Муҳаммад ибн Салом Пойкандий (Байкандий) (ваф. 841 й.) Мовароуннаҳрнинг қадимги Пойканд шаҳрида туғилган ва ислом илмий меросининг муҳим намояндаларидан бири сифатида танилган. У ўз даврида етук муҳаддис, зоҳид, тақводор олим ва Имом Бухорийнинг машҳур устозларидан бири бўлган. Унинг номи ислом илмий анъанасида ишончли ровий, илм аҳлига ҳурматли устоз ва маънавий камолот тимсоли сифатида зикр қилинади.
VIII-IX асрлар Мовароуннаҳрда ислом илм-фанининг жадал равнақ топган даври бўлиб, Пойканд, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарлар илм марказига айланган эди. Ана шу муҳитда вояга етган Муҳаммад ибн Салом ёшлигидан илмга рағбат қилади, Қуръон, фиқҳ ва ҳадис илмини ўрганишга бел боғлайди.
Унинг ўқишга чанқоқлиги ва саъй-ҳаракати ҳақида уламолар қатор ривоятлар келтирган. Пойкандий илм олиш учун Мовароуннаҳрдан ташқарига – Ҳижозга, яъни Мадина ва Макка, шунингдек, Мисрга ҳам сафар қилган. Бу сафарларда у юзлаб муҳаддислардан ҳадис эшитиб, улардан эшитган ривоятларини тўплаб борган.
Айрим манбаларда Пойкандий ҳадисни 400 га яқин устоздан ривоят қилгани айтилади. Бу рақам ўша давр учун улкан кўрсаткич бўлиб, унинг илм излаб қилган хизматларини яққол кўрсатади.
Муҳаммад ибн Салом Пойкандийнинг ислом тарихидаги энг муҳим хизматларидан бири – у Имом Бухорийнинг устозларидан бири бўлганидир. Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” каби беқиёс асарини ёзишда айнан Пойкандий каби ишончли ровийлардан олган билимига таянган.
Уламоларнинг таъкидлашича, Пойкандий ўз шогирдларига ҳадисни нафақат ёдлаш ва ривоят қилиш усулларини, балки ровийнинг адолати, ростгўйлиги, тақво билан боғлиқ илмий-ахлоқий меъёрларни ҳам ўргатар эди. Шу жиҳатдан у нафақат ҳадис ровийси, балки тарбиячи устоз сифатида танилган.
Пойкандийнинг ҳадис илмидаги хизматлари бир нечта йўналишда намоён бўлган:
Ривоятларининг ишончлилиги. Уламолар уни “сиқа” – ишончли ровий сифатида баҳолаган. Унинг ривоятлари машҳур ҳадис тўпламларида келган.
Ривоят қилишда аниқлиги. Пойкандий ҳадислар силсиласини пухта текширган муҳаддис бўлиб, ҳар бир ровийни адолат ва қобилиятига кўра баҳолаган. Бу ҳадис илмидаги тартиб ва текширувнинг ривожига улкан ҳисса қўшган.
Илмни авлоддан‑авлодга етказиши. Унинг шогирдлари, жумладан, Имом Бухорий кейинги асрларда ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган.
Манбаларда мутахассислар Пойкандийнинг илмга бағишланган ҳаётини алоҳида қайд этади. Унинг машҳур сўзларидан бири:
“Илм олиш учун қирқ минг динор сарфладим, уни ўргатиш учун яна қирқ минг динор сарфладим”.
Бу ибора унинг илм-фан ривожи йўлида амалга оширган ишлари, моддий ёрдами ва Аллоҳ йўлидаги ихлосини намоён этади.
Унинг зоҳидликка мойиллиги, дунёвий манфаатлардан узоқлиги, камтарлиги ва тақвоси ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Одамлар унинг дарсларига нафақат илм учун, балки руҳий тарбия учун ҳам келган.
Муҳаммад ибн Салом Пойкандийнинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси бир неча жиҳатларда кўринади:
Ислом илмий анъанасини мустаҳкамлади. Унинг ровий сифатидаги ишончли услуби ҳадис илми софлигини таъминлашга ҳисса қўшди.
Мовароуннаҳрда илм марказларини ривожлантирди. Пойкандийнинг машҳурлиги Пойканд ва Бухоро атрофидаги мадрасалар нуфузини оширди.
Шогирдлар орқали умматга таъсир қилди. Имом Бухорий каби буюк муҳаддисларга устоз бўлиши унинг хизматлари қанчалик беқиёс бўлганини кўрсатади.
Ахлоқий мероси билан намуна бўлди. Унинг тақвоси, самимийлиги ва илмга садоқати кейинги авлодлар учун ибрат бўлиб қолди.
Муҳаммад ибн Салом Пойкандий – ислом илми ва маданияти тарихида ўчмас из қолдирган улуғ муҳаддис. Унинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси, илмни тарқатиш ва муҳофаза қилишдаги фаолияти, ахлоқий поклиги ва шогирдлар тарбияси Мовароуннаҳрнинг илмий нуфузини юксалтирди. Унинг номи ҳозирга қадар ҳурмат билан тилга олинишининг сабаби ҳам шу – илм, ҳақиқат ва уммат манфаатига хизмат қилишдир.
Ҳасан РАСУЛОВ
Тошкент шаҳар, Учтепа тумани “Абу Талҳа” жоме масжиди имом-хатиби
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





