Кириш. 1917 йил Россия империясида юз берган Февраль инқилобидан кейин туркистонлик зиёлиларнинг мустамлакачилик сиёсати ва ҳуқуқий институтларга муносабати кескин ўзгарди. Туркистон мустақиллиги ва Россия таркибидан чиқиб кетиш масаласи ҳали кун тартибига қўйилмаган бўлса ҳам, ўлкада “кенг ҳуқуқли ҳокимият”ни қўлга киритиш лозим деган хулосага келинди. Шу сабабли, маданий-ижтимоий уюшма сифатида шаклланган “Жамияти имдодия”, “Турон” каби уюшмалар 1917 йилдан кейин ўзини сиёсий жамият деб эълон қилиб, ҳокимият учун курашга киришди. Айни пайтда, “Шўрои Ислом” жамияти тузилиб, барча тарқоқ тузилмаларни бирлаштирган ҳолда миллий давлатчиликка эга чиқиш ва уни ислоҳ қилиш ғоясини илгари сурди.
Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Ўзбекистон мустақиллиги қайта қўлга киритилгандан сўнг кўплаб соҳалар қатори тарих фанида ҳам янгича ёндашув ва қарашлар асосида турли масалалар таҳлил қилина бошланди. Улар қаторида Туркистондаги миллий сиёсий уюшмалар – “Шўрои Исломия”, “Шўройи уламо”, “Турк Адами Марказият фирқаси”, “Социалистик Эрк фирқаси”, “Жадидлар фирқаси”, “Туркистон миллий бирлиги” ва бошқаларнинг мақсад ва вазифалари, дастури, умумий фаолияти, пайдо бўлиш жараёнлари ҳақида янги изланишлар олиб борилди. Жумладан, Р.Абдуллаевнинг тадқиқотларида Туркистондаги миллий сиёсий тузилмалар фаолияти Россия империясидаги умумсиёсий жараёнларнинг бир қисми сифатида кўриб чиқилиб, шу ёндашув асосида масалага баҳо берилади [1]. Бундан ташқари, тарихчи олимлардан С.Аъзамхўжаев, Қ.Ражабов, А.Мингноров [2] каби тарихчиларнинг миллий сиёсий ташкилотларнинг фаолиятига бағишланган тадқиқот ва изланишлар мавжуд бўлиб, уларда масаланинг ёритилиши тадқиқотлар объекти доирасида ва комплекс манбавий таҳлил нуқтаи назаридан кўриб чиқилади. Бу тадқиқотлар келгуси изланишлар учун ўзига хос пойдевор қўйган бўлса ҳам, уларда миллий сиёсий уюшма ва жамиятлар, хусусан, “Шўрои Ислом” жамияти фаолияти тарихи алоҳида ажратилган ҳолда таҳлил этилмагани ўзига хос бўшлиқни юзага келтиради.
Тадқиқот методологияси. Ушбу мавзуни ёритишда муаммовий-хронологик, тарихий объективлик, нарратив, қиёсий ва тизимли таҳлил усулларидан фойдаланилди.
Таҳлил ва натижалар. Манба ва тадқиқотлардан маълум бўлишича, “Шўрои Ислом” жамиятининг ташкил топиши 1917 йил март ойи бошларига тўғри келади [7]. Унга кўра, Россия империяси марказидаги ўзгаришлар хабари Тошкентга келар-келмас эски шаҳарда жадидлар фаоллашиб, уларнинг ҳокимиятни қўлга олиш йўлидаги ҳаракатлари бошланган. 1917 йил 9 мартда Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевлар ташаббуси билан Тошкент эски шаҳар жоме масжидида ўтказилган намойишда Тошкент шаҳар ижроқўмга жамоатчиликдан вакиллар сайлаш ҳамда мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий жамият тузиш масаласи кўтариб чиқилган [19:35]. Бу масалада Муҳаммадаминбек Худоёрхонов жамиятнинг исмини “Сирдарёи Тошканд” бўлсин деб таклиф берган бўлса, сўнгида Мунавварқори “Бу жамият кишилари ислом кишиларининг вакилларидур. Шунинг учун бунинг исмини “Исломнинг шўроси” деб қўйиш керак. Шунда қисқароқ қилиб айтмоқчи бўлсак, “Шўрои Ислом” деб юргизилса бўладир”, деб жамиятга ном берган [6]. 1917 йил 13 март куни бўлган навбатдаги йиғинда 48 (ҳар бир даҳадан 10 ва тўрт жамият тарафидан 8) кишилик ҳайъат сайланган.
Жамиятнинг 14 март куни биринчи умумий мажлисида расмийлаштириш жараёнлари якунланиб, 48 киши ёнига бошқа халқ вакилларидан 13 кишини қўшган ҳолда “Тошканд Шўрои Исломияси” тузилгани эълон қилинган [28]. Шу куннинг ўзида 15 кишилик идора мажлиси шакллантирилиб, унда Абдулвоҳидқори Абдурауфқори ўғли раис ва Мунавварқори Абдурашидхон ўғли раис муовини, Каттахўжа Бобохўжа ўғли саркотиб ва Каримқори Кучикбой ўғли муовин, Мулла Зиё Охунд Йўлдош ўғли хазинадор ва Абдулсамиқори Ҳидоятбой ўғли унга муовин этиб сайланадилар [15:23]. Абдулвоҳидқори Абдурауфқориевнинг қозиликка сайланиш муносабати билан 6-апрелдаги истеъфосидан сўнг, жамият раиси қилиб Убайдулла Хўжаев сайланган. Ҳар доимгидек унинг яқин сафдоши Мунавварқори Абдурашидхонов билан бирга улар жамиятнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланган.
Муфтий Садриддинхон Шарифхўжа ўғли жамият тузиш сабабларини шундай изоҳлаган эди: “1917 йил Рус инқилобидан фойдаланиб, Туркистон мусулмонларини ягона иттифоқ асосида бирлаштирмоқ мақсадида дўстларим ёрдами билан Тошкентда “Шўрои Ислом” ташкилотини туздик. Ниятимиз Туркистонда тузиладиган мусулмон ташкилотлари “Шўрои Ислом”га оид бўлмоқлари эди”[3:43].
“Шўрои Ислом” жамияти тузилган вақтда ҳали унинг низом ва дастури ишлаб чиқилмаган. Жамият идора мажлисининг 15 мартда ўтказилган илк йиғилишида бу масала кўрилиб, жамиятнинг “кенг жумҳурият” сиёсий маслак тарафдори сифатида дастур ишлаб чиқиш учун 3 кишидан иборат комиссия тузиш қарори чиқарилган. Шунингдек, йиғинда таълим ислоҳот лойиҳасини тайёрловчи комиссия тузиш, эски шаҳар бошқарувини қўлга олиш, озиқ-овқат тақчиллигини бартараф қилиш учун эркин бозор тамойилларини жорий қилиш каби турли масалалар муҳокама қилингани маълум [28].
1917 йил 9 апрель мажлисида тасдиқланган “Шўрои Ислом”нинг фаолият йўналишларини белгилаб берган 4 боб, 30 моддалик Низомидан кўринадики, жамият Туркистонда янги бошқарув тартибини шакллантирувчи бош марказ бўлишни асосий мақсад қилиб белгилаган:
- Туркистон мусулмонлари орасида сиёсий, илмий ва ижтимоий жиҳатдан замонга мувофиқ фикрни тарқатиш;
- Бутун Туркистон мусулмонларини бир фикр, бир маслак сари йўналтиришга тадбир ва ҳаракат қилиш;
- Халқни янги ҳукуматнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда кенг иштирок этишга чақириш;
- Мамлакатнинг идора усули ҳақида маълумот тарқатиб, ташкилот мажлиси (учридитилний собрания)га тайёрлаш [25:11].
Туркистоннинг мустамлака қарамоғидан чиқариб озод давлат ва жамият қуриш учун қулай имконият ва вақт етиб келганлиги жадидлар тилидан “Шўрои Ислом” Низомидаги “Бутун Туркистон мусулмонларини бир фикр, бир маслак сари йўналтиришга тадбир ва ҳаракат қилиш” жумласи билан ифодаланган эди. Унинг негизида халққа мавжуд сиёсий вазиятни тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ўлка бошқарувига миллий раҳбарларни олиб келиш, ҳаётнинг барча жабҳасини қамраб оладиган ислоҳот лойиҳаларини тайёрлаш, ўлкадаги турли миллат вакилларини тотувлигини таъминлаш ва бошқа шу каби вазифалар белгилаб олинди [10:13-14].
“Шўрои Ислом” жамияти ўз мақсадига етишиш учун амалий ҳаракатларга киришар экан илк босқичда Туркистоннинг турли шаҳарларида ўз шўбаларини очиб, тарқоқ уюшмаларни марказлаштириш ва халқни таъсир остига олишга алоҳида эътибор қаратди. 1917 йилнинг 8 апрель кунги жамият умумий мажлисида Ўш, Андижон, Скобелев, Туркистон, Ўратепа ва Марв шаҳарларида шўбалар очилгани маълум қилиниб, уларга Марказий Шўронинг қонун ва дастурини юборишга қарор қилинди [10:10]. 9 апрелда Самарқандда “Шўрои Ислом” шўбаси очилган бўлса [16], 10 апрелда Наманганга уч кишилик вакил юборилиб, жамият шўбасини очиш вазифаси топширилди [23]. Апрель охирига қадар Андижон уездининг Жалақудуқ ва Асака, Қўқон уездининг Конибодом ва Сўх, Тошкент уездининг Тилов каби қишлоқ ва бўлисларида ҳам жамият шўбалари очилиб, ишга киришди [8].
Жамиятнинг бутун ўлка бўйлаб ёйилишида бир-бири билан олдиндан алоқада бўлган жадидлар ва жамоат фаоллари алоҳида ўрин тутган. Улар турли йиғин ва мажлислар уюштириб, ўлка аҳолисини ягона сиёсий иттифоқ асосида бирлашишга ва озодлик ва эркинликни ҳимоя қилишга чорлаган.
Шу билан бирга, жамият “Нажот” ва айни вақтда “Шўрои Ислом” номида газеталар чиқариб, турли намойишларга вакиллар юбориб, бутун сиёсий вазиятни назорат қилишга ҳаракат қилган [4:38].
Жамият шўбалари ҳар доим бир тартибда муаммоларсиз очилган деб бўлмайди. Масалан, 8 апрелда Андижонда бир вақтнинг ўзида “Шўрои Ислом” жамиятининг шўбасини очиш учун икки аҳоли гуруҳи ўртасида кураш борган. Бирига бой савдогарлар вакили Аҳмадбек Темирбеков ва бошқасига уламолардан Муҳиддин Махзум бошчилик қилган. Кўпчилик аҳоли уламолар таъсирида бўлгани учун охирида улар бошчилигида жамият шўбаси очилган [9].
Жамият аъзоларининг умумий сони ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас. Лекин, манбаларда қайд этилган маълумотларга кўра, ҳудудлардаги шўбаларда идора мажлиси аъзолари катта шаҳарларда 20, кичик қишлоқларда 15 киши ва умумий мажлис аъзолари катта шаҳарларда 100, кичик ҳудудларда 50 кишидан ортмаслиги белгилаб қўйилгани инобатга олинса [24], Туркистон ўлкасининг беш вилояти – Сирдарё, Еттисув, Фарғона, Самарқанд ва Каспийорти марказий шаҳарларининг ўзида 600 га қадар аъзо борлиги англашилади. Биргина Авлиёота шўбаси мисолида кўрилса, дастлаб 39 аъзо бўлиб, кейинчалик уларнинг сони 54 нафарга етган [29]. Андижоннинг Сўфиқишлоқ шўбасида эса 20 киши бўлган [8].
Жамиятнинг молиявий асоси ҳукумат ва жамоат муассасаларидан олинган маблағлар, бадавлат кишилардан олинган инъом пуллар, сотилган китоб, рисола, жарида ва мажалла каби матбуот ишларидан, шунингдек, ҳар хил пулли йиғин ва томошалардан тушган даромадлардан иборат бўлган [11:71]. Бу жараёнда шубҳасиз халқнинг қўллаб-қувватлови алоҳида ўрин тутган. Қўқон уездининг Сўх волостида жамият шўбасини очиш учун борган вакилларнинг даъватига биноан аҳоли томонидан 800 сўм, Исфарада эса 6022 сўм маблағ йиғиб берилган [12]. 1917 йил июнда “Шўрои Ислом” жамияти Марказий Шўро билан бирлашган вақтда унинг ҳисобидаги 20 минг сўм маблағ унга ўтказилган [17].
1917 йил май ойида ўтказилган Бутунроссия мусулмонлари қурултойида иштирок этиш учун жамият раиси сифатида Убайдулла Хўжаев вакил қилиб белгиланганда йўл харажатлари учун 1100 сўм, Тошпўлотбек Норбўтабековга эса 500 сўм маблағ ажратилгани [27] ёки аъзоларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Зайниддинхўжа ва Абдусафихонларга 300 сўмдан, Мунавварқорига 1000 сўм хайрия қилингани [27] жамиятнинг молиявий жиҳатдан анчагина мустаҳкам бўлганини кўрсатади.
“Шўрои Ислом” жамиятининг дастлабки фаолияти бутун ўлка бўйлаб ёйилиши билан баробар ҳокимиятни аста-секин миллий етакчилар қўлига ўтказиш жараёни билан бирга кечди. Хусусан, Тошкент эски шаҳар бошлиғи Колесниковнинг ўрнига комиссар қилиб Исломбек Худоёрхонов ва унга ўринбосар қилиб Мусахон Миразимовнинг белгиланиши, Тошкент тўрт даҳа полиция тизимини тугатиб, унинг ўрнига миллий муҳофизлар – Шайхонтоҳурдан Каттахўжа Бобохўжа эшон, Себзордан Тожихон, Кўкчадан Мирзақосим, Бешёғочдан Саидкамолхонларнинг сайланиши [19:35] нафақат империя тизимини қулатиш йўлидаги курашни кўрсатиб туради, балки Туркистон халқларининг тарихий давлатчилик тажрибасидан келиб чиқиб бошқарувга қодир эканини ҳам намойиш қилади, албатта.
“Шўрои Ислом” жамияти фаолиятидаги энг катта ютуқ 1917 йилнинг 16-23 апрель кунлари ўтказилган биринчи Умумтуркистон мусулмонлари қурултойи бўлди. Туркистоннинг турли ҳудудларидан келган 200 га яқин вакил иштирокидаги Қурултой кун тартибидаги дастурлар жадидларнинг узоқ йиллик курашлари маҳсули сифатида озодлик йўриқномасига айланди. Хусусан, дастурнинг энг катта қисмини банд қилган Туркистоннинг бўлажак давлат мақоми шундай ифодаланди:
- Туркистоннинг келажакдаги усул идораси:
а) аҳоли идоралара қонун ясайдурған, буйруқ қиладирған ва ҳукм қиладирған маҳкамалар;
б) шаръий идоралар, мадраса ва авқофлар масалалари;
т) молия масаласи;
с) маориф, миллий ва маданий масалалар, чунончи, ибтидоий, ўрта ва олий мактаблар, ҳунар мактаблари, мактабғача ҳам мактабдан ташқари ва ҳар хил илмий ва маданий муассасалар;
ж) аҳли руҳоний идораларға сайлов тартиблари;
д) эски идора муассасалари ва маъмурларини ўзгартув ҳақинда муваққат чоралар;
з) Бутун Туркистон мусулмонлари устидан қарайдирган бир идора исломия ва мулкия маҳкамаси очмак [21].
Якунда чиқарилган қарорда эса, “Туркистон мусулмонларининг қурултойи Русиянинг усул идорасин “имтиёзли халқ жумҳурияти” (федеративний демоқратичиский республика) асосиға қурулуб, атроф вилоятларға кенг мухторият берилмоғини муносиб кўрадур”, дейилган эди [22].
Қолаверса, дастурга “аҳоли идоралара қонун ясайдурған, буйруқ қиладирған ва ҳукм қиладирған маҳкамалар” жумласининг киритилиши бежиз бўлмаган. Бу 1917 йилдан кейин жадидлар сиёсий фаолиятида замонавий давлатчилик борасидаги қарашлар янада такомиллашиб, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд каби ҳокимиятнинг учга бўлиниш принципларига асосланган демократик тамойилдаги республика шаклини ўрнатиш ҳамда мустамлака тартибларини буткул йўқ қилиб, жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилишни бош мақсад қилиб белгилаб олганини ифодалаган. Олдинга қўйилган вазифанинг назарий ва амалий жиҳатларини эса “ШЎРОИ Ислом” каби миллий тузилма орқали ҳал қилиб бориш белгиланган.
Туркистонда ҳаётни тубдан ислоҳ қилишда “Шўрои Ислом”нинг марказчилик ўрни биринчи Умумтуркистон мусулмон мударрис ва муаллимларининг қурултойини ўтказишида ҳам намоён бўлади. Жамият ташаббуси билан 1917 йил 20-23 май кунлари Тошкентда ўтказилган муаллимлар қурултойи жадидларнинг узоқ йиллардан бери таълим соҳасидаги орзу-истакларини ифодаси сифатида намоён бўлди [20]. Унда миллий таълим тизимининг асосларини қуриб берган муҳим қарорлар қабул қилинди. Улар орасида таълимни она тилида олиб бориш, уни уч босқич – бошланғич, ўрта ва олий таълимга ажратиш, мажбурий бошланғич таълим бериш, барча таълим муассасаларининг ҳуқуқий жиҳатдан тенглиги, ўқув дастурларини ягоналаштириш, таълимнинг давлат томонидан молиялаштирилиши, таълим тузилмаларига тубжой аҳолининг раҳбарлик қилиши, қизларга таълим бериш ва бошқа шу кабилар акс этди [20].
Шунингдек, ушбу жамият олдида турган Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси, “Ўлка ишчи ва аскарлар шўроси” каби муассасалар билан муносабат юритиш, мажлиси муассасон (Таъсис мажлиси) сайловларига тайёргарлик, очликка қарши кураш ва бошқа шу каби бир қатор масалалар муваффақиятли ҳал қилиб борилди [13:26]. Жумладан, 1917 йил баҳоридан Туркистонда бошлаган озиқ-овқат танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун халқнинг исрофгарчиликка сабаб бўладиган тўй ва жаноза маросимларини ўтказиш тартиблари белгилаб берилди [26].
“Шўрои Ислом” жамияти сафларида турли ижтимоий-сиёсий қарашга эга кишилар жамланган эди. Уларни шартли равишда империя даврида улғайган янги авлод (жадид ва рус-тузем мактаби битирувчиларидан тортиб янги миллий сармоядорларга қадар) ва хонликлар давридан қолган мавқейини сақлашга интилган катта авлод (уламолар, қозилар, йирик мулкдор ва бошқалар) га бўлиш мумкин. Бу ҳолат Туркистоннинг бўлажак бошқарув шакли, хотин-қизлар масаласи, таълим ислоҳоти ва бошқа шу кабиларда умумий фикрга келишга халақит берарди. Олдинги даврда бошланган жамиятни ислоҳ қилиш жараёнидаги “жадид” ва “қадим” зиддиятлари бу даврда ҳам давом этди. Натижада, 1917 йил май ойи охирларида “Шўрои Ислом” жамияти тузилганига уч ой бўлмай парчалана бошлади ва иккига бўлинди. 1917 йил июнда унинг таркибидан “Шўрои уламо” жамияти ажралиб чиққач, жамият фаолияти Марказий Шўро билан бирлашди. Бу жараёнда сўл эсерларга хайрихоҳ Саъдулла Турсунхўжаев ва Саидакрам Саидазимбоев, жадидлардан Мунавварқори, Низомиддин Хўжаев, Абдулла Авлоний ва бошқалар бир сафдан жой олиб, Туркистон озодлиги йўлида курашда давом этди [5].
“Шўрои Ислом” жамиятининг парчаланишида мустамлакачи маъмурлар ва улар билан ҳамкорлик қилган сотқинларнинг ҳиссаси беқиёс экани шубҳасиз. Миён Бузрук жамиятнинг иккига ажралиш жараёнига баҳо берар экан, “Уламолар бир жамият ташкил қилиш учун кураш бошлади. Шунга йўл кўрсатган одамлар, айниқса, уларнинг бошлиғи Иванов ва шунга ўхшаган бир неча кишилар бошлиқ эди. Буларнинг ичида кўпроқ Мухторхон билан Иванов ўртасида алоқа жуда яхши эди. Уларни яшириб келадиган бу гуруҳлар яна тараққийпарварларга қарши иш кўра бошлади”, деб фикр билдиради [14]. Шунингдек, Уламо жамиятининг раиси Шерали Лапиннинг фаолияти ҳам умумий мақсад йўлидаги миллий ҳаракатларнинг бўлинишига олиб келди. “Улуғ Туркистон” газетасида бунга муносабат билдирилиб, “Шерали Лапин ва бошқа шу каби шахсий ғаразларина берилган зотларға эргашуб… шундай ихтилоф ва ифтиро чиқарувларина бутун вужудимиз билан ранжиймиз”, дейилади [18].
Хулоса қилиб айтганда, 1917 йил Туркистон минтақасида вужудга келган тарихий имкониятдан унумли фойдаланган миллат ойдинлари мустамлака тартибларини бузиб, миллий замонавий давлатчилик тузилмаларини шакллантиришга киришди. Бу жараёнда улар Туркистон ҳудудида яшовчи барча халқларнинг ягона давлат байроғи остида бирлаштириш мақсадини кўзлаб ҳаракат қилди. Миллий ва этник кимлик тушунчалари жадидларнинг наздида туркийлик ва мусулмонлик иборалари билан англашилди. Шунинг учун Туркистонда тузилган илк миллий сиёсий уюшмага – “Шўрои Ислом”, яъни “Ислом кенгаши” номи берилиб, бу орқали Туркистон халқининг бирдамлиги ва биродарлиги ифодалаб берилди.
“Шўрои Ислом” жамияти ўзининг қисқа муддатли фаолияти давомида Туркистондаги мустамлака бошқарув тартибларини янгилаш ва раҳбарликни миллий етакчилар қўлига ўтказиш, Туркистон мухториятининг ҳуқуқий-назарий асосларини ишлаб чиқиш ва халқнинг шу ғоя асосида бирлаштириш, ягона миллий таълим тизимини яратиш, озиқ-овқат танқислиги муаммосини бартараф этиш каби турли йўналишларда марказий ташкилот сифатида катта муваффақиятларга эришди. Айни пайтда, ислоҳотлар борасидаги қарашларнинг хилма-хиллиги натижасида юзага келган икки гуруҳ ўртасидаги рақобат ва унга мустамлака ҳукуматининг таъсири “Шўрои Ислом”нинг марказчилик нуфузига путур етказди ва 1917 йил июн ойида жамиятнинг парчаланишига сабаб бўлди.
-
Абдуллаев P.M. Интегрaционные процессы в мусульманском мире и Туркестанские джадиды // Евразийское сообщество: экономика, политика, безопасность. – 1997. – № – С. 123 – 132.; Ўша муаллиф. Общероссийские политические организaции Туркестана в 1917 году. В кн.: Туркистон мустақиллиги ва бирлиги учун кураш саҳифалари. – Т.: Университет, 1996. – С. 39-51.; Ўша муаллиф. Нaциональные политические организaции Туркестана в 1917 – 1918 годы. Автореф. дисс. … докт. ист. наук. – Т., 1998. – 62 с.; Ўша муаллиф. Национальные политические организации Туркестана в 1917-1918 годы. – Т.: Адабиёт учқунлари, 2016. – С.282.
-
Аъзамхўжаев С. “Шўрои Исломия” асли қандай эди? // Фан ва турмуш. – 1992. – № 5 – 6. –Б. 18 – 19.; Ўша муаллиф. Туркистон мухторияти. Миллий давлатчилик қурилиши тажрибаси. – Т.: Маънавият, 2000. – 167 б.; Ражабов Қ. Туркистон мухторияти тарихи. – Т.: Фан, 2023. – 255 б.; Ўша муаллиф. Ўзбекистон ХХ асрда. Икки жилдлик. Биринчи жилд (1900-1939). – Т.: Фан, 2024. – 751 б.; Мингноров А. Туркистонда 1917-1918 йиллардаги миллий сиёсий ташкилотлар. – Т.: Маънавият, 2002. – 60 б.
-
Abdullah Receb Baysun. Türkistan milli haraketleri. – İstanbul, 1943.
-
Аbdullah Taymas. Rus ihtilalinden hatıralar. – İstanbul: Güven, 1947.
-
ДXX архиви. П-33391-иш, 1-йиғмажилд, 148-варақ.
-
ДХХ архиви. П-33391-иш, 3-йиғмажилд, 383-варақ.
-
ДХХ архиви. П-33391-иш, 3-йиғмажилд, 383-варақ.; Мамлакат идорасида алмашинув ва Туркистон / Улуғ Туркистон. 1917 йил 25 апрель.; Аъзамхўжаев С. “Шўрои Исломия” асли қандай эди? // Фан ва турмуш. – 1992. – № 5 – 6. –Б. 18.; Мингноров А. Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг миллий матбуотда ёритилиши (1917-1918 йиллар). – Т.: Истиқлол нури, 2013. – 62-бет.
-
Жалақудуқ волостидаги сайлов / Нажот. 1917 йил, 28 май.
-
Идорага мактублар / Нажот. 1917 йил, 28 апрель.
-
Мингноров А. Туркистонда 1917-1918 йиллардаги миллий сиёсий ташкилотлар (Миллий матбуот материаллари асосида). – Т.: Маънавият, 2002.
-
Мингноров А. Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг миллий матбуотда ёритилиши (1917 — 1918 йиллар). – Т.: Истиқлол нури, 2013.
-
Муаллим А. Ибодий. Бўҳтонга ҳақиқат / Нажот. 1917 йил, 28 май.
-
Мустафо Чўқай ўғли. Истиқлол жаллодлари (1917 йил хотиралари). – Т.: Ғафур Ғулом, 1992.
-
ПАА. 617(1а)-жамғарма, 482-йиғмажилд, 5-варақ.
-
Ражабов Қ. Туркистон мухторияти тарихи. – Т.: Фан, 2023.
-
Самарқанд аҳволидан / Нажот. 1917 йил, 21 май.
-
Туркистон марказий шўро протоколлари / Кенгаш. 1917 йил, 25 июль.
-
Туркистон мусулмонларининг иккинчи қурултойи / Улуғ Туркистон. 1917 йил, 10 сентябрь.
-
Туркистон мухторияти миллий давлатчилик қурилиш тажрибаси.
-
Умумий Туркистон мусулмон мударрис ва муаллимларининг қурултойи / Нажот. 1917 йил, 26 май.
-
Умумтуркистон мусулмонларининг қурултойи / Нажот. 1917 йил, 21 апрель.
-
Умумтуркистон мусулмонларининг қурултойи / Нажот. 1917 йил, 23 апрель.
-
“Шўрои Исломия”нинг қарор ва хизматлари / Нажот. 1917 йил, 21 апрель.
-
“Шўрои Исломия”нинг муваққат қонуни / Нажот. 1917 йил, 28 апрель.
-
“Шўрои Исломия”нинг муваққат қонуни / Нажот. 1917 йил, 28 апрель.; Мингноров А. Туркистонда 1917-1918 йиллардаги миллий сиёсий ташкилотлар (Миллий матбуот материаллари асосида). – Т.: Маънавият, 2002.
-
“Шўрои Исломия”нинг қарорномаси / Нажот. 1917 йил, 28 апрель
-
“Шўрои Ислом”нинг умумий мажлиси / Нажот. 1917 йил, 28 апрель.
-
“Шўройи Ислом”нинг қарор ва хизматлари / Нажот. 1917 йил, 26 май.
-
Ўз мухбиримиздан / Нажот. 1917 йил, 21 май.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




