Home / МАҚОЛАЛАР / Ёшлар тарбиясини мустаҳкамлашда алломалар меросининг аҳамияти

Ёшлар тарбиясини мустаҳкамлашда алломалар меросининг аҳамияти

“Маълумки ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”. Ш.М.Мирзиёев

Ватанимиз Мустақилликка эришгандан сўнг ёшлар тарбияси давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўғил-қизларимиз баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун, маънавий тарбияга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилган тадбирлар, амалий ишлар натижасида фарзандларимиз барча соҳаларда муваффақиятга эришмоқда.

Шу билан бирга, ёшлар тарбиясида бўшлиқлар ҳам мавжуд. Катталарнинг бепарволиги сабабли турли муаммолар юзага чиқмоқда. Баъзи ёшлар Ғарб маданиятига тақлид қилса, баъзилари эътиқодий томондан турли ёт ғоялар таъсирига тушмоқда. Бу хатолар туфайли ота-она ва яқинлар бу ёқда турсин, бутун-бутун маҳаллалар уятли ҳолга тушиб қолмоқда.

Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳим давр ҳисобланади. Айниқса ёшлик даври энг нозик палладир. Ўтиш даврида турган ёшларни маҳалла фаоллари ва ота-оналар илмга, касб-ҳунарга йўналтирса, улар секин-асталик билан жамиятда ўз ўрнини топади.

Ота-онанинг фарзанд олдида бир қанча масъулияти бўлиб, аввало, уларнинг тарбиясига эътиборли бўлиши, чиройли одоб бериши, ёт ғояларга қарши туриши учун маънавий иммунитетини шакллантириши лозим. Шу билан бирга, Ватанга садоқат руҳида камол топтириши ҳам уларнинг вазифаси ҳисобланади.

Афсуски, ҳозир баъзи бир оилаларда “фарзандга тарбия бериш” тушунчаси умуман йўқолиб кетган. Уларни гўдаклигидан эркалайди, мактабни битирмасидан ўзи ишлатмаган қиммат телефонларни қарзга бўлса ҳам олиб беради, ўртоқлари кимлар экани билан қизиқмайди, юриш-туришини сўраб-суриштирмайди. Ҳатто интернетга кириб, нималарни кўраётганидан ҳам бехабар бўлади. Оқибатда ёшлар китоб ўқимай қўяди, секин-аста кўрган нарсалари таъсирида миллийликни йўқотиб, ўзида ғарбча маданиятни шакллантира бошлайди. Агар ота-оналар ҳар куни жилла қурса ярим соат фарзанд тарбияси билан шуғулланса, уларга хулқ-одобга оид ҳадиси шарифлар, турли ҳикоятлар, ҳаётий воқеаларни айтиб берса, келажакдаги мақсадлари билан қизиқса, бундай ёшлар жамиятда ўзига муносиб ўрин топади.

Улуғ мутафаккирлар ўз асарларида инсонни ёшлигидан ақлий ва жисмоний жиҳатдан етук қилиб вояга етказишга, тарбияли, сабот-матонатли, аждодлар анъанасига содиқ, ахлоқан пок, эзгу ниятли, баркамол бўлишига алоҳида эътибор берган. Хусусан, Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, пурмаъно фикри мутлақ ҳақиқатдир. Тарбиянинг ўчоғи бўлган оила – ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақловчи, миллий қадриятларнинг ривожини таъминловчи, маънан ва жисмонан баркамол авлодни дунёга келтириб, тарбиялаб, ватанпарвар юрт ҳимоячиларини вояга етказувчи муқаддас макондир.

Илк тарбия, самимий муносабат, гўзал муомала оиладан ота-оналарнинг намунаси тимсолида шаклланади. Ота-она қандай намуна бўлса, фарзанд ўша йўлдан кетади. Унинг ки бўлиб етишиши, жамият олдида ўзини қандай тутиши бевосита ота-онага боғлиқдир.

Абу Наср Форобийнинг: “Инсон ўз бахтига эришишда гўзалликни кўриши ва ҳис қилишининг ўзи етарли эмас, бунинг учун гўзалликни ярата олиши муҳимдир”, деган фикрида олам-олам маъно бор. Бу сўзлар замирида ота-она ўзи намуна бўлгани ҳолда, оиласида, ишида, рўзғорида, хўжалик юритиши ва уй тутишида, ўзаро муносабатларида, юриш-туришида, кийинишида, соғлом турмуш тарзида, фарзанд тарбиясида, улар билан бўладиган муомалада гўзалликни ярата олиши зарур, деган ғоя ўз аксини топган.

Аждодларимиз ўзлари катта ибрат бўлиб, фарзандларига панд- насиҳат қилган. Жумладан, Абу Наср Форобий: “Ҳар инсон касб-корини мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи, яхши хулқ-атворга, фазилатларга эга бўлмоғи керак”, деган.

Яна бир мутафаккир Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида бола тарбиясини тўрт йўналишда – “Тарбиянинг замони”, “Бадан тарбияси”, “Фикр тарбияси”, “Ахлоқ тарбияси” каби бўлимларга ажратган ҳолда тадқиқ этган. “Тарбиянинг замони” бўлимида тарбияни бола туғилган кунданоқ бошлаш кераклигини таъкидлайди. “Тарбияни кимлар қилур?”, “Қандай қилинур?” деган саволларни ўртага ташлайди ва уларга жавоб қидиради. “Биринчи – уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур”, дея тарбияга ҳамма – ота-она, мактаб, давлат ва бошқаларнинг масъул эканини таъкидлайди. Мамлакат тараққиёти, давлатнинг қудратли бўлиши ёш авлод тарбиясига ҳар жиҳатдан боғлиқ деб ҳисоблаган мутафаккир тарбия хусусий эмас, миллий, ижтимоий ишдир, деган тўхтамга келади.

Улуғ мутафаккир, адиб, давлат арбоби, олим – Абдурауф Фитрат “Раҳбари нажот” асарида ёш авлод тарбияси тўғрисида бундай ёзган: “Дунё курашнинг умумий майдонига ўхшайди ва бу майдоннинг бузрук паҳлавонлари инсонлардир. Бу курашда ғолиб чиқиш учун уч хил қуролга эга бўлиш керак: биринчиси — саломатлик, иккинчиси – соғлом фикр, учинчиси – ахлоқи сано (олий хулқ-атвор). Унинг фикрича, фарзандни баркамол қилиб вояга етказиш учун унинг тарбиясига фақат оила эмас, бутун миллат аҳли жавобгардир”.

Фарзанд ота-онанинг бахти бўлса, тарбия фарзанднинг бугуни, эртаси ва келажагидир, деган умумий хулосага келиш мумкин. Шунинг учун ҳам тарбия – ижтимоий ҳодиса. Тарбия кишилик жамияти пайдо бўлган даврлардан бери мавжуд. Негаки, инсон “Ер юзидаги энг мукаммал зот” мақомига муносиб бўлиши учун, аввало, тарбияланиши зарур. Халқимизнинг “Тарбиячи дастлаб ўзи тарбия кўрган бўлиши керак” деган нақл бежиз айтилмаган. Улуғ бобокалонимиз Ибн Сино тарбия берувчига “Кимга қандай панду насиҳат қилган бўлсанг, унга аввало ўзинг амал қил!” дейди.

Фарзанд тарбиясида алломаларимизнинг панд-насиҳатларини кенг қўллаш ниҳоятда муҳим. Сабаби Аллоҳни таниган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини ўқиган ва аждодларимизнинг қимматли ўгитлари асосида тарбия топган фарзанд ота-онасига, Ватанига муҳаббатли бўлади, элнинг корига ярайдиган шахс бўлиб вояга етади.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: hidoyat.uz

Check Also

ЖИН САҲОБАЛАР

Барча ошкору пинҳон мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Инсу жинларнинг пайғамбари Муҳаммад …