Хадича розияллоҳу анҳо ислом оламида муқаддас саналган ер Маккаи Мукаррамада туғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари бўлиб, ўша ҳудудда вафот этди. Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусай Қурашия Асадия “Фил воқеаси”дан ўн беш йил олдин Маккада арабларнинг асл қавми бўлмиш Қурайшнинг энг эътиборли оиласида таваллуд топган. Унинг ота тарафидан насл насаби Қусайда Пайғамбаримиз насаби билан бирлашади. Она тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан катта боболари Луайда бирлашади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Пайғамбар мўминларга уларнинг ўзларидан меҳрибондир, унинг хотинлари уларнинг оналаридир”[1].
Ушбу оятнинг маъно мазмунига қарайдиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари мўминлар учун она ҳукмидадир.
Аллома Қуртубий ўзининг “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” номли китобида бундай деган. Унинг матни қуйидагича: “Аллоҳ таоло пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинларини мўминларнинг оналари қилиб қўйиб шарафлади. Яъни, бу уларга таъзим қилишнинг вожиблиги, яхшилик қилиш ва улуғлаш лозимлиги, одамларга уларни никоҳлаб олишнинг ҳаром қилинганида кўринади. Бу нарса Пайғамбарини икром қилиш ва уларни шарафлаш бўлиб қолди”.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир”[2].
Бироқ, уларга қараш, улар билан ёлғиз қолиш, мерос бериб, мерос олиш ва қизларига уйланиш каби ҳукмларда бегона аёллар кабидирлар. Яъни, бегона эркаклар уларга қараши ва улар билан ёлғиз қолиши мумкин бўлмаганидек.
Хадича розияллоҳу анҳо ер юзидаги барча аёлларнинг саййидаси деб тан олинган. У зотнинг отаси Хувайлид, онаси Фотима исмли аёл бўлган. Умму Қосим деб куняланган. Инсонлар исломдан олдин жоҳилият даврида ҳам Хадича онамизни Тоҳира деб чақиришган. Асли Қурайш қавмидан бўлган онамиз Хадича розияллоҳу анҳо оқила, тоҳира, обида, сожида, олийҳиммат, саховат пеша ва меҳр-шафқатли аёл бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзи харидор бўлиб, турмуш қурганида Хадича онамиз 40 ёшда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, 25 ёшида бўлганлар яъни, Хадича онамиз Расулуллоҳдан 15 ёш катта бўлган. Манбаларда келишича, Хадича бинти Хувайлид онамиз давлатманд, ишнинг кўзини биладиган ва ҳамма томонлама тажрибали аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиладиган кишилардан эдилар.
Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, ҳазрат Хадича тижорат билан шуғулланувчи бой, обрў-эътиборли аёл бўлган. У қавмининг эркакларини ёллаб тижорат карвонини Шомга йўллар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғри сўзли, гўзал ахлоқли ва омонатдор эканидан хабардор бўлгач, хизмат ҳақини икки баробар бериш шарти билан унга карвонни топширади. Тижорат сафарида Хадичанинг қули Майсара йўл бўйи ажабтовур ҳодисаларга шоҳид бўлади. Карвон ҳам бошқа сафарларга қараганда анча яхши фойда билан қайтади. Майсарадан бўлган воқеаларни эшитгач, Муҳаммаднинг фазилатларини англаган Хадичанинг унга қизиқиши ва муҳаббати ортади, турмуш қуришни таклиф этади. Бўлажак пайғамбар бу таклифни қабул қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳимдан бошқа барча фарзандлари Хадича онамиздан туғилган. Қизиқарли томони шундаки, Хадича онамиз ер юзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин қолаверса аёллардан энг биринчи бўлиб имон келтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизни кўп марта тилларига олар, бошқа оналаримиздан кўра афзал билар эдилар. Ойша онамиз шундай деганлар: “Расулуллоҳ Хадичани кўп эслагани туфайли, у зотни рашк қилиб қизғонганимдек бошқа аёлларини қизғонмаганман” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз ҳаётлик чоғида бошқа бирон аёлга уйланмаганлар. Яъни, кейинги оналаримиз билан у зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.
Аллоҳ таоло исломнинг дастаги учун Хадича онамизга моддий ва маънавий бойликларини инъом этиб, Расулининг машаққатли йўлида йўлдош, ҳамкор, яхши-ёмон кунида елкадош бўлишини тақдир қилган.
Муборак кўнгилни кулар юз ва меҳрли сўзлар билан кўтарди. Қосим, Зайнаб, Умму Кулсум, Руқия, Фотима ва Абдуллоҳ розияллоҳум анҳумни оламлар Сарварига муборак она орқали армуғон этди. Сарвари коинот Пайғамбаримиз алайҳиссалом умрларининг охиригача Хадича онамизни суйдилар, ундан миннатдор бўлиб, хотирасини эсларидан чиқармадилар.
Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо мусулмонларнинг биринчиси эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Иззуддин ибн Асир: “Хадича Аллоҳ таолонинг бандалари орасидан биринчи бўлиб имон келтирганига барча мужтаҳид уламолар ижмо қилишган. Ундан олдинга тушадиган эркак ҳам, аёл ҳам йўқ”, деб ёзади.
Хадича розияллоҳу анҳо ислом йўлида улкан хизматлар қилди. Энг олдин ўз уйларини имон гўшасига айлантира олди. Айнан шу уринишлари – Зайд ибн Ҳориса ва Али ибн Абу Толибнинг ҳам биринчилар қаторида имон келтиришига ҳисса қўшган бўлса ажаб эмас. Айнан ана шу уринишлари тўрт қизлари Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум ва Фотиманинг ҳам имон келтиришларига сабаб бўлди.
Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳу алайҳ Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Аллоҳ Ўз набийсини нубувват билан икром қилганида Хадича ва унинг қизлари исломни қабул этишди”.
“Уйунул асар”да келтирилган ривоятда Афиф Киндий қуйидагиларни келтиради: “Аббос ибн Абдулмутталиб билан дўстлигимиз бор эди. У Яманга келиб, атир сотиб олиб кетар ва уни мавсум кунлари сотар эди. Мен Аббос билан Минода турган эдим. Бир бекаму кўст одам келиб, таҳорат қилди. Сўнг туриб, намоз ўқиди. Кейин бир аёл чиқиб, таҳорат қилди. У ҳам туриб намоз ўқиди. Сўнг бўйи етай деб қолган бола чиқиб, таҳорат қилди ва унинг ёнида туриб, намоз ўқий бошлади. Мен: “Шўринг қурсин, эй Аббос! Бу қандай дин?” дедим. “Бу укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг дини. У ўзини Аллоҳ Расул қилиб юборганини айтмоқда”, деди Аббос”. Демак, намоз ўқиш Афифнинг кўзига ғалати кўринган бир даврда Хадича онамиз намоз ўқишни бошлаган шарифа аёл эди.
Исломни очиқ-ойдин ёйишга ўтилган жуда қийин кунларда мусулмонлар сабр билан Аллоҳнинг раҳматидан умид қилишарди. Хадича онамиз бардош қилишда олдингилар қаторида эди. Абу Лаҳаб Исломга зарар етказиш учун келин қилиб олган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг икки қизлари Руқия ва Умму Кулсумни ўғиллари Утба ва Утайбага талоқ қилдиртиради. Бу мусибатлар пайтида Хадича онамиз кучли бўлишга ҳаракат қилди ва меҳрибон ота (Пайғамбаримиз алайҳиссалом)нинг аламларига ҳам малҳам бўла олди.
Нубувватнинг еттинчи йили мусулмонлар Бани Мутталиб дарасида қамалда қолишади. Уч йил давом этган бу азобли кунларда дарахтларнинг илдизи ва барглари билан озиқланган мўмин-мусулмонлар қаттиқ ҳолдан тойишади. Қамал тугайди, аммо Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма олти йилга яқин ҳузур-ҳаловатли оила саодатини армуғон этган суюкли завжалари хасталанади. Амакилари Абу Толибдан айрилганларига ҳали кўп бўлмаган, мушрикларнинг тазйиқи кучайган ана шундай оғир кунларда Хадичанинг хасталаниши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада ғамга ботиради. Олтмиш беш ёшдан юқорилаган Хадича онамиз пайғамбарликнинг ўнинчи йили Рамазон ойида вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан суюкли онамизни Маккаи мукарраманинг юқори тарафидаги Ҳажун қабристонига қўяди.
Бу йўқотишлар Пайғамбаримизга оғир келди. Юзлари қайғуга ботди. Ғам-андуҳ юракларини ўртади. Ўша йил “Маҳзунлик йили” сифатида ислом тарихига муҳрланди.
Набийларнинг комили соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз саккиз йиллик оилавий ҳаётларини йигирма олти йилини ёлғиз Хадича билан кечирдилар, у севгига бошқа бир севгини аралаштиргилари келмади. Ҳолбуки, Хадича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн беш ёш катта эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Мана, Хадича ҳузурингизга келди. Унинг қўлида идиш бор. Унда хўрак ёки таом ёки ичимлик бор. Қачон у ҳузурингизга етиб келганида унга Рабби азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатда луълуъ (дуру ёқутлар ила безатилган) ато этилган: шовқин сурони ҳам, чарчоғи ҳам йўқ. Шунинг башоратини беринг”, деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буюк хизмат қилди. Ҳадисдаги бу манзара ана шу сидқидилдан қилинган хизматларидан бўлиб, Набийнинг орқаларидан озиқ-овқат кўтариб, маълум масофа йўлни босиб келмоқда. Жамиятдаги обрўсига, ҳад-ҳисобсиз бойликларга эга бўлганига қарамай, тоғу тошлар оралаб, эрларининг ортидан овқат кўтариб юриши, бурчини, бу хизматнинг қийматини билганидандир. Жаброил алайҳиссаломнинг Хадича онамиз ҳақида хабар бериб, Аллоҳнинг ва ўзининг номидан салом йўллаши илоҳий иноят остида бўлганидан даракдир. Бундай иноят бошқа бирор одам боласига берилмаган фазл, десак ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадича онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта: “Эй Хадича, сенга Жаброил салом айтди” баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси Марям, Фотима, Хадича ва Фиръавннинг хотини Осиёдир” – деб марҳамат қилганлар (Ибн Абдулбар ривояти).
Хадича онамизнинг ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Демак, Хадича онамиздан барча мўмин-мусулмонлар ўрнак олишлари ва у кишининг ҳаётларига мувофиқ кун кечиришлари айни муддаодир.