Ислом оламида мовароуннаҳрлик муҳаддис олимларнинг ўрни беқиёсдир. Уларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги қимматли маълумотлар ўрта аср араб тилидаги манбаларда келтирилган. Улар Хатиб Бағдодий [8], Нажмиддин Умар Насафий [15], Абу Саъд Самъоний [9], Шамсиддин Заҳабий [18], Ҳожи Халифа [16] асарларини зикр этиш лозим.
Абу Ҳасан Сaғонийнинг илмий мероси кўпгина тадқиқотчилар томонидан тадқиқ қилинган. Ҳайдарободдаги Синд университети тадқиқотчиси Мадад Қадрий (“Имом Сағоний Лоҳурий ҳаёти ва илмий мероси”) [3:67-80], Покистон Араб қўлёзмалар тадқиқот институти тадқиқотчиси Аҳмад Хон (“Самаъат ал-муаллифат ас-Сағоний ал-луғавия”) [1:488-518], Ар-Риёддаги Имом Абдураҳмон ибн Файсал университетининг “Тил ва адабиёт” факультети тадқиқотчиси, олима Бандарий бинт Холид ибн Бароқ Садирий (“Тавзиҳу ал-мисли инда ал-Сағоний фи муқаддиматул аъбабул зоҳир вал бабул фахир”) [19:18] ва бошқалар шулар жумласидандир. Ушбу олимлар ўз тадқиқотларида алломанинг тил, луғатшунослик, фиқҳ ва ҳадис илмида тутган ўрни ва асарларининг аҳамият ҳақида маълумот берган. Юқорида номлари келтирилган тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқотлари диққатга сазовордир. Бугунги кунда ҳам турли давлатларда фаолият олиб бораётган олимлар томонидан Абу Ҳасан Сaғоний илмий мероси тадқиқ қилинмоқда.
Бу буюк муҳаддисларнинг тасниф қилган саҳиҳ ҳадислари ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейинги муҳим манба ҳисобланади. Бинобарин, ўз мазмун-моҳияти жиҳатидан бу бебаҳо манбалар умуминсоний маданиятнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу муҳим асарларда келтирилган ҳадислар инсоният ва жамият учун улкан аҳамиятга эгадир.
Тилшунос, муҳаддис ва фақиҳ Абу Ҳасан Сaғоний “Шайхул Имом”, “Имомул луға” номларига сазовор бўлган. 1181 йил 25 июнда Лоҳурда туғилган. Асли Қурайш қабиласи Ади ибн Каъаб қавмига мансублиги ва халифа Умар розияллоҳу анҳу наслидан эканлиги учун алломани Адавий ва Умарий номлари билан аташган [18]. Унинг тўлиқ исми Абу Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳайдар ибн Али ибн Исмоил Адавий Умарий Сaғоний. Алломанинг оиласи Сағониён (Чағониён – Вахш ва Амударёнинг қирғоғида жойлашган Марвнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, араблар уни “Сағониён” деб атаган. Чағониён атрофи тоғ билан ўралган, табиати чиройли, халқаро савдо-сотиқ ривожланган марказлардан бўлган.) [14]дан Лоҳурга, кейинчалик Ғазнага кўчиб келган. Абу Ҳасан Сaғоний дастлабки таълимни отасидан олган. Фиқҳ илмини Ғазнадаги уламолардан ўзлаштирган. Ўн йил Макка, Мадина, Яман, Бағдод каби илм марказларида сафарда бўлиб, олимлардан сабоқ олган [13]. Абу Ҳасан Сaғоний ёшлигидан араб тили ва адабиётга ихлоси юқори бўлгани учун грамматика ва луғат илмини чуқурроқ ўзлаштириш мақсадида 1208-1209 йиллар Деҳли, Лоҳур, Жоил ва Ҳижоз шаҳарларига борган. У Ҳижозда беш йил яшаган. Маккада Бурҳониддин Абуфутуҳ Наср Ҳусрий, Яманда Наззам Муҳаммад ибн Ҳасан Марғиноний, Қози Саъдиддин Ҳалаф ибн Муҳаммад Кардарий, Абу Муҳаммад ибн Жавзийдан ҳадис, фиқҳ, грамматика ва аруз илмини ўрганган [18: 23, 441].
Абу Ҳасан Сaғоний Ҳижоздан Аданага келиб Қози Абу Исҳоқ Иброҳим Қурайзий, Ибн Баттол ва унинг ўғли Сулаймон каби устозлардан дарс олган. 1216 йил Бағдодга келган ва замондоши Ёқут Ҳамавий билан кўришган. Абу Ҳасан Сaғоний Бағдодда асосан ҳадис илми билан шуғулланган ва қисқа фурсат (икки йил) ичида машҳурликка эришган. Халифа Носириддиниллаҳ 1220 йил уни Деҳли подшоҳи Элтутмиш саройига элчи сифатида юборган [12: 344, 490].
1227 йили Ҳиндистондан қайтиш вақтида Макка шаҳрига бориб, ҳаж амалини адо этиб, Бағдодга келган. Аллома Бағдодда кўп вақт қолмайди ва Аббосийлар янги халифаси Мустаншир Биллаҳнинг илтимосига биноан Элтутмиш саройига иккинчи марта элчи сифатида юборилади. Элтутмиш Абулҳасан Сағонийни илиқ кутиб олади. Деҳли шоҳи Элтутмиш вафотидан кейин қизи малика Розия Султон тахтга ўтиради. Халифа ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида алломани 1236 йили такроран Деҳлига элчи қилиб юборади.
Абу Ҳасан Сағоний Деҳлидан Маккага ва 1240 йили Бағдодга қайтиб келган. У умрининг охирига қадар шу ерда яшаган ва 1252 йил 73 ёшида Бағдодда вафот этган. Алломанинг васиятига биноан ўғли, шогирдлари уни Маккага сўфий Фузайл ибн Иёзнинг ёнига дафн этишган [18: 23, 284].
Абу Ҳасан Сағонийнинг Қози Сулаймон ибн Ҳамза, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Кўфий ибн Собаҳ, Ҳофиз Шарифиддин Димятий, Иъзиддин Абулфазл ибн Вазир ибн Алқамий каби шогирдлари ундан дарс олган ва ҳадис ривоят қилган. Алломанинг шогирди Ҳофиз Димятий: “Устозим солиҳ, ростгўй, ҳадис, фиқҳ ва тилшунослик илмида имом эди. Абу Ҳасан Сaғонийдан кўп йиллар сабоқ олдим ва ундан ҳадис тингладим. Аллома вафот этганида уни “Ал-Ҳаромут Тоҳирий” қабристонига дафн қилдик”, деган [10].
Алломанинг луғат, араб тили, ҳадис илмига оид асарлари мавжуд ва улар бугунги кунда дунё кутубхона фондларида сақланмоқда. Унинг ўн икки жилддан иборат “Мажмаъул баҳрайн” луғат китоби, “Ат-Такмила ва аз-зайл ва ас-сила ли китаби тажи луғат ва сиҳаҳул арабия” асари луғатшуносликка оид бўлиб, унга Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тожул луға” асарига қўшимча олтмиш мингта сўз киритилган. Асар 1970-1979 йиллар Қоҳирада Муҳаммад Абулфазл Иброҳим ва Абдуҳалим Таҳовийлар томонидан тадқиқ қилиниб, нашр этилган. Сағонийнинг “Ал-Убабуз зоҳир ва ал-лубабул фаҳир” асари йигирма жилддан иборат бўлиб, уни Аббосийлар вазири Ибн Алқамийнинг топшириғига биноан бошлаб, фақат мим ҳарфигача ёзишга улгурган. Бу асарни ёзишда Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарийнинг “Тажул луға” асаридаги луғат услубидан фойдаланиб, сўзларнинг тартибини кетма-кетликда жойлаштирган [11: 155-156]. Асарни Муҳаммад Ҳасан Алу Ясин 1977 йили Бағдодда, Пир Муҳаммад Ҳасан 1994 йили Исломободда нашр қилган.
Абу Ҳасан Сағонийнинг ҳадис илмига оид “Машариқул анвор”, “Таъзизу байтил Ҳаририй”, “Китабул масобиҳуд дажи”, “Шамсул муниро”, “Шарҳул Бухорий”, “Дуррус саҳоба фи маърифати ва фаятис саҳобати”, “Китабуз зуъафа”, “Китубул фароиз”, “Шарҳу абятул муфассал”, “Такмилатул азизи”, “Китабут тасриф”, “Манасикул ҳаж” [11: 155-156] каби асарлари мавжуд. Мазкур асарлар Туркия, Сурия, Франция, Британия, Ҳиндистон, Эрон, Миср кутубхона фондларида сақланади.
Алломанинг “Аш-Шаварид фил луға”, “Тавшиҳ ад-дурайдия”, “Китабул аздод”, “Китабу ан-фиъан” , “Китабул ифтиъал”, “Китабул аруз”, “Китабул мафъул”, “Китабул ғодад”, “Асмаул асад”, “Асмауз зиъб” [13: 53] каби бошқа асарлари бор.
Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”нинг “Бағдодий” (“Сaғоний”) нусхаси Абу Ҳасан Сaғоний томонидан кўчирилган бўлиб, бу тўрт дона қўлёзманинг асл нусхаси Туркиядаги Сулаймония кутубхона фондининг Домод Иброҳим Пошо бўлимида сақланмоқда.
266-рақамдаги нусха тавсифи. Асар насх ёзувида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг 1а варағида “Бу нусха вақфи Домод Иброҳим Пошоники”, “Ҳаза … фима вақфуҳу би ихлоси ан-нияти сиҳҳатил хойру вал ҳасанот ас-содрул аъзам вал муҳри ма яшаул афҳаму Иброҳим Пошо … бил хойри вазирил ҳазратус Султон Шозамий Аҳмадхон холладат хулафо ила инқорозод даврон” сўзлари билан ёзилган иккита муҳр келтирилган.
Асар “Ваҳий китоби” (Кайфа кана бадъул ваҳий) 1-ҳадисдан бошланган.
باب كَيْفَ كَانَ بَدْءُ الْوَحْيِ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَوْلُ اللَّهِ جَلَّ ذِكْرُهُ إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَى نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ [4: 16б]
Охири эса, “Эътикоф китоби” (“Китабул эътикоф”) 2046-ҳадисда тугалланган.
…عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّهَا كَانَتْ تُرَجِّلُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهِيَ حَائِضٌ وَهُوَ مُعْتَكِفٌ فِي الْمَسْجِدِ وَهِيَ فِي حُجْرَتِهَا يُنَاوِلُهَا رَأْسَهُ
[4: 238а]
Асарнинг колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 832/1429 йили рабиус соний/ январь ойининг охирги жума куни Табриз шаҳрида кўчирдим [4:238а]”, дея таъкидлаган. Мазкур асарнинг кейинги боби “Савдо-сотиқ китоби” (“Китабул буйуъ”) дан бошланади”, дея келтирган.
قد وقع الفراغ من كتابة الربع الاول من الصحيح الفاخر للامام العالم امام الدنيا ابى عبد الله محمد بن اسمعيل الجعفي البخاري الانصاري اعل الله درجته من النسخة المنقولة عن النسخة المحررة بخط الامام العلامة رضي الدين الحسن بن محمد الصغاني رحمة الله عليه يوم الجمعة اواخرالربيع الثاني سنة اثنتين وثلثين ثمانمائة على يد صاحبه العبد الفقير حسين بن يوسف الوسطاني فى بلدة الموحدين تبريز عفاالله عنه و عن والديه و احسن اليهما و اليه و وفقه لاتمام ثلثة ارباعه واستفادته واذنه بانبي و عترته و الحمد الله رب العالمين حمدا …فى.نعمة و يكا .. فى مزيده[4: 238а]
267-рақамдаги нусха тавсифи. Асар насх ёзувида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг 1а варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд [5: 1а].
Асар “Савдо-сотиқ китоби” (“Китабул буйуъ”) 2047-ҳадисдан бошланган.
خَيْرٌ مِنْ اللَّهْوِ وَمِنْ التِّجَارَةِ وَاللَّهُ خَيْرُ الرَّازِقِينَ وَقَوْلِهِ لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ حَدَّثَنَا شُعَيْبٌ عَنْ .
[5: 16а]
Охири эса, “Саҳобалар фазилати” (“Китабул фазоил ас-саҳоба”) 3775-ҳадисда тугалланган.
عَادَ إِلَيَّ ذَكَرْتُ لَهُ ذَاكَ فَأَعْرَضَ عَنِّي فَلَمَّا كَانَ فِي الثَّالِثَةِ ذَكَرْتُ لَهُ فَقَالَ يَا أُمَّ سَلَمَةَ لَا تُؤْذِينِي فِي عَائِشَةَ فَإِنَّهُ وَاللَّهِ مَا نَزَلَ عَلَيَّ الْوَحْيُ وَأَنَا فِي لِحَافِ امْرَأَةٍ مِنْكُنَّ غَيْرِهَا[5: 268б]
Асарнинг колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 831/1428 йили муборак Рамазон ойида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг биринчи жилдини ёзишни бошладим. Иккинчи жилди – “Саҳобаларнинг фазилати” китобини эса 32/1429 йил Зулҳижжа ойида, Табриз шаҳрида кўчирдим” [5:268б], дея таъкидлаб келтирган. Мазкур асарнинг кейинги боби “Саҳобалар фазилати китоби” (“Китабул фазоил ас-саҳоба”) дан бошланади”, дея келтирган.
قد الفراغ من كتابة النصف الاول من الصحيح الفاخر للامام العالم امام الدنيا ابى عبد الله محمد بن اسمعيل الجعفي البخاري الانصاري اعل الله درجته من النسخة المنقولة عن النسخة المحررة بخط الامام العلامة رضي الدين الحسن بن محمد الصغاني رحمة الله عليه مع قلة فراغ البال و كثرة الحزن و الملال و المذاكرة مع الاخوان بالقيل و المقال ببلدة الموحدين تبريز حماها الله عن الزلزل العبد الفقير حسين بن يوسف الوسطاني عفاالله عنه و عن والديه و احسن اليهما و اليه يوم الجمعة قبل صلوتها سلح ذي الحجة حجة اثنتين وثلثين ثمانمائة و يتلوه النصف الثانى مفتتحا بمناقب الانصار وفق الله لاتمامه بحرمة الابرار و قد اتفق الاشتغال بكتبه النصف الاول فى خلال سنة عشر شهرا و كان الابتداء بكتبته غرة الشهر المبراك رمضان سنة احدى و ثلثبن و ثمانمائة و الحمد الله رب العالمين و الصلوة و السلم على خير خلقه محمد و اله الطايبين الطاهرين اجمعين. [5: 268б]
Қўлёзманинг 268а варағида Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Бу “Саҳиҳул Бухорий” нусхаси Имом Бухорий ҳаётлик пайтида аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг аҳамиятли жиҳати шундаки, нусхада келтирилган ҳадислар махсус белгилар билан ажратилган. Масалан, Фирабрий кўчирган нусхаси ف (ф) ҳарфи билан кўрсатилган. Унинг нусхасига мувофиқ келмайдиган ҳадисларга ْ (нуқта) белгиси қўйилган. Агар нусха чўзиқ فا(фа ҳарф устига нуқта белгиси) билан бўлса, Фирабрий нусхасига тўғри келган. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳамавий кўчирган нусхада эса ح(ҳ) ҳарфи қўйилган. Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳоний кўчирган нусхага ه (ҳ) ҳамда Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий кўчирган нусхага س (с) ҳарфи қўйилган. Шунингдек, Абулҳайсам ва Абу Исҳоқ Мустамлий кўчирган нусхалардаги ҳадислар سه (с ва ҳ) ҳарфлар билан белгиланган.
Абу Ҳасан Сағоний “Саҳиҳул Бухорий” нусхасини кўчирган пайтида доим таҳоратли, рўза ҳолда бўлган. У ҳар бир ҳадисни киритганидан кейин икки ракат шукр намозини адо қилиб, Аллоҳдан диний ва дунёвий ишлари учун паноҳ тилаган. Кейин у Қуръони каримдан ўн оят тиловат қилиб, пайғамбар алайҳиссаломга ўн марта ёки ундан кўп салавот айтган. Шундан кейин иккинчи ҳадисни киритган. Аллома бу нусхани ёзишда шу ҳолни ўзига шарт қилиб олган. Шунингдек, Абу Ҳасан Сағоний нусхани кўчиришда ҳам махсус қаламдан фойдаланган ва бошқа китобларни кўчиришда ўша қаламни ишлатмаган. Ҳаттоки, қаламнинг қаламтарошдан чиққан чиқиндисини ҳам сақлаб қўйган ва чиқиндиларни вафот этганида маййит ювиладиган сувни иситиш учун сақлаб қўйишни васият қилган. Аллома китобнинг ярмини ёзишга келганида кофирлар қўлига асир тушган. Маҳбуслик пайтида унга фақат икки ҳайит ва жума кунги намозларини ўқиш учун рухсат бериб, бир ғайридин кишини вакил қилиб зиндондан чиқаришган. Аллома бу нусхани 625/1228 йили Қурбон ҳайитнинг жума куни аср намозидан кейин тугатган. Аллома нусхани ёзишдаги шартларини асирликда тўлиқ бажара олмаган. Алломанинг тутқунликдан чиқиш ва ушбу нусханинг кўчириб тугатилган санаси бир вақтда бўлиб, воқеа Коимбатур [2] (Ҳиндистон жанубидаги) шаҳрида содир бўлган” [5: 268а]”, деб тарихий маълумотларни келтирган.
Асарнинг 269а варағида эса, Шайх Жалил Абу Ҳасан Али ибн Мординий: “Икки оламни яратган Парвардигорга ҳамд бўлсин! “Имом Бухорийнинг “А-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини Рамазон ойининг 27-куни 899/1494 йили Масжидул Ақсода ўқиб тугатдим” [5:269а], деб изоҳ келтирган.
الحمد الله رب العالمين قرا جميع الجامع الصحيح الامام البخاري رضى الله عنه وارضاه العبد الفقير الى الله تعالى على بن حسن المارديني فى السابع و العشرين من شهر رمضان سنة تسع و تسين و ثمانمائة بالمسجد الاقصي الشريفة و الحمد الله وحده وصلواته على سيدنا محمد و اله و صحبه و سلامه حسبنا الله و نعمة الوكيل
268-рақамдаги нусха тавсифи. Асар насх ёзувида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг 1а варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд [6: 1а].
Асар “Саҳобалар фазилати” (“Китабул фазоил ас-саҳоба”) 3776-ҳадисдан бошланган.
… الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِنْ قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِمَّا أُوتُوا… حَدَّثَنَا مُوسَى بْنُ إِسْمَاعِيلَ حَدَّثَنَا مَهْدِيُّ بْنُ مَيْمُونٍ… [6: 16б]
Охири эса, “Ақиқа китоби” (“Китабул ақиқа”) 5474-ҳадисда тугалланган.
… الْمُسَيَّبِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا فَرَعَ وَلَا عَتِيرَةَ قَالَ وَالْفَرَعُ أَوَّلُ نِتَاجٍ كَانَ يُنْتَجُ لَهُمْ كَانُوا يَذْبَحُونَهُ لِطَوَاغِيَتِهِمْ وَالْعَتِيرَةُ فِي رَجَبٍ[6: 280а]
Асарнинг колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 833/1429 йил жумадул аввал ойининг йигирма саккизинчи кунида Табриз шаҳрида кўчирдим” [6: 280а], дея таъкидлаган. Мазкур асарнинг кейинги боби “Ов ва қурбонлик китоби” (“Китабул забаиҳ вас сойду”)дан бошланади.
قد وفق العبد الفقير الى الله الغني حسين بن يوسف بن علي الوسطاني بكتابة الربع الثالث من الجامع الصحيح المسند تأليف الامام العالم الهمام ابى عبد الله محمد بن اسمعيل ابراهيم الجعفي البخاري الانصاري رحمة الله عليه رحمة واسعة يوم الخميس ثامن جمادى الاولى من سنة ثلث ثلثين و ثمانمائة فى بلدة الموحدين تبريز حماها الله عن الافات و يتلوه الربع الرابع مفتتحا بكتاب الذبائح و الصيد وفقه الله لاتمامه كتابه و تصحيحا و عملابه كما وفقه لاتمام ثلثة ارباعه و الحمد الله رب العالمين خير خلقه محمد و اله اجمعين.
269-рақамдаги нусха тавсифи. Асар насх ёзувида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний томонидан кўчирилган. Қўлёзманинг 1а варағида юқорида келтирилган муҳрлар мавжуд [7: 1а].
Асарнинг бошланган қисми “Ов ва қурбонлик китоби” (“Китабул забаиҳ вас сойду”) 5475-ҳадисдан бошланган.
… تُنْطَحُ الشَّاةُ فَمَا أَدْرَكْتَهُ يَتَحَرَّكُ بِذَنَبِهِ أَوْ بِعَيْنِهِ فَاذْبَحْ وَكُل حَدَّثَنَا أَبُو نُعَيْمٍ حَدَّثَنَا زَكَرِيَّاءُ عَنْ عَامِرٍ عَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَأَلْتُ النَّبِيَّ… [7: 1б]
Охирги қисми эса, “Жума китоби” (“Китабул жумуъати”) 7563-ҳадисда тугалланган.
… قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلِمَتَانِ حَبِيبَتَانِ إِلَى الرَّحْمَنِ خَفِيفَتَانِ عَلَى اللِّسَانِ ثَقِيلَتَانِ فِي الْمِيزَانِ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ سُبْحَانَ اللَّهِ الْعَظِيمِ. [7: 266б]
Асарнинг колофон қисмида хаттот Ҳусайн ибн Юсуф ибн Али Вастоний: “Имом аллома Розиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Сағоний хати билан ёзилган нусхасидан ҳижрий 833/1430 йил шаввол ойининг охири, Табриз шаҳрида кўчирдим” [7: 266б], дея келтирган.
قد وقع الفراغ بعون الله و حسن توفيفه من كتابة الصحيح المسند للامام العالم امام الدنيا ابى عبد الله محمد بن اسمعيل الجعفي البخاري الانصاري على الله درجته من النسخة المنقولة عن النسخة المحررة بخط الامام العلامة رضي الدين الحسن بن محمد الصغاني رحمة الله على يدى العبد الفقير الى الله الغني حسين بن يوسف بن على الوسطاني عفاالله عنه و عن والديه و احسن اليهما و اليه اواخر شوال سنة ثلث و ثلثبن و ثمانمائة ببلدة الموحدين تبريز حماها الله عن الافات و الحمد الله رب العالمين و الصلوة و السلم على خير خلقه محمد و اله اجمعين.
Асарнинг 267а варағида қайд этилган самоъ ёзувида мазкур нусханинг “Саҳиҳул Бухорий” асарига тегишли экани ҳамда унинг Имом Бухорийга муттасил санад орқали етиб бориши ҳақида маълумот берилган. Унда Шамсиддин Муҳаммад ибн Шайхина Саид Абу Исҳоқ Карим ибн Лазиз ибн Аҳмад Ансорий Жалилий Мақдисийга ушбу асарни тўлиқ ўқиб бергани қайд этилган. Шунингдек, Абу Ҳасан Али Аълоул Барр ибн Амир Ҳасан ибн Аълоул Моридий Мақдисий мазкур нусханинг ривояти ва санади муттасил ҳамда ишончли эканини тасдиқлагани, шу билан бирга, бу ҳақда самоъ мажлисида иштирок этган ўттиз нафар шайхнинг ҳам хабардор қилингани зикр қилинган [7: 267а].
Мазкур нусханинг 266б-268б варағида Шайх Жалил Абу Ҳасан Али ибн Мардиний ўн уч йил давомида Рамазон ойининг Қадр кечасида ўқиб тугатгани ҳақида қайдлар мавжуд. Бу ерда фақат биргина арабий матн келтирилган бўлиб, унда: “Аллоҳнинг бир фақир қули “Саҳиҳ”нинг бошидан охиригача рамазон ойининг 27-куни 901/1496 йил, рамазон ойининг 13-куни 902/1498 йил, рамазон ойининг 13-куни 903/1498 йил, рамазон ойининг 17-куни 904/1499 йил, рамазоннинг 27-куни 905/1500 йил, рамазон ойининг 13-куни 906/1501 йил, рамазон ойининг 29-куни 907/1502 йил, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида 908/1503 йил, рамазон ойининг 28-куни 909/1504 йил, рамазон ойининг 27-куни 910/1505 йил, рамазон ойининг 27-куни 911/1506 йил, рамазон ойининг 27-куни 912/1507 йил, рамазон ойининг 27-куни 913/1508 йили Мардин шаҳрида “Масжидул Ақсо”да ўқиб тугатдим”, дея таъкидланган [7: 266б-268б].
بلغ قراة من اول الصحيح الاخر العبد الفقير الى الله تعالى على بن حسن المارديني فى سنة ثلاث و تسعمائة برباط الماردانية فى العشر الثالث فى شهر رمضان العظيم قدره و الحمد الله وحده و صلواته على سيدنا محمد و اله و صحبه و سلام الحمد الله رب العالمين.
Хулоса қилганда, Абу Ҳасан Сағоний Маккада Бурҳониддин Абуфутуҳ Наср Ҳусрий, Яманда Наззам Муҳаммад ибн Ҳасан Марғиноний, Қози Саъдиддин Ҳалаф ибн Муҳаммад Кардарий, Абу Муҳаммад ибн Жавзийдан ҳадис, фиқҳ, грамматика ва аруз илмидан сабоқ олиб, камолотга етгач, “Саҳиҳул Бухорий”ни кўчирган. Абу Ҳасан Сағонийдан Қози Сулаймон ибн Ҳамза, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Кўфий ибн Собаҳ, Ҳофиз Шарифиддин Димятий, Иъзиддин Абулфазл ибн Вазир ибн Алқамий дарс олган ва ҳадис ривоят қилган.
Абу Ҳасан Сағонийнинг луғат, араб тили, ҳадис илмига оид асарлари бугунги кунда Туркия, Сурия, Франция, Британия, Ҳиндистон, Эрон, Миср кутубхона фондларида сақланади.
-
Alamul mahtutot van Navadir. – Dubay. – 488-518.
-
https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9A%D0%BE%D0%B8%D0%BC%D0%B1%D0%B0%D1%82%D1%83%D1%80
-
Madad Qadri. Life and works of al-Imam al-Saghani al-Lahori. (Monography) – Hydarabad: Sind university research journal. 1966. – P. 67-80
-
№266 Домод Иброҳим Пошо фонди. 238а варақ.
-
№267 Домод Иброҳим Пошо фонди. 1а варақ.
-
№268 Домод Иброҳим Пошо фонди. 280а варақ.
-
№269 Домод Иброҳим Пошо фонди. 266б варақ.
-
Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Ҳофиз Бағдодий. Тарих Бағдод ав Мадинат ас-Салом. 14 жилдли. – Байрут: Дарул кутуб ал-илмиййа, 1997.
-
Абу Саъд Абдукарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний Тамимий. Ал-Ансоб. 5 жилдли. Абдуллоҳ Умар ал-Борудий таҳрири остида. – Байрут: Дорул фикр,
-
Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний Тожут-тарожим. – Байрут: Дарул қолам матбаа, 1992. – Б.155; Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияр аъламун нубало. Ж.23. – Б. 284.
-
Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний. Тожут тарожим. – Байрут: Дарул қолам матбаа, 1992. – Б. 155-156.
-
Ибн Саид. Ад-Дур ат-тамин. – Б-344; Ибн Фувати. Талхис мажмуа ал-адаб фи муъжамул алқоб. – Б. 490.
-
Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия. – Миср: Ҳуқуқул матбаа маҳфуза, 1906. – Б. 5
-
Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия. – Миср: Ҳуқуқул матбаа маҳфуза, 1906. – Б.53; Абулфидо Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний. Тожут тарожим. – Байрут: Дарул қолам матбаа, 1992. – Б. 155.
-
Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий. Китоб ал-қанд фи зикр уламо Самарқанд / Назар Муҳаммад ал-Фарёбий таҳрири остида. – Саудия Арабистони: Мактабатул-Кавсар,
-
Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асами ал-кутуб ва-л-фунун. 2 жилдли. – Истанбул, 1941-43.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияр аъламун нубало. Ж.23. – Б.282-283; Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий. Ал-фавоид ал-баҳия фи тарожими ал-ҳанафия. – Миср: Ҳуқуқул матбаа маҳфуза, 1906. – Б. 63.
-
Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияр аъломун нубало. 23 жилдли. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1992.
-
الاضداد للصغانى بين تقاليد الاستشراقية و العربية Majallatu Maʼhad al-Mahtutotil arabiyya, 1437/2015. – Kahire. – 193-218.
-
توظيف المثل عند الصاغاني فى مقدمة العباب الزاخر و الباب الفاخر Мажаллатуд диросатил луғавия. – Riyad, 1434.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




