ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2855-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) директорига, зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети бир ой муддатда Марказга юқори малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.
3. Жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш мақсадида Марказда юридик шахс мақомига эга бўлмаган махсус жамғарма ташкил этилсин ҳамда халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар уни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
Марказ ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;
жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш, шунингдек уларни баҳолаш мақсадида Марказда соҳага оид малакали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи тузилади;
жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Марказ билан келишган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқланадиган низомга асосан харид қилинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлар харид қилинишини таъминлаш учун Марказнинг махсус жамғармасига халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар маблағларининг доимий равишда жалб қилинишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Марказни сақлаб туришга зарур маблағларни назарда тутсин;
Марказга бириктирилган 1 та автотранспорт воситасига лимит ажратсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тўғрисидаги
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказ мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро муносабатларда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётга интилиш каби ислом динининг асл қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ва уларга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги ҳамкорлик ва ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
4. Марказ ўз фаолиятини Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Республикаси Миллий кутубхонаси, Имом Бухорий халқаро маркази, хорижий мамлакатлардаги ислом тадқиқотлари илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
5. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган хорижий валютадаги депозит ҳисоб рақамларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.
давлат (ўзбек) тилида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази.
рус тилида — Международный научно-исследовательский центр Имама Бухари при Кабинете Министров Республики Узбекистан.
инглиз тилида — Imam Bukhari International Scientific Research Center under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan.
араб тилида — مركز الامام البخاري الدولي للبحوث العلمية لدى مجلس وزراء جمهورية أوزبكستا ن .
7. Марказнинг жойлашган жойи (почта манзили): Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Хожа Исмоил қишлоғи, 141306.
2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этиш;
жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнида дунёда, минтақа ва мамлакатимиз ҳаётида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг маърифий-маданий ролини ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш;
мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг ижодий меросига оид ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий-тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш;
ислом маданияти ва цивилизациясини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
ислом динига оид илмий, тарихий-маданий ва маънавий-маърифий мерос салоҳиятини, шу жумладан қўлёзмалар ва архив фондларида сақланаётган манбаларни ҳисобга олган ҳолда, чуқур ўрганиш ва тадқиқот натижалари юзасидан қомуслар, каталоглар, альбомлар, илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар, ахборот-ресурс базасини тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида, хусусан Интернетда эълон қилишни ташкил этиш;
Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ва мазкур соҳада хорижий давлатларда ташкил этилган марказлар билан ислом тарихи, фалсафаси, ҳуқуқи, манбашунослиги ва маданияти юзасидан илмий лойиҳалар, халқаро ҳамкорликдаги тадқиқотларни амалга ошириш ва унинг натижаларини нашр этиш;
ислом тарихи ва маданияти йўналишидаги янги тадқиқотлар натижаларидан илмий-маданий жамоатчиликни кенг хабардор этиш ҳамда уларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича илмий-амалий ва методик ўқишлар ташкил этиш;
«Жаҳолатга қарши — маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган асоссиз хуружларнинг олдини олиш, шунингдек диний ақидапарастлик, мутаассиблик, экстремизм, миссионерлик, сохта тариқатлар ва жамоаларнинг мақсадлари, ғоявий-ақидавий негизлари, замонавий кўринишлари ва фаолият усулларини ўрганиш ва уларга қарши курашнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш учун тавсия этиш.
9. Марказ ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ислом динининг моҳияти ва илмларини тарқатади, барқарор динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини кенг оммага етказишга кўмаклашади;
ислом дунёсининг буюк муҳандис ва алломаси Имом Бухорийнинг илмий-маънавий меросини, ижодий фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ маънавий-маърифий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилади;
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар олимлари илмий фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан хайрия ташкилотлари билан илмий-амалий алоқалар ўрнатади ва ривожлантиради;
ўрта асрларда ўтган ислом уламолари ва мутафаккирларининг ҳадисшунослик, калом (илоҳиёт илми), фиқҳ (ислом ҳуқуқи) ва ислом тарихи йўналишлари бўйича диний-маънавий меросини янада чуқурроқ тадқиқ этишга оид лойиҳаларни амалга оширади;
ўрта аср мусулмон олимларининг табиий ва аниқ фанлар йўналишидаги илмий меросини, шунингдек математика, астрономия, минералогия, география, фалсафа, мантиқ фанларига оид асарларини тадқиқ этишга оид лойиҳаларни амалга оширади;
ҳадис тўпламларини ишлаб чиқиш, кўп жилдлик ислом қомусини яратиш, ислом дунёсининг маданий атласини, Марказ электрон кутубхонасини ташкил этишга оид лойиҳаларни амалга оширади;
ислом дунёсининг маънавий тарихи бўйича ва ислом манбаларини тасниф қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширади;
ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда сақланаётган исломга оид нодир ёдгорликларни оммалаштиришга бағишланган лойиҳаларни амалга оширади;
бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмлар уйғун равишда тадқиқ этилишини ташкил қилиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатади.
3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Марказ ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ва ўз ваколатлари доирасида хорижий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;
жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш асосида семинар-тренинглар ўтказиш;
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича маълумотларни олиш;
Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича илмий ва эксперт ишларини амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлардан, шу жумладан чет эллардан юқори малакали мутахассисларни шартнома асосида ишга таклиф этиш;
Марказнинг бюджетдан ташқари маблағларини Марказ томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишга йўналтириш;
ижтимоий ташаббуслар билан чиқиш ва ушбу масалада тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда мультимедия маҳсулотларини чиқариш;
фаолиятига алоқадор бўлган конференциялар, симпозиумлар, семинар-тренинглар, кўчма мажлислар ташкил қилиш;
илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш мақсадида ўз фаолиятини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган низом асосида олиб борадиган илмий кенгаш тузиш.
Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Марказ қуйидагиларга мажбур:
ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилишини таъминлаш;
ўз фаолияти тўғрисида ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.
Марказга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш
12. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашади ҳамда Марказ фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.
Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
бой маданий ва маънавий мерос, дунёвий ҳамда диний илмларни уйғун равишда тадқиқ этиш орқали унинг натижаларини таълим-тарбия жараёнида қўллаш ва кенг жамоатчиликка етказишда ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш;
жаҳондаги нуфузли илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасаларининг илмий, диний-маънавий қадриятларни тадқиқ этиш йўналишидаги тажрибасини ўрганиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериш, илмий-тадқиқот ишларини замон талаблари даражасида ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар бериш;
концептуал тадқиқотлар дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳомийлар маблағларини ва тадқиқотлар жараёнига чет эллардан соҳа мутахассис олимларини жалб этишда кўмаклашиш;
илмий-тадқиқот натижалари асосида таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, илмий-тадқиқот олиб бораётган кадрларнинг маҳаллий ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли илмий тадқиқот муассасаларида тажриба орттиришини ва малака оширишини ташкил этиш, юқори натижага эришган ва фаол тадқиқотчиларни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш.
Васийлик кенгашининг мажлиси Марказнинг раҳбар органи ҳисобланади.
Мажлис бир йилда камида бир марта чақирилади. Марказ Васийлик кенгаши мажлисининг чақирилиши ҳамда унинг кун тартиби ҳақидаги маълумотлар мажлис чақириладиган санадан бир ой олдин эълон қилинади;
13. Васийлик кенгашининг мажлиси ўз ваколатлари доирасида:
Марказнинг фаолият дастури ва йиллик режаларини тасдиқлайди;
қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.
Васийлик кенгашининг мажлиси кенгашнинг камида тўртдан уч қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Мажлис қарори иштирокчиларнинг ярмидан кўпининг овози билан қабул қилинади.
14. Марказнинг кундалик фаолиятига Марказ директори раҳбарлик қилади. Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
15. Марказ директорининг бир нафар ўринбосари бўлади. Марказ директори бўлмаган тақдирда унинг функциясини директор ўринбосари бажаради.
16. Директор ўз ваколатлари доирасида:
Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Марказ номидан буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;
Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, тақдим этиладиган таҳлилий материаллар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги учун шахсан жавоб беради;
таркибий бўлимлар фаолиятини мувофиқлаштиради, бўлимлар ходимлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлайди, юкланган топшириқлар бажарилиши учун ҳар бир ходимнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;
белгиланган тартибда Марказ ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
Марказ ходимларининг лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар белгилайди;
Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Васийлик кенгаши мажлиси муҳокамасига киритади.
Марказ директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
5-боб. Марказ фаолиятини молиялаштириш
17. Марказ ўзининг кўчмас ва кўчар мулкига, пул маблағларига, шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.
18. Марказ фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушган ихтиёрий бадаллар;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатларнинг жисмоний ва юридик шахсларидан тушган ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
19. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.11.2018 й., 09/18/956/2227-сон)