Мустақиллик ҳақида гап кетганда, кўпинча кўз олдимизга аввало, 1991 йилнинг 31 августи, юртимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлгани, давлат рамзларимиз, миллий валютамиз, ўз Конституциямиз каби тарихий воқеалар келади. Бу табиий. Чунки мустақиллик, энг аввало халқнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқидир.
Аммо мустақилликнинг қиймати фақат давлатнинг сиёсий жиҳатдан мустақил бўлгани билан ўлчанмайди. Унинг яна бир, балки ундан ҳам чуқурроқ маъноси бор: инсоннинг ўз тарихига, ўзлигига, тилига, динига, маънавий илдизларига янгича нигоҳ билан қараш имконияти.
Зеро ўзлигини англамаган жамиятнинг мустақиллиги ҳам тўла маънода қарор топиши қийин. Инсон ўзининг кимлигини, қандай тарихнинг вориси эканини, аждодлари нималар яратганини билмаса, эртанги кунга қандай ишонч билан қадам қўяди?
Шу маънода, мустақиллик йилларини фақат иқтисодий, сиёсий ёки ижтимоий ўзгаришлар билан эмас, миллий хотира ва маънавий тафаккурнинг қайта уйғониш жараёни билан ҳам баҳолаш лозим. Бугун ортга назар ташласак, бу борада босиб ўтилган йўл қанчалик катта эканини англаймиз.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқимиз ўзининг кўп асрлик тарихига, буюк аждодларига, миллий ва диний қадриятларига қайтадан мурожаат қила бошлади. Илгарилари номи ёки мероси етарлича ўрганилмаган, асарлари кенг оммага етиб бормаган алломаларимиз ҳақида янги тадқиқотлар олиб борилди. Уларнинг илмий мероси қайта нашр этилди, асарлари ўрганилди, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий анжуманлар ташкил этилди.
Бу билан оддий тарихий хотира тикланибгина қолмай, миллат ўз маънавий илдизларини қайта кашф эта бошлади. Чунки Мовароуннаҳрни кўпинча қадимий шаҳарлар, тарихий обидалар ёки сайёҳлик масканлари деб билардик, энди эса бу замин асрлар давомида илм-фан, тафаккур, маърифат ва маънавият марказларидан бири бўлиб келганини англаб етдик. Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива, Шош, Фарғона каби ҳудудлардан етишиб чиққан алломалар номлари биргина халқимиз эмас, бутун мусулмон олами илмий хотирасида алоҳида ўрин тутишига бугун исбот талаб этилмайди.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мавқейи, Имом Мотуридийнинг ақида ва ақл-тафаккур уйғунлигига асосланган таълимоти, Имом Термизийнинг ҳадисшунослик ривожига қўшган ҳиссаси — буларнинг барчаси бизга юртнинг энг катта бойлиги унинг илмий ва маънавий хотирасида мужассам эканини кундек равшан қилиб қўйди.
Шунинг учун мустақилликдан кейин бу меросга муносабатнинг ўзгариши жуда муҳим аҳамият касб этди. Энг муҳими, бу жараён фақат ўтмишни эслаш билан чекланиб қолмаяпти. Алломалар қолдирган мероснинг бугунги кун учун аҳамияти, ундаги илмий тафаккур, маънавий қарашлар ва инсон камолотига оид ғоялар янги нуқтайи назардан таҳлил этилмоқда. Шу тариқа тарихий мерос музей ёки китоб саҳифасида қолиб кетмай, замонавий илмий изланишлар ва маърифий ҳаётнинг фаол қисмига айланмоқда.
Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати бор. Меросни ўрганиш — фақат ўтмишни билиш учун эмас. Аждодларимизнинг илмга муносабати, билимни қадрлаши, турли фикрларга муносабат маданияти, инсон камолотига қарашлари бугунги жамият учун ҳам муҳим сабоқ бўла олади.
Масалан, Имом Бухорий мероси ҳақида гапирганда, кўпинча унинг ҳадис илмидаги буюк хизмати тилга олинади. Бу, албатта, тўғри. Лекин бу улкан мерос ортида яна бир муҳим фазилат -илмга нисбатан беқиёс масъулият борлигини ҳам унутмаслик керак.
Илмни текшириш, манбани саралаш, ҳақиқат билан гумонни ажратиш, эшитган ҳар бир гапни ҳақиқат деб қабул қилмаслик — бугунги ахборот замонида ҳам ниҳоятда зарур фазилатлар эмасми?
Бугун ижтимоий тармоқларда ҳар куни минглаб хабарлар тарқалади. Кимдир бирор маълумотни текширмасдан ишонади, яна кимдир уни бошқаларга тарқатади. Натижада ҳақиқат билан ёлғон, далил билан тахмин бир-бирига аралашиб кетади.
Шундай бир пайтда асрлар олдин манбаларга ниҳоятда синчковлик билан ёндашган буюк муҳаддиснинг илмий мероси биз учун фақат тарих эмас, ахборот маданияти учун ҳам муҳим сабоқдир.
Мустақиллик бизга ана шу меросга янги кўз билан қараш имконини берди. Бироқ бу жараён фақат китоб ва илмий мақолалар билан чекланиб қолмади. Бугун алломаларимиз меросини кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодга тушунарли тильда тақдим этиш, уни замонавий таълим ва технологиялар билан уйғунлаштиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бу жуда муҳим. Чунки тарихни фақат музейда сақлаб қўйиш билан уни тирик меросга айлантириб бўлмайди.
Мерос яшаши учун у авлоддан авлодга ўтиши керак. Бунинг учун эса ёш инсон Имом Бухорийнинг ким бўлганини билиши билан бирга, нима учун у бугун ҳам бутун дунёда ҳурмат қилинишини англаши керак. Имом Мотуридийнинг номи дарсликда учраши билан иш битмайди. Унинг ақл, илм ва эътиқод ўртасидаги уйғунлик ҳақидаги қарашлари бугунги ёшлар учун қандай аҳамиятга эга экани ҳам тушунтирилиши лозим. Айнан шу нуқтада мустақиллик йилларидаги маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мазмуни янада яққол намоён бўлади.
Гап фақат ўтмишни эслашда эмас. Гап ўтмишдаги буюкликдан бугунги кун учун куч олишда. Чунки ҳар қандай миллатнинг келажаги унинг тарихини қанчалик чиройли гапириб беришида эмас, балки ўша тарихдан қандай хулоса чиқара олишида кўринади.
Бизнинг аждодларимиз илмни ҳурмат қилган. Китобни қадрлаган. Устозга эҳтиром кўрсатган. Турли илм соҳаларини бир-биридан ажратмаган. Шунинг учун ҳам бир замонлар Мовароуннаҳр илм-фан тараққиётининг йирик марказларидан бирига айланган. Бугун биз учун энг муҳим вазифа ана шу муҳитни замонавий шароитда қайта шакллантиришдир.
Мустақиллик йилларида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларга ҳам шу нуқтайи назардан қараш керак. Диний билимни илмий асосда ўрганиш, буюк алломалар меросини тадқиқ этиш, қўлёзма манбаларни асраб-авайлаш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларнинг маънавий саводхонлигини ошириш буларнинг барчаси бир-бири билан узвий боғлиқ жараёнлардир.
Айниқса, бугунги мураккаб ахборот муҳитида маърифатнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Чунки билимсизлик фақат китоб ўқимаслик эмас. Баъзан билимсизлик — кўр-кўрона ишониш. Манбасини текширмаслик. Ҳар бир баландпарвоз гапни ҳақиқат деб қабул қилиш. Тарихни бир томонлама талқин қилиш. Динни ҳам, миллий қадриятни ҳам юзаки тушуниш. Шунинг учун бугун маърифат деганда фақат таълимни эмас, тўғри фикрлаш маданиятини ҳам тушуниш лозим. Мустақилликнинг 35 йили бизни ана шу масалада ҳам ишончимизни комил қилди: давлат қуриш учун фақат мустаҳкам қонунлар ёки замонавий биноларнинг ўзи кифоя эмас.
Жамиятда илмга ҳурмат, тарихга тўғри муносабат, маънавий иммунитет ва эртанги кун учун масъулият ҳам бўлиши керак.
Шу боис бугун аждодлар меросига бўлган қизиқишни фақат тарихчилар ёки диншуносларнинг иши деб қараш тўғри эмас. Бу -бутун жамиятнинг иши. Чунки тарихини билган инсон ўзлигини яхшироқ англайди. Ўзлигини англаган инсон эса ўз қадрини » билади. Ўз қадрини билган одам ўз Ватани ва унинг келажагига бефарқ бўлмайди. Мустақиллик йилларида маънавий соҳадаги ўзгаришларнинг энг катта аҳамияти ҳам шунда.
Биз ўтмишга қайтиш учун эмас, ўтмишдан куч олиб, келажак сари шахдам одимлаш учун тарихимизни ўрганяпмиз. Бугун Ўзбекистонда алломаларимиз меросини тадқиқ этиш, улар асарларини нашр қилиш, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, илмий-маърифий марказлар фаолиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам ана шу катта мақсадга хизмат қиляпти.
Бу жараённинг моҳиятини бир оғиз сўз билан ифодалаш мумкин: миллий хотирадан миллий тафаккур сари. Зеро мустақиллик бизга нафақат ўз байроғимиз остида яшаш, балки ўз тарихимизга ўз кўзимиз билан қараш ҳуқуқини ҳам берди.
Энди навбат — ана шу имкониятдан оқилона фойдаланишда. Зеро аждодларимиз бизга тайёр келажак қолдирмаган. Улар бизга илмга интилиш, ҳақиқатни излаш, маърифатни қадрлаш ва инсон камолотига ишониш каби буюк меросни қолдирган. Бу меросни асраш эса фақат ўтмишга эҳтиром эмас. Бу келажак олдидаги масъулиятдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





