Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМНИНГ ИЛК ДАВРИДА АЁЛЛАРНИНГ ДИНИЙ ВА ИЛМИЙ МАҚСАДЛАРДАГИ САФАРЛАРИ

ИСЛОМНИНГ ИЛК ДАВРИДА АЁЛЛАРНИНГ ДИНИЙ ВА ИЛМИЙ МАҚСАДЛАРДАГИ САФАРЛАРИ

Ҳабашистонга биринчи ҳижрат давомида тўрт нафар, иккинчи ҳижрат давомида эса ўн саккиз ёки ўн тўққиз нафар саҳобия Маккадан Ҳабашистонгача бўлган машаққатли сафарда иштирок этган эди. Ушбу аёллар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қизлари Руқайя (ваф. 2/624) ҳам бор эди. Шунингдек, кейинчалик «Уммаҳотул мўминин» — мўминлар оналари мақомига эришган Савда (ваф. 23/644), Умму Салама (ваф. 62/681) ва Умму Ҳабиба (ваф. 44/664) ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар.

Ҳижрат, гарчи Ислом динини эркин тарзда адо этиш ва эътиқодни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилган бўлса-да, у ўзи билан бир қатор илмий ва маданий натижаларни ҳам олиб келган. Масалан, Умму Салама ва Умму Ҳабибанинг Ҳабашистонда кўрган черковлари, улардаги тасвирлар ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га хабар беришлари ана шу ахборот алмашинувининг намуналаридан биридир. Шунингдек, Асмо бинти Умайснинг (ваф. 40/661) Ҳабашистонда дурадгорлик ҳунарини ўрганиши ҳамда у ерда кўрган марҳумларни тобутда кўтариб дафн этиш анъанасини Арабистон яриморолига олиб келиши ҳам билим ва маданий тажриба алмашинувининг яна бир ёрқин мисолидир.

Мадинага ҳижрат қилиш ҳижрат имкониятига эга бўлмаган мустазъаф кишилардан ташқари, барча мусулмон эркак ва аёллар учун мажбурий эди. Шу сабабли Мадинага ҳижрат кўплаб саҳобиялар иштирок этган сафарлардан бирига айланган. Дарҳақиқат, Қуръони каримда ҳам муҳожир аёллар жамоасига ишора қилинганини кўриш мумкин. Муҳожира аёллар баъзан гуруҳ-гуруҳ бўлиб йўлга чиққан бўлсалар, улар орасида Умму Салама каби Маккадан Мадинага деярли ёлғиз сафар қилишга мажбур бўлганлари ҳам бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида аёлларнинг узоқ ҳудудларга сафар қилиш сабабларидан бири ҳарбий юришларда иштирок этиш эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳарбий юриш мақсадида сафарга чиққанларида, албатта, аёлларидан бирини ўзлари билан бирга олиб кетардилар. Гарчи бундай сафарлар Оиша (ваф. 58/678) онамизнинг маржонларини йўқотиб қўйишлари ва «Ифк ҳодисаси» каби аёллар учун турли қийинчилик ҳамда ташвишларни келтириб чиқарган бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу амалиётдан воз кечмаганлар.

Ҳарбий юришлар амалга оширилган ҳудудлар Мадинадан унчалик яқин масофада жойлашмаган эди. Масалан, Оиша ва Умму Салама оналаримиз иштирок этган Бану Мусталиқ ғазоти (5/627) содир бўлган Мурайсийъ ҳудуди Мадинадан тахминан 70 мил (112 км) масофада жойлашган эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида сафарларда иштирок этган аёллар фақатгина Уммаҳотул мўмининдан иборат эмас эди. Мадинадан 170 км шимолда жойлашган Хайбар фатҳида иштирок этган саҳобиялардан бири Умму Зиёд мазкур ҳарбий юришда олти нафар аёл қатнашганини маълум қилади. Шунингдек, Мадинадан тахминан 450 км узоқликда жойлашган Маккани фатҳ этиш учун йўлга чиққан саҳобалар орасида ҳам аёллар бор эди. Барча ғазотлар орасида энг узоқ масофада — Мадинадан 778 км узоқликда амалга оширилган Табук ғазоти (9/630) ҳам оз сонли бўлса-да, аёллар иштирок этган ҳарбий юришлардан бири сифатида намоён бўлади.

Дарҳақиқат, аёлларнинг мазкур ҳарбий юришларда иштирок этиши уларнинг сафар давомида кўрган-билганларини кейинчалик ривоят қилишларига ҳам замин яратган. Масалан, Хайбар ғазотида (7/628) иштирок этган саҳобиялардан Умму Зиёд Ашжаийя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аёлларга ҳам эркаклар қатори ўлжадан улуш ажратганлари ва аёлларнинг ушбу ҳарбий юриш давомида бажарган вазифалари ҳақида ривоят қилган.

Аёлларнинг сафарга чиқишида ҳарбий юриш асосий мақсадлардан бири бўлгани каби, Саодат асрида Исломни қабул қилганини эълон қилиш ва Ислом динига оид турли саволларга жавоб олиш мақсадида Арабистон яриморолининг турли ҳудудларидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келган саҳобиялар ҳам бўлган. Масалан, Қайла бинти Маҳрама Нажд ҳудудида истиқомат қилувчи Тамим қабиласига мансуб бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га айрим саволларни бериш мақсадида Нажддан Мадинага сафар қилган саҳобиялардан бири эди. Нажд Мадинадан тахминан 100 км шарқда жойлашган.

Ислом анъаналарида илк даврлардан бугунги кунга қадар аёллар учун энг кенг тарқалган ва умумий сафар сабаби ҳаж ибодати бўлиб келган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларига назар ташлайдиган бўлсак, Видолашув ҳажида Исломни қабул қилган мусулмонларнинг катта қисми — эркаклар ҳам, аёллар ҳам бир жойга жам бўлганини айтиш мумкин. Айрим манбаларда Видолашув ҳажида эркак ва аёллардан иборат жами қирқ минг киши иштирок этгани қайд этилади.

Дарҳақиқат, саёҳат эркаклар билан бир қаторда аёллар учун ҳам диний жиҳатдан зарурий тус олган асосий ибодат – ҳаждир. Зеро, сафарни тақозо этувчи ҳарбий юриш ёки илм олиш каби фаолиятлар фарз кифоя хусусиятига эга бўлса, ҳаж ибодати фарз айн ҳисобланади. Шунингдек, ҳажнинг фарзлиги борасида эркаклар ва аёллар ўртасида ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас. Шу сабабли Ислом анъаналарида аёл ва саёҳат муносабатининг энг яққол ҳамда кенг тарқалган ифодаси ҳаж ибодати эканини таъкидлаш мумкин.

Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳажни «аёлларнинг жиҳоди» деб таърифлаб, уни рағбатлантирганлари ҳам бу икки амал ўртасидаги умумий жиҳат – сафар машаққатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бошқа томондан, айниқса, тобеинлар авлодига мансуб аёллар учун ҳаж сафарлари Макка ва Мадина шаҳарларида Уммаҳотул мўминин ҳамда бошқа саҳобалар билан учрашиш имкониятини яратган. Бу эса турли ҳудудлардан келган аёл тобеинларга ҳадисларни бевосита саҳобаларнинг ўзларидан эшитиш имконини берган.

Бунга мисол тариқасида Умму Салим бинти Молик Росибийяни келтириш мумкин. У ҳаж ёки умра мақсадида Ҳижозга ўн етти марта сафар қилган ва Оиша онамиздан ҳадис тинглаган.

Куфалик аёл тобеия Жасра бинти Дағожа эса қирқ марта умра ибодатини адо этган. Ушбу умра сафарлари давомида Оиша, Умму Салама оналаримиз ҳамда Абу Зарр Ғифорий (ваф. 32/653) билан учрашиш имконига эга бўлган.

Дикро бинти Ғолиб эса тавоф жараёнида Оиша онамиздан ҳадис қабул қилган басралик аёл тобеия эди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Мазкур мисоллар ҳаж ибодати ҳадис илмини ўрганишнинг асосий воситаларидан бири бўлган «риҳла» (илм талабида сафар қилиш) хусусиятини ҳам ўзида мужассам этганини яққол кўрсатади. Бошқача айтганда, ҳаж нафақат диний бурчни адо этиш, балки турли ҳудудлардаги илм аҳли билан учрашиш, саҳобалардан бевосита ҳадис тинглаш ва илмий билимларни ўзлаштириш учун ҳам муҳим имконият вазифасини бажарган.

Ҳадис илмини ўрганиш мақсадида сафарларга чиқиш кенг тарқалган ва муқаррар фаолиятга айланиши, бошқача айтганда, риҳланинг ўзига хос илмий метод сифатида шаклланиб, кўплаб ҳудудларни қамраб олган ҳолда кенгайиши тобеинларга эргашганлар (атбоъ ат-тобеин) давридан бошланади.

Аслида, риҳланинг илк намуналари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларида ҳам учрайди. Жумладан, у зотга савол бериш мақсадида келган саҳобалар ва турли вакиллар, шунингдек, саҳобалар даврида Жобир ибн Абдуллоҳ (ваф. 78/697) ва Абу Айюб Ансорий (ваф. 49/669)нинг биргина ҳадисни эшитиш учун сафар қилганлари бунга мисол бўла олади.

Тобеинлар даврида эса Саид ибн Мусаййабнинг (ваф. 94/713) бир неча кунлаб сафар қилиши, Ҳасан Басрийнинг (ваф. 110/728) фақат битта ҳадисни эшитиш мақсадида йўлга чиқиши, кейинчалик Ҳушайм ибн Баширнинг (ваф. 183/799) икки шаҳар ўртасида ҳадис ўрганиш учун қатнаб турганини таъкидлаши каби воқеалар ҳадис илми йўлидаги сафарларнинг дастлабки намуналарини ташкил этади.

Бироқ мазкур мисолларнинг барчасига хос умумий жиҳат шундаки, улар фақат икки ҳудуд ўртасида амалга оширилган сафарлардан иборат эди. Масалан, Жобир ибн Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Унайсдан (ваф. 54/674) ҳадис эшитиш учун Мадинадан Шомга; Абу Айюб Ансорий эса Уқба ибн Омирдан (ваф. 58/678) ҳадис тинглаш мақсадида Мадинадан Мисрга сафар қилган. Саид ибн Мусаййаб Абу Ҳурайрадан (ваф. 58/678) ҳадис олиш учун Мадинадан Зул-Ҳулайфагача борган. Ҳасан Басрий эса Каъб ибн Ужрадан (ваф. 52/672) ҳадис эшитиш мақсадида Басрадан Куфага йўл олган. Атбоъ ат-тобеин авлодининг йирик вакилларидан бўлган Ҳушайм ибн Башир ҳам ўз сафарлари икки шаҳар ўртасида амалга ошганини қайд этади.

Ромаҳурмузий (ваф. 360/971) ҳадис ўрганиш мақсадидаги сафарларнинг кўплаб ҳудудларни қамраб олган кенг кўламли сафарларга, шунингдек, имкон қадар кўпроқ кишилардан ҳадис жамлаш фаолиятига айланишини Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 181/797), Абу Довуд Тайолисий (ваф. 204/819) ва Зайд ибн Ҳубоб (ваф. 230/844) фаолияти билан боғлайди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудлараро риҳла анъанаси атбоъ ат-тобеин даврида шакллана бошлаган, деб айтиш мумкин.

Бироқ сафарлар воситасида билим ва маълумот алмашишнинг илдизлари Исломнинг илк даврларигача бориб тақалади. Бу жараёнда эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам иштирок этганлар. Ҳатто Имом Бухорий (ваф. 256/870) ва Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071) каби муаллифлар илм ўрганиш мақсадида амалга оширилган сафарларни Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом билан учрашуви воқеаси мисолида баён қилганлар.

Инсонлар турли муаммо ва масалаларга дуч келганларида уловларига миниб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келишлари, у зотнинг турли ҳудудларга элчилар юборишлари, элчилар орқали етказилган маълумотларни тасдиқлатиш мақсадида айрим кишиларнинг яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га мурожаат қилишлари илмий мақсадлардаги сафарларнинг илдизлари Саодат асригача бориб тақалишини кўрсатади. Абу Айюб Ансорий ва Жобир ибн Абдуллоҳнинг риҳлалари бу борада келтириладиган энг муҳим мисоллардандир.

Шубҳасиз, саҳобалар даврида ҳали олий санадга эга бўлиш, турли матн ва ривоят йўлларини жамлаш, ҳадисларни тадвин қилиш каби услубий ва методологик мақсадлар шаклланмаган эди. Эҳтимол, ўша даврда жиҳод, ҳаж, яшаш жойини ўзгартириш (искон) каби турли сабаблар билан амалга оширилган сафарлар давомида ҳадисларни ривоят қилиш, шу орқали билим ва маълумотларни янги ҳудудлар ҳамда инсонларга етказиш жараёни устувор бўлган.

Айниқса, саҳобия аёлларнинг сафарлари ва улар давомида ҳадисларни ривоят қилиш ҳолатини ҳам тизимли маънодаги риҳла доирасида эмас, балки саёҳатнинг табиий равишда юзага келган натижаларидан бири сифатида баҳолаш лозим. Зеро, уларнинг сафарлари турли-туман сабаб ва мақсадларга асосланган эди.

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими

Check Also

ИСЛОМДА САЁҲАТНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Саёҳат Ислом динининг икки асосий манбаи бўлган Қуръони карим ва Суннатда кўп бора тарғиб этилган, …