Home / МАҚОЛАЛАР / ЛEКСИКОГРАФИЯ – ЛУҒАТ ТУЗИШ ИЛМИ ВА УНИНГ ТАРИХИЙ РИВОЖИ

ЛEКСИКОГРАФИЯ – ЛУҒАТ ТУЗИШ ИЛМИ ВА УНИНГ ТАРИХИЙ РИВОЖИ

Кириш. Тилшунослик илмида луғатшунослик азал-азалдан энг қадимий соҳалардан бири саналади. Унинг шаклланиш ва тараққий этиш жараёнида тилшунослардан ташқари кишилик жамиятининг бошқа аъзолари ҳам фаол иштирок этган. Ҳозирги кунда жаҳон ва ўзбек тилшунослигида бир, икки ва кўп тилли луғатларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш жараёнини тилшуносликнинг турли аспектларида таҳлил қилиш муҳим илмий масала ҳисобланади.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Икки тилли луғатларнинг манбалари ва ҳозирги даврда амалга оширилган илмий-амалий нашрларининг аҳамияти ва мукаммаллигини аниқлаш учун илмий-қиёсий таҳлилларни амалга ошириш талаб этилади. Шу ўринда таржима луғатлар устида олиб борилган бир қатор олимлар тадқиқотларини ҳам эътироф этиш лозим.

Тилшунослар Н.Расулова, Ш.Файзуллаева, Қ.Муҳиддинов, М.Зияевлар, Х.Фаттоҳов, Т.Қодиров, Э.Умаровларнинг монографик ишлари қаторида Б.Ҳасановнинг “Навоий асарларига тузилган қўлёзма луғатларнинг тузилиш принциплари” номли диссертацияси ўзининг кенг қамровлилиги, таҳлилларининг ишончлилиги билан ажралиб туради. Унда “Бадоеъ ал-луғат”, “Абушқа”, “Санглоҳ”, “Луғати атроқия” асарлари таҳлил қилинган. Луғатшунос олим С.Нормаматовнинг “Ўзбек луғатчилигининг шаклланиши ва ривожланишида жадид маърифатпарварларининг ўрни” номли докторлик ишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Диссертациянинг мазмун моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, у икки ва кўп тилли луғатлар тадқиқига бағишланган.

Мовароуннаҳрга Ислом дини кириб келгандан кейин туркий халқлар кўп асрлар давомида араб халифалиги ва араб халқлари билан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқада бўлиб келган. Бу муносабатлар айниқса, Аббосийлар (750–1238 йй) даврида тараққий этди. Натижада, у ерда бир қанча фанларнинг ноёб соҳалари билан бирга тилшунослик, луғатшунослик соҳалари ҳам ривожланди. Туркий халқларнинг ислом динини қабул қилиши натижасида луғатлардан фойдаланишга эҳтиёж сезилди. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни туркийлар ўз она тилида тушуниши ва араб тилидан таҳсил олиши учун зарурат туғилди.

Тилшунос олим Ш.М.Мирзиётов “Муқаддиматул адаб” асари тилшунослик, луғатшунослик, луғатшунослик анъаналари ва арабий-туркий сўзликнинг лексик-семантик талқинига бағишланган филология фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертациясида юқоридаги жараёнларга “янги анъана” сифатида қиёсий-тарихий метод асосида қуйидагича илмий баҳо беради: “Араб тилшунослиги айнан ўрта асрларда ислом динининг бевосита таъсирида ҳамда бошқа халқлар орасида тарқалиши натижасида шаклланган “янги анъана” сифатида эътироф этилади. Унинг янгилиги шундаки, араб тилшунослиги араб тилининг структураси тўла мувофиқ келувчи оригинал тил тизимини яратди, араб тилининг спецификасига мос келувчи оригинал тушунча ва терминлар аппаратини муомалага киритди. Араблар томонидан ишлаб чиқилган илмий тадқиқот методлари бошқа тиллар, хусусан, форс, туркий тилларнинг ўрганилиши жараёнида ҳам татбиқ этила бошланди.”

Икки тилли туркий луғатчилик тарихи ХИ асрдан Маҳмуд Қошғарийнинг туркча-арабча “Девону луғотит турк” қиёсий-тарихий асарини ёзганидан бошлангани барчага маълум. Арабча-туркча луғатлардан яна бири – Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарийнинг (1075–1144) “Муқаддиматул адаб” асари ҳисобланади. Олим бу асарини 1137 йилда Хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга туҳфа сифатида унга бағишлаб ёзган. Асар бешта катта қисмга бўлинган бўлиб, отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритади.

Туркий лексикографиянинг тараққиёт жараёни ва тадрижи ҳақида тилшунос олим А.Нурмонов қуйидагича фикр билдиради:

“Девону луғотит турк” асари умумтуркий лексикографиянинг намунаси бўлса, ХИИИ – ХИВ асрлардан бошлаб, ўзбек лексикографияси ундан озиқланган ҳолда мустақил ривожлана бошлади. Айниқса, туркийча-форсча, туркийча-арабча таржима луғатлар тузишга эътибор кучайди. Бу эса, араб ва ажам мамлакатларида туркий тилга қизиқишнинг ортиб боргани натижасидир. Шунинг натижасида “Таржимону туркий ва ажамий ва муʼғулий ва форсий” (ХИИИ–ХИВ асрлар), “Китоб ат-туҳфатуз-закияти фил-луғатит туркия” (ХИВ аср), Абу Ҳайённинг “Китоб ал-идрок лисон ал-атрок” (ХИВ аср), шунингдек, Алишер Навоий асарлари учун тузилган кўпгина луғат ва бошқалар юзага келди. Инсониятнинг маданий, маънавий ва илмий тараққиётида тилнинг, хусусан, сўзнинг беқиёс ўрни бор. Одамлар ўзаро мулоқот қилиш, фикр алмашиш ва билим тарқатиш мақсадида турли воситалардан фойдаланган, шулар ичида энг муҳим ва кенг қамровли восита – бу тил ҳисобланади. Аммо жамият тарихан турли миллат, халқ ва элатларга бўлинган ҳолда шакллангани боис, ҳар бир халқнинг ўз тили, сўз бойлиги, грамматик тизими ва маъно ҳамда тушунчалар дунёси юзага келган. Шунинг учун ҳам халқлар, элатлар ва миллатлар ўртасидаги ўзаро мулоқот, ҳамкорлик ва англашув эҳтиёжи туфайли луғатлар – яъни бир тилдаги сўзларни бошқа тилга таржима қилувчи, ёки бир тилнинг сўз бойлигини изоҳлаб берувчи лексик манбалар вужудга келди. Ана шу эҳтиёж натижасида дунёда лексикография, яъни луғатчилик илми пайдо бўлди.

Лексикография – бу сўзларни ўрганиш, тартиблаш, изоҳлаш ва уларни луғат шаклида тизимлаштириш билан шуғулланадиган тилшунослик соҳаси бўлиб, унинг аҳамияти нафақат тилшунослар, балки таржимон, адабиётшунос, тарихчи, манбашунос ва кенг жамоатчилик учун ҳам беқиёсдир. Зотан, тил ҳар бир халқнинг миллий онги, тарихий хотираси ва маданий меросининг асосий кўзгусидир. Лексикография, айниқса, инсониятнинг тарихий тараққиётидаги илк цивилизацияларда – Месопотамия, Ҳиндистон, Хитой, Юнон ва араб-ислом маданиятида алоҳида аҳамият касб этган. Масалан, милоддан аввалги 3-2 минг йилликларда Шумер ва Аккад (Аққод) халқлари миххат ёзувларида бошқа тиллардаги сўзларнинг маъноларини қайд этган илк лексик рўйхатлар пайдо бўлган. Бу рўйхатлар нафақат лексикографиянинг, балки умумий тилшунослик фанининг ҳам бошланғич манбалари ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан қаралса, лексикография тилшунослик фанининг энг қадимий ва илк шаклланган соҳаларидан бири бўлиб, у жаҳон тилшунослигининг шаклланишида ва фан сифатида юзага келишида илк қадам ҳисобланади. Қадимги Ҳиндистон олимлари – Панини, Яска, Бҳартрихари каби алломаларнинг санскрит тилини мантиқ, морфология ва семантика жиҳатидан таҳлил қилишга қаратилган ишлари кейинчалик Европа ва ислом оламида ҳам лексикографиянинг ривожига йўл очган. Шунингдек, Аристотел, Соссюр, Бопп, Блумфилд, Хомский каби Ғарб олимларининг лексик таркибни ўрганишдаги назарий ишлари, араб тилшунослигидаги “Муъжам” анъанаси ва мукаммал луғатчилик тажрибалари бу соҳанинг жаҳон миқёсида қай даражада ривожланганидан далолат беради.

Замонавий тилшуносликда эса, лексикографияда фақатгина луғат тузиш билан чекланиб қолмай, балки унинг назарий асосларини ишлаб чиқиш, луғат турларини классификация қилиш, фойдаланувчи эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда луғат тузиш, электрон ва компьютер лексикографияси йўналишларида ҳам фаол равишда иш олиб борилмоқда.

“Лексикография” атамаси юнонча “сўзлар ҳақида ёзиш” маъносини билдиради. Ўзбек тилида бу атама “луғат илми”, “луғатчилик” ёки “луғатшунослик” сифатида талқин қилинади. У ўз моҳиятига кўра, тилшуносликнинг луғат тузиш ва уларни илмий жиҳатдан ўрганишга ихтисослашган соҳасидир [4:89-117]. Лексикография икки асосий турга ажратилади: Назарий лексикография – луғат тузишнинг назарий, методологик ва фанлараро масалаларини ўрганади. Амалий лексикография – луғат тузиш жараёни, сўз танлаш, мақолаларни шакллантириш, тартиблаш ва луғатни тайёрлаш билан шуғулланади. Луғат тузиш –  бу фақат тилшунослик эмас, балки у ижтимоий вазифаларни ҳам бажаради:

  1. Она тилининг сўз бойлигини сақлаш, тавсифлаш ва нормаллаштириш;
  2. Тиллараро мулоқотни таъминлаш (икки ёки кўп тилли луғатлар орқали);
  3. Лексик ва фразеологик бойликни илмий асосда тадқиқ этиш.

Луғатнинг хилма-хил тури мавжуд. Бу хилма-хиллик, биринчи навбатда, лексикографик тавсиф объектининг, яъни тилнинг мураккаблиги ва кўп қирралилиги билан изоҳланади. Қолаверса, жамиятнинг тилга оид турли хил маълумотларни олишга бўлган кучли эҳтиёжи ҳам луғат репертуарини мураккаблаштиради ва кенгайтиради. Битта луғат билан тил ҳақида бутун жамиятни, унинг алоҳида қатламлари ва хусусиятларини бирдек қаноатлантиришнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам, ҳар қандай миллий лексикографияда ҳар хил турдаги ўнлаб, ҳатто юзлаб луғатларни учратамиз.

Умуман олганда, мазмуни ва мақсадига кўра, луғатлар икки асосий гуруҳга бўлинади: энциклопедик ва лингвистик ёки филологик. Энциклопедиялар ва энциклопедик луғатлар сўзларни эмас, балки улар билан ифодаланган воқеликни (объект, шахс, ҳодиса ва тушунчалар) тушунтиради. “Энциклопедия” сўзи қадимги юнон тилидан келиб чиққан бўлиб, “билим доираси” маъносини англатади. Энциклопедиялар ҳар қандай даражадаги ўқувчига қизиққан мавзу бўйича маълумот беради ва ўз-ўзини тарбиялашнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Умумий энциклопедиялардан ташқари, фалсафа, тарих, технология, математика, физика, тиббиёт ва бошқа соҳалар бўйича махсус энциклопедиялар мавжуд. Улар муайян соҳадаги тушунчаларни алифбо тартибида тушунтиради. Луғат тузишнинг асосий тамойилларидан бири – луғатга олинаётган сўзлик ҳажмини аниқлашдир. Одатда луғатнинг ҳажми унинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, у ҳақидаги маълумот луғатнинг сарлавҳа саҳифаси ёки изоҳида берилади. Луғатнинг сўзлиги луғат турига қараб белгиланади. Мисол учун, сўзликнинг энг тўлиқ тўплами изоҳли луғатларида, энг ками – имло ва шунга ўхшаш бир томонлама луғатларда келтирилган. Баъзи изоҳли ёки ўқув луғатлари шунчалик кўп тавсиф параметрларини қамраб оладики, уларнинг ҳар бири махсус зонада (визуал, график жиҳатдан) ажралиб туради: грамматика зонаси,  мослик зонаси,  маъно зонаси,  расмлар зонаси ва бошқалар. 

Луғатларнинг турларга бўлиниши, таснифловчилар таъкидлаганидек, турли сабабларга кўра содир бўлади: луғатнинг мақсади, ҳажми, ундаги сўзларнинг жойлашиш тартиби, тавсиф объектига ва ҳоказоларга кўра бир хил турдаги луғатда бирлашса, бошқалари бир-биридан ажралиб туради ва бутунлай бошқа турдаги луғатлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Таржима, изоҳли, диалект ва минтақавий луғатлар, жаргон, тарихий, неологизмлар, этимологик, машҳур иборалар ва бошқа кўплаб луғатлар мавжуд [2: 19-20]. Шуни таъкидлаш керакки, гарчи луғатлар типологиясини яратишга кўплаб тилшунослар, хусусан, Л.В.Шчерба, П.Н.Денисов, Б.Кемада, Я.Малкил, Л.Згуста  ва бошқалар уринган бўлсада, тилшуносликда луғатларнинг умумеътироф этилган типологияси ҳалигача мавжуд эмас.

Луғатлар типологияси, яъни уларни турларга ажратиш – бу луғатларнинг турли хусусиятлари асосида илмий таснифлашдир. Лекин, одатда, бу типология мавжуд луғатлар асосида амалий жиҳатдан тузилади. Шунинг учун бу ерда илмий луғатлар типологиясидан кўра, уни тузиш тамойиллари ҳақида гапириш мақсадга мувофиқдир.

Сўнгги йилларда луғатларни таснифлашда лингвистик, семиотик, формал ва ижтимоий-прагматик параметрлар ёки бир нечта йўналишлари шаклланган ва улар асос сифатида олиниши мумкин. Бу параметрларни ишлаб чиқишга Л.В.Шчерба, В.В.Виноградов, С.И.Ожегов, В.Г.Гак, А.М.Сивин, Л.П.Ступин, Л.А.Новиков, В.А.Козирев, П.Н.Денисов, Л.П.Крисин ва бошқа кўплаб тилшунос олимлар катта ҳисса қўшган. Аммо луғатларнинг илмий типологияси асосини илк бор академик Л.В.Шчерба ўзининг “Опыт общей теории лексикографии” (“Лексикографиянинг умумий назарияси тажрибаси”, 1940 й.) мақоласида ёритган. У луғатларни ўзаро қарама-қарши қиёслаш орқали қуйидаги олти жуфтга ажратади:

  1. академик турдаги луғат – маълумотнома луғати;
  2. энциклопедик луғат – умумий луғат;
  3. тезаурус – оддий (изоҳли ёки таржима) луғат;
  4. оддий луғат – идеографик луғат;
  5. изоҳли луғат – таржима луғати;
  6. тарихий бўлмаган луғат – тарихий луғат.

Бир қатор тилшунослар Л.В.Шчербанинг таснифларини тўлдириб, шарҳлаган. Масалан, профессор В.Г.Гак луғатларни қуйидаги саккизта дифференциал белгиларга кўра таснифлайди: 1) мазмунга кўра; 2) лексикани танлашга кўра; 3) тавсиф усулига кўра; 4) тавсиф бирлигига кўра; 5) материалнинг жойлашувига кўра; 6) сўзнинг даврдаги қўлланилишига кўра; 7) луғатнинг мақсадига кўра; 8) тиллар сонига кўра.

Замонавий луғатларнинг хилма-хиллиги уларнинг таснифлари учун турли асосларни яратилишига олиб келмоқда ва бу борада турли илмий-амалий параметрлар ишлаб чиқилмоқда.

Тарихий манбалар ва илк лексикография. Тилшуносликдаги энг қадимий ёзма манбалар лексикографик хусусиятга эга. Масалан, милоддан аввалги 3-2 минг йилликлардаги Месопотамия ҳудудидан топилган шумер ва аккад тилидаги миххатли ёзувларга хорижий сўзларнинг маъноси, талаффузи ва қўлланилиши ҳақида маълумот берувчи илк луғатлар сифатида қаралади. Қадимги Ҳиндистонда Панини (миль.авв. ВИ-ИВ асрлар) томонидан яратилган грамматик қоидалар ва луғатлар лексикография илмининг илк юқори босқичини ташкил қилган. У 4000 дан ортиқ қоидалар орқали санскрит тилини тартибга солган ва грамматик тизим яратган. Шунингдек, унинг ишлари кейинчалик Ғарб тилшунослигига, хусусан, Фердинанд де Соссюр ва Ноам Хомский каби олимларга кучли таъсир кўрсатган. Ғарбда лексикографиянинг ривожланиши ҳақида гапирганда, Аристотелнинг “Поэтика” асари орқали Ғарбда тилшунослик ва риторика асослари юзага келган. Кейинчалик, Европа тилшунослари ХИХ-ХХ асрларда Франс Бопп, Фердинанд де Соссюр, Роман Якобсон ва бошқалар орқали лексикография ва тил назариясини ривожлантирди. Луғат турлари ва типологияси луғат тузилиши, мақсади ва вазифаларига кўра ҳар хил турларга бўлинади. Улар қуйидагича умумлаштирилади: монолингвал луғатлар (изоҳли, фразеологик, қомусий ва бошқалар), билингвал ва полилингвал луғатлар (таржима луғатлари), таълимий луғатлар (мактаб ва университетлар учун), терминологик луғатлар (илмий-техник соҳалар учун), тарихий, диалект, жаргон, неологизмлар луғатлари ва ҳоказо. Луғатлар икки асосий йўналишда ҳам фарқланади: лингвистик (филологик) луғатлар – сўзларнинг маъноларини, грамматик хусусиятларини изоҳлайди; энциклопедик луғатлар – сўзлар орқали ифодаланган объектлар, шахслар, ҳодисалар ҳақида маълумот беради.

Луғат тузишдаги муҳим омиллардан бири – сўзларнинг луғатдаги жойлашиш тартибидир. Кўпинча алифбо асосида, баъзан морфологик ёки тематик асосда тартибланади [3:470]. Араб лексикографиясида “муъжам” тушунчаси муҳим ўрин тутади. У “луғат”, “жамланма” ёки “қомус” маъноларини билдиради. Ислом дунёсида муъжамлар диний, илмий ва адабий асарларни тартиблаш ва изоҳлашда муҳим восита бўлган. Хусусан, ҳадис илмларида ровийларнинг исмларини алифбо асосида жамлаган китоблар ҳам “муъжам” деб аталган. Тарихий жиҳатдан Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидийнинг “Китоб ал-айн” асари араб лексикографиясининг илк намуналаридан бири ҳисобланади. У тилни фонетик усулда тартиблаб, ҳарфлар сингари сўзларни ҳам ҳалқумдан бошлаб, лабгача тавсифлаган. Бу санскрит луғатчилиги таъсирида шаклланган, деб қаралади.

Араб муъжамлари икки асосий турга бўлинади: Муъжам маъоний (тематик лексикон) – муайян мавзулар асосида тузилади; Муъжам альфаз (альфавит асосидаги луғат) – сўзлар алифбо асосида жойлаштирилади ва маънолари изоҳланади. Муъжам ва Қуръон лексикографияси Қуръони каримга оид лексикографик ишлар – “муъжам ал-мақаниз”, “ал-феҳарис”, “ал-масодар” сингари терминлар асосида лексемаларнинг контексти, маънолари ва қўлланилиши таҳлил қилинадиган манбалардир [1: 32-33]. Улар Қуръон тилшунослиги ва тафсиршунослик соҳаларида муҳим ўрин тутади.

Араб тили идиоматик ибораларга бой тил. Бу ибораларни семантик эквивалентлигини таъминлашда қийинчилик туғдириши мумкин. Масалан, арабча “مطر خير” (матар хайр) ибораси “фойдали ёмғир” маъносини ифодалайди, аммо унинг таржимаси кўпинча унинг чуқур маъносини ифодалай олмайди.

Бу иборани сўзма-сўз “фойдали ёмғир” деб таржима қилиш мумкин, лекин бу унинг маданий ва эмоционал юкини тўлиқ акс эттирмайди. Араб маданиятида бу ибора ёлғиз об-ҳаво ҳолатини эмас, балки барака, ризқ, яхшилик ва Аллоҳнинг раҳмати келиши билан боғлиқ маънода қўлланади.

Араб жамиятида, айниқса саҳро ва қуруқ ҳудудларда ёмғир кам ёғади. Шунинг учун ёмғир – ҳаёт ва фаровонлик тимсоли. “Матар хайр” деб айтиш, Аллоҳдан келган ёмғир баракали бўлишини ифода этади ва шукрона ва хуш ният билдириш усули ҳисобланади.

Тўғри семантик таржима учун ечим: сўзма-сўз эмас, маъноли таржима қилиш керак:

  • “Баракали ёмғир”.
  • “Ёмғир яхшилик келтирсин”.
  • “Аллоҳдан келган яхшилик”.
  • “Файзли ёмғир”.

Шу билан бирга, диний ва маданий контекстни тушунмаган ўқувчи ёки тингловчи учун изоҳ ҳам керак бўлади.

Қисқа хулоса: “:مطر خير” ибораси оддий табиий ҳодисани эмас, балки маданий қадриятлар, диний эътиқод ва ижтимоий тасаввурлар билан тўла. Шунинг учун уни таржима қилганда, семантик эквивалентликни сақлаш учун сўзма-сўз эмас, маданий-маъноли ёндашув талаб этилади.

يده خَفِيفَة (ядуҳу хафīфа) – “Унинг қўли енгил”. Бу ибора икки хил маънода ишлатилади:

  • Агар уста ҳақида бўлса – ишни чиройли, тез ва осон қилиб бажаради.
  • Агар меҳмон ҳақида бўлса – меҳмон оз еб-ичади, хўжайинга юк бўлмайди.

Сўзма-сўз “His hand is light” деб таржима қилиш мумкин, аммо бундай таржима англашилмаслиги мумкин. Контекстга қараб:

  • “He works with a light touch”.
  • “He is an easy guest” каби вариантлар талаб этилади.
  1. Стилистик элементлар. Араб адабиётида кўпинча метафора ва алегориядан кенг фойдаланилади. Семантик эквивалентликка эришиш учун таржимонлар нафақат литерал маънони, балки манба матнининг стилистик хусусиятларини ҳам эътиборга олиши зарур.
  2. Коннотация ва денотация. Араб тилидаги сўзлар кўпинча денотатив (литерал) ва коннотатив (имплицит) маъноларни ҳам ўз ичига олади. Таржимонлар ушбу маъноларни кузатиши ва семантик эквивалентликни таъминлаши учун доимо маънони тўғри тушуниши керак.

Масалан, “سعيد” (саъид) сўзи “ҳамд” маъносини англатади, лекин унинг контекстига кўра, кўпинча фарқланиши мумкин (масалан: хурсанд, қониқиш).

  1. Денотатив маъноси (луғавий): “Саъид” сўзининг луғавий маъноси – “хурсанд”, “бахтли”. Бу сўз саъāда (سعادة) – “саодат, бахт” сўзидан келиб чиққан.
  2. Коннотатив (имплицит) маънолари: Контекстга қараб, “سعيد” сўзининг маънолари кенгайиб, қуйидагиларни қамраб олиши мумкин:

Юздаги таъсир: Баъзи ҳолатларда, инсоннинг юзидаги хурсандлик кўриниши.

Таржимадаги муаммо: Агар таржимон “سعيد” сўзини доимо “хурсанд” деб таржима қилса, жуда кўп маънони йўқотади. Масалан:

  • هو سعيد بقضاء الله – У Аллоҳнинг тақдирига розидир (фақат “хурсанд” деб таржима қилиш нотўғри).
  • سعيد في الآخرة – У охиратда саодатга эришди (буни “хурсанд” деб таржима қилиш кулгили чиқади).

Шунинг учун таржимон сўз контекстини чуқур тушуниши, диний, ижтимоий ва ҳиссий коннотацияларни инобатга олиши, талаб этилганда адаптация ёки изоҳ бериши керак.

Араб тилидаги сўзлар кўпинча кўпқатламли маъноларга эга. Таржимонлар денотатив ва коннотатив фарқни англай олмаса, матннинг мазмуни бузилади ёки камаяди. Шунинг учун семантик эквивалентликни таъминлаш учун, маънони фақат луғатдан эмас, балки контекст, маданият ва жамият тасаввурларидан келиб чиқиб тушуниш керак.

  1. Диалектлик хусусиятлар. Араб тили кўп диалектларга эга тиллардан бўлиб, бу сўзларнинг семантик маъносини тўғри таърифлашда муҳим аҳамият касб этади. Таржима қилинаётган матн замонавий стандарт араб тили ёки махсус диалектда бўлса, семантик эквивалентликни таъминлашда бу жиҳатларни аниқлаш керак.

Семантик эквивалентликка эришишдаги чалкашликларга олиб келувчи омиллар:

  • Сўзларнинг полисемантик ва омонимик хусусиятлари. Маълумки, араб тилида кўплаб сўзлар бир нечта маъноларга эга (полисемия) ёки бир хил шаклга эга бўлган, аммо фарқли маъноларни англатади (омонимия). Бу мураккабликни таржимон контекст орқали ечиб олиши мумкин.
  • Грамматика ва синтактик структура. Араб тили грамматикаси барча тиллардаги каби жуда кўп ўзига хосликларга эга. Масалан, ўзбек тили грамматикаси билан ҳам бир қатор тафовутларга эга ва бу, ўз навбатида, таржимада бир қатор мураккабликларни келтириб чиқаради. Бу эса, семантик эквивалентликка эришишда катта эътибор талаб қилади. Таржимонлар ушбу структуравий фарқларни ўз ичига оладиган таржима стратегиясини ишлаб чиқиши керак.
  • Маданий хусусият. Баъзи тушунчалар ёки терминларнинг мақсад тилида тўғридан-тўғри эквивалентлари бўлмаслиги таржимонлардан ижодкорлик ва ўзига хос ёндашув талаб этади. Масалан, арабча диний терминологияни таржима қилишда тегишли эквивалентни топиш жуда муҳим.

Стилистик эквивалентлик – бу таржима жараёнида оригинал матн ва таржима матни ўртасидаги услубий тенгликни сақлашни англатади. У коммуникатив, прагматик ва функционал эквивалентлик билан яқин алоқада, чунки барчаси маълум бир коммуникатив актга боғлиқ.

Стилистик эквивалентлик таржима матнининг асл матнга услубий жиҳатдан мос келишига, шунингдек, қабул қилувчи маданиятида таржима матни қанчалик мос эканига эътибор қаратади. Бошқача айтганда, бу таржима матнининг асл матн каби таъсир кўрсатишига ва шу мақсадга етишишига интилади.

Стилистик эквивалентлик қуйидаги тушунчалар билан боғлиқ:

  1. Коммуникатив акт ва таъсир. Оригинал матн бирон бир мақсадга эга бўлса, таржима ҳам шу мақсадга эришиши керак. Масалан, агар асл матн қабул қилувчини таъсирлантиришга қаратилган бўлса, таржима ҳам қабул қилувчини шу тарзда таъсирлантириши лозим.
  2. Мазмун ва маъно эквивалентлиги. Стилистик эквивалентлик таржима матнидаги мазмунни сақлаш ҳисобланади, лекин бу маънонинг ҳамма вақт бир хил бўлишини англатмайди. Чунки ҳар бир инсон матнни ўз онгида шакллантиради.

Бу каби талқинлар таржима жараёнини аниқлаш ва самарали таржима қилиш учун муҳимдир, чунки улар орқали тиллар орасидаги алоқалар, функционал муносабатлар ва таржима омили бўлган маданиятлар орасидаги мулоқотларни яхши тушуниш мумкин.

Бундан ташқари, таржима эквивалентлигини аниқлаш таржима жараёнида муваффақиятли ва самарали ижро этиш учун асосий омил ҳисобланади. Келажакда эса, бу концепцияларга асосланган тадқиқотлар таржима соҳасидаги самарадорлик ва ижодкорликни янада оширишга ёрдам беради.

Лексик бирликларнинг эквивалентлигини таъминлаш таржимондан нафақат тил қоидаларини мукаммал билишни, балки икки тилнинг маданий, тарихий ва миллий хусусиятларини чуқур англашни талаб қилади. Мазмунни аниқ ва холис етказиш учун лексик бирликнинг тўлиқ, қисман ва ноль эквивалентлик ҳолатлари каби турли кўринишларини ҳисобга олиш зарур.

– Тўлиқ эквивалентлик ҳолатида, икки тилдаги бирликлар бир хил маънога эга бўлиб, бир бирига тўла мувофиқ келади.

– Қисман эквивалентлик эса муайян фарқларга эга бўлиб, таржимондан контекстга мувофиқ танловни талаб қилади.

– Ноль эквивалентлик вазиятида эса лексик бирликнинг бошқа тилда тўғридан-тўғри эквиваленти мавжуд бўлмай, уни изоҳли таржима ёки қўшимча тушунтириш билан етказиш зарур бўлади.

Таржима луғат тузишда асосий жараёнлар сўз устида олиб борилади. Мана шу қисм лексикографнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Сўз – бу луғатнинг ташкил этувчи компоненти, у тил жамияти ҳаётида яшайдиган, ижтимоий-маданий ҳодисаларга учрайдиган жонли ҳодиса.

“Сўз” тушунчасига мукаммал таъриф беришга кўп олимлар уриниб кўрган, лекин уларнинг ҳаммасини ҳам тўлақонли мукаммал таъриф деб бўлмайди. Профессор А.А.Реформатскийнинг фикрича, “сўз – тилнинг энг конкрет бирлиги”дир. Турли дарслик ва қўлланмаларда сўзнинг турли таърифлари келтирилган. Хусусан, Б.Н.Головин: “Сўз – тилнинг энг кичик маъноли бирлиги, у гап тузиш учун нутқда эркин тикланиш хусусиятига эга”, деб таъкидлайди. Ф.Ф.Фортунатов эса: “Тилнинг энг муҳим бирлиги, чунки сўзда тил структураси барча асосий элементлари бирлашади”, деб ҳисоблайди. Л.И.Баранниковага кўра: “Тилдаги маъноли товушлардан бўлак ҳолда маъно ифодалайдиган товуш сўз дейилади.” А.А. Потебняга кўра: “Сўз – товушлар билан маъно бирлиги” ҳисобланади. “Ҳозирги ўзбек адабий тили” қўлланмасида эса: “Сўз – мураккаб тил ҳодисаларидан бири, у тил бирликлари қаторида муҳим, марказий ўрин тутади”, – каби фикрни учратиш мумкин.

Таржима луғат тузиш ва таржима жараёнида эквивалентлик нафақат лексик бирликлар, балки фразеологик ифода, синонимлар, омонимлар ва ҳаттоки паремияларнинг ҳам ўзак масаласига айланади.

Бунда таржимоннинг нутқида феъл ва отларнинг ўзаро боғлиқлиги, грамматик хусусиятлар ва синтактик тузилишларнинг тартибига эътибор қаратилади. Шунингдек, турли жанрдаги ва услубдаги матнларни таржима қилишда лексик эквивалентликка эришиш махсус ёндашувни талаб қилади, чунки илмий, бадиий ёки расмий услубдаги матнларда маънони етказиш услубий жиҳатлари билан ҳам фарқ қилади.

Семантик эквивалентлик:

  1. الكتاب (ал-китаб) – китоб: Бу мисолда арабча «الكتاب» сўзи ва ўзбекча “китоб” сўзи семантик эквивалентликка эга. Иккала сўз ҳам “китоб” маъносини билдириш учун ишлатилади. Бунга асосий сабаб, бизнингча, ўзбек тилидаги “китоб” сўзи араб тилидан тўлиқ ўзлаштирилганидандир.
  2. البيت (ал-байт) – хона: “البيت” арабча сўзи ўзбекчада “хона” ёки “уй” маъносини билдириши мумкин. Бу икки сўзнинг маъноси аниқ, яъни инсон яшаши учун керак бўладиган пана жой.

Коннотатив эквивалентлик:

قلب (қалб) – “Юрак”

– Денотатив маъноси: Физик юрак.

– Коннотатив маънолари:

– Руҳий марказ: Фикрлаш, ҳис қилиш ва иймоннинг жойи.

  • Ният: Қалб билан Аллоҳга боғланиш.
  • Инсон табиати: Қалби пок, қалби қаттиқ, қалби заиф.

Таржима муаммоси: Араб тилида “қалб” ҳис-туйғу ва эътиқоднинг марказидир, инглиз ёки ўзбек тилидаги “ҳеарт” ҳамма вақт бу маъноларни қамраб олмайди.

رحمة (раḥма) – “Раҳм”, “Меҳр”

– Денотатив маъноси: Меҳр-шафқат, яхшилик.

– Коннотатив маънолари:

  • Илоҳий шафқат: Аллоҳнинг инсониятга бўлган чексиз раҳмати.
  • Ота-онанинг меҳри, пайғамбар раҳмати – улуғ ва беғараз меҳр.

– Илтимос: ارحمنا يا الله – Эй Аллоҳ, бизга раҳм қил (бунда афв, мағфират, ёрдам маънолари ҳам бор).

Таржима муаммоси: “Mercy” деб таржима қилиш мумкин, лекин бу сўз “раḥма”нинг руҳий ва илоҳий юкини тўлиқ ифода қила олмайди.

كرامة (карāма) – “Қадр-қиммат”, “Шараф”

– Денотатив маъноси: Шараф, қадрият, иззат.

– Коннотатив маънолари:

  • Илоҳий ҳурмат: ولقد كرمنا بني آدم – Биз Одам фарзандларини шарафли қилдик.

– Инсон қадри: Касал, камбағал ёки майиб инсонни ҳам Аллоҳ ҳузурида шарафли ҳисоблаш.

– Қудратли амаллар (тасаввуфда): Вали инсонлар томонидан содир бўладиган ғайритабиий фазилатлар (мавҳиба сифатидаги керамотар).

Таржима муаммоси: “Dignity” ёки “honor” деб айтиш мумкин, аммо контекстга қараб “divine dignity” ёки “miraculous sign” каби мазмунлар талаб қилинади.

Бу сўзлар — шунчаки луғат маъноларидан иборат эмас. Улар:

– Диний, руҳий, маданий, ижтимоий коннотацияларга эга.

– Ҳар хил контекстда маънолар ўзгаради.

– Таржимон бу сўзларни айнан қандай ва қаерда ишлатилаётганини аниқ тушуниб, маъно адаптациясини амалга ошириши керак.

Демак, семантик эквивалентлик, лексик бирликларнинг тўғри маъносини тақдим этса, коннотатив эквивалентлик контекстдаги эмоционал ва ассоциатив маъноларни ўз ичига олади.

Коннотатив эквивалентлик, лексик бирликларнинг контекстдаги коннотациясини ҳисобга олиш билан боғлиқ. Унинг хусусиятлари уни эквивалентликнинг бошқа турларидан, масалан, денотатив ва стилистик эквивалентликдан ажратиб туради.

Таржимоннинг маҳорати – контекст ва маданий элементларни тўғри намоён қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса. Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, лексикография – бу фақат сўзлар жамланмаси эмас, балки ҳар бир халқнинг дунёқараши, маданий онги, тарихий тафаккури ва тилининг теран ифодасидир. Тил инсоният цивилизациясининг асосий белгиси сифатида шакллангани каби, луғатлар ҳам маданият, илм ва фан тараққиётида муҳим кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Лексикография фан сифатида узоқ тарихий тараққиётни босиб ўтган. Унинг илк намунаси Шарқ цивилизацияси – Шумер, Аккад, Ҳинд ва Хитойда пайдо бўлган бўлса, кейинчалик Аристотел, Панини, Яска, Халил ибн Аҳмад, Фирўзободий, Жўрж Буш, Соссюр, Блумфилд, Хомский каби мутафаккирлар бу соҳанинг назарий асосларини бойитди. Айниқса, араб-ислом лексикографиясида муъжамлар анъанаси жуда юқори даражада ривожланган бўлиб, бу анъана кейинчалик Европада ҳам ўз таъсирини кўрсатгани таърифга лойиқ.

Мақола давомида лексикографиянинг фақатгина луғат тузишдан иборат эмаслиги, балки унинг назарий-методологик, тарихий ва амалий жиҳатлари мавжуд экани кўрсатилди. Замонавий лексикографияда эса компьютер технологиялари, корпус лингвистикаси, онгли луғатлар тузиш, фойдаланувчига йўналтирилган ёндашув, мультимодал луғатлар, электрон форматлар каби янги йўналишлар вужудга келмоқда. Бу эса лексикографиянинг динамик, тизимли ва тараққиётга очиқ фан эканини яна бир бор исботлайди. Бугунги глобаллашув, тиллараро мулоқот ва таржима эҳтиёжининг кескин ўсиши туфайли лексикографияга бўлган талаб ортиб бормоқда. Айниқса, кўп тилли жамиятларда, фан ва технология соҳаларида, таълим-тарбия жараёнларида, таржима амалиётида ва маданиятлараро мулоқотда луғатлар муҳим манбага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, лексикография фан сифатида нафақат тилшунослар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Унинг илмий асосда ривожланиши, миллий ва умуминсоний тажрибалар асосида такомиллашиши ҳамда янги технологиялар билан уйғунлашиб бориши — бу соҳанинг келажакдаги истиқболини белгилаб беради.

Коннотатив эквивалентлик — бу таржимада семантик эквивалентликнинг бир кўриниши бўлиб, лексик бирликларнинг контекстда пайдо бўладиган қўшимча, эмоционал ва маданий маъноларини ҳисобга олади. Бу турдаги эквивалентлик, таржимоннинг матн мазмунини чуқур англашини, нафақат сўзнинг асосий (денотатив) маъносини, балки унинг контекстдаги руҳий, диний ва маданий юкини ҳам ҳисобга олишини талаб қилади.

Семантик эквивалентлик сўзларнинг тўғридан-тўғри маъноларини таржима қилиш билан чегараланса, коннотатив эквивалентлик эса уларнинг яширин, ҳиссий ва ижтимоий қирраларини очиб беришга хизмат қилади. Шу боис, коннотатив эквивалентлик таржима жараёнида ёрдамчи восита сифатида семантик аниқликни янада чуқурлаштиради.

Мисоллар орқали кўрилганидек, араб тилидаги “қалб”, “раҳма”, “карама” каби сўзлар оддий таржима билан чекланмайди, балки улар орқали ифодаланган тушунчалар таржимада контекстга қараб мослаштирилиши керак. Акс ҳолда, асосий маъно йўқолиб кетади ёки нотўғри талқин қилинади.

Таржимоннинг вазифаси — нафақат тилни, балки маданият, урф-одат, диний тушунчалар ва жамиятдаги қадриятларни ҳам тўғри тушуниб, мос равишда таржима қилишдир. Айнан шундай ёндашув орқали юқори сифатли, чуқур маъноли ва оригинал матнга яқин таржима амалга оширилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, лексикография нафақат тилларнинг сўз бойлигини ҳужжатлаштирувчи восита, балки халқларнинг илм-фанга, маданиятга, дунёқарашга бўлган муносабатини ифода этувчи муҳим илмий соҳадир. Унинг ривожланиши — бу тил маданиятининг ривожидир, фан ва жамият тараққиётининг бир бўлагидир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Adnan Al-Muʼjam al ‘Arabiy baina al-Madhy wa al Hadir….
  2. Ahmad Mukhtar Umar. Sinaʼatu al-muʼjam al-hadis. – Kairo: ‘Alamu al-Kutub, 2009.
  3. Hilmy Khalil. Al-Dirasat fil Lughah wa al muʼjam. 1st ed. – Beirut: Dar al-Nahdhoh, 1998.
  4. Щерба Л.В. Опыт общей теории лексикографии // Известия Академии наук СССР. Отделение литературы и языка. — 1940. – № 3.

 

Абдулҳамид ЗАЙРИЕВ,
Андижон давлат чет тиллар институти мустақил тадқиқотчиси
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Кириш. Ҳар бир давлатнинг таълим тизими унинг таркибидаги таълим муассасалари йиғиндисидир. Лекин у жамиятнинг иқтисодий …