Ҳозирги кунда баъзи салафий даъватчилар Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи имон, ислом ва эҳсон ҳақида сўрагани тўғрисидаги ҳадисни далил қилиб: “Мана шу ҳадис имоннинг зиёда ва кам бўлишига далилдир. Муҳсиннинг (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилувчи ва шу тамойил асосида ҳаёт кечирувчи инсон) имони мўминникидан (Аллоҳга имон мутлақ келтирган киши) зиёда, мўминнинг имони муслимникидан (исломни қабул қилган киши) зиёдадир. Аксини айтганда, муслимнинг имони мўминникидан паст, мўминнинг имони муҳсинникидан пастдир. Ҳар қандай муҳсин мўмин ва муслим бўлади. Лекин ҳар қандай мўмин ва муслим муҳсин бўлмайди. Оят ва ҳадислар очиқ далилки, имон мартабаларга бўлинади. Яъни, зиёда ва ноқис бўлади” деб даъво қилмоқда.
Юқорида айтилганидек, имон банданинг тасдиғидир. Тасдиқ эса зиёда ё кам бўлмайди. Бу имоннинг тоатлар билан зиёда бўлмаслигига ва гуноҳлар билан камаймаслигига далолатдир. Чунки тасдиқ икки ҳолатда ҳам бир хил бўлади. Яъни, тоат қилган мўмин ва гуноҳ қилган мўмин тасдиқда бир-бири билан тенг ҳисобланади. Фақат амалларида фарқ бор, холос.
Имон борасида Аллоҳ таолонинг
﴿زَادَتْهُمْ إِيمَانًا﴾
“Имонларини зиёда қилгувчи”[1] деган сўзлардаги зиёдалик – имоннинг мисли янгиланиши нуқтаи назаридандир. Имоннинг давомийлиги фақатгина шу йўл билан тасаввур қилинади. Чунки имон араздир[2]. Араз эса икки вақтда давомли равишда бўлиб қолмайди. Имоннинг давомийлиги ҳам бошқа аразлар каби мисли янгиланиб туриши билан содир бўлади.
Ёки оятдаги зиёдаликдан мурод – имоннинг самараси, нурининг ёғдуси ва солиҳ амаллар сабабли унинг қалблардаги сафоси зиёда бўлиши нуқтаи назаридандир. Чунки имонда нур ва зиё бор. Аллоҳ таоло
﴿أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ﴾
“Аллоҳ кўксини исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Раббидан келадиган нур узра эмасми?!”[3] деган. Яъни, солиҳ амаллар қилган кишида имонининг нури зиёда бўлади.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Ал-Олим вал мутаъаллим”да баён қилганидек, бизнинг имонимиз фаришталар ва пайғамбарларнинг имонига ўхшайди. Чунки биз худди набий ва расуллар тасдиқ этгани каби Аллоҳнинг ваҳдонияти (ягоналиги), рубубияти (Раббимиз экани) ва қудратини тасдиқ этганмиз.
Демак, имоннинг асл моҳиятини теран англайдиган бўлсак, у кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Чунки имон тасдиқдир. Тасдиқ эса барчада баробар бўлади. Яъни, ё “ҳа”, ё “йўқ” шаклида. Тасдиқ яримта ё бир яримта ҳам бўлмайди. Яъни, кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, адашган тоифалар даъво қилганидек, имон мартабаларга бўлиниб, зиёда ёки кам бўлмайди. Яъни, мўминнинг имони муслимнинг имонидан зиёда бўлмайди. Муҳсиннинг ҳам, мўмин ва муслимнинг ҳам имони бир хилдир. Адашганлар оят ва ҳадисларнинг зоҳирига эргашиб (юзаки қабул қилиб), асл ҳақиқатдан йироқлашиб кетган, холос. Яъни, матннинг асл мазмун-моҳиятини тушунмагани, чуқур таҳлилга илмий салоҳияти етмагани туфайли ўзининг ноқис ақли тўғри деб билган ва нафсига маъқул келган нарсага маҳкам ёпишиб олган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





