Бу ҳақиқатни асосий диний манбалар бўлмиш оят ва ҳадислар тўлиқ тасдиқлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан исталган бирор мисолни олишнинг ўзи кифоя.
Ислом дини инсонларни бир-бирига меҳр-шафқатли ва раҳмли бўлишга чорлайди. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларига боқсангиз, уларнинг бошида Раҳмон туради. Бу барча махлуқотларига ўта раҳмли ва меҳрибон Зот, демакдир. Илоҳий меҳрибонликнинг кўлами шу даражада кенгки, уни ифодалаш учун ҳатто онанинг ўз боласига меҳри ҳам камлик қилади.
Аллоҳ таоло ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам оламларга раҳмат қилиб юборган. Қуръони каримда айтади: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).
Ушбу ояти каримадаги “раҳмат” сўзи жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақиқатни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканликларидан хабардор бўлган инсонларгина тушуна олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда мулойим ва меҳрибон бўлганлар. Бунинг сабаби бор эди. Уни Аллоҳ таоло бундай баён қилади: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад!) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. Мулойимликни яхши кўради. Қўполга бермаган нарсаларни мулойимга беради”, деганлар.
Мусулмон киши ўз биродарининг ғам-қайғу ва шодлигида у билан бирга бўлишга интилади. Яъни, фақат оғир кунида елкадош бўлмайди, балки ютуғидан чинакамига қувонади, ҳасад билан ўз ич-этини емирмайди. Раҳм-шафқатга ҳақли одамни кўрганда, унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Қўлидан келмаса, иложини тополмаса, ўзи азият чекади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўминлар бир-бирига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишида (яхлит) бир жисмга ўхшайди. Бирон аъзо оғриса, қолган аъзолар ҳам бедор бўлиб, иситмаланиб биргаликда азоб чеккани каби”, деган сўзларига ўхшайди.
Айримлар инсонийлик, одамгарчилик, меҳр-мурувват каби гўзал фазилатлардан йироқлашиб кетаётган бугунги кунда солиҳ кишиларимиз тарихига бироз назар солиб, ундан ўзимизга тегишли хулосалар чиқарсак, жуда фойдали бўларди. Чунки, меҳр-оқибат ҳақида кўп гапирамиз, уни ўзгалардан кутамиз-у ўзимиз мосуво эканимиз ҳақида кам ўйлаймиз. Шундан келиб чиқиб, бир-иккита ибратли воқеани ёдга олишга жазм этдик.
Абу Абдуллоҳ Антокий раҳимаҳуллоҳ: “Агар одамлар сен туфайли гуноҳкор бўлиб қолишининг эҳтимоли бўлса, сен раҳм-шафқат юзасидан улардан нарироқ юргин, фақат намоз вақтидагина жамоатга қўшилгин”, деб насиҳат қилар экан.
Бу гапнинг тагида жуда катта бошқа бир гап яширин. Имом Шаъроний раҳимаҳуллоҳнинг “Танбеҳул муғтаррин” асарида ёзилишича, солиҳ кишиларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат ҳисобланган ҳар бир мусулмонни – у хоҳ солиҳ бўлсин ё осий, бундан қатъи назар – унинг қалбидаги имон неъматини юксак қадрлаган. Бировнинг жони ва молига қасд қилиб, моддий зарар етказиш ёки ортидан иғво ва ғийбат билан бир мусулмоннинг обрўсини тўкиб, маънан озор бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзи сабабли гуноҳкор бўлиб қолишидан ҳам қаттиқ эҳтиёт бўлган экан.
Абу Абдуллоҳ Мағорибий раҳимаҳуллоҳ: “Гуноҳкорларга раҳмат назари билан боқмаганлар бизнинг йўлимиздан чиқибди”, деган.
Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ гуноҳкор инсонга кўзи тушса, унга Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилар ва Ҳақ таолонинг раҳми келишини умид қилар экан. Шогирдларига: “Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятни жаҳаннам йўлидан қутқариб, Ўзининг раҳматига ноил бўлиши учун элчи этиб юборган. Малъун (лаънатланган) Шайтон эса мусулмонларни бадном ва шарманда қилиш учун келган”, деб таълим бераркан.
Демак, инсонларнинг жаҳолат ва разолатдан қутилишини чин дилдан истамоқ – бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий хусусиятларидан бири бўлиб, бу борада у зотнинг йўлини тутмоқ суннатдир. Бир мусулмоннинг айбини фош этиб, элга шармисор қилиш, душманнинг бошига кулфат тушганда шодланиш эса шайтоннинг иши экан.
Бир куни Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ дарё бўйида кетаётиб, қўлларида хамр тутган бир неча маст кишига дуч келиб қолибди. Шунда унинг шериклари: “Ҳазрат, бу бетавфиқларни бир дуоибад қилинг”, дебди. Маъруф Кархий эса: “Эй Раббим! Бу бандаларинг ҳозир шу дунёда қандай шоду хуррам юрган бўлса, охиратда ҳам буларни худди шундай хурсанд қилгин!” деб дуо қилибди. Бундан ҳайрон бўлган дўстлари: “Тақсир, бу худобезориларни дуоибад қилинг, десак, сиз аксини қилдингиз-ку!” дебди. Шунда Маъруф Кархий: “Бирор мусулмоннинг зиёнига дуоибад қилишдан Аллоҳ сақласин! Дўстлар, мен Худодан уларнинг охиратда ҳам шод бўлишини тиладим. Ахир, охиратдаги шодлик улар тавба қилса, Аллоҳ кечирса ва Унинг раҳматига ноил бўлсагина бўлади-ку!” деб жавоб берган экан.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Шу билан бирга, у зот ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлиш кераклигини таъкидлаганлар. Ҳа, муқаддас динимиз Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларига раҳм-шафқат, меҳр билан муносабатда бўлишни ўргатади. Ҳадиси шарифларда чанқоқ итга сув берган кишига катта ажр берилгани ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши йўлда жуда қаттиқ чанқади. Шу пайт бир қудуқни кўриб қолиб, унинг ичига тушди ва чанқоғини қондирди. У ердан чиқиб қараса, бир ит чанқоқдан тили осилиб тупроқ ялаётган экан. Шунда у: “Бу ит ҳам сувга мендек қаттиқ ташна бўлибди”, деди-да, қудуққа қайтиб тушиб, оёқ кийимига сув тўлдириб олиб чиқди ва итга берди. Шунда Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қаради ва гуноҳларини мағфират қилди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга ҳайвонлар туфайли ҳам ажр ёзиладими?” деди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир тирик мавжудот сабабли ажр бор”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Шунингдек, ҳадисларда ҳайвон сўймоқчи бўлган киши пичоғини ўткирлаб олиши, ўтмас тиғ билан унинг жонини оғритмаслиги, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб юриши кераклиги, жигари бўлган ҳар бир нарсада ажр борлиги, яъни жониворга ем ё сув бериш савоб бўлиши айтилган.
Демак, Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматиман, деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак экан. Шунда ўзи ҳам хотиржам, теварак атрофи ҳам осуда бўлади. Ислом қўполлик, дағаллик, дилозорлик, адоват, зулм, ҳасад каби маънавий иллатлардан қайтаради. Аксинча, яхшилик, эзгулик, самимият, меҳрибонлик, муҳаббат ва аҳилликка чорлайди! Исломнинг меҳр-шафқат ва эзгулик дини эканига яна ҳам кўп далил келтириш мумкин, лекин фикримизча, ақл эгаларига юқоридагиларнинг ўзи ҳам яхши сабоқ бўлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





