Home / АЛЛОМАЛАР / АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ ва ИБН АРАБИЙ

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ ва ИБН АРАБИЙ

Буюк мутафаккир Ҳаким Термизийнинг (ваф. 932 й.) ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганган ХХ аср франциялик араб олими Усмон Исмоил Яҳёнинг таъкидлашича, гарчи Термизийдан бевосита таълим олган таниқли шогирдларни кўрсатиш мушкул бўлса-да, лекин унинг асарларидан таъсирланган ва фикрларни ўзлаштирган суфийларни тасаввуф тарихида учратиш мумкин. Шулардан бири Ҳаким Термизийдан кейин икки ярим асрдан кейин яшаб ижод қилган машҳур суфий олим Ибн Арабийнинг (1165-1240) фаолияти барча замонларда турли тортишув ва мунозараларга сабаб бўлган. Ўрта асрларда ҳам, кейинги даврларда ҳам уни “муҳйиддин” (“динни тирилтирувчи”), “маҳиддин” (“диндан четлаштирувчи – муртад”), шунингдек, “мумийтуддин” (“динни ҳалок этувчи”), деб атовчилар бўлган. Ҳатто Ибн Арабий вафотидан кейин бир гуруҳ мутаассиблар унинг қабрини бузган, лекин кейинчалик Туркия подшоҳи Салим Усмоний уни қайтадан қурдирган. Аллома ҳаёт бўлган йилларда ҳам, вафотидан кейин ҳам баъзи фақиҳ ва олимлар уни динсизликда айблаган. Шунингдек, Ибн Арабийнинг ваҳдатул вужуд хусусидаги ақидаси ва ғаройиб нарсаларни кашф этиши ҳақидаги қарашлари шариат аҳлини ҳар доим унга қарши қилиб қўяр эди.

Ҳозирги даврда ҳам Ибн Арабий ҳақидаги бундай тортишувлар ниҳоясига етмаган. Жумладан, 70-йилларнинг бошларида Мисрдаги “Ал-Ихвонул муслимун” ташкилоти атрофидаги гуруҳлар Ибн Арабийнинг китобларини Мисрда чоп этишни тақиқлашга эришган.

Мана шу машҳур ислом файласуфи ўз китобларида Ҳаким Термизий асарларидан кўплаб йирик лавҳаларни иқтибос қилиб келтирганини кўриш мумкин. Ибн Арабий бир қанча асарларида Ҳаким Термизий номи ва қарашларини такрор-такрор зикр этади. Ҳаттоки, ўзининг машҳур “Ал-Футуҳотул маккийя” асарида Ҳаким Термизийинг “Хатмул авлиё” асарида ўртага ташланган 157 саволга жавоб берган. Бундан аввал эса ушбу масалаларга доир мустақил китоб “Ал-Жавобул мустақийм аъмма саъала анҳу ат-Термизий ал-Ҳаким” (“Ал-Ҳаким ат-Термизийдан сўралган руҳий масалалар шарҳи”) асарини ёзган эди. (Мазкур асарнинг бир дона қўлёзма нусхаси Искандария шаҳрининг “Мактабатул баладийя” кутубхонасида № 3467 тартиб рақами билан сақланади).

Айниқса, Ибн Арабийнинг “валийлик”ка оид қарашларида Ҳаким Термизийнинг таъсири яққол сезилади. Зеро, Ҳаким Термизий авлиёлар ҳақидаги суфий қарашларни назарий жиҳатдан тартибга солган биринчи олим ҳисобланади. Ҳаким Термизий тасаввуфидаги муҳим ҳисобланадиган “нубувват” ва “валоят” масалаларига катта эътибор берган.

Валийлик назариясида “Хатмул авлиё” мавзусини илк бор ўртага қўйган, суфийларнинг долзарб мавзусига айлантирган Ҳаким Термизий бўлиб, бу мавзуда “Сийратул авлиё” номли машҳур асар ҳам ёзган. Манбалардан маълум бўлишича, алломанинг ушбу китоби тасаввуф оламида муҳим ўрин эгаллаган асардир. Унда илк бор “валоят” ва “нубувват” мавзулари чуқур ўрганиб чиқилади, Ибн Арабий эса, Термизий фикрларини ўзлаштириб, уларни ўзига хос тарзда талқин қилган.

Ҳаким Термизий Қуръондаги “Ва хотаму-н-набиййин” оятига мувофиқ, пайғамбарларнинг бир-бирларидан устунликлари бўлганидек, валийлар орасида ҳам даражалар бор дейди. Унга кўра, валийларнинг энг устуни хотамул авлиёдир. Ҳаким Термизий “хотамул авлиё” сўзи ўрнига “имомул валоя” ва “раисул валоя” таъбирларини ҳам ишлатган. Қуйидаги сўзлар ҳам унга тегишли: “Муҳаммад (с.а.в.) тўғрилик қадамини бошқа пайғамбарларга нисбатан олдинроқ ташлаган. У ҳамма пайғамбарларнинг хотамидир. Унинг вафотидан сўнг, умматидан қирқ киши унинг ўрнига ўтади, шунда арз (ер) улар билан қоим бўлади. Улар расулнинг аҳли байтларидир. Насаб жиҳатидан эмас, зикр жиҳатидан унинг хонадонидирлар. Расулуллоҳ қилган зикр уйига сиғинган ҳар бир киши унинг аҳли хонадонидир. Бу қирқ кишидан бири вафот этса, унинг умматидан бири ўрнини босади. Буларнинг саноғи тугаб, дунёнинг завол вақти келгач, Аллоҳ бир валий юборади. Уни саралаб, ўзига яқин қилган бўлади. Унга “хатмул валоя” (“валоят муҳри”) бергандир. Бу валий қиёматгача бошқа валийларга Аллоҳнинг ҳужжати бўлади. Муҳаммаднинг (с.а.в.) нубувват сидқи бўлганидек, унинг ҳам валоят сидқи бор. Унга шайтон илаша олмас, нафс уни валоятдан чалғитиб, завқ-сафога етаклай олмас. Муҳаммад (с.а.в.) барча пайғамбарларнинг саййиди бўлганидек, хотамул авлиё ҳам авлиёларнинг саййиди ва ҳар хусусда уларнинг пешқадамидир”.

Ибн Арабий “Футуҳот”даги бир шеърида унинг ўзи “хотамул авлиё” эканини ифодалайди. Хатми валоят масаласини изоҳлар экан, у набий билан валий муносабатига ҳам тўхталади, бу ҳақида ўз фикрларини илгари суради. Жумладан, набийлик ниҳоясига етган, валийлик эса давом этмоқда. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири – Валий. У Ҳаким Термизийнинг “хатмул авлиё” хусусидаги фикрларини “Фусусул ҳикам” (“Ҳикматларнинг кўзлари-нигинлари”) асарида қўйидагича талқин қилади: “Бу илм фақат расуллар билан валийларнинг хотамига махсусдир. Пайғамбарлар бу илмни фақат хотамул анбиёнинг (Муҳаммад с.а.в.) қандилидан кўрарлар. Валийлар эса буни хотамул авлиёнинг қандилидан кўрарлар. Чунки рисолат ва нубувват тўхтайди, аммо валоят асло тўхтамайди. Пайғамбарлар ҳам валий бўлганлари учун юқорида зикр этилган илмни фақат хотамул авлиёнинг қандилидан кўрадилар. Гарчи хотамул авлиё хотамур расулнинг келтирган шариат ҳукмларига бўйсунса ҳам, бу унинг мақомини пасайтирмайди ва айни ҳолат бу фикрга зид келмайди. Шариатнинг зоҳирида бу фикримизни қўллайдиган далиллар бор. Масалан, Бадр асирлари ва хурмонинг пайванд қилиниши хусусида ҳазрати Умарнинг устунлиги намоён бўлган. Комил бўлган зотнинг ҳар хусусда ва ҳар мартабада энг биринчи бўлиши шарт эмас. Бу йўлнинг эрлари Аллоҳни билиш хусусидаги устунликка қарайдилар. Уларнинг ғояси ҳам шу. Коинотдаги воқеалар эса уларнинг эсига ҳам келмайди”.

“Сиратул авлиё” китоби ўз даври талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда битилган асардир. Чунки Термизий мазкур асарини ёзаётган вақтда мутасаввиф Абу Бакр Харроз (ваф. 899 й.) ҳам “Китабус сидқ” асарида валоят масаласини кўтариб чиққан, шунингдек, мутасаввиф Саҳл Тустари (ваф. 896 й.) ҳам ўз издошлари билан валоят мавзусини худди шу даврда муҳокама қилган. Бундан маълум бўладики,  IX асрнинг охирги ўн йилликларида тасаввуфий фикрларни ягона тизимга келтиришга эҳтиёж катта бўлган. Шунингдек, “валоят” ва “валийлик” мавзуси Термизий даврида долзарблик касб этиб, марказий ўринни эгаллай бошлаган ва Ҳаким Термизийнинг бу таълимоти бутун Хуросон, айниқса, Термиз ва Балхда кенг тарқалган. Ўрта аср суфий олимларнинг аксарияти бу таълимотни қўллаб-қувватлаган. Жумладан, Имом Ғаззолий, Шиҳобуддин Суҳравардий, Суютий, Бидлисий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби тасаввуф ва тариқат аҳллари аллома таълимотидан таъсирланган. Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул унс” асарида келтирилишича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳам Ҳаким Термизий қарашлари ва китобларидан кенг фойдаланган. Жумладан, у Ҳаким Термизий ҳақида: “Азиз авлиёларнинг пешвоси Хожа Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким ат-Термизий руҳониятига таважжуҳим тушганда, ҳар сафар менга таъриф ва тавсифдан холи тасаввуф намоён бўлади”, деб унинг руҳоний оламидаги юксак мартаба ва мақомларини алоҳида лутф билан таърифлаган.

“Хотамул авлиё” тушунчаси ўз даврида ҳам, кейин ҳам кўплаб олимлар томонидан танқидга учраган. Бу қарашни энг қаттиқ қоралаганлардан бири таниқли олим ибн Таймиядир (1263-1328). У жумладан шундай деган: “Хотамул авлиё” бор дегувчиларнинг даъволари ботил ва асоссиздир. Бу (хотамул авлиё) ҳақида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али ат-Термизий ал-Ҳаким “Хотамул вилайа” асарида айтиб ўтган. Ундан аввалги олимларнинг биронтаси ҳам бу мавзуни зикр этмаган. Мазкур китобда кўриб чиқилган масалалар хато ва сунна билан ижмога хилофдир”. Шунингдек, у Ибн Арабийни мана шундай фикрлари туфайли “кофир” деб эълон қилган. Валийнинг Аллоҳдан бевосита билим олиши ёлғон, деб валий пайғамбар воситасида маълумот олади, дейди. Шу билан бирга, Ҳаким Термизийни эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан тилга олган.

Қарашларининг нотўғри талқин қилиниши оқибатида Ҳаким Термизий тириклик вақтидаёқ ўз шаҳридан қувғин этилган. Абу Абдураҳмон Сулламийнинг ёзишича, у айбланиб, Термиз шаҳридан қувилган. Бу айблов сабаби эса унинг “Сийратул авлиё” ва “Илалуш шариъа” асарлари бўлган. Чунки Ҳаким Термизий мазкур асарларда валийларнинг ҳам худди пайғамбарлар каби муҳри бўлади, деган фикрни илгари сурган.

IX асрда “тасаввуф” атамаси машҳур бўлмаган эди. Шу сабабдан Ҳаким Термизий бу иборани валий сўзи билан ифода этган. Олмон олимаси Аннемари Шиммель эса ўзининг “Мир исламского мистицизма” китобида “валий” атамасини изоҳлаб, қуйидаги қисқа хулосани келтиради: “Хулоса қилиб айтганда, валий – мукаммал суфийдир”. Термизий валийларнинг икки турини кўрсатади: “Валий сидқуллоҳ” ва “валий миннатуллоҳ”. Уларнинг биринчиси шариат ва тариқатнинг барча талабларига риоя қилган ҳолатдагина бу даражага эришади, иккинчиси эса Аллоҳнинг инояти, илоҳий ишқ билан бу мартабага эришади.

Ибн Арабий Термизийнинг фақат валоят ва нубувват ҳақидаги фикрларини ўзлаштириб қолмай, алломанинг бошқа қарашларини ҳам ўз асарларида акс эттирган. Алломанинг Ибн Арабийга таъсири унинг “Ат-тадбийратул аҳлийя фи ислоҳил мамлакатил инсанийя” (“Инсон мамлакатини ислоҳ қилиш тадбирлари”) асарида ҳам кўринади. Ибн Арабий шундай дейди: «Инсон мамлакатининг асоси – қалбдир, унинг вазири-ақлдир. Ушбу ақл қалбга шундай бир ахлоқ ва сифатлар тақдим этиши лозимки, булар билан у мамлакат ишларини вазминлик, эҳтиёткорлик ва адолат билан бошқара олсин». Худди шу ахлоқ ва сифатлар ақлнинг ёрдамчилари эканини Ҳаким Термизий ҳам ўз асарларида таъкидлаган. Ҳаким Термизийнинг фиқҳий қарашлари ҳам Ибн Арабийга таъсир кўрсатган. Ибн Арабийдан таъсирланган бошқа олимлар ҳам Ҳаким Термизий таълимотини ёювчи шахсларга айланди.

Ҳаким Термизийнинг илмий мероси юксак баҳоланиши билан бир қаторда, унга нисбатан ҳозирга қадар турли таъна тошлари ҳам отиб келинмоқда. Бу таъналарнинг аксарияти Ибн Таймия асарларидан иқтибос шаклида келтирилади. Ушбу таъналарни қуйидагича умумлаштириш мумкин:

  • валийлик масаласида ғулувга кетган;
  • авлиёлар маъсумлиги ҳақида гапирган;
  • мусулмон уммати ичида Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб мартабасидаги одамлар чиқиши мумкинлиги ҳақида гапирган;
  • “авлиёлар хотами” ғоясини илгари сурган;
  • авлиёлар хотами қиёмат куни барча авлиёларга ҳужжат бўлади, деган гапни айтди;
  • валийлар иерархияси ҳақида сўз юритган ва бошқа.

Аммо асрлар давомида Ҳаким Термизий илмий мероси кўплаб аҳли сунна уламолари томонидан мўътабар манба сифатида эҳтиром билан тилга олиб келинади. Юртимизда ҳам буюк аллома меросини ўрганиш, асарларини тадқиқ этиш бўйича ҳукумат дастурлари ишлаб чиқилган, давлат илмий тадқиқот лойиҳалари молиялаштирилган.

Юқорида кўриб чиқилганлардан маълум бўладики, юртимиз алломалари ислом маданияти тарихида ҳадис, наҳв илмлари, риёзат, табобат ва бошқа соҳалар билан бир қаторда тасаввуфий таълимот асосларини яратишда ҳам пешқадамлардан бўлган. Ана шу пешқадам, йирик мутасаввифлардан бири Ҳаким Термизий бўлиб, у Ўрта Осиё тасаввуф илми тарихида ҳакимийя йўналишига асос солгани тасаввуфий манбаларда қайд этилган. Бугунги кунда буюк алломанинг бу маънавий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш олимларимиз олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. أجوبة ابن عربي على أسئلة الحكيم الترمذي. تحقيق أحمد سايح. القاهرة، مكتبة الثقافة الدينية، 2006. 272. ص.
  2. عبد الباقي المفتاح. بحوث حول كتب ومفاهيم الشيخ الأكبر محي الدين ابن عربي. الرباط، 2010. 255. ص. 
  3. محمد إبراهيم الجيوشي. الحكيم الترمذي دراسة أفكاره و آثاره. – القاهرة: دار النهضة العربية. 347 ص.
  4. Shimmel Annimarie. Mystical Dimensions of Islam. Into Russian by Prigarina. – Moscow: Sadra, 2012. – P. 536.
  5. الحكيم الترمذي. نوادر الأصول. – القاهرة: مكتبة الإمام البخاري، 2008. 1363. ص.
  6. الحكيم الترمذي. ختم الأولياء. – بيروت: المكتبة الكاثوليكية، 1967. 584 ص.
  7. ابن عربي. الفتوحات المكية. – القاهرة: المطبعة ميمنية، 1329هـ. 4 أجزاء.
  8. عاصم إبراهيم الكيالي. الولاية والولي عند السادة الصوفية. – بيروت: كتاب – ناشرون. 117. ص.
  9. سامي محمد لطف. المقدمة لكتاب علم الأولياء للحكيم الترمذي. – القاهرة: مكتبة الحرية الحديثة، 1981. 269. ص.
  10. ابن عربي. فصوص الحكم. تحقيق أبو العلا عفيفي. – بيروت: دار الكتاب العربي. 228. ص.
  11. Michel Chodkiewicz, Le Sceau des saints : Prophétie et sainteté dans la doctrine dʼIbn ‘Arabī, Bibliothèque des sciences humaines, Éditions Gallimard. – Paris, 1986. – 235.
  12. شريف محمد جابر. بين ابن تيمية والحكيم الترمذي. http://blogs.aljazeera.net/blogs
  13. ابن تيمية. حقيقة مذهب الاتحاديين. ضمن ملحق تاريخي لكتاب ختم الأولياء. – بيروت: المكتبة الكاثولوكية، 1967. 584. ص. 

 

 Иброҳим УСМОНОВ,
 тарих фанлари номзоди, доцент, ЎзР ФА ШИ
«МОВАРОУННАҲР ВА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ» МАВЗУСИДА ЎТКАЗИЛГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТЎПЛАМИДАН ОЛИНДИ.

Check Also

МУҲАММАД ИБН САЛОМ ПОЙКАНДИЙНИНГ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (Байкандий) (ваф. 841 й.) Мовароуннаҳрнинг қадимги Пойканд шаҳрида туғилган ва ислом …