Home / МАҚОЛАЛАР / ҚИМОРБОЗЛИК ВА УНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРИ

ҚИМОРБОЗЛИК ВА УНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРИ

Инсон ҳаётида моддий эҳтиёжларни ҳалол меҳнат, касб-ҳунар ва тадбиркорлик орқали қондириш муҳим аҳамиятга эга. Ислом таълимотида ҳам инсоннинг ҳалол меҳнат билан кун кечириши, ўз ризқини ҳалол йўл билан топиши, мол-мулкини оқилона тасарруф этиши ва бошқаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслиги муҳим тамойиллардан ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан қараганда, қиморбозлик нафақат молиявий муаммо, балки инсоннинг маънавий-ахлоқий қиёфасига, оилавий муносабатларига ва жамият барқарорлигига таъсир кўрсатувчи жиддий иллатдир.

Қиморнинг асосий хусусияти шундаки, унда инсон меҳнат ёки муайян ижтимоий фойдали фаолият натижасида эмас, балки тасодиф, таваккал ва бошқа иштирокчиларнинг мағлубияти ҳисобига бойлик орттиришга интилади. Бундай ёндашув инсон онгида «осон пул топиш» иллюзиясини шакллантиради. Дастлаб кўнгилочар машғулот сифатида бошланган қимор вақт ўтиши билан одатга айланади, кейин инсонни қарам қилиб қўяди.

Бугунги рақамли технологиялар даврида қиморнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани янада ташвишни оширса оширади, сира камайтирмайди. Интернет, смартфон ва турли электрон платформалар орқали қимор ўйинларига кириш имконияти осонлашди. Илгари қимор учун махсус жойга боришга тўғри келган бўлса, ҳозир уйдан чиқмай туриб бундай ўйинларда иштирок этиш мумкин. Бу эса муаммонинг ижтимоий таҳдидини янада оширади.

Иштирокчилардан бири «тушиши» ҳисобига бошқасининг пул ё молиявий манфаатга эга бўлишига асосланадиган, таваккалчилик асосига қуриладиган ўйин ё фаолият саналган қимор ислом манбаларида “майсир” тушунчаси билан ҳам ифодаланади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Эй имон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар шайтоннинг ишларидан бўлган ифлосликдир. Бас, ундан четланингиз, шоядки нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).

Ушбу оятда ҳаёт мазмунини йўққа чиқариб, инсонни залолат сари етаклайдиган шайтонга хос бўлган тўрт амалнинг зарари жуда қатъий ифодаланган. Қуръони карим қиморни инсон ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган, шайтоннинг ишларидан бўлган иллат сифатида баҳолайди. Кейинги оятда эса қиморнинг ижтимоий ва маънавий зарари янада очиқ баён этилади:

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ

“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли орангизга адоват ва нафрат солишни ҳамда Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 91-оят).

Демак, қиморнинг зарари фақат пул йўқотиш билан чекланмайди. У инсонлар ўртасида адоват ва нафрат пайдо қилади, маънавий ҳаётни заифлаштиради, ибодат ва эзгу ишлардан узоқлаштиради. Жумладан, қиморбозлик инсоннинг психологик ва маънавий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатади. Қимор ўйнаган киши дастлаб кичик миқдорда пул тикади, кейин эса йўқотганини қайтариш мақсадида янада кўпроқ маблағ сарфлайди. Яъни, «ютқазганимни қайтариб оламан» деган фикр инсонни яна ва яна қимор ўйнашга ундайди. Оқибатда шахс каттароқ хавфга боради. Унинг қарорлари мантиқ ва эҳтиёткорликка эмас, эҳтирос ва ёлғон умидга асослана бошлайди.

Қиморбозликнинг яна бир салбий таъсири инсонда меҳнатсеварлик ҳиссининг сусайишидир. Ҳалол даромад олиш учун инсон билим, касб ва меҳнатга эҳтиёж сезади. Қимор эса гўёки «бир зумда бойиб кетиш» имкониятини таклиф қилади. Бу тасаввур тезда инсоннинг меҳнатга муносабатини ўзгартириб, уни осон даромад излашга одатлантириб қўяди.

Қиморга берилиб кетган шахс вақт ўтиши билан ўз молиявий имкониятларини назорат қила олмай қолади, оиласи ва яқинларидан пул яширадиган бўлади, қарзга ботади, ўз оталик ё эрлик мажбуриятларини бажармай қўяди. Энг хавфлиси, муаммони яшириш учун ёлғон гапира ва бошқа ахлоқий меъёрларни буза бошлайди. Шу сабабли қиморбозликни фақат «пул тикиладиган ўйин» деб баҳолаш тўғри эмас. У инсоннинг иродаси, масъулияти, вақтдан фойдаланиши, оилага муносабати ва маънавий қарашларига ёмон таъсир кўрсатадиган муаммодир.

Оила – жамиятнинг энг муҳим ижтимоий институти. Ундаги бир кишининг жиддий муаммоси бошқа аъзоларга таъсир қилмай қолмайди. Қиморбозлик шундай муаммолардан биридир. Қиморга берилган шахс оила маблағларини ўйинга сарфлаши натижасида уй-рўзғор эҳтиёжлари учун маблағ етишмай қолади. Бу эса эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар, фарзандлар эҳтиёжларининг қондирилмаслиги ва оилавий ишончнинг йўқолишига олиб келади.

Оила бюджетининг қиморга сарфланиши болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Фарзанд ота-онанинг хатти-ҳаракатларини кузатиб улғаяди. Оилада меҳнат орқали ҳалол ризқ топиш эмас, балки таваккалчилик ва осон бойиш тамойили устун эканини кўриб катта бўлса, у ёғини айтмаса ҳам бўлади.

Қимор сабабли қарзга ботиш ҳам оилавий муносабатларни оғирлаштиради. Баъзан инсон аввалги қарзини қоплаш учун яна қарз олиб, пулини қимор орқали кўпайтиришга ҳаракат қилади. Бу эса муаммони ҳал қилиш ўрнига янада мураккаблаштиради. Шунинг учун оилада фарзандларга кичик ёшданоқ ҳалол меҳнат, тежамкорлик, қаноат, масъулият ва молиявий саводхонлик тушунчаларини сингдириш муҳимдир.

Қиморбозлик кенг тарқалган муҳитда ижтимоий муаммолар ҳам кўпаяди. Чунки инсоннинг молиявий муаммоси уни бошқа нотўғри йўлларга кириб кетишга ундайди.

Қиморнинг яна бир салбий жиҳати шуки, инсонда иқтисодий масъулиятсизликни шакллантиради. Жамият тараққиёти учун одамларнинг меҳнат қилиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаол иштирок этиши муҳим. Қимор эса реал иқтисодий қиймат яратишдан кўра, мавжуд маблағни бир иштирокчидан бошқасига ўтказишга асосланган муносабатни кучайтиради.

Инсоннинг молиявий имкониятларини беҳуда сарфлаши эса шахсий ва оилавий ҳаётга зарар етказиш билан бирга, жамиятнинг иқтисодий барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ислом таълимоти мол-мулкни асраш ва уни оқилона тасарруф этишга муҳим вазифалардан бири сифатида қарайди. Исломда молиявий муносабатлар ҳалоллик, адолат ва ўзаро розилик асосида қурилиши талаб этилади. Бир шахснинг асоссиз равишда бошқа кишининг молини эгаллашига йўл қўйилмайди. Қуръони каримда:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ

«Мол-мулкингизни ўзаро ботил йўл билан емангиз», деб буюрилган (Бақара сураси, 188-оят).

Қиморда иштирокчилардан бирининг ютуғи бошқаларнинг мағлубияти ҳисобига юзага келади. Яъни, бир шахс ўзганинг молини ботил йўл билан ўзлаштиради. Шу жиҳатдан қимор инсонни ҳалол меҳнат ва ҳақли даромаддан узоқлаштирувчи восита сифатида баҳоланади.

Қуръони каримда қиморнинг баъзи манфаатлари бўлиши мумкинлиги инкор қилинмайди. Аммо унинг зарари фойдасидан каттароқ экани таъкидланади:

فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا

“Улар (хамр ичиш ва қимор ўйнаш)да катта гуноҳ ва одамлар учун баъзи манфаатлар бор. Аммо уларнинг гуноҳи манфаатидан каттароқдир” (Бақара сураси, 219-оят).

Бу оят инсон учун муҳим мезонни кўрсатади: бирор ишда муайян фойда мавжуд бўлиши унинг мутлақо фойдали эканини англатмайди. Зарари устун бўлса, инсон ундан сақланиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, қиморбозлик жамиятда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ижтимоий ва маънавий муаммолардан биридир. У инсонни ҳалол меҳнат ва масъулиятли ҳаёт тарзидан узоқлаштириб, осон бойиш иллюзиясига етаклайди. Оқибатда молиявий йўқотиш, қарздорлик, оилада келишмовчилик, иш фаолиятининг пасайиши ва ижтимоий муносабатларнинг бузилиши каби хунук ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАДИСЛАР ҲАМ АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ВАҲИЙ ЭКАНИГА ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ДАЛИЛЛАР (БИРИНЧИ ҚИСМ)

Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши …