Кириш. Инсонда ижтимоий онг шакллангандан бошлаб, у бахтли яшайдиган фаровон жамиятни орзу қилиб келмоқда. Бош мақсадимиз бўлган озод ва обод фаровон жамият қуриш асосида халқимизга бахтли ҳаётни таъминлаш миллий юксалиш билан боғлиқ. Шунинг учун, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи “миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси асосда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан характерланади. Миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиб бораётган мамлакатимизда, халқимиз ҳаётини бахтли қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақида гапириб: “Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз. Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Бу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий киришганимиз, биз учун янги уфқ ва имкониятлар очиб бермоқда” [2:88], – деб таъкидлади.
Муҳтарам Президентимизнинг ушбу сўзлари, миллий юксалиш жараёнидаги ишларимизни янада самарали қилишга хизмат қиладиган омилларни топиш масаласи бугунги куннинг долзарб муаммоси эканини кўрсатиб турибди. Бундай омилларни шакллантириш илмий ёндашувни талаб қилади, чунки юксалиш қонуниятларини топиш жамиятшунос олимлар ваколати ҳисобланади. Бунинг учун жамиятшунос олимларимиз, жумладан, тарихчилар ва умуман барча зиёлилар жамият тараққиётига хизмат қиладиган омилларни аниқлашга ва уларни амалга оширишга қаратилган профилактика ишларини олиб бориши керак бўлади. Бунда миллий матбуотимизни энг таъсирли воситаси бўлган даврий нашрлар, жумладан, “Жадид” газетаси ўзини муносиб ўрнига эга бўлиши керак. Чунки миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтишда миллий маданиятни юксалиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Миллий маданиятни юксалтиришда эса жадидларни маънавий-маърифий мероси муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Чунончи, жадид маърифатпарварларининг янги усул мактабларини ташкиллаштириб, дарсликлар ёзиши, саҳна асарлари яратиб, театрлар барпо этиши, газета ва журнал чиқариб, даврий нашрларда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи мақолалари билан иштироки ва ниҳоят Туркистонни обод ва озод кўриш ниятида Чор Россияси вакиллари билан мубоҳаса олиб бориши таҳсинга лойиқ. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий маданиятни юксалтиришга қўшган ҳиссаси унинг мақолаларида ҳам ўз аксини топган. “Тил масаласи”, “Сарт сўзи мажҳулдур”, “Бизни кемургувчи иллатлар”, “Ёшларга мурожаат”, “Танқид-сараламоқдир” каби 200 дан ортиқ мақолалари шулар жумласидандир. Ҳатто “Миллатлар қандай тараққий этарлар” деб номланган мақоласида туркистонлик давлатманд кишиларга мурожаат қилиб, сармояларининг бир қисмини миллат тараққиёти учун сарф қилишга чақиради. “Тараққий қилгувчи миллатларнинг уламоси замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг “масолиҳа замонияси” учун саъй этар, миллатни пешрафтиға оқча ила иона қилмоқни миллар бойлариға таклиф этар”[5:67]. Ҳар бир миллатнинг олиму-уламолари, қалам аҳли давлат равнақи учун ҳаммаслак фаолият юритиши, мавжуд муаммоларни якдил бартараф этиши лозим, деб ҳисоблайди.
Инсоният жамияти мавжуд бўлиши ва ривожланиши учун унда муайян бир ижтимоий тартиб ўрнатилган бўлиш кераклиги уқтирилади. Шунинг учун барча вақтларда замон зиёлилари “Қандай қилсак, жамиятда тартиб бўлади?” деган саволга жавоб излашган. Бугунги кунда ижтимоий тартиб ўрнатишнинг энг мақбул воситаси сифатида демократик тараққиёт йўли тан олинди. Шу боис дунё демократик тараққиёт йўлини афзал кўрди ва Ўзбекистон ҳам жаҳон ҳамжамияти билан ҳамнафас бўлган ҳолда, демократик сиёсий тартибот асосида фуқаролик жамиятини шакллантириб бормоқда. Дунё танлаган демократия ва фуқаролик жамияти намоён бўлишининг муҳим шарти – жамиятнинг билим ва маънавияти, сиёсий-ҳуқуқий маданиятининг юксаклик даражасидир. Буни таъминланиши эса, оммавий ахборот воситаларига, жумладан, унинг энг таъсирли воситаларидан бири бўлган матбуотга боғлиқдир. Матбуот фаолиятини самарали қилишда уни тарихини ўрганиш асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бугун миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиб бораётган Ўзбекистонда тарих фанининг долзарб муаммоларини аниқлаб олиш ва уларнинг ечими борасида илмий хулосалар ишлаб чиқиш замон талаби ҳисобланади. Тарих фанининг бугунги кундаги ижтимоий муаммоларни ечишда иштирок этиши билан нафақат назарий фан, балки назарий-амалий фан сифатида ҳам аҳамияти ошиб боради. Бир аср муқаддам жадидларимиз тарих фанининг муҳимлигини ёзиб қолдирган эди. “Туркистон тарихи ҳақинда янги тадқиқот ила ёзилган тартибли ва истифодали мукаммал бир асар вужудға келгани йўқ. Тўғриси, мундай тарих ёзувчи киши турк ўғилларидан ҳануз майдонға чиқган йўқки, бу эса, турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмаслик ериға далилдур” [6:234]. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўзларида жон бор. Чунки ўша даврда Туркистон ҳаётига оид барча тарихий китоблар араб ёки форс тилларида бўлиб, уларни туркий тилда, маҳаллий аҳоли тушунадиган шевада ёзиш давр тақозоси эди.
Бугун муҳтарам Президентимизнинг миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш кераклиги тўғрисидаги фикрлари нафақат тарихчи олимларимизни, балки барча зиёлиларимизнинг илмий тадқиқот фаолиятининг лейтмотивига айланиши лозим.
Жадидлик ҳаракатининг асосий мақсад ва вазифаси Туркистонни саводли ва маърифатли, тўқ ва фаровон, озод ва обод ватанга айлантириш, биринчи навбатда, мустақилликка эришиш, мустамлакачилик исканжасидан халос қилиш эди. Ўтган ХХ аср бошларига келиб, жамиятнинг энг илғор фикрли қатлами бўлган жадидлар курашларини акс эттирган миллий уйғониш муайян мафкура сифатида, биринчи навбатда, маърифатчиликда кўринди.
Жадидшунос олим Бегали Қосимовнинг фикрига кўра, Мунавварқори Абдурашидхоновни ХХ аср бошидаги ижтимоий-сиёсий ҳаракатнинг, миллий озодлик кўтарилишининг энг эътиборли намояндаларидан бири ҳисоблайди [10:238]. У “Ҳақ олинур, берилмас” деганида, илм-маърифатни, фан-техникани эгаллаш, маърифий-маданий воситаларни ишга солиш орқалигина қўлга киритишни назарда тутганди. Aна шу миллий уйғониш мафкурасининг жарчилари бўлган Мунавварқори каби жадидлар кенг миқёсли амалий фаолият билан ўз ғояларининг жамият ҳаётида қарор топиши, мустаҳкамланиши ва охир-оқибат улар кўзлаган миллий озодлик, сиёсий мустақиллик курашларига айланиши учун замин ярата бошлади. Бу бутун Туркистон халқининг миллий маданияти, ижтимоий-сиёсий тафаккури ва миллий тараққиётида янги бир босқич эди. Лекин у замон шўролар замони эди, шунинг учун жадидларнинг мақсадлари амалга ошмай қолиб кетди. Бугунги мустақиллик замонида жадидларни маънавий ва мафкуравий мероси миллий маданиятимизни юксалтиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан олганда Туркистон жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, Исмоилбек Гаспиралининг “Тилда бирлик, фикрда бирлик, ишда бирлик” ғоясини Туркистонда тарғиб қилиш ва бу йўлда жонинида фидо этиш ҳақиқий миллатпарварлик эмасми? Туркистон халқлари тақдирига, келажагига ғамхўрлик ҳисси, маърифат билан озодликка эришиш йўлидаги ҳаракатлари аҳамиятли. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Икки эмас тўрт тил лозим” мақоласида илгари сурилган ғоялар орадан юз йиллар ўтиб мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ҳаракатларга ҳамоҳанг экани фикримиз далилидир.
Мамлакатимизнинг кўзга кўринган таниқли зиёлилари томонидан бу борада ёзилаётган мақолалар жадидлар фаолияти тарихини ўрганиш асосида миллий маданиятимизни юксалтиришга хизмат қиладиган ғоялардан ташкил топган. Ана шундай ғоялардан бири Вадуд Маҳмуд таъкидлаганидек, тарбия масаласидир. “Агар биз ҳозирда шу тарбияни ташлаб, янги бош-оёғ соғи шижоатлик ёнур кишилар етиштиришга киришмасак, биздан сўнг келатурғон наслда шу тариқа бўладур” [4]. Вадуд Маҳмуднинг таъкидлашича, болани қўрқитиб тарбиялаш, унинг шахсий психологиясига таъсир қилиб қолмайди. Қўрқитиб тарбияланган авлод эса маълум бир тарихий жараёнда на ўзининг ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олади, на бир ўзининг эркин фикрини очиқ айта олади. Шу нуқтаи назардан, бугун ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб муаммога айланиб бормоқда, чунки глобаллашиб бораётган дунёда ёшларни онгу қалби жанг майдонига айланиб бўлди. Ёшларни маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва уларда бундай таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантиришда оммавий-ахборот воситалари ва унинг асосий воситаси бўлган миллий матбуот муҳим аҳамиятга эга. Чунки миллий матбуотнинг асосий вазифаси тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш асосида миллий бирликни кучли қилишдан иборатдир. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда миллий матбуотимиз асосини шакллантирган жадидлар ғоялари муҳим аҳамиятга эга. Жадидлар миллий маданиятни юксалтириш асосида миллий мустақилликка эришиш ва миллий тараққиёт асосида халқимизга озод ва обод фаровон жамият қуриш мақсади йўлида ҳаракат қилган. Уларнинг маънавий-маърифий қарашлари бугунги кунда миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиб бораётган мамлакатимиз учун муҳим тарихий сабоқ бўлиб хизмат қилади.
Шунинг учун Туркистон миллий матбуот тарихини жадидлар фаолияти мисолида ўрганиш бугунги кунда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ва умуман миллий маданиятни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга деб айтиш мумкин. Чунки даврий матбуот ёшларни тарбиялашга хизмат қиладиган оммавий маҳсулотлар ва, энг аввало, газета ва журналларни нашр қилишни англатади. Миллий матбуот оммавий ахборот воситаси ва тарғиботнинг асосий элементи бўлиб, барча вақтларда жамият ҳаётида муҳим роль ўйнаган ва ижтимоий фикрни, одамлар дунёқарашини шакллантиришга, ҳамда, сиёсат, иқтисод ва маданият оламидаги муҳим воқеаларга таъсир қилишга қодир бўлган реал куч ҳисобланади. Миллий матбуот даврий нашр бўлиб, барча соҳада фаолият олиб борадиган ўқувчига мўлжаллангани билан аҳамиятлидир. Туркистон жадидлари миллий матбуотга таъриф беришар экан, ёшларга катта умид билан қараган. “Ҳар бир мамлакатда ислоҳот ва маданият асбобиға тавассул ва ташаббус этмоқлик ҳаракати мамлакатнинг ёшлари тарафидан зуҳур эта бошлагани каби бизнинг Туркистонда ҳам маданият эшиги манзаласида бўлган макотиби ибтидоия ила интибоҳ ва ислоҳот жарчиси бўлган миллий матбуот ғайратлу ёшларнинг ҳаракат маорифпарвароналари соясида вужудға келди” [6:268].
Миллий матбуот маънавий-маърифий билимларни тарғиб қилиш асосида жамиятнинг сиёсий, маданий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бу борадаги асосий муаммолардан бири – коррупция иллати ҳисобланади, чунки коррупция адолатсизликни, адолатсизлик эса норозиликни келтириб чиқаради. Норозилик эса миллий маданиятимизга ва миллий хавфсизлигимизга энг кучли таҳдид ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон тараққиётига тўсиқ бўлган коррупция иллатининг сабаби шўролар замонида шаклланган маъмурий буйруқбозлик бошқарув тизимига боғлиқ. Маъмурий бошқарув тизимини орқасида тоталитар сиёсий тартибот туради, тоталитар сиёсий тартиботнинг орқасида эса, пролетариат диктатураси турибди, пролетариат диктатураси ортида октябрь тўнтариши турибди. Коррупциянинг асосида маъмурий буйруқбозликка асосланган бузуқ бюрократия туради. Чунки коррупция қонунни бузиш натижасида келиб чиқади, қонунни бузиш учун эса бузуқ бюрократия шаклланган бўлиши лозим. Қонунни бузиш имкониятининг мавжудлиги нафақат коррупцияни балки сиёсий қатағонинг ҳам ижтимоий шароити ҳисобланади. Шунинг учун коррупцияга қарши профилактика ишларимиз бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётига тўсиқ бўлган коррупция иллатини бартараф қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Жадид маърифатпарварларимиз ҳам порахўрлик каби жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатадиган иллатларга қарши курашган. Мавзуга оид мақолаларини даврий матбуотларда эълон қилган мақолаларида, нутқларида, насрий ва бадиий асарларида қайд қилиб борган. Жумладан, Ҳожи Муин “Пора бер” шеъри орқали коррупция иллатлари кескин ва кучли ҳажв воситасида танқид қилади.
Иш битказиб кетай десанг, пора бер!
Муродингга етай десанг, пора бер!
Ўзим оқман, қораларни оқлайман,
Мени рози этай десанг, пора бер! [7].
Коррупцияга қарши кураш олиб боришда асосий эътибор муаммони қанчалик муҳим эканини англаб олишга, ҳамда унинг сабаби ва шароитини аниқлашга ва бартараф қилиш йўлларини топишга қаратилиши лозим. Касални даволагандан кўра, олдини олиш муҳимлигидан келиб чиқиб, эътиборни кўпроқ жазолашга эмас, балки профилактика ишларига қаратиш тўғрироқ бўлади. Коррупцияга қарши курашда жазони муқаррарлигини таъминлаш борасида қатъий кураш олиб бориш билан бирга, жиноятнинг олдини олишга қаратилган профилактика ишларини олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу хусусда гапириб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Лекин фақат қамчи ва қилич билан ижобий натижаларга эришиб бўладими? Бу – нафақат хато фикр, балки чуқур янглиш, деб ҳисоблайман. Бу борада профилактика ишларини ким самарали олиб боради?” [1:31] – деган саволларни кун тартибига қўйдилар. Профилактика ишларини амалга оширишда коррупция иллатига қарши маънавий ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш чораларини кўриш лозим. Бунинг учун, энг аввало, одамларнинг онгу қалбида салбий иллатлар таъсирига қарши иммунитетни шакллантиришга хизмат қиладиган “вакцина” ишлаб чиқилган бўлиши лозим.
Жадид газетаси ва умуман зиёлиларимиз фаолиятини янада самарали қилиш учун қуйидаги таклифларни беришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Биринчиси, бугунги кунда ёшларимиз оммавий маданият ниқоби остидаги ахлоқсизлик ва бузуқлик таҳдиди остида яшаб келмоқда. Уларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган профилактика ишларини олиб бориш учун керак бўлган ғояларни ишлаб чиқиш.
Иккинчиси, ёшларимиз мафкуравий таҳдидлар қуршовида яшаб келмоқдалар. Уларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қиладиган ғоялар мажмуини ишлаб чиқиш лозим. Зиёлиларимиз бу билан ўз ғояларини нафақат назарий, балки амалий аҳамиятини оширган бўлади.
Учинчиси, жамият тараққиётига тўсиқ бўлган коррупция иллатига қарши профилактика жараёнида жамиятга эмланадиган “ҳалоллик вакцинасини” ишлаб чиқиш.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали қилишда тўсиқ бўлган коррупция иллатига қарши курашиш тўғрисида гапириб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” [3:36], – деб таъкидлади. Жамият тараққиётига тўсиқ бўлган коррупция иллатини бартараф қилиш учун профилактика ишларини самарали амалга ошириш керак. Бунинг учун эса, энг аввало, профилактика жараёнида одамларга эмланадиган “вакцина” яратилган бўлиши керак. Шунинг учун, юқорида қайд қилинган “ҳалоллик вакцинаси”ни ишлаб чиқиш зиёлилар ва жамиятшунос олимлар олдида турган энг долзарб масала ҳисобланади. Бундай “вакцина”ни ишлаб чиқиш учун инсон хулқини белгилайдиган омилларни аниқлаш ва шундан келиб чиқиб фикрлаш керак.
Тўртинчиси, миллий маданиятимизга салбий таъсир этаётган оилаларнинг ажрашиши муаммосини ўрганиш ва уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф қилишга қаратилган профилактика ишларини амалга ошириш.
Бешинчиси, бугунги кунда жамиятда мавжуд барча муаммоларнинг оқибати маънавиятнинг қашшоқлашувига бориб тақалади. Шунинг учун, “Тараққиёт стратегияси”да маънавиятни юксалтириш, соҳани янги босқичга олиб чиқиш масаласи алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилаб берилган. Ҳадис илми султони Имом Бухорийнинг нажот фақат билимда ва ундан бошқаси бўлмагай деган доно сўзларини бугун кун талабидан келиб чиқиб, одамлар нажоти билим ва маънавиятда деб айтиш тўғрироқ бўлади.
Дин ва миллатни сақлаш – асосий вазифа эканини жадидларимиз яхши англаган. Уларнинг фикрича, ўзгаларга мағлуб бўлганимиз сабабини англамоқ, қолаверса, энди уларга ютқазмаслик, муте бўлмаслик йўлларини ўйламоқ даркор. “Бунинг учун ҳоким давлатга очиқ қарама-қарши турмай, армон бўлиб келаётган илмли жамият қуриш учун қайғурсинлар” [8:20]. Бунинг учун ўтмишда боболар мавқейи қай даражада бўлганини кўрсатиб бериш лозим.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фикрича: “Илмсиз миллат, илмсиз қавм асир ва заиф қолур. Илмсиз давлатнинг фойдаси йўқ, илмсиз дунёнинг ҳаёти йўқ, агар бўлса-да, саботсиз, бу илмлардан ёлғуз сарф ва наҳв, мантиқ, калом ва фиқҳ эмас, балки алар устига ҳикмат, сиёсат, таърих, қадима ва жадида илм ва аҳволи замони ҳозира ва алсанаи муҳовара ҳам пругром таълим ва тадрисимизға керак” [9]. Орадан йиллар ўтиб, Туркистон жадидлари орзу қилган давлат барпо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йилда ишлаб чиқилган “Тараққиёт стратегияси”да маънавиятни юксалтириш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилаб берилган. Маънавиятни юксалтириш нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун инсоният жамияти учун долзарб масала ҳисобланади. Чунки бугунги кунда инсоният жамиятида мавжуд бўлган барча глобал муаммоларнинг сабаби маънавиятнинг қашшоқлашувидир. Глобал муаммо бўлган ядро қуроли таҳдиди, экологик таҳдид, асосан ғарб жамиятларида оила инқирози, оммавий маданият остидаги ахлоқсизлик ва бошқа барча муаммолар сабаби маънавий қашшоқлик билан боғлиқ. Ушбу муаммоларни, жумладан, миллий уйғониш, миллий тикланиш ва миллий юксалиш муаммоларини ҳал қилиш учун маънавиятни юксалтириш талаб қилинади. Маънавият тарбия жараёнининг маҳсули бўлгани учун асосий эътибор тарбия жараёнини самарали қилишга қаратилиши лозим.
-
Мирзиёев Ш.М. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. – Т., 2017.
-
Мирзиёев Ш.М. Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. – Т.: Ўзбекистон, 2019.
-
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. – Т., 2020 йил 24 январ.
-
Маҳмуд В. Меҳнаткашлар товуши. 1921 йил 21 февраль сони.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. – Т.: Маънавият, 2006.
-
Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. – Т.: Академнашр, 2018.
-
Мулла Жунбул. “Машраб”, 1925 йил, №16- сон.
-
Сайид Ҳ. Маърифат либосидаги озодлик. – Т.: Шарқ, 2000.
-
“Туркистон вилоятининг газети”. 1908 йил 30 ноябрдаги сони.
-
Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидоийлик. – Т.: Маънавият, 2002.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




