Home / АЛЛОМАЛАР / АЛЛОМА ЕТИШТИРГАН УСТОЗЛАР: МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ ФАОЛИЯТИДА УСТОЗЛАРИНИНГ ЎРНИ

АЛЛОМА ЕТИШТИРГАН УСТОЗЛАР: МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙ ФАОЛИЯТИДА УСТОЗЛАРИНИНГ ЎРНИ

Кириш. Инсоният тарихида илм-маърифат тараққиёти авлоддан-авлодга узлуксиз ўтиб келаётган устоз ва шогирдлар анъанаси орқали шаклланган. Устоз – нафақат билим берувчи, балки шогирдни ҳаёт йўлида етук шахс сифатида тарбияловчи, маънавий камолот сари етакловчи мураббийдир. Илмий мактабларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ривожланиши ва давомийлиги бевосита устоз шахсига, унинг илмий салоҳияти ҳамда тарбиявий маҳоратига боғлиқдир. Ислом оламида юзлаб буюк мутафаккирлар ўз устозларидан олган сабоқлар, илмий мерос ва тажрибалар асосида шаклланган. Шундай алломалардан бири – Маҳмуд Замахшарий бўлиб, унинг илмий камолотида устозларининг ҳиссаси беқиёсдир. Замахшарий ҳаёти ва ижодини ўрганиш нафақат Марказий Осиё илмий-маънавий меросининг бой экани ҳақида маълумот беради, балки устоз-шогирд муносабатларининг нақадар муҳимлигини ҳам кўрсатади.

Асосий қисм. Хоразм заминида азалдан жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Абул Қосим Маҳмуд Замахшарий ана шундай улуғ сиймолардан биридир. Ҳаётлигидаёқ “Дунёнинг устози”, “Аллоҳнинг қўшниси”, “Адиблар каъбаси”, “Араблар ва ажамлар устози”, “Хоразм фахри” каби шарафли номларга сазовор бўлган аллома, беназир инсон, юртимиз фахри, кўҳна Хоразм фарзанди Маҳмуд Замахшарий жаҳон фани ва маданияти ривожига ўзининг ўлмас мероси билан улкан ҳисса қўшган.

Замахшарийнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад бўлиб, ҳижрий 467-сана, ражаб ойининг йигирма еттинчисида, чоршанба куни, милодий 1075 йилнинг 19 мартида Хоразмнинг йирик қишлоқларидан бири – Замахшарда таваллуд топган ва шу боисдан ҳам аз – Замахшарий нисбасини олган.

Аллома ҳақидаги маълумотлардан маълумки, унинг бир оёғи ёғочдан бўлиб, тарихчилар бу ҳақда: “Бир оёғи ёғочдан эди ва узун яктагини тушириб кийгани учун кўрган одам уни чўлоқ деб ўйларди”, деб ёзган. Оғир касаллик туфайли у ёшлигидан бир оёқ бўлиб қолган ва шундан сўнг отаси уни энди оғир меҳнатга ярамайди, деб кийим тикувчи устага шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ ёшлигидан илмга ҳавасманд ўсган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юборишни сўрайди. Ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезган отаси уни мадрасага беради [1:6].

Маҳмуд Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади. Кейинчалик Маҳмуд Замахшарий билимини янада ошириш мақсадида Бухорога йўл олади. Машҳур олим Абу Мансур Саолибийнинг (961–1138) ибораси билан айтганда “Бухоро Сомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, Ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган (жой) эди”. У Бухорода таҳсилни тугаллагач, бир неча йиллар Хоразмшоҳлар хизматида муншийлик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади. Алломанинг ўз даври илмларини тўлиқ эгаллашга, олимлик даражасига етишишида, шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. Мана шундай устозлардан бири – тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийдир (1113 йили Марвда вафот этган) [5]. Абу Мудар кучли тилшунос бўлиб, у тил илмида “Фаридул аср” ва “ваҳидуд даҳр” (ягонайи даврон) эди. Бу олим бир қанча вақт Хоразмда истиқомат қилади, ўзининг чуқур ва ҳар тарафлама билими, хушфеъллиги, олийжаноблиги билан шуҳрат қозонади ва кўплаб адиб, тилшунос олимларни етиштиради.

Маҳмудни ўткир зеҳни ва тиришқоқлигини кўрган Абу Мудар уни ўзига шогирд қилиб олади ва ундан ўзининг илмий ва моддий ёрдамини сира аямасдан ҳар тарафлама тарбиялайди. Маҳмуд ҳам ўз устозига қаттиқ ихлос қўйиб, унинг билим ва ахлоқий фазилатларини мукаммал ўзлаштиришга ҳаракат қилади [3:12].

Машҳур араб олими ва сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий (1178-1229) ал-Исфаҳоний ҳақида шундай деб ёзади: “Луғат ва наҳв (грамматика) илмида ўз даврининг ягона билимдони ва ўз асрининг беназири бўлиб, унинг хилма-хил фазилатлари тўғрисида ривоятлар (масаллар) келтирардилар. Олим бир қанча муддат Хоразмда истиқомат қилган бўлиб, одамлар унинг илму урфонию макорими ахлоқидан фойда кўргандилар. Кўпгина илм толиблари, шулар жумласидан, Замахшарий унинг мукаммал илмидан баҳраманд бўлиб, луғат ва наҳв соҳасида таълим олганлар”.

Маҳмуд Замахшарий Исфаҳонийдан нафақат чуқур билим олди, балки унинг илмий йўналишлари, асарлар яратишдаги тартиботларини тадқиқ қилди. Араб миллатига мансуб бу олимнинг таъсирида Замахшарий қалбида ёшлигидан арабларга ва араб тилига самимий муҳаббат туйғулари қарор топдики, бу ҳолни олимнинг ўзи ҳам баъзи қасидаларида миннатдорлик ҳисси билан ифодалайди. У грамматикага бағишланган “Ал-Муфассал” асарини одамларнинг истагини ҳисобга олиб, “араб калималарини билиш учун” яратгани, “Муқаддаматул адаб” асарини эса “ғайри араблар араб тилини ўрганмоғи учун” ёзганини таъкидлайди.

Алломанинг илмий фаолиятида араб тили асосий ўринни эгаллайди. У ўз асарларини асосан араб тилида ёзган. И.Ю.Крачковскийнинг фикрича [2:313], келиб чиқиши араб бўлмаган Замахшарий араб маданиятининг кўзга кўринган намояндаси бўлиб етишган. У араб тилини ёшлигидан катта ҳавас ва иштиёқ билан ўрганди, арабларнинг ҳаёти ва уларнинг урф-одатларини, турли лаҳжаларини узоқ йиллар тинимсиз тадқиқ қилди. Олим араб тилига алоҳида меҳр билан қарар эди. Шу боисдан ҳам, бу тилни чуқур ўрганиш, араб тилининг грамматикаси, лексикаси, умуман, араб тилшунослигига оид бир қанча муҳим асарларни яратган. Унинг жаҳонга донғи кетган “Муқаддаматул адаб”, “Ал-Муфассал”, “Асосул балоға” каби йирик таълифлари мана шу йўналишда ёзилган асарлардир. Арабларнинг алломага: “Агар хоразмлик шу кўса, чўлоқ бўлмаганида, араблар ўз тилларини билмас эдилар!”, деб лўнда қилиб берган баҳосига ҳеч бир изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак [4:35]. Араб тилига, унинг беҳад катта имкониятларига тан берган аллома барча асарларини фақат араб тилида яратган. Бу тилни мукаммал ўзлаштиргани, албатта, катта меҳнат ва тинимсиз изланишлар самарасидир.

Маҳмуд Замахшарий асарларининг муқаддимасида муттасил равишда араб тилини араб маданиятининг қуроли сифатида эътироф этган. Араб олимлари Замахшарийнинг илмий фаолиятига чуқур эҳтиром билан қараб, у ҳақда шундай деган: “Араблар Мовароуннаҳрни қурол билан эгаллай олмадилар, лекин хоразмлик аллома ўз ҳассаси билан бутун араб дунёсини эгаллаб олди”.

Маҳмуд Замахшарий Бағдодда шайхул ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан сабоқ олди. Маккада эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талха ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ябарий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди [1:12]. Буюк аллома ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Ҳижозда яшади, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили сарф ва наҳви (грамматикаси) ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф одатларини чуқур ўрганди, минтақа жўғрофиясига оид қимматли маълумотларни тўплади. Бирон-бир алломага насиб этмаган юксак мақомга – Жоруллоҳ (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган лақабга фақат буюк ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий мушарраф бўла олган.

Маҳмуд Замахшарий илмий фаолияти ва меросини устозлари таъсирида таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Шарқ илм-фан тарихида шогирднинг камол топиши бевосита устозларининг илмий ва маънавий етуклиги билан чамбарчас боғлиқдир. Замахшарий устозларидан нафақат назарий билимлар мажмуасини, балки илмий изланишнинг методологик асосларини ҳам ўзлаштирган. Бу жараёнда устозларининг қатъий илмий интизоми, манба танлашдаги эҳтиёткорлиги, мантиқий таҳлилга асосланган ёндашуви унинг кейинги фаолиятида асосий тамойилга айланди. Унинг илмий шаклланишида устозларининг ҳиссаси фақатгина маълум бир билим доирасини ўргатиш билан чекланмай, балки мустақил илмий тафаккур, мантиқий таҳлил, далиллаш маданияти ва адолат тамойилларини шакллантиришда ҳал қилувчи омил бўлди. Замахшарий ўз асарларида устозларидан олган билимларни нафақат ижодий ривожлантирди, балки уларни илмий мактаб даражасига кўтарди. Бу жараён илмнинг давомийлиги, илмий мактабларнинг шаклланиши ва маънавий мероснинг авлоддан-авлодга ўтишини таъминлади.

Замахшарий илмий мактаби ўз даврида араб тили грамматикаси, балоғат ва тафсиршунослик соҳаларида энг юқори босқичлардан бирига эришди. Унинг асарлари нафақат мусулмон Шарқида, балки кейинги асрларда Европа шарқшунослари томонидан ҳам ўрганилди. Бу, ўз навбатида, устозларининг берган сабоқлари глобал илмий мероснинг таркибий қисмига айланганини кўрсатади.

Аллома Маҳмуд Замахшарий устозларидан таълим олиш билан биргаликда, Шарқнинг турли шаҳарларида кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Унинг Маккада беш йилдан ортиқ вақт яшагани олим учун катта бахт бўлган, десак муболаға бўлмайди. Чунки Макка нафақат бутун мусулмон оламидан келган зиёратчилар учун муқаддас зиёратгоҳ, балки етук олимлар ва илмга интилувчи талабалар йиғиладиган илмий марказ ҳам эди. Қуйида Замахшарийнинг энг муҳим шогирдлари ва уларнинг олимдан олган таълимлари ҳақида маълумот берилади:

Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳарун ал-Умроний ал-Хаваризмий бўлиб, у “Ҳужжатул афодил” ва “Фахрул машойих” лақаблари билан аталар, Замахшарийнинг энг яқин дўстларидан бўлиб қолганди. У устози паноҳида адабиёт, ҳадис илмларидан таҳсил кўрганди. Замахшарий замонасининг етук олими даражасига кўтарилиб, ўзи ҳам илм толибларига дарс бериб, тафсир, грамматика, жўғрофия соҳалари бўйича асарлар яратганди.

Замахшарийнинг қобилиятли шогирдларидан яна бири Муҳаммад ибн Абул Қосим ибн Бойчук ал-Баққолий ал-Хоразмий ал-Одамий ан-Наҳвий бўлиб, у “Зайн ал-машойих” лақаби билан машҳур эди. Ёқут ал-Ҳамавий у ҳақида: “Ал-Адабда у имом, лисонул арабда ҳужжат (ишончли олим), луғат ва ал-иъробни Замахшарийдан ўрганиб, кейинчалик унинг ўрнига ўтирган эди. У ҳадис илмини устози Замахшарий ва бошқалардан ўрганди. У эътиқоди кучли, олижаноб, соф виждонли киши эди. Унинг бир қанча асарлари бўлиб, улардан “Мифтоҳ ат-Танзийл”, “Тақвийм ал-лисон фин-наҳв”, “Ал-Иътоб фил-иъроб”, “Ал-Бидоя фил-маоний вал баён”, “Китоб манозил ал-араб” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин”, деб ёзади [1:14].

Абу Юсуф Яъқуб ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Балхий ал-Жандалий ҳар доим Замахшарий билан бирга бўлиб, ундан деярли ажралмас эди. У, хусусан, адаб илми бўйича устозидан кўп сабоқ олиб, ушбу соҳада етук олим сифатида шаклланди. Ал-Муваффақ ибн Аҳмад ибн Абу Саид Ишақ Абул-Муайяд эса Замахшарийнинг энг муҳим шогирдларидан бири бўлиб, “Ахтабу Хваразм” (Хоразмнинг энг сўзгўй хатиби ва нутқ устаси) лақаби билан танилди. У турли илмлар –  фиқҳ ва шеъриятда етук олим бўлиши билан бирга, араб тилини мукаммал биладиган, ўта фазилатли ва билимдон шахс сифатида эътироф этилган эди. У ҳижрий 484-йилда туғилиб, 568-ҳижрий йилда вафот этган.

Маҳмуд Замахшарий ўзининг илмий фаолияти давомида турли шаҳарлардан келган кўплаб шогирдларни тарбиялаган бўлиб, улар орқали ўз меросини кенг ёйган. Унинг шогирдлари нафақат Хоразм ва Мовароуннаҳрда, балки бутун мусулмон оламида илмий анъаналарни давом эттирган.

Абул Маҳосин Исмоил ибн Абдуллоҳ ат-Таъвилий (Табаристонлик). У Табаристонда Замахшарийдан таълим олган ва унинг илмий услубларини ўз минтақасида тарқатишга ҳисса қўшган.

Абул Маҳосин Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ал-Баззор (Абивардлик). Абивард шаҳрида Замахшарийнинг дарсларида қатнашиб, унинг тафсир ва араб тили бўйича таълимотларини ўрганган.

Абу Амр Амир ибн ал-Ҳасан ас-Симсор (Замахшарлик). Замахшарийнинг туғилган жойи – Замахшар қишлоғида унинг шогирди бўлиб, маҳаллий илмий муҳитда фаолият юритган.

Абу Саид Аҳмад ибн Маҳмуд аш-Шотий (Самарқандлик). Самарқандда Замахшарийдан таълим олган бу шогирд, айниқса, араб тили ва адабиёти соҳасида катта ютуқларга эришган.

Абу Тоҳир Сомон ибн Абдулмалик (Хоразмлик). Хоразмнинг таниқли фақиҳларидан бири бўлиб, Замахшарийдан фиқҳ ва ҳадис илмларини ўрганиб, унинг илмий анъаналарини давом эттирган [1:16].

Шунингдек, Замахшарийнинг муҳим шогирдларидан бири Али ибн Исо ибн Ҳамза ибн Ваҳҳос Абут-Таййиб эди. Бу олийжаноб ва фазилатли шахс Макка аҳолисидан бўлиб, шеърият ва наср соҳасида бир қанча муҳим асарлар муаллифи сифатида танилган. Замахшарий Маккада бўлган даврида унга дарс берган ва адабиёт ҳамда шеърият бўйича чуқур билим улашган. Али ибн Исо ўзининг ижодий фаолияти билан Замахшарийнинг таълим услубларини янада бойитган ва Маккада илмий муҳитнинг ривожланишига ҳисса қўшган.

Замахшарийнинг шогирдлари орасида нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам бўлган. Масалан, Зайнаб бинт Аш-Шарий, бу унинг таълимида кенг қамровли ва тенглик асосидаги ёндашувни кўрсатади. Унинг шогирдлари, ўз навбатида, ўз шогирдларига ижозат (рухсатнома) бериб, Замахшарийнинг илмий меросини авлоддан-авлодга узатган. Масалан, Али ибн Исо ибн Ҳамза каби шогирдлар Макка каби йирик илмий марказларда Замахшарийнинг адабиёт ва балоғат бўйича таълимотларини тарғиб қилган. Бу шогирдларнинг фаолияти Замахшарийнинг таъсирини нафақат Шарқда, балки бутун Ислом оламида кенгайтиришга хизмат қилган.

Хулоса. Маҳмуд Замахшарийнинг илмий мероси ва таълим услублари ўрта аср Шарқ илмий мактабларининг энг муҳим намуналаридан бири сифатида ўз ўрнини эгаллайди. Унинг шогирдлари орқали тарқалган билимлари нафақат Хоразм, Самарқанд, Бухоро ва Макка каби илмий марказларда, балки бутун мусулмон оламига чуқур таъсир кўрсатди. Замахшарийнинг таълим усулларида қатъий илмий интизом, мантиқий таҳлил, манбаларга эҳтиёткорлик, амалий ёндашув ва маънавий-ахлоқий тарбия муҳим ўрин тутган. У шогирдларини мустақил фикрлашга, далилларга асосланган хулосалар чиқаришга ва илмий меросни ижодий ривожлантиришга ундаган.

Замахшарийнинг шогирдлари, масалан, Абу Юсуф Яъқуб ал-Балхий, Ал-Муваффақ ибн Аҳмад ал-Хоразмий, Зайнаб бинт Аш-Шарий ва Али ибн Исо Абут-Таййиб каби шахслар унинг таълимотларини ўз минтақаларида тарғиб қилиб, ўз мактабларини ташкил этган. Бу шогирдлар орқали унинг “Ал-Кашшоф”, “Ал-Муфассал” ва “Асосул балоға” каби асарлари ўрта аср ва ундан кейинги даврларда кенг тарқалган, ҳатто Европа шарқшунослигига таъсир кўрсатган.

Устоз-шогирд анъанасининг Замахшарий фаолиятидаги ўрни илмий мероснинг давомийлигини таъминлашда муҳим омил бўлган. Унинг таълим усуллари бугунги кунда ҳам таълим тизимида, хусусан, араб тили, тафсиршунослик ва адабиётни ўқитишда долзарб бўлиб қолмоқда. Замахшарийнинг илмий ва маънавий мероси нафақат тарихий қадрият, балки замонавий таълим ва тарбия жараёнларида амалий аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазинадир. Келажакда ушбу меросни янада чуқур ўрганиш ва замонавий таълим методологияларига интеграция қилиш илмий тадқиқотлар учун муҳим йўналиш бўлиб хизмат қилади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абул Қосим Маҳмуд аз-Замахшарий. Нозик иборалар. Шарҳлар муаллифи ва таржимон У.Уватов. – Т.: Камалак, 1992.
  2. Крачковский И. Ю. Избранние сочинения. – Т. 4 – М.–Л.: Издателство АН СССР, 1957.
  3. Рустамов А. Маҳмуд Замахшарий. – Т.: Фан, 1971.
  4. Уватов У. Маҳмуд Замахшарий. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1995.

 

 Ситора-Бону САЛИМОВА,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти
“Имом Бухорий сабоқлари” журнали 2025-йил 3-сонидан олинди.

Check Also

ХV-ХIХ АСРЛАРДА НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ ЗАРАФШОНДАГИ НАМОЯНДАЛАРИ (2-қисм)

Нақшбандия тариқати намояндаларидан бири Авлиё Хожа ХVII асрда яшаб ўтган. У ҳақда Самарқанд қозикалони Абу …