Home / МАҚОЛАЛАР / ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ БЎЛГАН БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ТАРИХ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ УЙҒУНЛИГИ

ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ БЎЛГАН БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ТАРИХ ВА БУГУНГИ КУНДАГИ УЙҒУНЛИГИ

Инсоният тарихига назар солганда, тинчлик ва тараққиётга эришиш йўлидаги энг муҳим омиллардан бири бағрикенглик экани яққол кўзга ташланади. Турли миллат, дин, тил, маданият ва дунёқараш вакиллари ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида яшаган жамиятдагина барқарорлик, ижтимоий ишонч ва бунёдкорлик учун мустаҳкам замин яратилади.

“Бағрикенглик” тушунчаси инсоннинг ўз эътиқоди ва қадриятларини сақлаган ҳолда бошқаларнинг ҳам қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва танловини ҳурмат қилишини англатади.

Ислом дини инсониятга асл мурувватни, диндошлар ва бошқа эътиқод вакилларига ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бутун башариятга ибрат-намуна бўлганлар. Мадинага ҳижрат қилганларида, у ердаги аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабат ўрнатганлар. Уларга ҳадя бериб, ўзлари ҳам қабул қилганлар.

Тарихий манбалар тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган мусулмон жамиятларида мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқлари таъминланганига гувоҳлик беради. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Дейлик, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Байтул Мақдисда яшайдиганларга омонлик берган ва уларнинг ҳуқуқлари сақланишига кафил бўлган.

Бу ҳақдаги ибратли мисоллардан яна бири мўминлар амири Абдуллоҳ ибн Умарнинг Илиё аҳлини тинч-омон қолдирганидир. Уларнинг жони ва молига, ибодатхоналарига, касал ва соғлом одамларига, хуллас, барчага омонлик берган. Ибодатхоналар бузилмаган ва зарар кўрмаган. Мол-мулкдан бирор нарсага тегинилмаган. Ҳеч ким ўз динидан қайтишга мажбурланмаган ва зулм кўрмаган.

Исломнинг бағрикенглик дини экани айниқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналари орқали яхши англанади. Зеро, пайғамбарнинг асосий вазифаси одамларнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллаштириб, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Шу боис динимиз асоси – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бағрикенглик тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ўзга дин вакилларига ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга даъват этганлар.

Ёдингизда бўлса, ҳижратнинг тўққизинчи йили Нажрон вакиллари Абулҳорис бошчилигида Мадинага элчи бўлиб борган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирган. Бу ташриф давомида ўз расмий диний либосини кийиб, Пайғамбар алайҳиссалом билан масжидда учрашган. Мулоқот якунланганидан сўнг, у зотдан ўз ибодатини адо этиш учун рухсат сўраган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мадина масжидида бунинг учун шароит яратиб берганлар. Шундай қилиб, улар мусулмонлар масжидида Байтул Мақдисга юзланган ҳолда ибодатини адо этган. Бу тарихий воқеани ҳар бир мусулмон билиши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, эвазига 30 соъ арпа сотиб олганлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида умматга кўрсатган энг катта таълими деб баҳолаган.

Жамиятда тинчлик ва бағрикенгликнинг асосий натижаларидан бири одамлар тасаввури ва эътиқоди турлича бўлишига қарамасдан тинч-тотув яшашидир. Улар турли фитналардан узоқ бўлган ҳолда ўзаро ишонч ва хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Муҳожир ва ансорларни бир-бирига биродар қилиб қўйган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом уммати учун намуна бўладиган катта мерос қолдирганлар. Мадина яҳудийларига тинч-тотув яшаши учун кафолат бўладиган мактуб ёздириб берганлар. Ҳудайбия куни муқаррар жанг арафасида мусулмонлар билан қурайшликлар орасида адоват оловини ўчириб, урушнинг олдини олганлар. Ўшанда қурайшликлар билан сулҳ тузилган. Тарих зарварақларида бундай воқеалар, юқорида айтганимиздек, жуда кўп.

Яна бир ибрат воқеани эсга олайлик. Мовароуннаҳрлик аллома Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бўларди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан олдин ўша камбағал қўшнисиникига таом чиқарар, ўз фарзандларини кийинтиришдан олдин ўша яҳудийнинг болаларига кийим-кечак олиб берарди. Одамлар яҳудийнинг олдига бориб: “Ҳовлингни бизга сотгин”, деганда, у: “Икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учундир”, дейди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуоси шарофатидан исломга кирган. Демак, кўнглида адоват бўлмаган, бировга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилишнинг зарари йўқ экан. Аксинча, фойдаси катта бўларкан.

Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳонуддин Марғиноний каби юзлаб алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка (тафриқага) барҳам бериш ва одамларга ислом динининг асл моҳиятини етказишдек оғир ва машаққатли ишга улкан ҳисса қўшган. Улар исломий бағрикенглик руҳини ёйиш борасида ҳам катта хизмат кўрсатган – диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни кўп учратамиз.

Масалан, буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридий ўзининг “Таъвилотул Қуръон” асарида Ҳаж сурасининг 40-ояти тафсирини баён қилар экан, “Черков ва синагогаларни (черков – насронийлар ибодатхонаси, синагога – яҳудийларники) вайрон қилиш ман этилади. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, дейди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ҳукмрон бўлиб яшаган юртларда, ўн тўрт аср ўтган бўлса ҳамки, черков ва синагогалар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Самарқандлик улуғ фақиҳ, буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” деб номланган тафсир китобида Мумтаҳана сурасининг 8-9-оятларини шарҳлаб, бундай ёзган: “Сиз билан дин борасида уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилаверинг, чунки Аллоҳ таоло: “Сизлар билан дин борасида урушмаганларга яхшилик қилишингизга, уларга нисбатан адолатли бўлишингизга ҳеч қандай монеълик йўқ”, деб марҳамат қилган”.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” деб номланган тафсирида мазкур оятга: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўзда ҳам, амалда ҳам яхшилик қилинг”, деб шарҳ берган.

Бурҳонуддин Марғиноний “Ҳидоя” асарида мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни қайтадан тиклаш жоизлигини алоҳида айтиб ўтган.

Юртимизда қадимдан бошқа дин вакиллари мусулмонлар билан ёнма-ён яшаб, жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшиб келган. Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўришимиз мумкин. Буюк саркарда Амир Темурнинг қўшини таркибида яҳудийлар ва бошқа динга мансуб бўлган аскарлар ҳам хизмат қилган. Соҳибқироннинг ўғли Мироншоҳ ўша пайтда Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинланган. Ҳиндистон халқи ҳозиргача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан тилга олади. Чунки бобурийлар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб бўлган 2300 дан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритмоқда, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти яратилгани, 12 тилда телерадио дастурлар эфирга узатилаётгани, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётгани, 157 та миллий-маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти эркин фаолият юритаётгани миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг амалдаги намунаси ҳисобланади.

Бағрикенгликнинг аҳамияти жуда катта ва кўп қиррали бўлиб, у жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни таъминлайди.

Юқорида келтирилган маълумотлардан қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:

– Тарихий манбалар тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган мусулмон жамиятларида ўзга дин вакилларининг ҳуқуқлари таъминланганига гувоҳлик беради.

– Ислом бағрикенглик дини эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналари орқали тўлиқ англаймиз. Динимиз асоси бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бағрикенглик тарғиб қилинган.

– Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлмаганлар билан инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишни тарғиб қилганлар.

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, эвазига 30 соъ арпа сотиб олганлар. Ушбу воқеа у зотнинг бағрикенглик борасида умматга кўрсатган энг катта намуналаридан биридир.

– Юртимиз заминидан етишиб чиққан алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш ва одамларга ислом динининг асл моҳиятини етказишга улкан ҳисса қўшган. Уламоларимиз исломий бағрикенглик руҳини ёйиш йўлида ҳам катта хизмат кўрсатган.

– Юртимизда қадимдан бошқа дин вакиллари мусулмонлар билан тинч-тотув яшаб келган. Буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам диний бағрикенглик намуналарини кўришимиз мумкин.

– Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессия эркин фаолият юритмоқда ҳамда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ота-онага яхшилик қилиш саодат калитидир

Ваҳб ибн Мунаббиҳдан нақл қилинишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳис  саломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй …