий қарашларини ўрганиш,   ислом таълимотининг нафис ва чуқур фалсафий моҳиятидан оқилона фойдаланиш зарурияти мавжудлиги тадқиқот марказига айланмоқда.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Ҳусайн Воиз Кошифий диний-фалсафий қарашлари ўрта асрларда Шарқ минтақаларида футувватга бағишланган кўплаб рисолалар пайдо бўлган даврда пайдо бўлган. Ушбу асарлар орасида Кошифийнинг “Футувватномаи Султоний ёхуд жавонмардлик тариқати”, “Мухтасар ал-жавоҳир”, “Жомеъ ас-ситтийн ё тафсири сураи Юсуф” рисолалари диний-ахлоқий мавзуларда алоҳида аҳамият касб этади.  Асар шу жиҳати билан эътиборлики, унда футувватни ижтимоий мувозанат сифатида эмас, балки тасаввуфнинг бир бўлаги сифатида эътироф этади. Гарчи, футувват ва тариқат оқимлари XIII асрга келиб бир–бири билан қўшилиб кетган бўлсада, аслида жараён X–XI асрларда бошланган эди.

Шу даврларда яшаган Хуросон, Эрон ва Мовароуннаҳр шайхлари ўз муридларини мардлик ва фидойилик, саховат ва қаноат руҳида тарбиялаш, жавонмардликни тариқат шиорига айлантиришга интилган. Тасаввуф ва футувват бир-бирини тўлдирган ва бир-бирига мадад берган. Футувват ва тасаввуф таълимотлари орасидаги ўхшашликлар, хусусан, Ислом дини қонун-қоидаларига бўйсуниши, футувват аҳли ёки муриднинг пиру устозга эга бўлиши, инсонинг покланиши, хулқ-одоб қоидалари, саховат, олийҳимматлилик, фидойилик, меҳр-шафқат, мардлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик каби ғояларнинг уйғунлиги билан асосланган.

Ҳозирги кунда, ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Кошифийнинг 18 та номдаги асари, уларнинг 212 та қўлёзма ва 75 та тошбосма нусхалари  сақланади. Қўлёзмалар фондида Кошифийнинг «Рисола дар илми адод» («Ҳисоб илми ҳақидаги рисола»), «Ойнайи Искандарий» («Искандар ойнаси»), «Равзати Шуҳадо» («Шаҳидлар боғи») ахлоққа ва комил инсонни тарбиялашга оид «Ахлоқи Муҳсиний», «Анвари Суҳайли», «Рисолати Хотамия», «Футувватномаи Султоний» каби асарлари сақланади.

Кошифийнинг «Ахлоқи Муҳсиний» китоби форс тилида ёзилган, одоб-ахлоққа доир асардир.  Султон Ҳусайн Бойқаро ва ўғли Муҳсинга бағишланган. Кошифийнинг ижтимоий-ахлоқий қарашлари бўйича йирик тадқиқотчилардан бири Х.Алиқулов таъкидлаганидек: «Кошифийнинг турли манбаларда қайд этилган асарларининг айримлари Москва, Ленинград, Тошкент кутубхоналарида, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ҳамда бир қанча чет эл кутубхона ва музейларида сақланмоқда» [1:55].

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Рисолайи Хотамия» асари 1883 йилда Парижда Шарл Шефер томонидан нашр қилинган, асар кейинчалик Эронда ҳам чоп этилган. Рисола кириш қисми, икки боб ва хулосадан иборат бўлиб, унда шеърий тушунча, назмнинг турли жанрлари ҳақида сўз боради.

Тадқиқот методологияси. Кошифийнинг қатор илмий, адабий, диний, фалсафий асарлари қаторида Шарқ халқлари орасида машҳур бўлган китоби «Анвари Суҳайли»дир. Ушбу китоб Эрон ва Ҳиндистон ва қатор мамлакатларда чоп этилган.

«Китобнинг кириш қисмида айтилишича, Кошифий А.Насруллонинг «Калила ва Димна» асарини қайта ишлаб, унга кўпгина ҳикоялар, мақол ва маталлар, ўз замонаси шоирларининг шеърларидан киритган» [1:56]. Асарда инсонийлик юксак фазилат сифатида таърифланади ҳамда сахийлик, меҳр–мурувват, халқ ғами билан яшаш, камтарлик каби фазилатлар улуғланади. Алломанинг ушбу асари Эрон олийгоҳларида ахлоқ илми бўйича талабаларга дарслик сифатида қўлланилган.

Айниқса, Теҳронда таҳсил олаётган талабалар китобдан асосий қўлланма сифатида фойдаланган. Ҳиндистонда эса Кошифийнинг «Анвари Суҳайли» китоби давлат муассасаларига ишга кирувчиларга дарслик сифатида тавсия этилган.

Профессор Х.Алиқулов Кошифийнинг асарлари бўйича жуда кўп тожик олимлари изланиш қилганини қайд этади. Хусусан, ўзи «Анвари Суҳайли» асарининг 8-бобидаги   воқеалар мазмунини очиб беришга ҳаракат қилади. Муаллиф, Кошифийнинг «Анвари Суҳайли» китобидаги  фикрларни нафақат ўзи яшаган давр учун,  балки бугунги кунимиз учун ҳам нақадар катта аҳамиятга эга экани ҳақида фикр билдиради.

Қуйида Кошифий асарларидан баъзилари ҳақида, уларни фан соҳаларига ажратган ҳолда, қисқача маълумот беришни лозим топдик:

1.Қуръон илмига доир:

Кошифийнинг бу соҳадаги асарларини икки турга бўлиш мумкин:

  1. Тафсирлар:
  2. «Жавоҳир ат-тафсир ли туҳфат ал-Амир»; 2. «Мухтасар ал-жавоҳир»; 3. «Жоме ас-ситтийн ё тафсири сураи Юсуф»; 4. «Мавоҳиби Алийя»; 5. «Тафсири ояти фароиз».

 б) Қуръон ўқиш қоидаларига доир рисола (тажвид).

  1. «Нақоват фи одоб ат-тиловат» — Кошифийнинг ушбу асари тиловат қоидаларига бағишланган, таркибий жиҳатдан муқаддима ва учта мақоладан иборат, ягона қўлёзмаси Қоҳирада сақланади.

2.Ҳадис илмига доир:

  1. «Рисолат ал-олийя фил аҳодис ан-набавийя» — Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) нинг диний маросимларга тегишли ҳадислардан 40 тасини  ўз ичига олган    рисола (форс тилидаги).

3.Тасаввуфга доир:

  1. «Футувватномаи султоний» – жавонмардлик (саховатпешалик)ка оид рисола (форс тилидаги).

Таҳлил ва натижалар. Жамиятни эркинлаштириш жараёнининг жамият ва ҳар бир инсон ҳаётига таъсири нуқтаи назаридан таҳлил қилар эканмиз, таъкидлаш лозимки, ушбу жараён зиддиятли тарзда намоён бўлади. Гап шундаки, эркинлик инсон ҳаётига турлича таъсир кўрсатади. Эркинлик ҳам жамият, ҳам инсон ҳаётида тартиботдан тартибсизликни келтириб чиқариши мумкин. Эркинликни жамият аъзолари томонидан турлича қабул қилинишини таҳлил қилар экан, Карл Поппер «Эркинликнинг миқёсини ошиши, кучли инсонни кучсиз инсон устидан зўравонлик ўрнатишига олиб келади», [2: 84] деб таъкидлайди.

Хўш, эркинлик аслида нима? Инсоннинг ўз истаги бўйича иш тутиши эркинликдир. Бу тушунча ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, этика, эстетика каби ижтимоий билим соҳаларида кенг ишлатилади. Виждон эркинлиги, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва ҳоказо. Эркинлик – бошбошдоқликни эмас, жамиятдаги муайян тартибни ифодалайди. У инсоннинг жамият олдидаги вазифани бажаришни ихтиёрий танлашидир. Эркинлик инсоннинг сиёсий, маънавий таъқибдан, зўравонликдан ҳимояланганини билдиради.

Академик М.Хайруллаев таъбири билан айтганда: “Ақл мавзуси ўрта аср фалсафаси учун хос бўлган специфик масала – ҳақиқатнинг икки томони ёки икки хил ҳақиқат масаласи билан узвий боғлиқдир. Бу мавзуга шу қадар эътибор берилиши дунёвий маданият тараққиётининг ана шу масалани ҳал этишга эҳтиёжи кучли, шу билан бирга, ўша даврдаги табиий-илмий билимлар ривожи ақл темасидек мураккаб фалсафий масалани ҳал этиш билан боғлиқ эканини кўрсатади» [7:22].

Эркинликдан ўз ўрнида, ижобий фойдаланиш ҳаммада ҳам бир хил амалга ошмаслиги мумкин. Инсон эркинлиги объектив шарт-шароит ва вазиятга боғлиқдир.

У мавҳум эмас, у доимо конкретдир. Шахс муайян шароит ва вазиятда тайин имкониятга таяниб, аниқ мақсадга эришади. Аммо шароит, вазият ва имкониятларга ҳамма ҳам бир хил эга бўлмаслиги мумкин. Мақсадга эришишда кимгадир шарт-шароит, кимгадир мақсадга эришиш воситаси, кимгадир имконият етишмай қолади. Муайян вазиятда ва шарт-шароитда кимдир мақсадга эришиш учун еркинликка эга бўлиши, кимдир ундан маҳрум бўлиши мумкин.

Шахс эркинлигини оширувчи омилларга у эгаллаган билим ва тажриба киради.

Ислом таълимотида инсонга эркин бўлиши учун ақл-идрок берилган деб айтилади. Ҳусайн Воиз Кошифий исломдаги ирода эркинлигини шарҳлаб, инсонга берилган ақл-идрок унга ўз хатти-ҳаракатида яхшилик ва ёмонликни, ҳалол ва ҳаромни, савоб ва гуноҳни, тўғри ёки эгри йўлни танлаш эркинлигини берди, бизнинг келажагимиз шу йўллардан қай бирини танлай олишимизга боғлиқ, деб уқтирган. Инсон эркин онгли фаолияти билан ҳайвондан фарқ қилади. Ҳайвонлар шарт-шароит ва вазиятга қарамдир. Инсон эса онгли равишда мақсадга эришиш йўлини излайди. Жамият ва ундаги  меъёрлар, инсоннинг ички дунёси ва маънавий борлиғига қандай таъсир ўтказиши ҳам кўп жиҳатдан инсоннинг ўзига боғлиқ. Масалан, қулдорлик тузумида яшаб ҳам инсон руҳан, маънан озод бўлиши ёки эркин демократик жамиятда яшаб ҳам эркинликни ҳис қилолмаслиги, ундан тўғри фойдалана олмаслиги мумкин. Бугунги кунда дунёнинг ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий ва сиёсий манзарасига эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу соҳаларнинг барчасида беқарорлик, хаос кучайиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Фикримизча, юқорида санаб ўтилган соҳаларда кузатилаётган тартибсизлик ва беқарорликлар барчасининг асосида инсон эркинлиги, инсоннинг эркин танлови турибди.

«Ўрта аср Шарқ мутафаккирларининг фалсафий таълимотида ижтимоий-ахлоқий парадигма (Ҳусайн Воиз Кошифий, Жалолиддин Давоний асарлари мисолида)»  мавзусида жами 572 нафар респондент иштирокида социологик сўровнома ўтказилди (социологик тадқиқот дастури ва сўровнома саволлари ЎзМУ “Социология” кафедрасининг 2023 йил 19 апрелдаги 18-сонли йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган). Ўтказилган социологик тадқиқот натижалари махсус дастурлар орқали таҳлил этилди. Тадқиқот натижаларини таҳлил этган ҳолда, қуйидаги диаграмма ва гистограмма ҳолатларининг натижаларини  кўришимиз мумкин:

               

1-расм. “Ҳусайн Воиз Кошифийнинг қайси асари кейинги даврларда ёзилган тафсирларга таъсири устувор деб ўйлайсиз?” Мазмунидаги савол билан сўровномамиз иштирокчиларига юзландик. Сўровнома иштирокчиларининг 34,8 фоизи  «Жавоҳир ат-тафсир» деган вариантни танлашган. 29,4 фоиз иштирокчи «Муҳокаматул луғатайн», респондентларнинг 24,5 фоизи «Ахлоқи Муҳсиний», 11,4 фоизи эса «Мавоҳиби Алийя»  деган жавобларни белгилашган.  

2-расм. Респондентларга социологик сўровнома ўтказиш мобайнида қуйидаги «Сизнингча, ахлоқнинг пайдо бўлишида нима муҳим роль ўйнайди?» деган  савол билан юзландик. Респондентларнинг энг кўпи 37,8% «Субъектив ирода», 25,5% «Субъектнинг эҳтиёжлари»,  20,8% эса «Иштиёқ», 15,9% эса субъектнинг хоҳиш-истаклари деган жавоб вариантларини белгилашганини кўришимиз мумкин.  

«Инсониятнинг нимага қодирлиги, унинг келажак тақдирини олдиндан аниқлаб, башорат қилиб бўлмайди, чунки охир-оқибат барчаси унинг эркин танловига боғлиқ бўлиб қолади» [3:14]. Инсон ҳар доим танлаш эркинлигига эгалигидан унинг маънавий, ахлоқий камолоти юзага чиқади. «Жамиятни эркинлаштириш жараёни –бу биринчи навбатда инсон ва жамият ўртасидаги муносабатларни такомиллаштиришга интилишдир» [4:11], деб таъкидлаган эди, сиёсатшунос олим И. Рамазанов. Чунки эркинлаштириш жараёнида жамиятда инсон ва давлат ўртасидаги муносабатлар мувофиқлаштириб борилади. Эркин жамият инсониятнинг орзусидаги жамиятдир.

Кошифий дўст ва устоз билган Давоний ҳақида М.Абидованинг номзодлик диссертациясида қайд этилган» [6:22]. XV асрнинг йирик алломаси Давонийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотлар унинг замондоши, аллома ҳақидаги кўплаб маълумотлар муаллифи, машҳур тарихчи Хондамирнинг «Ҳабиб ас-сияр» [7:22] китобида берилган. Давонийнинг юксакликка эришишида Самарқанд, Ҳирот илмий муҳитининг ҳам таъсири катта бўлган.  Хусусан, Абу Тохир Хўжанинг «Ахлоқи Музаффарий» номли, Шамсиддин Сомийнинг «Қомус ул-аллом» [9:1604] номли тазкирасида Давонийнинг машҳур аллома эканлигига ишора қилувчи фикрлар ва унинг рисолалари таҳлил этилган. «Муҳаммад Али Табризий «Райҳонат ул-адаб» тазкирасида  Давоний ҳақида батафсил маълумот бериб, унинг йирик олим, файласуф, мантиқшунос, таниқли шоир, илм-фанда чуқур билимга эга бўлган шахс эканини қайд этади» [1:56].

Жамиятни эркинлаштириш жараёни натижасида инсон ва жамият ўртасида узилмас муносабат пайдо бўлади. Чунки эркинлик инсон маънавий борлиғининг моҳиятли, ажралмас қисмидир. Эркинлик инсоннинг тафаккурига, руҳиятига, иродасига, ахлоқига, бутун бир маънавий оламига хосдир. Эркин бўлган инсон эркин бўлмаган жамиятда яшар экан, унинг жамият билан бўладиган муносабатларида зиддиятлар келиб чиқади. Жамият инсон моҳиятини инкор этса, инсон ҳам ундай жамиятни инкор этади. Чунки у жамиятда инсон бахт-саодатга эриша олмайди. Шу сабабдан ҳам давлатимиз интилаётган фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёни бевосита жамиятни эркинлаштириш жараёни билан биргаликда олиб борилмоқда. 

Эҳтиёжларни қондириш, яратувчилик билан шуғулланиш учун инсонга билим, амалий тажриба керак. Шу сабабдан унда дунё сирларини очишга қизиқиш, интилиш бор. У жамиятда ўз ўрнини фақат тарбияланувчи, пассив шахс сифатида тополмайди.

У доимо изланишда, яъни амалий-ақлий ва зарур ҳолларда илмий изланишда бўлиши, амалий фаолият билан шуғулланиши керак. Табиат неъматларидан қандай бўлса шундайлигича эмас, уларни ўзига керакли тарзда қайта ишлаб, янгидан яратиб фойдаланади. Инсон шу хислати билан ҳайвондан фарқланади. Инсоннинг яратувчанлик хислати маълум бир билимга таянади. У бутун умри давомида билимни ҳаёт амалиётидан ва таълимдан олади. Билими ва тажрибаси ўсгани сайин инсоннинг мулоқот ва фаолият доираси кенгайиб боради. Бу эса ўз навбатида инсоннинг эркинлик даражасини юксалтиради, фаолият доирасини кенгайтиради, яратувчилик салоҳиятини кучайтиради. Билим ва тажриба биринчи навбатда инсоннинг табиатга ва қисман маиший, касбий жиҳатдан муҳитга бевосита қарамлигини камайтиради, жамоадаги мавқейини кўтаради. Бундан ташқари, жамият ривожланиши жараёнида у инсонга янги имкониятлар яратади, жумладан, унинг эркинлик даражасини ошириб боради. Билим ва тажрибаси юқори киши жамият берган имкониятлардан тўлароқ фойдалана олади, билими, савияси паст киши ҳатто ўз ҳақ-ҳуқуқидан ҳам фойдалана олмайди.

Ушбу ҳолатни алоҳида шахсга нисбатан эмас, бутун жамиятга нисбатан қўлласак, муаммо ижтимоий онг ва демократик эркинликлар, инсон ҳуқуқлари ривожланишининг маънавият юксалишига таъсири сифатида намоён бўлади. Ижтимоий онг ривожланиши, бир томондан, жамиятнинг моддий-иқтисодий, иккинчи томондан, таълим-тарбия тизими ривожланиши билан боғлиқ. Таълим ва тарбия бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. «Шу ўринда Абдулла Авлонийнинг тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур, деган сўзларини яна бир бор эслаш лозим» [5:233].

Инсоннинг қалби ва онгига жо бўлган миллий маънавий-ахлоқий меъёрлар, қарашлар уни бутун умри давомида ҳалол, пок, билимли, халқ хизматида бўлишга, Ватан равнақи ҳамда тараққиётига ҳисса қўшишга, ўзининг онгли ва эркин мушоҳада қилувчи шахс сифатида камол топишига муттасил ундаши лозим.

Шунинг учун ҳам «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак» [9] — деган улкан мақсадларни белгилаб олдик. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

Ватанимиз келажаги бўлган ёшларга ҳозирги замон талаблари даражасида билим ва тарбия бериш, уларни юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, ҳар қандай салбий таъсирларга нисбатан бардошли қилиб вояга етказиш – бугунги кун таълим муассасаларининг асосий вазифасидир, чунки фақат ана шундай инсонларгина келажакда юксак маънавиятли, эркин жамият пойдеворини ярата олади. Миллий маънавиятимиз анъаналарида шахс маънавиятининг асосий жиҳатлари – ахлоқ, иймон-эътиқод, жамоавийлик, илм, масъулият, меҳр-оқибат ўзаро уйғунлиги масаласи устувор йўналиш эканлиги маълум. Муайян тарихий сабабларга кўра Ғарб таълим-тарбия тизимида айни шу ўзаро мутаносибликка етарли эътибор қаратилмади. Натижада, бугунги кунга келиб, ушбу минтақада маънавий-ахлоқий соҳада жуда оғир муаммолар келиб чиқмоқда: индивидуализм одамларни бир-биридан ва жамиятдан бегоналашиб бораётгани, шахс ҳаётида виртуаллашишнинг кучайиши, бойлик орттириш ҳирси, истеъмолчилик психологияси ўсиб бораётганлиги турли жинслар ўртасидаги муносабатларда анъанавий қадриятлар, меъёрлар деформацияга олиб келмоқда.  Такрор айтишга тўғри келади – ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслик, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслик зарур. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради.  “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади” шиори остида тадбиркорлик субъектлари учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилди. Инсонлар ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини жорий этиш, уларнинг маиший турмушини яхшилаш учун бир қанча амалий ишлар қилинди.

Хулоса ва таклифлар. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, инсон эркинлиги ва ҳуқуқларининг ўсиши унинг тафаккури, ташаббускорлиги, яратувчанлиги юксалишига ҳамда дунёқарашининг кенгайишига, кенг имкониятларнинг яратилиши жамиятимиздаги маънавий муҳитнинг яхшиланишига, ижодкорлик, яратувчанлик қобилиятининг ўсишига замин бўлмоқда. Демак, буларнинг таъсирида жамият маънавий ҳаёти  гўзаллашиб, бойиб бораверади. Бу эса маънавиятнинг тизим сифатида янада барқарорлашишини ҳамда ривожланишини таъминлайди.

Ҳусайн Воиз Кошифий маънавий меросида диний тасаввурларнинг миллий қадриятларига цинкретлашув хусусиятларини фалсафий жиҳатдан тадқиқ этиш мақсадида,  Шарқ фалсафий тафаккур тараққиётида воқелик ва инсон концепциясининг генезиси ҳамда шаклланиш жараёнининг умумий ва алоҳида жиҳатлари эрамиздан аввалги шаклланган илк диний-фалсафий таълимотлар мифологик тафаккурдан бошлаб, тизимлашган зардуштийлик, буддавийлик, насронийлик, монийлик, яҳудийлик ва ислом каби эътиқодлар мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд тарихий шароитларда кўпгина халқлар, миллатлар ва элатларнинг ижтимоий-фалсафий маънавий-маърифий, диний-эътиқодий дунёқарашларини белгилаб берган.

Марказий Осиёнинг ислом маънавияти билан бойиган, янги маданият шакллана бошлаган даври IX-XII асрларга тўғри келади. Бу давр ахлоқий парадигмаси шариат, тасаввуф, диний таълимотлар, хусусан, ғояларида етакчи мавзуга айланиши, ички маънавий-руҳий кўтарилиш, юксалиш ёрдамида эришув ва унинг сифатларига муяссар бўлишига қаратилган фаолият эволюцияси сифатида ўз такомилини ислом диний-фалсафий ғояларида намоён этди. Ҳусайн Воиз Кошифий XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр диний-ахлоқий қарашлари билан нафақат бир тармоққа хизмат қилган, балки алломанинг асарлари ўша давр учун кўп фанларга ўқув қўлланма вазифасини бажарган. Кошифийнинг илмий мероси тармоқ ва фанлар кесимида ўрганилмаган бўлсада, қатор соҳаларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
  1. Алиқулов Х. Фалсафий мерос ва маънавий-ахлоқий фикр ривожи. Фалсафа ва ҳуқуқ институти. – Тошкент. 2009 й. Б. 55–56.
  2. Карл Поппер. Открытое общество и его враги. – М., Культурная Инициатива, 1992. С.84
  3. Киселов Г. Свобода и эволюция // Вопросы философии, 2005, – №10. – С. 14.
  4. Рамазонов И., Мўминов Э. “Политология” – Тошкент: Адолат, 1997. Б. 11.
  5. Тўраев Б., Эргашева М. ва бошқалар. Синергетика. – Тошкент: Наврўз,
  6. – Б. 233.
  7. Усманова О. Ахлаки Мухсини Ваиза Кашифи. Введение в изучение памятника ХВ в., перевод, историко-филологический комментарий: Автореф. дис… канд. филол. наук. – Т., 1984. – 22 с.
  8. Хамруш А.А. Учение о государстве и праве в средневековой араб-мусульманской культуре и философской традиции. Автореферат диссертации на соискание степени кандидата философских наук. МГУ-1981 г. 22 с.
  9. Шамсуддин Сомий. Қомус алаълом. – Истанбул: Меҳрон матбааси, 1891. – Б. 1604.
Сарвар НИШОНОВ,
 Тошкент Кимё халқаро университети доцент в.б.,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ БЎЛГАН БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ТАРИХ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ УЙҒУНЛИГИ

Инсоният тарихига назар солганда, тинчлик ва тараққиётга эришиш йўлидаги энг муҳим омиллардан бири бағрикенглик экани …