Кириш: Ислом тарихида аёллар бошидан бошлаб таълим жараёнида иштирок этган. Илм олиш – иймон ва ибодат билан бирга – ҳар бир мусулмон учун диний мажбурият бўлиб, у ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини, ҳатто охиратни ҳам қамраб олган. Шу сабабли, таълим умумий жараён бўлиб, ҳеч ким четда қолмаган. Пайғамбар (с.а.в.)нинг сўзлари ва амаллари аёллар томонидан ҳам кузатилган, улар диний билимларни етказишда эркаклар билан бир қаторда фаол роль ўйнаган. Пайғамбар (с.а.в.) вафотларидан кейин ҳам саҳобалар сингари, бошқа ҳудудларга кўчиб борган аёл саҳобалар илм тарқатишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган ва тобеинларнинг етишишига катта ҳисса қўшган [7].
Дастлабки даврларда илмий фаолият аёллар ва эркаклар учун умумий бўлган [3:200]. Уларни таълим ва ижтимоий ҳаётдан чеклашга қаратилган тор қарашлар мавжуд бўлсада, бу ёндашув ҳукмрон фикрга айланмаган ва аёлларни ҳадис илмидан четлаштира олмаган. Аёллар ҳадис мажлисларида қатнашиб, ривоят қилишдан тортиб китоб нусха кўчиришгача бўлган жараёнларда фаол иштирок этган. Улар нафақат талаба, балки устоз сифатида ҳам илмий ҳаётнинг бир қисми бўлган [10:56-138-199].
Бироқ бу жараённинг риҳла – илмий сафарлар – билан қанчалик боғлиқ бўлгани алоҳида муаммо бўлиб қолади. Аёллар ҳадис таълимида риҳлага камроқ жалб қилинганми ёки унда ҳам ўзига хос иштироки мавжудми? Агар улар сафарга чиққан бўлса, бу қандай шаклда ва қай даражада амалга ошган? Мақолада шу саволлар доирасида аёлларнинг риҳла фаолияти таҳлил қилинади.
Илм талабида эркаклар каби аёллар ҳам илм манбаларига мурожаат қилган. Улар дастлаб оилавий муҳитда дарс олган, кейин бошқа устозлардан сабоқ олиб, баъзида риҳла қилган [4;14:137;10:97-102]. Бироқ бу кенг тарқалган амалиёт эмас эди. Шунга қарамай, ҳадис адабиётида кўплаб ҳукмлар фақат аёл ровийлар орқали етиб келган, кўплаб муҳаддислар аёллардан дарс ва ижозат олган, аёл олимлар сони эркаклар билан тенг даражада бўлган.
Муҳаммад Акрам Надвий “Ал-Вафо би асмои ан-нисо” асарида мусулмон аёлларнинг илмий фаоллигини манбаларга таяниб исботлаган. У аёллар илмда эркаклардан кам бўлмаганини кўрсатади. Ҳоким Найсобурий (ваф. 405/1014) диний билимларнинг бир қисмини аёллардан олганини қайд этади. Ҳатиб Бағдодий (ваф. 463/1071)нинг “Тариху Бағдод” асарига илова ёзган Абдулваҳҳоб ибн Нажжарнинг тўрт юзга яқин аёл устози бўлган. Имом Бухорийнинг ҳам етмишга яқин аёл устозлари бор эди.
Шом, Миср ва Андалус каби илмий марказларда аёл устозлар дарс берган. Масалан, Зайнаб бинт Камол Дамашқда ҳадис ўқитиб, Заҳабий ва Субкий каби олимларга устозлик қилган. Фотима Батайҳийя Шом ва Мадинада “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқитган, Ибн Рушайд ундан ижозат олган. Оиша Мақдисийя Дамашқда дарс берган, Ибн Ҳажар ундан 70 та китоб ўқиган. Ҳанафий фақиҳ Алоуддин Самарқандийнинг қизи Фотима Самарқандий фиқҳ ва ҳадисда етук олима бўлиб, унинг илмий маслаҳатлари турмуш ўртоғи Қосаний томонидан қадрланган.
Энг саҳиҳ иснодлар орқали ривоят қилинган “Саҳиҳул Бухорий”нинг машҳур нусхаси Карима Марвазийга тегишли. Тарихий манбалардан кўриш мумкинки, уйдирма ҳадисларни асосан эркаклар тарқатган, аёллар эса бундай айбловдан холи бўлган.
Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили: Ҳадис илми ривожида илмий сафар – риҳла – асосий воситалардан бири сифатида қадрланган. Илк авлод мусулмонлари, хусусан, саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоятида ишончлиликни таъминлаш, олий иснодга эришиш ва илмни бевосита эгасидан олиш мақсадида узоқ масофаларга сафар қилган. Бу анъана ҳақида ёзилган энг муҳим манбалардан бири Ҳатиб Бағдодийнинг “Ар-Риҳла фи талабиъл-ҳадис” рисоласидир (Нуриддин Итр, Байрут 1395/1975). Унда муаллиф риҳланинг моҳияти, саҳоба ва тобеинлар мисолида ҳадис учун қилинадиган сафарлар ҳамда олий санадга эришиш йўлидаги уринишларни муфассал баён этади.
Асарнинг охирига илова қилинган “Истидрокуъз-зиёдот ала китабиър-риҳла” номли 37 саҳифалик қўшимча изоҳлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Унда фақат эркак муҳаддислар эмас, балки аёллар фаолиятини тушунишга ёрдам берадиган ижтимоий ва тарихий омиллар ҳам ёритилган.
Ҳадис илми ва риҳла муносабатини тизимли ўрганган бошқа тадқиқотлар ҳам мавжуд. Масалан, Исо Зайтунийнинг “Ар-Риҳла ва асаруҳа фиъл-ҳадис ва улумиҳ” номли докторлик диссертацияси (Тунис, 1988) ва Юсуф Ачıкелнинг “Ҳадис Топламак İчин Япıлан Сеяҳатлер (Риҳле)” номли магистрлик иши (Анқара, 1992). Бу тадқиқотларда риҳланинг ҳадис методологиясидаги роли, сафар турлари ва шахсий ташаббусларнинг ўрни таҳлил қилинган.
Риҳланинг адабий, маданий ва тарихий қирраларини ўрганган тадқиқотлар ҳам мавжуд. Жумладан, Ҳусайн Нассор (“Адабуър-риҳла”, Қоҳира, 1991), Ҳусну Маҳмуд Ҳусайн (“Адабуър-риҳла индаъл-Араб”, Қоҳира, 1976) ва Али Муҳсин Малуллоҳ (“Адабуър-риҳлат индаъл-Араб фиъл-Машриқ”, Бағдод, 1978) тадқиқотларида мусулмон дунёсида илмий сафарнинг шаклланиши, адабий ифодаси ва маданий мазмуни таҳлил қилинган.
Бу тадқиқотлар аёл муҳаддисларнинг риҳлалари ҳақида бевосита маълумот бермасада, умумий тарихий-маданий контекстни очиб беради. Шу орқали аёлларнинг ҳам илмий сафарлари қандай шароитда кечгани ҳақида хулоса қилиш мумкин. Айниқса, Исмоил ал-Арабийнинг “Тариҳуър-риҳла ваъл-истикшоф” (Жазоир, 1986) ва И.Р.Неттоннинг “Сеэк Кноwледге: Тҳоугҳт анд Травел ин тҳе Ҳоусе оф Ислам” (Суррей, 1996) асарлари сафар маданиятининг диний-фалсафий асосларини ёритади.
Бундан ташқари, Неттон ва Назик Саба Яреднинг “Араб Травеллерс анд Wэстерн Cивилизатион” (Лондон, 1996) асарларида мусулмон аёллар илмий ҳаётдаги фаолияти ҳақидаги мулоҳазалар берилиб, аёл муҳаддисларнинг риҳлалари масаласига замонавий ёндашув таклиф этилади.
Адабиётларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, риҳла ҳадис илмининг асосий методологик воситаси бўлиб, уни ўрганиш нафақат эркак, балки аёл
Тарихий-маданий метод – илмий сафарларнинг ўша давр сиёсий, ижтимоий ва маданий шароитлари билан боғлиқ жиҳатларини ёритишга хизмат қилади. Бу метод ёрдамида аёл муҳаддисларнинг риҳлага чиқишига таъсир этган ижтимоий омиллар ўрганилди.
Контекстуал-феноменологик метод – аёллар илмий ҳаётини кенгроқ манзарада кўриб чиқиб, ҳадис илмида уларнинг тажрибаси ва фаолиятини ижтимоий-маданий муҳит билан боғлаб тушунтириш имконини берди.
Шу тарзда, методларнинг уйғун қўлланиши аёл муҳаддисларнинг ҳадис илми ва илмий сафарлардаги ролини яхлит тарзда таҳлил қилиш имконини берди.
Таҳлил ва натижалар. Траблус ва Мисрда таҳсил олиб, кейин Сурияга жойлашган Фотима бинт Абдулазиз Қазвиний (ваф. 346/957) ҳамда Нишопурлик Жума бинт Аҳмад (ваф. 396/1006) риҳлага чиққан аёлларнинг дастлабки вакилалари сифатида тилга олинади [5:27]. Ўз юртида олимлардан сабоқ олган Жума сафар давомида кўплаб шайхлардан ҳадис эшитган, Ҳаж сафарига чиққан ва Бағдодда ҳам машҳур устозлардан таълим олган [2: 445]. V асрда яшаган олимларидан Хадижа бинт Абдуллоҳ аш-Шантажалийя ва Зайнаб бинт Убайдуллоҳ Исбиҳонийя ҳам риҳла қилган аёллар бўлиб, иккаласи оталари билан сафар қилган [1: 409].
Миср ва Мадинада ҳадис ривоят қилиб, Байтул-Мақдисда вафот этган Аҳмад ибн Умарнинг қизи Зайнаб (ваф. 722/1322) [6:103], Шом ва Миср илм марказларида дарс олган Зайнаб бинт Камол (вафоти тахминан 740/1340), шунингдек, Қоҳира, Дамашқ ва Балабекда ҳадис ўқиган ва “Ибна аш-Шароиҳи” лақаби билан танилган Оиша бинт Иброҳим (ваф. 842/1438) [12:73] риҳла тажрибасига эга бўлган етакчи муҳаддисалар қаторига киради.
Риҳлага чиққан аёлларнинг аксарияти бу сафарларни оила ёрдами билан амалга оширган. Уларнинг кўпчилиги илмий анъанага эга оилаларда тарбияланган [11]. Ҳадис олимлари ўз аёллари, қизлари ва невараларига билим бериб, уларни ёшликдан дарс мажлисларига олиб борган, ижозат берган, ҳатто илмни давом эттириши учун яхши тайёрланган шогирдларига уйлантирган. Шу тариқа, риҳла масаласида ҳам уларга кўмакчи бўлган [10: 45-46].
Масалан, Имом Бухорий тўпламини Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккийдан тўлиқ эшитиб, машҳур ровий сифатида танилган Карима бинт Аҳмад Марвазий (ваф. 463/1070) отасининг ёрдами билан Қуддус ва Маккага сафар қилган. Абу Зарр Ҳаравийдан ҳадис эшитиши билан танилган Хадижа бинт Абу Муҳаммад ҳам отаси билан Андалусга борган [10:112]. VI аср муҳаддисларидан Саъд Хайр (ваф. 541/1146) эса илмий сафарларига қизларини ҳам олиб борган. У қизларининг ҳадис мажлисларида қатнашишига эътибор берган, турли устозлардан сабоқ олишларини таъминлаган ва ҳатто билимини мустаҳкамлаш учун бир устозга бир неча марта олиб борган [10:93].
Шундай имкониятларга эга бўлган аёллар ёшлигидан ҳадис олимларидан сабоқ олиб, ўз даврининг йирик муҳаддисларига айланган. Масалан, Фотима (ваф. 600/1203) отаси ёрдамида Исфаҳон ва Бағдодда машҳур устозлардан таълим олган, кейин турмуш ўртоғи билан Дамашққа, ундан сўнг Мисрга борган ва Қоҳирада вафот этган. Ибн Абдулбаррнинг (ваф.463/1071) қизи Зайнаб ҳам отасининг илмий сафарларида иштирок этган. Шунингдек, Ироқий олимнинг аёли Умму Аҳмад Оиша Алоий турмуш ўртоғи билан Дамашққа бориб, у ердаги машҳур муҳаддислардан сабоқ олган. Умму Ҳоний Марям бинт Шайх Нуриддин Абу Ҳасан (ваф. 871/1466) ҳам бобоси билан сафарларда қатнашиб, илмий фаолиятини ривожлантирган [15:156].
Оила аъзолари билан бирга сафар қилган аёл муҳаддислар жуда кўп бўлган. Кўплаб олималар турли илмий марказларга борган бўлсада, уларнинг сафарлари қандай амалга оширилгани ҳақида манбаларда батафсил маълумот берилмаган. Масалан, Миср, Дамашқ ва Ҳалабда таҳсил олган, Заҳабийнинг устозларидан Шуҳда бинт Умар Ҳалабийя (ваф. 709/1309); Шом, Миср, Ҳалаб ва Ҳумусда илм олган, Ибн Ҳажарнинг машҳур устозларидан Фотима бинт Муҳаммад ибн Абдулҳодий (ваф. 803/1400); Ҳамадон ва Райдаги муҳаддислардан ҳадис эшитган Давъун-Наҳор [1:418] барчаси илмий анъаналари кучли оилаларга мансуб эди. Шуҳданинг отаси Умар ўз даврининг йирик олимларидан бўлган, Фотима эса илм билан юксак даражада шуғулланган Мақдисийлар сулоласига мансуб эди. Давъун-Наҳор эса машҳур муҳаддис ва саёҳатчи Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Мақдисийнинг (ваф. 507/1113) қизи бўлган [8:102-103].
Аёлларнинг ёшлигидан бошлаб илмий фаолият билан шуғулланиши ва кейинги йилларда ҳам риҳла сафарларида иштирок этиши кузатилади. Оила ёрдами билан таълим олган ва самарали таҳсил даврини ўтказган аёллар юқори иснодлар ва кўплаб ижозатлар тўплаб, ҳадис илмида етакчи ўрин эгаллаган. Улар қимматли асарларнинг ишончли ровийлари сифатида танилган. Узоқ умр кўрган аёллар эса юқори иснодлари туфайли турли минтақалардан талабаларни ўзига жалб қилиб, юксак илмий мақомга эришган ва сафарлар орқали ўз билимини кенг ёйган [10, 138].
Ҳижрий VIII асрда “Саҳиҳул Бухорий”ни энг кўп ривоят қилган аёллардан бири Ситтул-Вузаро бинт Умар (ваф. 716/1316) бўлиб, бу асарни Абу Абдуллоҳ Забидидан эшитган ва Шомда ўқитган. Кейинчалик Мисрга таклиф қилиниб, йирик масжидларда дарс берган. У 90 ёшдан ошиб, ҳаётининг охиригача сабоқ беришни давом эттирган ва икки марта ҳаж сафарига чиққан.
Бой Хотун (ваф. 864/1459) Тақиюддин Абу Бакр ибн Муҳаммад Миззининг шогирди бўлиб, Сурия ва Мисрда дарс берган. Умму Ҳайр Фотима бинт Иброҳим Батойхия (ваф. 711/1311) эса узоқ умр кўриб, кўплаб ривоятлар қилган, Сурия карвони билан ҳажга бориб, Масжиди Набавийда ҳадис дарслари ўқиган. Заҳабий каби машҳур муҳаддисларга устозлик қилган Ҳадийя бинт Али (ваф. 712/1312) ҳам риҳлаларда ҳадис ўргатган. Қуддус сафарида унга ҳамроҳ бўлган олим Бирзалий ундан Доримийнинг “Сунан”ини ўқиган, Сафадий (ваф. 764/1363) эса Ажлун, Байтул-Мақдис, Ҳалил ва Урдун каби жойларда ундан таълим олган [9:64-65].
Аматул-Ҳаққ Шомийя (Шомийя бинт Бакрий) юқори иснодли ривоятлари туфайли “шайха, муснида, мутафаррида” каби унвонларга сазовор бўлган. У Миср, Дамашқ ва Шерозда дарс берган [5:219]. Мадиналик кўплаб олимлардан сабоқ олган Обида Маданийя исмли қул аёл эса ҳаж сафарида Андалуслик машҳур муҳаддис Ҳабиб Даҳнон томонидан билимлари учун қадрланиб, хотинликка олинган. Бу воқеа ўн минглаб ривоятларнинг Андалусга етиб боришида муҳим роль ўйнаган.
Келтирилган мисоллар шуни кўрсатадики, аёллар нафақат ёшлигида, балки кейинги йилларида ҳам риҳла сафарларига чиққан ва ҳадис илмини ўргатишда фаол иштирок этган. Улар илм олиш билан бирга таълим бериш, ҳадис меросини сақлаш ва уни кейинги авлодларга етказишда муҳим роль ўйнаган.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, бу фаолиятда икки асосий жиҳат ажралиб туради. Биринчиси – аёлларнинг риҳла билан алоқаси даврлар бўйича ўзгариб тургани; иккинчиси – уларнинг риҳла фаолияти эркакларникига қараганда ҳеч қачон кенг кўламли бўлмагани. Биографик манбалар асосида қаралганда, ҳижрий дастлабки икки асрда сафарга чиққан аёл муҳаддисларга деярли учрамаймиз. IV асрда Фотима бинт Абдулазиз Қазвиний (ваф. 346/957) каби нодир мисоллар пайдо бўлади, V асрдан бошлаб эса уларнинг сони аста-секин кўпаяди.
Мамлуклар даврига оид тадқиқотлар (ҳижрий VII–X/милодий XIII–XVI асрлар) шуни кўрсатадики, айнан шу даврда аёлларнинг риҳла фаолияти энг юқори чўққига чиққан. Ибн Ҳажарнинг ад-Дурар асари, Саҳовийнинг ад-Давъуъл-Ламиʼ каби биографик манбаларида кўплаб аёл муҳаддислар зикр этилган. Юқорида келтирилган мисолларнинг аксарияти ҳам шу даврга тегишли. Исмоил Йиъитнинг тадқиқотларига кўра, Мамлуклар даврида аёл олималар ҳадис эшитиш учун Миср ва Шом ўртасида тез-тез сафар қилган. Уларнинг Шом, Ҳимс, Ҳалаб, Ғазо, Қоҳира, Ҳалил, Қуддус ва Рамла каби марказларга боргани манбаларда қайд этилган.
Шу билан бирга, аёл муҳаддисларнинг риҳла фаолияти энг ривожланган даврларда ҳам эркакларникидек кенг қамровли бўлмаган. Биографик манбаларда эркак муҳаддисларнинг сафарлари жуда батафсил ёритилган бўлса, аёл муҳаддисларнинг сафарлари ҳақида қисқа маълумот берилган. Уларнинг риҳласи кўпинча бир неча шаҳар билан чекланиб қолган, эркаклар таржимаи ҳолларидаги каби кенг география акс этмаган.
Шунингдек, классик манбаларда аёлларга нисбатан “раҳҳола” ёки “жаввола” (кўп сафар қилувчи) каби атамалар ишлатилмаган. Аксинча, улар ҳақида “руҳла” атамаси кўпроқ “сафар қилувчилар уларга мурожаат қилган” маъносида қўлланган. Бироқ замонавий тадқиқотларда айрим аёл муҳаддислар “кўп сафар қилган” сифатида тилга олинади. Аммо бу хулосалар классик манбаларда батафсил маълумот йўқлиги сабабли муболаға ёки нотўғри талқин бўлиши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Аёлларнинг риҳла фаолияти даврлар бўйича ўзгариб турган ва ҳеч қачон эркакларникидек кенг кўламли бўлмаган. Шунга қарамай, улар ҳадис илмини ўрганиш ва тарқатишда муҳим роль ўйнашган. Айниқса, Мамлуклар даврида бу фаолият сезиларли даражада кучайган.
Риҳладаги даврий ўзгаришлар аёлларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси билан боғлиқдир. Муҳаммад Акрам Надвийнинг аёл муҳаддисларга бағишланган биографик асарида саҳоба ва тобеин даврида аёллар сони юқори бўлгани, кейинчалик камайгани, VI асрда яна кўтарилиб, IX асрда энг юқори даражага етгани қайд этилади. Бу маълумотлар риҳла ҳақидаги далиллар билан уйғунлашади. Демак, аёлларнинг риҳла фаолияти уларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссасига мос равишда ўсиб-борган.
Асма Саеед ҳам аёлларнинг ҳадис ривоятидаги ролини кенг ўрганиб, икки маротаба пасайиш даврини таъкидлайди. Унинг фикрича, биринчи пасайиш ҳижрий II асрда бошланган бўлиб, сабаб сифатида риҳла анъанасининг мустаҳкамланишини кўрсатади. Ҳадис илмида риҳла муҳаддиснинг асосий шарти сифатида қаралганлиги аёлларнинг бу соҳага киришига тўсқинлик қилган. Айниқса, II/VIII асрдан V/XI асргача ривоятларни юзма-юз олиш зарурати сақланиб қолган даврда, аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилиши диний ва маданий меъёрлар билан чеклангани уларнинг илмий фаоллигига салбий таъсир кўрсатган [13, 104–105].
Демак, риҳла анъанасининг кучайиши аёлларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссасини чеклаган. Бу жараён маҳрамлик шартлари, ижтимоий чекловлар ва маданий стереотиплар билан боғлиқ бўлган. Бироқ кейинги даврларда, айниқса Мамлуклар даврида, аёлларнинг риҳла фаолияти қайта жонланиб, уларнинг ҳадисдаги мавқейини мустаҳкамлади. Бу ўзгариш ижтимоий-маданий шароитларнинг юмшаши ва оилавий қўллаб-қувватлаш билан изоҳланади.
Мазкур тадқиқот шуни кўрсатдики, риҳла фаолияти ҳадис илмининг ривожида марказий ўрин тутган, аёллар эса унда турлича даражада қатнашган. Асосий натижалар қуйидагича:
- Риҳла анъанаси илк даврлардан бошлаб ҳадис илмининг асосий методологик тамойилларидан бири сифатида шаклланган.
- Аёлларнинг риҳла фаолиятидаги иштироки II/VIII–V/XI асрларда кескин камайган, бу уларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссасини чеклаган.
- Аёлларнинг маҳрамсиз сафар қилиши фиқҳий жиҳатдан ман этилгани пасайишнинг асосий сабабларидан бири бўлган.
- Диний чекловлардан ташқари, маданий стереотиплар, гендер роллари ва ижтимоий қадриятлар ҳам аёлларнинг риҳлада фаол иштирок этишини қийинлаштирган.
- Мамлуклар даврида аёлларнинг риҳла фаолияти қайта жонланиб, бу эса уларга ҳадис ривоятидаги мавқейини мустаҳкамлаш имконини берган.
Сафарлари эркакларникидан камроқ бўлсада, аёллар маҳаллий шароитда илмий фаолиятни давом эттирган, ёзишмалар орқали ижозат олган ва илмий узвийликни сақлаб қолган.
Хулоса ва таклифлар. Аёлларнинг риҳла фаолияти тарихий даврлар бўйича ўзгариб турган. Бу ўзгаришлар уларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси, ижтимоий-маданий шароит ва риҳла анъанасининг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ. Асма Саееднинг тадқиқоти бу жараённи чуқурроқ тушунишга ёрдам беради: у аёлларнинг ҳадис илмида фаол иштирок этганини ҳам, уларга қўйилган тўсиқларни ҳам кўрсатади.
Риҳла анъанасининг кучайиши билан аёлларнинг ҳадис соҳасида орқада қолгани ҳақидаги фикр баҳсли. Чунки Пайғамбар (с.а.в.) даврида ижтимоий ва таълимий ҳаётда фаол бўлган аёллар кейинги даврларда худди шу даражада давом этиши қийин эди. Тарихий жараёнда диний, ижтимоий ва сиёсий сабаблар туфайли аёллар илмий ҳаётдан чекинишга мажбур бўлган. Риҳлага иштирок масаласида асосий тўсиқлардан бири фиқҳий қарорлар бўлиб, улар аёлларнинг маҳрамсиз сафарини чеклаган. Баъзи ҳадислар буни мутлақо тақиқлаган бўлса, бошқалари масофа ва муддат билан чегаралаган.
Шуни инобатга олиш керакки, ўша даврларда сафар эркаклар учун ҳам хавфли ва машаққатли бўлган. Шу сабабли, аёллар учун маҳрамсиз сафар масаласи кўпроқ фиқҳ доирасида муҳокама қилинган, кенг амалиётга айланмаган. Бу ҳолат, табиийки, аёлларнинг риҳла фаолиятини чеклаган. Сафарлар кўпайган даврларда ҳам кўпчилик аёллар оила аъзолари билан ёки ҳаётининг кейинги йилларида риҳла қилган. Айниқса, Мамлуклар даврида ижтимоий ҳаётда фаол бўлган аёллар риҳла соҳасида ҳам энг юқори даражага чиққан. Бироқ бу даврда ҳам асосий омил оила ёрдами бўлиб қолган.
Шундай қилиб, транспорт ва технология ривожланмаган даврларда сафарнинг хавфлилиги, диний қоидалар ва ижтимоий меъёрлар аёлларнинг риҳла фаолиятини чеклаган. Шу сабабли, улар кўпроқ маҳаллий илмий марказлар билан кифояланган ва бошқа жойлардаги олимлардан ёзишма орқали ижозат олган. Бу усул сафарнинг қийинчиликларидан қочиш имконини берган ва илмий фаолиятини давом эттиришга ёрдам қилган. Қолаверса, аёлларнинг риҳла қилмагани классик манбаларда камчилик сифатида кўрсатилмаган, эркакларда эса “фақат риҳла қилмади” каби қайдлар учрайди. Бу ҳолат риҳланинг аёллар учун мажбурий босқич сифатида қаралмаганини кўрсатади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, аёлларнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси фақат риҳла фаолияти билан чекланмаган. Улар илм олиш ва ривоят қилишнинг бошқа шакллари орқали ҳам муҳим роль ўйнаган. Риҳладаги иштироки чекланган бўлсада, бу уларнинг илмий самарадорлигини сусайтирмаган. Шунингдек, ҳадис илмидаги риҳла анъанасини эркаклар ва аёллар иштироки нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, гендер асосидаги илмий мезонларни қайта баҳолаш зарурлигини кўрсатади.
Тавсиялар:
- Аёллар риҳласининг фиқҳий, ижтимоий ва маданий контекстларда чуқур ўрганилиши лозим.
- Аёллар риҳласининг чеклангани диний тақиқларни мутлақ қоидалар эмас, балки ўз даврининг шарт-шароитларига боғлиқ қарорлар сифатида талқин қилишни тақозо этади.
- Замонавий шароитда аёлларнинг халқаро илмий сафарларда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, тарихий адолатни тиклаш ва илмий тараққиётда гендер мувозанатини сақлашга хизмат қилади.
- Биографик тадқиқотларда аёл муҳаддислар тармоғи ва узвийлиги илмий меросни тўлиқ баҳолаш учун алоҳида методологик йўналиш сифатида эътиборга олиниши лозим.
Ҳадис илмидаги методологик мезонларни замонавий гендер тадқиқотлари билан уйғунлаштириш исломий илмий меросни инклюзив ёндашув асосида бойитишга ёрдам беради.
-
Abdulkarim ibn Muhammad as-Sam’ At-Tahbir fi’l-Mu’jami’l-kabir. – Bagʻdod: Riasatu Duyuni’l-avqof, 1975. – B 409.
-
Al-Bagʻdodiy, al-Hatib. Tarixu Bagʻdod va zuyulih. – Bayrut: Doruʼl-kutubuʼl-ilmiyya, 1417.
-
Bolelli, Nusrettin. Kadınların Hadis İlmindeki Yeri. – İstanbul: İFAV Yayınları, 1998.
-
Hayriye Betül Özcan. “Memlükler Dönemiʼnde Hanımlar ve Sehâvî’nin Hanım Hocaları”, IV. Türkiye Lisansüstü Çalışmalar Kongresi (2015).
-
Ibn Asokir, Abu’l-Qosim. Tarixu Dimashq. – Doruʼl-fikr liʼt-Tıboa vaʼn-nashr vaʼt-tavziyʼ, 1995.
-
Ibnuʼl-Imod, Abuʼl-Faloh Abdulhay ibn Ahmad. Shazarotuʼz-zahab. – Dimashq-Bayrut: Doru Ibn Kasir, 1986.
-
Kotan, Sehal Deniz. Kadın Sahabilerin Rivayetlerinin Değerlendirilmesi (Doktora tezi). Ankara Üniversitesi Sosyal Bilimler Enstitüsü, 2019.
-
Mehmet Eren. “Kadınların Hadis İlmine Katkıları”, Ankara Üniversitesi İlahiyat Fakültesi Dergisi 44/1 (2003): 102–103.
-
Muhammet Yılmaz. İbn Hacerʼin Hocaları Bağlamında Kadın Hadisçiler. – Ankara: Araştırma Yayınları, 2008, – 64–65.
-
Nadwī, Mohammad Akram. al-Muhaddithat: The Women Scholars in Islam. – London: Interface Publications, 2007.
-
Özafşar, Mehmet Emin. “Hadis Tarihinde Kadın Gerçeği Üzerine”. İslâmî Araştırmalar 13/2 (2000): 189 –
-
Sahoviy, Shamsiddin. Ad-Dav’u’l-lami’ li ahli’l-qarni’t-tasi’. – Manshurotu Doru Maktabatu’l-Hayat.
-
Sayeed, Asma. Women and the Transmission of Religious Knowledge in Islam. – New York: Cambridge University Press, 2013. – P.104-105.
-
Sıddîkî, Muhammed Zübeyr. Hadis Edebiyatı Tarihi. – İstanbul: İrfan Yayınevi, 1966.
-
Zahabiy, Shamsiddin Muhammad ibn Ahmad. Siyaru aʼlomiʼn-nubalo. – Muassasatuʼr-Risola, 1905.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




