Ислом тафаккури тарихида Қуръони карим ва Суннатни англаш, уларни шарҳлаш ва диний масалаларга муносабат билдириш борасида турли илмий қарашлар ва баҳс-мунозаралар юзага келган. Улар орасида Равзаи муборакни – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн этилган жойни зиёрат қилиш масаласи алоҳида ўрин тутади.
Қуйида оят ва ҳадислар асосида ана шу нозик масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз. Аввало, айтиш жоизки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй имон келтирганлар! (Сизлар ҳам) унга салавот айтингиз ва салом йўллангиз!” (Аҳзоб сураси, 56-оят) деб амр қилади. Шунинг ўзиёқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини зиёрат қилиш, Ҳақ таолодан у зотнинг шафоатларини сўраш фазилатли амаллардан саналишига очиқ далилдир.
Баъзи адашган тоифаларнинг “тавассул ва зиёратни тақиқлаш тавҳидни муҳофаза қилишдир, зеро тавассул ва зиёрат ширкка олиб боради” қабилидаги гап-сўзлари нотўғри ва ботилдир. Чунки васила қилишни англатувчи тавассул ҳам (бу ўринда – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, Аллоҳдан раҳмат, мағфират ё мадад сўраш), зиёрат ҳам шариат одобларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилса, ҳеч қандай номақбул оқибатга олиб бормайди. Бу амалларни зарарли йўлларнинг олдини олиш баҳонаси билан манъ қиладиган киши Аллоҳ таоло ва Унинг Расули номидан асоссиз даъвони илгари сурган бўлади.
Бу адашган тоифаларнинг фикрича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш жоиз эмас. Ким шундай қилса, у куфр ва ширкда айбланади. Ҳолбуки, аслида ҳеч ҳам ундай эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбарини энг юксак даражада улуғлаган. Шундай экан, биз ҳам у зотга парвардигорлик сифатини бермасдан, Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаган ва бандаларига ҳам улуғлашни буюрган зотни улуғлашимиз лозим.
Аллоҳ таоло бундай дейди: “Қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни билан унга итоат қилиниши учун (юборганмиз). Улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол олдингизга келиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳнинг кечирувчи ва раҳм-шафқатли эканини билган бўлур эдилар” (Нисо сураси, 64-оят). Хитоб уммат учун – у зотнинг ҳузурига бориб, хусусан, вафотларидан кейин, қабри тепасида туриб, Аллоҳ таолодан мағфират сўрашга, у зот учун – шундай бандалар ҳаққига мағфират сўрашларига ундовдир.
Шу билан бирга, қуйида мазкур фикрни қўллаб-қувватловчи яна бир далилни келтирамиз. Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминлар ҳаққига мағфират сўрашлари ҳақида бўлиб, Ҳақ таоло бундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Демак, одамларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориши ўзи Аллоҳдан мағфират сўраши баробарида, Расули акрамнинг шундай тилагидан (шафоатидан) умидвор бўлишини ҳам англатади. Киши истиғфор айтганда, Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандасини васила қилса, албатта, Парвардигор унинг тавбасини қабул қилишига ишонади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта шафқатли ва меҳрибон бўлганлари Қуръони каримда ҳам зикр этилган: “(Эй Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам (ташвиш) чекадиган, сизлар (ҳидоят топишингиз)га қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят). Демак, Расули акрам Аллоҳ таолодан мағфират сўраб, ўз ҳузурларига келган кишини эътиборсиз қолдирмайдилар. Гарчи, “мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфиранг сўранг!” ояти муайян бир қавм ҳақида нозил бўлган эса-да, ундаги ҳукм умумий бўлгани учун – “мўмин ва мўминалар”ни назарда тутгани учун бу сифатга эга бўлган барча бандаларни қамраб олади. Шунинг учун уламолар оятнинг маъносини умумий деб тушунган ва у зотнинг қабрини зиёрат қилиш учун келганларга мазкур оятни ўқиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўрашни мустаҳаб (савобли амал) санаган.
Суннатга келадиган бўлсак, саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қабрларни зиёрат қилишни буюрганлар. “Ким мени савоб умидида Мадинага келиб зиёрат қилса, қиёмат кунида менинг қўшним бўлади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Абу Авона келтирган ривоятда: “Ким савоб умидида Мадинага келиб мени зиёрат қилса, унинг учун қиёмат кунида гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, деб айтганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, Равзаи муборакни зиёрат қилиш банда учун нафақат улуғ маънавий шараф, балки у зотга муҳаббатини ифода этиш ва шафоатларига ноил бўлиш умидини қалбда мустаҳкамлаш имконияти ҳамдир.
Энди уламоларнинг ижмосига қисқача тўхталсак. Ибн Ҳажар Асқалоний “Ал-Жавҳарул муназзам фи зиёрати қабрин Набиййил мукаррам” (“Муҳтарам Пайғамбар қабрини зиёрат қилиш ҳақидаги мунтазам дурдоналар”) номли асарида бундай ёзади: “Шариати шарифнинг уламолари орасида сўзига таяниладиган ва фикри эътиборга олинадиган бир қанча имомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш машруъ (шариатга мувофиқ) экани борасида ижмоъ борлигини нақл қилган. Улар ўртасидаги ихтилоф зиёратнинг вожиб ёки мустаҳаблиги хусусида, холос. Зиёратнинг машруълигини инкор этган киши ижмоъга хилоф қилган бўлади”.
Зиёратни вожиб ҳисоблаган уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирган: “Ким Байтуллоҳда ҳаж қилиб, мени зиёрат қилмаса, менга жафо қилган бўлади”[1]. Бу ҳадисни Ибн Адий ҳужжат сифатида келтириш мумкин бўлган санад билан ривоят қилган.
Зиёратни мустаҳаб ҳисоблаган уламолар эса бу далилга қуйидагича жавоб берган: “Жафо нисбий тушунча бўлиб, мустаҳаб амални тарк этишга нисбатан ҳам шу сўз ишлатилиши мумкин. Чунки бундай тарк яхшилик ва силаи раҳмни тарк этиш маъносини англатади. Шунингдек, “жафо” сўзи “қўполтабиатлик” ва “бирор нарсадан узоқлашиш” маъноларида қўлланади. Шу боис салаф ва халаф уламоларининг аксарияти у зотни зиёрат қилишни вожиб эмас, балки мустаҳаб ҳисоблаган”.
Шундай эса-да, икки қарашга кўра ҳам, у зотни зиёрат қилиш ва бу мақсадда сафарга чиқиш каби унга олиб борувчи амаллар энг улуғ қурбатлардан – бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатлардан ва энг савобли саъй-ҳаракатлардан саналади. Бундан далолат берувчи кўплаб саҳиҳ ва очиқ-равшан ҳадислар мавжуд. Уларни фақат қалб нуридан маҳрум кишигина инкор этиши мумкин. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Ким менинг қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”. Бошқа бир ривоятда: “Унга шафоатим насиб бўлади”, дейилган. Бу ҳадисни Дорақутний ва кўплаб ҳадис имомлари ривоят қилган. Имом Субкий “Шифоус сиқом фи зиёрати хойрил аном” (“Инсонларнинг энг яхшисини зиёрат қилиш борасида дардларга шифо чоралари”) номли асарида мазкур ҳадиснинг ривоят йўлларини баён қилган ва уни саҳиҳ ҳисоблаган имомларни зикр этишга батафсил тўхталган.
Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрини зиёрат қилиш ислом тарихида уламолар томонидан алоҳида эътибор билан ўрганилган. Бу зиёрат мўминлар қалбида у зотга муҳаббатни янада мустаҳкамлаш, салавоту саломлар йўллаш ҳамда Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраш учун муҳим фурсатдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




