Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида йўлга қўйилган “Ислом – тинчлик ва маърифатпарварлик дини” мавзусидаги халқаро онлайн илмий семинарлар туркуми изчил давом эттирилмоқда.

Ушбу ташаббус доирасида Марказ ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Қозоғистон Геосиёсий тадқиқотлар институти ва “AQNIET” ахборот-тарғибот ва реабилитация маркази” жамоат фонди, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари иштирокида навбатдаги халқаро онлайн семинар ўтказилди. Унда Қозоғистондаги мазкур жамғармаси директорининг халқаро лойиҳалар бўйича маслаҳатчиси Алим Шауметов “AQNIET” фондининг диний соҳани мустаҳкамлаш ва этномедиация борасидаги тажрибаси” мавзусида маъруза қилди.

Эксперт “AQNIET” ахборот-тарғибот ва реабилитация маркази” жамоат фонди томонидан дерадикализация, ресоциализация ва этномедиация соҳаларида тўпланган кўп йиллик амалий тажриба ва эришилган натижалар ҳақида сўзлади. Жамғарманинг институционал ривожланиши борасида 2014 йилда атиги 3 нафар теолог билан иш бошлаган фонд бугунги кунга келиб, 107 нафар малакали мутахассисни бирлаштирган йирик тизимга айлангани ҳамда Қозоғистон бўйлаб 20 та вакиллиги фаолият юритаётганини қайд этди.

Реабилитация жараёнида теолог, психолог ва тарихчилар билан бир қаторда, илгари реабилитациядан ўтган собиқ маҳкум медиаторларнинг шахсий тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ишнинг асосий қамровини экстремистик жиноятлар учун ҳукм қилинганлар, “Жусан” (Шувоқ — она тупроқ парчаси, «у одамни Ватанга қайтишга ундайди» маъносида шундай номланган) операцияси доирасида Яқин Шарқдан қайтарилган 760 нафар фуқаро ва деструктив жамоалар етакчилари ташкил этишига эътибор қаратилди.

Маърузачининг таъкидлашича, дерадикализация босқичма-босқич амалга оширилиб, дастлаб радикаллашув омиллари таҳлил қилинади ва режа тузилади, сўнг тузатиш таъсири кўрсатилиб, унинг самарадорлиги мунтазам баҳолаб борилади. Дунёқарашнинг ижобий томонга ўзгариши ва анъанавий диний қадриятларнинг шаклланиши асосий самарадорлик мезонлари сифатида алоҳида қайд этилди.
Жазони ўташ муассасаларида 400 дан ортиқ маҳкум билан мунтазам профилактика ишлари олиб борилаётгани ва 2026 йилда радикал қарашдаги шахслар учун қўшимча 3 та қайта тарбиялаш маркази ташкил этилганига урғу берилди. Кўрилган комплекс чора-тадбирлар натижасида қайта жиноят содир этиш кўрсаткичи 2 фоиздан ошмагани, фонд методологияси эса Рим меморандуми (зўравонлик, экстремизм ва терроризм учун жазога маҳкум этилган шахсларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш бўйича халқаро миқёсда қабул қилинган энг муҳим тавсиявий ҳужжатлардан бири) ва Терроризмга қарши кураш глобал форуми (GCTF) тавсияларига тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Ахборот маконида турли воситалар орқали Марказий Осиё фойдаланувчиларига таъсир ўтказувчи 900 дан ортиқ халқаро манба мунтазам мониторинг қилинаётганига аҳамият қаратилди.
Эксперт сўзи якунида деструктив мафкурага қарши курашда фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланмай, психологик, теологик ва рақамли ахборот таҳлилига асосланган комплекс ёндашувни қўллаш зарурлигини қайд этди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





