Home / МАҚОЛАЛАР / ХИЗР АЛАЙҲИССАЛОМ

ХИЗР АЛАЙҲИССАЛОМ

Инсон зоти азалдан ғайб оламига қизиқиш билдириб келган ва бу қизиқиш тарих давомида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мазкур қизиқишнинг табиий натижаси ўлароқ, ғайб олами ҳамда у билан алоқадорлиги илгари сурилган шахслар ва сиймолар ҳақида турли-туман фикрлар, талқинлар ва баҳолар билдирилган ҳамда бу жараён бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Айниқса, ғайб олами билан алоқадор деб эътироф этилган шахс ёки шахсларнинг ўзлари ҳам кўзга кўринмас, ғайбий мавжудот сифатида тасаввур қилиниши инсонларнинг мазкур оламга бўлган қизиқишини янада орттирган. Натижада инсоният бу борада баъзан эътиқодий жиҳатларни ҳам қамраб олган, турли қараш ва баҳолардан таркиб топган ниҳоятда бой ижтимоий-маданий меросни шакллантирган.

Диний, шунингдек, тарихий-маданий адабиётларда ғайб олами билан алоқадор деб эътироф этилган, ҳақида кўплаб фикрлар билдирилган ва турли фаразлар илгари сурилган сиймолардан бири — аксарият уламолар Хизр номи билан таниган шахсдир. Қуръони каримда келтирилган бир қиссадан маълум бўлган ушбу шахснинг номи мазкур қиссада очиқ-ойдин зикр этилмаган бўлса-да, кўплаб ривоятларда Хизр номи билан тилга олинади. Биз ҳам тадқиқотимиз давомида ушбу шахсга ишора қилиш мақсадида ўрин-ўрнига қараб «Хизр», «Солиҳ банда», «Донишманд банда» ёки шунчаки «Банда» ва «Абд» ибораларидан фойдаланамиз. Гап Каҳф сурасининг 60-82-оятларида баён қилинган, Мусо алайҳиссаломнинг айрим билимларни ўрганиш мақсадида учрашган мазкур шахс билан биргаликда сафарга чиқиши ва уларнинг бошидан кечирган воқеалари ҳақидаги қисса хусусида бормоқда.

Ушбу қисса нафақат Қуръони каримда, балки турли ровийлар ривояти орқали ҳадис манбаларимизда ҳам келтирилган. Қиссанинг Қуръони карим ва ҳадис китобларидаги баёнида Хизрнинг ғайбий билимларга эга эканига ишора қилувчи айрим ифодаларнинг мавжудлиги ҳамда кейинги даврларда ушбу ифодаларнинг турлича талқин қилиниши мазкур ҳадис ва ривоятларни санад ҳамда матн жиҳатидан тадқиқ этиш заруратини юзага келтирди. Шу боис тадқиқотимизда оят ва ҳадислар далил қилиб келтирилган ҳолда ҳануз ҳаёт экани иддао қилинадиган Хизрнинг кимлиги ва мавжудлиги, шунингдек, унинг ғайбни билиш-билмаслиги масаласини тегишли ҳадис ва ривоятлар асосида ўрганишга ҳаракат қиламиз. Тадқиқот соҳамиз тақозосига кўра, асосий эътиборни ҳадис ва ривоятларнинг санад ҳамда матн таҳлилига қаратамиз.

«Хизр ва унинг шахсияти» деб номланган биринчи бобда ишимизга назарий асос яратиш мақсадида, аввало, Хизрнинг шахсияти, исми, мавжудлиги, яшаган даври, ҳозирги кунда ҳам ҳаёт ёки ҳаёт эмаслиги, исломдан олдинги эътиқодлардаги ва ислом тасаввуфидаги ўрни, шунингдек, маданий-фольклор жиҳатларига оид турли манбалардан аниқланган умумий маълумотларни кўриб чиқдик. Шундан сўнг ғайб (кўринмас олам), ғайбий билим ва унинг чегаралари ҳақидаги қарашлар ҳамда баҳоларни таҳлил қилдик. Биринчи бобнинг якунида эса Қуръони каримда «Хизр» исми очиқ-ойдин зикр этилмаганидан келиб чиқиб, Мусо алайҳиссалом ва Хизр (Солиҳ банда/Донишманд банда) қиссаси юзасидан айрим илм аҳллари билдирган мулоҳазаларга ўрин бердик.

Иккинчи бобда эса Хизрнинг ғайбий билимларга эга эканига ишора қилувчи ифодаларни ўз ичига олган асосий ҳадисларни, улар келтирилган манбаларнинг ислом уламолари наздидаги илмий қиймати ва аҳамиятини ҳам эътиборга олган ҳолда, санад ва матн жиҳатидан танқидий таҳлил қилдик. Бу орқали Хизрнинг мазкур ҳадис манбаларидаги ўрни, унга нисбат берилган хусусиятлар ҳамда унинг тарихий-диний воқелигини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Хизр ҳақидаги ривоятларни ўрганишда жамъ, тўплам, завоид, мустадрак ва мустахраж туридаги иккиламчи манбалардан кўра, ҳадис илмининг асосий ва эътиборли манбаларини асос қилиб олишга ҳаракат қилдик. Зеро, барча манбаларни қамраб олганимизда, иккиламчи манбалар ҳам, асосан, бирламчи манбаларга таянгани сабабли бир хил ривоятларнинг такрорланишига ортиқча ўрин беришимизга тўғри келар эди. Шунга қарамай, мавзуга алоқадор ривоятларда муайян фарқларни аниқлаган ҳолларда манба борасида чеклов қўймасдан, тегишли асарга ҳавола бердик.

Бизга маълум бўлган манбалар доирасида ушбу тадқиқотларда тегишли ҳадис ва ривоятлар атрофлича санад ва матн танқиди асосида ўрганилмаган, айниқса, Хизрнинг ғайбий билимларга эга бўлиши масаласи батафсил таҳлил қилинмаган. Биз ҳам имкониятларимиз доирасида ана шу илмий бўшлиқни тўлдириш ва масаланинг янада ойдинлашишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилдик.

Бошқа томондан, диний адабиётларда ҳам, тарихий, маданий ва мифологик маълумотларни ўрганувчи манбаларда ҳам Хизр ҳақида, асосан, бир-бирини такрорлайдиган кўплаб маълумотлар мавжудлигини таъкидлаш мумкин. Шу боис тадқиқотимиз доирасини, асосан, Хизрнинг шахсияти ва мавжудлиги билан бир қаторда, унинг ғайбий билимлардан воқиф бўлган-бўлмагани масаласига бевосита алоқадор ривоятлар билан чеклашни мақсадга мувофиқ деб топдик. Ушбу ривоятларни эса учта асосий ҳадис доирасида жамлашга ҳаракат қилдик.

Шу нуқтаи назардан, ҳадис манбалари сифатида Кутуби ситтадан олдинги даврнинг илк асарларидан Ҳумайдийнинг «Муснад» асарини; Кутуби ситта даврига мансуб асарлардан Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини, Ибн Можанинг «Сунан» асарини ҳамда Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ини асос қилиб олдик. Кутуби ситтадан кейинги давр манбаларидан эса биринчи ва иккинчи ҳадислар юзасидан Абу Авонанинг «Муснад»и ҳамда Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ»идан, учинчи ҳадис бўйича эса Байҳақийнинг «Сунан» асаридан фойдаландик. Булардан ташқари, тафсир, ҳадис шарҳи, табақот, рижол танқиди ва матн танқидига оид асосий манбаларга ҳам мурожаат қилдик.

Шунингдек, Хизр ҳақидаги маълумот ва мулоҳазаларни махсус тарзда ёритган айрим тадқиқотлар ҳам асосий мурожаат манбаларимиз қаторида ўрин олди. Жумладан, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Ал-Исоба фи тамйизи-с-саҳоба» асарининг иккинчи жилдидаги 286–335-бетлар оралиғида жойлашган бўлим (мазкур саҳифалар Салоҳиддин Мақбул Аҳмад томонидан «Аз-заҳру-н-нодир фи ҳоли-л-Хазир» номи билан нашрга тайёрланган ва 1988 йилда Янги Деҳлида чоп этилган), Ибн Қаййим Жавзиянинг «Ал-Манор ал-муниф фи-с-саҳиҳи ва-д-заиф» асари ҳамда сўнгги даврларда араб тилида ёзилиб нашр этилган Муҳаммад Хайр Рамазон Юсуфнинг «Ал-Хадир байна-л-воқиъ ва-т-таҳвил» номли тадқиқотини алоҳида қайд этиш мумкин.

ХИЗР (АЛ-ХАДИР)

«Хизр» номининг келиб чиқиши

Мусо алайҳиссалом билан учрашган ва у зотга сафар давомида ҳамроҳлик қилган шахснинг номи сифатида ўзбек тилида қўлланиладиган «Хизр» ёки «Хидр» сўзларининг араб манбаларидаги асл ёзилиши «ал-Хадиру» шаклидадир. «Хадр» ва «Хидр» тарзида ҳам ўқилиши қайд этилган ушбу сўз, аслида, шахснинг исми эмас, балки мазкур шахсни тавсифлаш учун қўлланиладиган сифат экани деярли барча манбаларда таъкидланган. Тўғри талаффуз «Ҳадр» ёки «Ҳидр» эмас, балки «ал-Хадир» шаклида бўлиши умумий қабул қилинган қараш ҳисобланади. Шунингдек, «ал-Хадиру» сўзи «яшил», «яшил шох» ёки «ўсимликлар ва кўкатлар кўп бўлган жой» маъноларини англатувчи «ал-Ахдар» сўзи билан бир хил маънони ифодалаши маълум (Ибн Манзур. Лисонул араб. – Б. 243).

Араб манбаларидаги мазкур номланиш шаклларидан қатъи назар, «Хизр» тарзида ёзилиши ва талаффуз қилиниши асарларини туркий тилда ёзган ислом уламолари томонидан қабул қилинган анъанага айланган. Шу сабабли биз ҳам тадқиқотимиз давомида ушбу ёзилиш шаклидан фойдаланамиз.

Бошқа томондан, манбаларда мазкур шахснинг «Ҳадир» деб номланишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида ҳам турли маълумотлар келтирилади. Жумладан, Мусо алайҳиссалом уни илк бор кўрганларида, у қуриб қолган ўт-ўланлар устида ўтирган бўлса-да, атрофида яшил майсалар униб чиқа бошлагани ҳамда у намоз ўқиган жой атрофининг бир зумда яшилликка бурканиб кетгани каби ғайриоддий ҳолатлар унинг «Ҳадир» деб аталишига сабаб бўлгани айтилади. Шунингдек, улар илк учрашган пайтда унинг эгнида яшил либос бўлгани учун унга Ҳадир номи берилгани ҳақидаги қараш ҳам ушбу номнинг келиб чиқишига оид изоҳлардан биридир (Термизий. Тафсирул Қуръон, 18. Ж.5. – Б. 313).

«Хизр» номининг келиб чиқишига бағишланган мавзуни тадқиқотимизнинг кейинги босқичлари ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мақсадида, унинг айрим хусусиятларини ифодаловчи қуйидаги мулоҳазалар билан якунламоқчимиз:

«Халқ орасида абадийлик шарбатини ичиб, мангу ҳаётга эришган, ҳар қандай замон ва маконда кутилмаган пайтда пайдо бўлиб, инсонларга ёрдам берадиган, фаровонлик ва барака келтирадиган мифологик сиймо сифатида тасаввур қилинадиган шахс. Хизр ҳақидаги тасаввур айримлар томонидан Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом билан сафарга чиққан ҳамда “Аллоҳ томонидан берилган илм ва раҳмат соҳиби” экани баён қилинган шахс билан боғлиқ ҳолда талқин қилинади (Каҳф, 65-оят). Бироқ Қуръони каримда номи зикр этилмаган ушбу шахснинг Хизр сифатидаги тасаввур билан бевосита боғлиқ эмаслиги аёндир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳеч кимга абадий ҳаёт берилмагани ва барча жонзотлар ўлимни тотиши муқаррар эканини (Анбиё, 34-35) очиқ-ойдин баён қилган».

Давоми бор…

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Check Also

ИСЛОМНИНГ ИЛК ДАВРИДА АЁЛЛАРНИНГ ДИНИЙ ВА ИЛМИЙ МАҚСАДЛАРДАГИ САФАРЛАРИ

Ҳабашистонга биринчи ҳижрат давомида тўрт нафар, иккинчи ҳижрат давомида эса ўн саккиз ёки ўн тўққиз …