Home / МАҚОЛАЛАР / МОВАРОУННАҲРДА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ШАКЛЛАНИШИДА ҲАДИСЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

МОВАРОУННАҲРДА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ШАКЛЛАНИШИДА ҲАДИСЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Мовароуннаҳр – Сирдарё ва Амударё оралиғида жойлашган тарихий-географик ҳудуд бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистоннинг жанубий қисмини ўз ичига олади. Бу минтақа ислом цивилизациясининг шаклланишида муҳим ўрин тутган. Ислом дини бу ерга VII аср охири – VIII аср бошларида, араб қўшинларининг ҳарбий юришлари натижасида кириб келган. Қутайба ибн Муслим (669-715) бошчилигидаги араб қўшинлари 705-715 йиллар оралиғида Пойканд, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона, Шош (Тошкент) каби шаҳарларни ислом ҳукмронлигига бўйсундирди[1].

Мовароуннаҳр минтақаси ислом цивилизациясининг энг йирик илм-маърифат марказларидан бири сифатида тарихда муҳим ўрин тутади. Бироқ ислом динининг Мовароуннаҳрда тўлақонли цивилизацияга айланиши айримлар ўйлаганидек, фақат ҳарбий истило билан боғлиқ эмас. Бу ҳақда қуйида батафсил тўхталамиз.

Маълумки, ислом дини ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан фақат ибодатлар мажмуасидан иборат диний тизим эмас, балки кенг қамровли маданий, ахлоқий ва илмий тизимга асосланган диндир. Диний ва дунёвий илмлар тараққиётида Қуръони карим билан бир қаторда ҳадис илми ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Ҳадислар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, сифатлари ва иқрорларини ўз ичига олиб, ислом ақидаси, фиқҳи, ахлоқи, ижтимоий муносабатлари ва ҳатто ҳуқуқ тизимининг асосий манбаларидан биридир. Ҳадислар мусулмон жамиятида нафақат диний ибодатларни, балки ижтимоий муносабатлар, ахлоқий меъёрлар ва ҳуқуқий нормаларни белгилаб берувчи муҳим манба ҳисобланади.

Шу сабабли ислом цивилизациянинг асосий манбалари Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳисобланади. Айниқса, ҳадислар нафақат диний ҳаётни, балки ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган. Шу сабабли ҳадис ва суннат илми ислом ҳуқуқшунослиги, ақидаси ва турмуш тарзининг шаклланиши билан бир қаторда, унинг илмий-маданий цивилизациясида ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Жумладан, савдо-сотиқ, оилавий муносабатлар, қўшничилик одоблари ва жамоат ҳаётини тартибга солишда ҳам ҳадислар асосий меъёр сифатида хизмат қилган.

Ҳадислар инсонни жаҳолатдан қутқариб, тўғри йўлни кўрсатади ва унинг фикрлаш доирасини кенгайтириб, Қуръони карим оятларини, ислом динининг моҳиятини теранроқ англашга хизмат қилади. Ҳадислар инсонни доимий равишда илм излаш, ўқиш ва ўз устида ишлашга ундайди. Чунки илм нафақат дунёвий муваффақият, балки маънавий камолотга ҳам олиб боради. Ҳадисларни чуқур англаган инсон ҳаётдаги муаммоларни онгли равишда ҳал қилади, нотўғри қарорлардан сақланади ва ўз ҳаётини маъноли йўлга сола олади. Ҳадис ва суннатни тўғри англаш орқали инсон ўзини, жамиятни ва ҳаётни чуқурроқ англайди, шу билан ҳақиқий нажотга эришади.

Турмуш тарзи ўтроқ ҳаётга одатланган, илм-маърифатга рағбатли  Мовароуннаҳр халқи ислом дини замиридаги бундай улкан ҳақиқатни бошқа халқлардан олдинроқ англаб етган. Натижада, Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг ҳам илмга, ҳам ахлоққа суянган мустаҳкам пойдевори яратилди. Бу эса, жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда, илм-маърифатни ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Ҳадислар орқали диний ибодатлар тартиби мустаҳкамланди, ижтимоий муносабатлар тартибга солинди ва ахлоқий меъёрлар жамиятда ҳар бир шахснинг инсоний бурчига айланган.

Исломнинг илк асрларида ҳадис илми асосан Арабистон ярим ороли, Шом (Сурия), Ироқ (Куфа, Басра) ва Мисрда ривожланди. VIII асрдан (705-715 йиллардан) бошлаб Мовароуннаҳр ҳудуди ислом дини таъсирига кириб, бу ерда янги маънавий муҳит шакллана бошлаган даврданоқ ҳадислар маҳаллий аҳоли ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Чунки улар мусулмон жамиятида ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манбалардан бири эди. VIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Мовароуннаҳр ҳам бу илмнинг муҳим марказларидан бирига айланди. Бунга сабаблар қуйидагилардан иборат:

  1. Минтақада ислом динининг кенг ёйилиши;
  2. Маҳаллий аҳолининг ислом маданияти ва илмларига бўлган қизиқиши;
  3. Мовароуннаҳрдан чиққан талабаларнинг ҳадис илмини ўрганиш учун исломнинг йирик илм марказларига сафар қилиши;
  4. Ҳадис тўплаш, санад ва матн танқиди (жарҳ ва таъдил) илмининг юқори даражада ривожланиши.

Ҳадис илмининг ривожланишида илм талабида сафар қилиш (ар-риҳла фи талабил-ҳадис) ҳам жуда муҳим ҳисобланган. Мовароуннаҳрлик муҳаддис уламолар узоқ масофаларни босиб ўтиб, Бағдод, Куфа, Басра, Макка, Мадина, Рай, Нишопур, Марв, Дамашқ, Миср каби шаҳарларга бориб, машҳур муҳаддислардан ҳадис эшитган[2]. Кейинчалик бу ҳадисларни ўзларининг юртларида ривоят қилишган ва талабаларга ўргатишган. Шу тариқа Мовароуннаҳрда илк ҳадис мактаблари пайдо бўлди. Кейинчалик, бу мактабларда Абд ибн Ҳумайд Кеший, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий каби етук алломалар буюк муҳаддисларни тарбиялаб етиштирди[3].

Алалоқибат, ҳадислар Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясини тараққий этишида ҳаракатга келтирувчи омилга айланди.  IX–XII асрларга келиб бу замин ислом цивилизациясининг энг ривожланган марказларидан бирига айланди. Ҳадис илми юксак даражада тараққий этиши илмий муҳитнинг шаклланишига, уламолар авлодининг етишиб чиқишига, ислом дини цивилизацияси шаклланишида ва ислом маданиятининг кенг тарқалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Мовароуннаҳрдан ўша вақтда мавжуд бўлган барча илмлар бўйича етук алломалар чиқибгина қолмасдан, балки бир қанча янги илмларга асос солган улуғ зотлар ҳам етишиб чиқди. Ушбу ҳолатнинг ўзи Мовароуннаҳр аҳолисининг инсоният тарихига, илм-фан ва маданият ривожи тарихига киришига ислом дини сабаб бўлганининг ёрқин далилидир.

Аслида илм-маърифатни ўзлаштиришда юқори қобилиятга эга бўлган Мовароуннаҳр диёри аҳолиси ислом динини нафақат ибодатлар мажмуасидан иборат самовий дин, балки илм дини эканини ҳам англаб етди ва Қуръони карим оятлари ва набавий ҳадисларни ўз ҳаётига татбиқ этди. Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, барча соҳаларда кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахсларнинг аксари исломий ҳаёт соясида вояга етган. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (цивилизация) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.

Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шулки, илму-фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тараққиётга эриша олмайди. Қуръони карим оятлари  ва набавий ҳадисларда эса илм-маърифатга жуда кўплаб ўринларда тарғиб қилинади. Ислом – илм-маърифат дини десак айни ҳақиқатдир.

Юқорида таъкидланганидек, Мовароуннаҳрда ҳадис илми тафсир илми билан параллел равишда ривожланди ва ислом цивилизациясининг шаклланишида ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб хизмат қилди.

Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг шаклланишида ҳадислар фақатгина диний-илмий мерос сифатида қолмасдан, балки ҳаётнинг барча соҳалари – фиқҳ, ақида, тасаввуф, ахлоқ, таълим, илм-фан ривожига ва ҳатто ижтимоий муносабатлар ҳамда сиёсатга ҳам чуқур таъсир кўрсатди.

Ҳадис илми Мовароуннаҳрда таълим тизимининг асосий қисми бўлган. Куттоб (бошланғич мактаб) ва мадрасаларда ҳадис илми таълимига жуда катта эътибор қаратилиб, алоҳида фан сифатида ўқитилган. Мир Араб, Бароқхон, Кўкалдош, Шердор, Тиллакори, Ҳазрати Имом  мадрасаларида турли усулда ёзилган (масалан: муснад, ажзоъ, арбаин ва ҳ.к.з.) ҳадис китоблари  дарслик сифатида ўқитилган. Бу ерда ислом дини кириб келган вақтданоқ ҳадис ровийларини ўрганиш (илм ар-рижол); ҳадисларнинг ишончлилигини текшириш (жарҳ ва таъдил илми); матн таҳлили (дироя) каби йўналишлар ривожланган. Талабалар ҳадисларни ёд олиш билан бирга, уларнинг санад ва матн танқидини, фиқҳий ҳукмларни келтириб чиқариш усулларини ҳам ўрганган. Бу эса, нафақат диний илмлар, балки умумий илмий тафаккур ривожига ҳам туртки берган.

Ҳадислар ёш авлодни маънавий жиҳатдан тарбиялаш, уларда ахлоқий фазилатларни шакллантиришда муҳим роль ўйнаган. Шу билан бирга, ҳадис илмини ўрганиш мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш ва илмий ёндашувни ривожлантирган[4].

IX–XII асрларда Мовароуннаҳр ислом оламида Бағдоддан кейинги энг йирик ҳадис илми марказига айланди. Мовароуннаҳр ҳадис илмининг ўзига хос хусусиятларидан бири – бу илм маълум бир тизимга асосланган фан сифатида  шакллантирилганидир. Бу ҳудудда ҳадис тўплаш, таснифлаш, санад танқиди ва ривоят қилиш ишлари шу қадар юқори даражада ривожландики, кўплаб мусулмон тарихчилари Мовароуннаҳрни “Ҳадис юрти” (“Диёр ул-ҳадис”) деб атаган. Мовароуннаҳрлик муҳаддислар томонидан ишлаб чиқилган методология ҳадис илмининг асосий тамойилларини белгилаб берди. Бу эса, ҳадис илмини мустақил фан сифатида шаклланишига хизмат қилди[5].

Мовароуннаҳр муҳаддисларининг бошқа минтақалар муҳаддисларидан ажралиб турадиган жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

  • Санадга алоҳида эътибор: Мовароуннаҳр уламолари ҳадис санадидаги ровийлар исми, туғилган ва вафот этган йили, устозлари, шогирдлари, биографиялари, ишончлилиги, одиллиги, ёд сақлаш қобилияти, бошқа муҳаддислар томонидан мадҳ ёки мазаммат қилингани, санаднинг муттасиллиги каби кўпгина жиҳатларни атрофлича ўрганган.
  • Ҳадис тўплаш усули: Мовароуннаҳр муҳаддислари ҳадисларни тўплашда “ас-сунан” (фиқҳий боблар бўйича), “ал-жомеъ” (ақида, сийра, фиқҳ, одоб ва бошқа барча бобларни қамраган) ва “ал-муснад” (саҳобалар номи билан) усулларини қўллаган.
  • Китобат ва ривоят: Мовароуннаҳрда ҳадисларни ёзиш (китобат) ва ривоят қилиш учун махсус изн (ижоза) тизими мавжуд бўлган. Талабалар устоздан ҳадис эшитиб, уни ёзиб олган, кейин ўзлари ривоят қилиш учун изн олган.

Шу сабабли бу ўлкадан дунё уламолари эътироф этган муҳаддислар етишиб чиқди. Бу ҳудуддан чиққан муҳаддислар, хусусан, Имом Бухорий ва Имом Термизий томонидан ишлаб чиқилган ҳадис қабул қилишдаги услуб ва шартлари, ҳадисларнинг саҳиҳлигини текшириш, ровийлар занжирини таҳлил қилиш ва ҳадисларни мавзулар бўйича таснифлаш каби илмий услубларни такомиллаштирдилар. Бу эса ҳадисларнинг ишончли манба сифатида сақланиб қолишини таъминлади[6].

Бу ердан етишиб чиққан буюк муҳаддислар нафақат минтақа, балки бутун ислом оламида катта нуфузга эга бўлди. Айнан шу ерда ислом оламидаги энг ишончли ҳадис тўплами – Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870) номи билан танилган алломанинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ёзилди. Шунингдек, Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий (824-892)нинг “Сунани Термизий” асари ҳам мана шу минтақада ёзилиб, кўп асрлар давомида мусулмон оламининг асосий ҳадис манбаларидан бири бўлиб келди. Жумладан, Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл Самарқандий Доримий (789-869)нинг “Сунан” ҳадис тўплами, илк муҳаддислардан Абд ибн Ҳумайднинг “Муснад” асари ҳам шу заминда ислом цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган.

Уларнинг асарлари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом оламида асосий манба сифатида қабул қилинди. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ислом динида Қуръондан кейинги энг ишончли манба сифатида, “Сунани Термизий” эса олти саҳиҳнинг бири, “Сунани Доримий” асари эса олти саҳиҳ орасида олтинчи ўринга даъвогар асар деб эътироф этилган.

Мовароуннаҳрда қуйидаги шаҳарлар алоҳида ҳадис марказларига айланган:

  1. Бухоро – ҳадис ва фиқҳ илми марказларидан бўлиб, бу ерда Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Абу Муҳаммад Исо ибн Мусо Ғунжорий (Имом Молик шогирди), Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Ҳошид ибн Исмоил Ғаззол, Муҳаммад ибн Наср Бухорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Бухорий, Абу Аҳмад Халил ибн Аҳмад Бухорий каби кўплаб муҳаддислар етишиб чиққан[7].
  2. Термиз – Имом Термизийнинг ватани. Бу ерда ҳадис ва суннат илми кенг ривожланган. Имом Термизийдан кейин Абу Бакр Аҳмад ибн Мансур Термизий, Абу Али Ҳасан ибн Қасир Термизий каби муҳаддислар термизийлик ҳадис мактабини давом эттирган.
  3. Самарқанд – Имом Бухорийнинг кейинги яшаган шаҳри. Самарқандда Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид Самарқандий, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий, Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳиббон каби муҳаддислар фаолият кўрсатган.
  4. Насаф (Қарши) – Абд ибн Ҳумайд Кеший, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Али Насафий каби ҳадис олимлари етишиб чиққан.
  5. Балх – Хуросоннинг шимолида жойлашган бўлиб, бу ерда ҳам кучли ҳадис мактаби бўлган. Абу Зайд Аҳмад ибн Сайл Балхий, Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абий Довуд Балхий каби муҳаддислар шу ердан чиққан.

Мовароуннаҳр муҳаддисларининг асарлари нафақат ислом оламида, балки Ғарбда ҳам катта эътиборга сазовор бўлган. Европа шарқшунослари XVIII асрдан бошлаб Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”и ва Имом Термизийнинг “Сунан”ини ўрганиб, уларни лотин, инглиз, француз, немис тилларига таржима қилган. Немис шарқшуноси Игнац Гольдциҳер (1850-1921) ҳадис илми ҳақида Ғарбда энг кўп тан олинган асарлардан бирини ёзган.

Ислом оламида оят ва ҳадисларни нотўғри талқини оқибатида эътиқод масаласида залолатга юз тутган фирқалар хуруж қила бошлади. VIII-IX асрларга келиб Мовароуннаҳрда, хоссатан унинг марказий шаҳарлари бўлган  Самарқанд, Насаф ва Бухоро каби шаҳарларда калом илмига алоҳида фан сифатида қарала бошланди. Ботил ақидага эга бидъатчи фирқалар кўпайгач, калом илми фиқҳ илмидан ажралиб чиқиб, тафсир ва ҳадис каби асосий илмлардан бирига айланди. Бу илмнинг асосчиси самарқандлик Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий ислом оламининг осмонида ёрқин юлдузлар каби порлади. Имом Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масалалари бўйича бир-бирига қарама-қарши фирқалар ўртасида мунозаралар кучайиб, баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай зиддиятли даврда Имом Мотуридий ҳазратлари қилич ҳал эта олмаган, мусулмонларни тарқоқликка олиб бораётган эътиқодий оқимларга қарши ўз ақлу заковати, ояту ҳадислардан олинган, ҳар қандай ақлни таслим қиладиган далиллар асосида ўта муҳим муаммоларни ҳал этдилар.

Самарқанд илоҳиёт мактаби Абу Мансур Мотуридий номи билан чамбарчас боғлиқдир. Калом илми билан биргаликда ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган аллома Абу Мансур Мотуридий ҳанафия мазҳаби фиқҳини мукаммал ўрганиб, ўз ақидавий таълимотларида имом Абу Ҳанифанинг “Ал-Фиқҳул акбар” китобига асосланди.

Имом Мотуридий ижодининг асосини калом илмининг турли масалалари ва тўғри йўлдан адашган ҳар хил оқимларга раддиялар билдиришга бағишланган асарлар ташкил қилади. Улардан “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳли ас-сунна” (ёки “Таъвилот ал-Қуръон”), “Китоб ал-мақолот”, “Китоб радд аъло-л-каромита”, “Китоб баён ваҳм ал-мўътазила”, “Китоб радд усул ал-хамса ли Аби Муҳаммад ал-Боҳилий”, “Китоб радд авоил ал-адиллат ли-л-Каъбий”, “Китоб ваъид ал-фуссоқ ли-л-Каъбий”, “Китоб радд таҳзийб ал-жадал ли-л-Каъбий , “Китоб радд ал-имомат ли-баъз равофиз” кабиларни кўрсатиш мумкин. Ушбу асарлардан “Китоб ат-тавҳид” калом илмига оид энг дастлабки асар ҳисобланиб, унда мўътазила ва бошқа оқимларнинг нотўғри нуқтаи назарлари танқид остига олинган.

Мотуридия таълимотининг тараққий этишига ҳиссаларини қўшган Имом Мотуридий шогирдларининг энг таниқлиларидан бири Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад Макҳул Насафий (1027-1114) бўлиб, унинг “Табсират ал-адилла фий усулид дин” (“Усулид дин йўналишида далиллар тилга кирганда”) ва “Ат-Тамҳид ли қавоиди ат-тавҳид”  номли асари аҳли сунна вал жамоа ақоиди мотуридия йўналишида “Ат-Тавҳид” асаридан кейин иккинчи манба ҳисобланади.

Абу Муътеъ Макҳул ибн Фазл Насафий (ваф. 930 й.) Имом Мотуридий шогирдларининг энг таниқлиларидан бири бўлиб, “Китоб фи-т-тасаввуф” (“Тасаввуф ҳақида китоб”), “Китобул луълиъёт фил мавоъиз” (“Мавъизалар бўйича жавоҳирлар”) асарлари муаллифидир. Унинг “Китабу радд ала аҳли-л-бидаъи ва-л-аҳва” (“Бидъат аҳли ва ҳавойиларга раддия китоби”) номли рисоласи бевосита калом илмига алоқадор манба сифатида катта шуҳрат қозонган[8].

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исмоил Саффор Бухорий Ҳанафий (вафоти 1151 й.)нинг “Талхису-л-адиллати-л-қавоиди-т-тавҳид” (“Тавҳид илми қоидалари ҳақидаги далилларнинг қисқача баёни”) асари калом илмида мўътамад асарлардан саналади[9].

IX асрда Насафда ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Х асрда Аҳмад ибн Муҳаммад Тадёний, Ҳаммод ибн Шокир ан-Насафий, Абдулмуъмин ибн Халаф Насафий, Лайс ибн Наср Кожарий” “Насафий” тахаллуси билан бир неча ўнлаб уламолар номлари маълум. Мотуридия калом мактабининг атоқли намояндаларидан бири Абу Муин Насафий, муҳаддис ва ҳанафия мазҳабининг таниқли фақиҳи Абул Ҳасан Баздавий Насафий ва бир қанча насафийлар яшаб ижод этган.

Бу муаззам шаҳарда ўз соҳасининг жуда кўп зукко билимдонлари камол топган. Амир Темур ва темурий шаҳзодалар салтанати даврида Насафда илм-фан, маданият ва санъат айниқса ривожланган. Абу Саъд Абу Карим Самъонийнинг “Китоб ал-ансоб” асарида VIII-XII асрларда яшаб ўтган 180 га яқин Насафлик олимлар номлари қайд этилган. Шу боисдан насафлик алломаларнинг жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшгани бизда фахр ва ғурур уйғотади. Жумладан, Насафдан Аббос Мустағфирий, Абу Туроб Нахшабий, Зиёвуддин Нахшабий, Муйиддин Насафий, Нажмиддин Насафий, Али Насафий, Олим Насафий каби уламолар етишиб чиқди.

Қуръони каримдан кейин ҳадислар шариат ҳукмларини белгилашда муҳим аҳамият касб этган. Ҳанафийлар Қуръон, сўнгра саҳиҳ ва машҳур ҳадислар, кейин саҳобалар қавллари, қиёс ва истиҳсобга таянган. Фиқҳ уламолари ҳадисларга таянадиган ҳолда ҳуқуқий қарорлар чиқарган. Бу эса, суд ишларида адолатни таъминлашга хизмат қилган. Шунингдек, ҳадислар орқали ижтимоий муносабатлар тартибга солинган[10]. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари таъсирида Мовароуннаҳрда айниқса ҳанафий мазҳабига асосланган фиқҳ илми жуда кучли ривожланди. Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳабининг қалбига айланди.

Мовароуннаҳрлик фақиҳлар ҳадисларни фиқҳий ҳукмлар чиқаришда асос қилиб олган. Масалан, никоҳ, талоқ, тижорат, вақф, жиноят, мерос ва бошқа муомалот масалаларида ҳанафий фақиҳлар аввало Қуръони каримга, кейин саҳиҳ ҳадисларга таянган.

Бунга Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Садрушшариалар, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Умар Насафий кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

 Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Марғинонийнинг (1123-1197) “Ал-Ҳидоя” асари ўзида ибодат ва муомалот масалаларига оид инсон ҳуқуқлари ва мажбуриятларини баён қилган[11]. Маҳбубийлар оиласи вакили, фақиҳ Бурҳонушшариа Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий Ҳанафий қаламига мансуб “Виқоя” асари ҳанафий мазҳаби мўътабар матнлари қаторидан жой олган асар ҳисобланади[12].

Садрушшариа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг “Мухтасарул Виқоя” асари ҳам ҳозиргача кенг истифода этилиб келинмоқда.

Мовароуннаҳрлик фақиҳларнинг таъсири фақат бу диёр билан чекланиб қолмай, ҳинд диёрларидан то Африка қитъасигача етиб борди. Мовароуннаҳр фақиҳларининг асарлари нафақат ислом оламида, балки Ғарбда ҳам катта эътиборга сазовор бўлган. Европа ҳуқуқшунослари XVIII асрдан бошлаб Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари асосида ўз ҳуқуқ тизимлари ва қонуншунослигини ишлаб чиққан.  Алломанинг ислом ҳуқуқшунослигига оид бу асари тадқиқ қилиниб,  инглиз, француз, немис тилларига таржима қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислар таъсирида Мовароуннаҳрдан муаллимус соний – Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино каби файласуф алломалар етишиб чиқди.

Шарқнинг буюк ислом файласуфи Абу Наср Форобий (259-339 ҳ./873-950 м.) “Ма қаблал фалсафа”, “Ароу аҳл ал-мадина ал-фозила” ва бошқа ўнлаб китоб ва рисолаларида одоб-ахлоқ мавзуси, айниқса, талаба ва ўқувчиларга қилинган панд-насиҳат ва кўрсатмалар ўрин олган.

 Шарқнинг буюк алломаларидан яна бири, ватандошимиз Абу Али ибн Сино (370- 428 ҳ./980-1037 м.) “Ас-Сиёсат” ва бошқа асарларида ҳам одоб-ахлоқ мавзуси, талаба ва ўқувчиларга қилинган панд-насиҳат ва кўрсатмалар ўрин олган, дейиш мумкин.

Абу Али ибн Сино бундан ташқари калом, тиб, жўғрофия билан ҳам машғул бўлган. Қуръони каримнинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У киши қолдирган асарлар рўйхатига назар солган одам буни дарҳол сезади. Лекин асосий вақтини тиб илми билан ҳам машғул бўлиб ўтказган[13].

Ҳадислар ёш авлодни маънавий жиҳатдан тарбиялаш, уларда ахлоқий фазилатларни шакллантиришда муҳим роль ўйнаган. Шу билан бирга, ҳадис илмини ўрганиш мантиқий фикрлаш, таҳлил қилиш ва илмий ёндашувни ривожлантирган.

Самарқанд қозиси бўлган, тарихда “Ибн Ҳиббон” куняси билан танилган муҳаддис Абу Ҳотим Бустий (ваф. 354 ҳ./965 м.) томонидан ҳам “Ал-Олим вал мутааллим” номли асар битилган. Унинг “Равзат ал-уқало” номли асари ҳам одоб-ахлоқ мавзусига бағишланган[14].

Ҳанафий олимлари орасида талаба ва ўқувчилар одоб-ахлоқи ва таълим-тарбиясига бағишланган энг машҳур асар, шак-шубҳасиз, ватандошимиз Бурҳониддин аз-Зарнужий (XII аср охири – XIII аср бошлари) қаламига мансуб “Таълим ал-мутааллим тариқ ат-тааллум” (“Илм ўрганувчига илм олиш йўлини ўргатиш”) номли рисоладир.

Мовароуннаҳр тасаввуф мактаби (хожагон-нақшбандия) ҳам бевосита ҳадисларга таянган. Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) ва ундан олдинги Хожа Аҳрор Валий (1404-1490), Ҳаким Термизий каби буюк шайхлар ҳадисларни тасаввуфнинг амалий асоси сифатида қўллаган. Тасаввуф йўналишида Хожа Аҳрор Валий, Баҳоуддин Нақшбанд ҳадислардаги “зикр”, “ихлос”, “суҳбат”, “тавба билан покланиш” мавзуларидаги кўрсатмаларга таянган.

Ҳадислар бошқа халқлар қатори Мовароуннаҳр жамиятида ҳам ахлоқий тарбиянинг асосий манбаларидан бири бўлган. Улар орқали инсонлар ҳалоллик, адолат, меҳр-оқибат, сабр ва камтарлик каби фазилатларга даъват этилган.

Мовароуннаҳрда ҳам ҳадислар жамиятнинг ахлоқий асосларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган. Улар орқали ҳалол ва ҳаром тушунчалари аниқ белгилаб берилди. Инсонпарварлик, адолат, меҳр-шафқат каби қадриятлар кенг тарғиб қилинди. Оила ва жамият муносабатлари мустаҳкамланди. Ҳадислар жамиятда ахлоқий барқарорликни таъминлаб, ҳудудда ижтимоий цивилизациянинг маънавий-ахлоқий устунига айланди.

Имом Бухорийининг “Биррул волидайн” ва “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одоблар хазинаси”) асари илм аҳли ўртасида жуда машҳур ва мўътабар китоб ҳисобланади. Аксарият олимларнинг қайд этишича, “Биррул волидайн” асарида ота-она хизмати ва ҳақларига, қариндошлик ришталарини боғлашга ва турли ижтимоий муносабатларга  оид 76 та ҳадис келтирилган[15]. “Ал-Адаб ал-муфрад” китоби Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг одобларини ўзида жамлаган ва исломий, инсоний фазилатларга оид тартиб-қоидаларни тарғиб этади. Имом Бухорий бу китобда 1322 та одоб-ахлоққа доир ҳадиси шарифни 644 бобда ривоят қилган[16].

Хулоса қилиб айтганда, Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг шаклланишида ҳадислар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Улар нафақат диний манба, балки ижтимоий, ҳуқуқий, ахлоқий ва илмий тараққиётнинг асосий омили сифатида намоён бўлган. Мовароуннаҳр алломалари томонидан яратилган ҳадис илми мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ва инсоният маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда.

Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий мероси ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилганда ҳам камлик қилишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришимиз мумкин. Улуғ ватандошларимиздан бири Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафийнинг “Ал-Қанд фии зикри уламаи Самарқанд” номли китобида фақат Самарқанд шаҳрига тегишли бир минг ўнта олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган[17]. Албатта, мазкур китобда унинг муаллифига маълум бўлган ва ундан олдин яшаб ўтган уламолар ҳақида маълумот берилган, холос. Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам худди шу сўзларни такрорлашимиз мумкин.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, ҳадислар Мовароуннаҳрда қуйидаги соҳаларда асосий фундамент вазифасини ўтаган:

  1. Тафсир, калом, фиқҳ, ҳадис илми соҳасида.
  2. Тасаввуф ва ахлоқ соҳасида – нақшбандия тариқатининг ҳадисларга таянган тарбия тизими, маҳаллий аҳолининг одоб-ахлоқ меъёрларининг исломлашуви.
  3. Таълим тизимида – мадрасаларда ҳадис фанларининг алоҳида ўрин эгаллаши, “Саҳиҳул Бухорий” ва бошқа ҳадис китобларининг дарслик сифатида ўқитилиши.
  4. Илмий меросда – мовароуннаҳрлик муҳаддисларнинг санад ва матн танқиди илмига қўшган ҳиссаси, бу соҳадаги усулларининг кейинги асрлардаги ислом уламолари ва ғарб шарқшунослари томонидан эътироф этилиши.

Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг шаклланиши ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрнини тўлиқ тушуниш учун ҳадис илмига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу илм минтақадаги ислом маданиятининг ўзаги бўлиб, унинг таъсири ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистон мусулмонлари ҳаётида ҳануз сезилиб туради.

1] Koçyiğit. Hadis usulü. – Б. 233.; Koçyiğit. Hadisçilerle kelamcilar arasindaki münakaşalar. – Б. 98.; Mustafa el-Azami. Buhari. Туркия Диёнат ишлари вазирлиги. Ислом энциклопедияси. VII. –Б. 368-372.;  Salahaddin Polat. Kelabazi. Туркия Диёнат ишлари вазирлиги. Ислом энциклопедияси. XXV, 191.
[2] Исмоил Ҳожи Райҳон ўғли. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий. – Б. 10.
[3] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. – Т.: Шарқ, 2008.
[4] Ходжаев А. Ислом цивилизацияси тарихи. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
[5] Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Қоҳира: Дар ал-кутуб, 1998.
[6] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ақоид ан-Насафия. – Самарқанд нашриёти, 2005.
[7] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. – Бухоро: “Дурдона” нашриёти, 2012. – Б. 43.
[8] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: “Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази” нашриёт уйи, 2008. – Б.95.
[9] Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исмоил Саффор Бухорий Ҳанафий. Талхису-л-адиллати-л-қавоиди-т-тавҳид. – Байрут: Маъҳадул Алмоний, 2011.
[10] Абу Ҳанифа. Ал-Фиқҳ ал-акбар. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 1995.
[12] Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий. Катоиб аъломил ахёр. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2018. –Б. 265.; Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун. Ж. 2. – Байрут: Дору иҳёут туросил арабий.; Абдулҳай Лакнавий. Фавоидул баҳия. – Қоҳира: Дорул китоб исломия. –Б. 338, 339.; Абдулҳай Лакнавий. Умдатур риъоя. Ж.1. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 2009. – Б. 18-20.; Умар Куҳола. Мўъжамул муаллифин. Ж. 3. – Байрут: Муассасатур рисала, 1414 ҳ. – Б. 818.; Исмоил Боғдодий. Ҳадиятул орифин. Ж. 1. – Дорул фикр, 1402 ҳ. – Б. 787.
[13] Ирисов А. Абу Али ибн Сино. – Т.: Фан, 1980; – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2002. 4-том. – Б. 48.
[14]  Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-илм, 2002. – Б. 78.
[15] Имом Бухорий. Биррул волидайн. – Миср: Мактабатул Имом ал-Бухорий, 2014.
[16] Имом Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – Т., 1970.
[17] Қаранг: Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. Назар Муҳаммад Форёбий таҳқиқи. – Саудия Арабистони: Мактабатул Кавсар, 1991.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
«МОВАРОУННАҲР ВА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТЎПЛАМИДАН ОЛИНДИ.

Check Also

СЎФИЯ РОБИАИ АДАВИЯ ҲАҚИДА

Кириш. Аёл зотининг инсоният тарихида ҳам, жамият тараққиётида ҳам ўрни беқиёсдир. У беғараз меҳр соҳиби …