Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди.
Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.
Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.
- Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].
Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.
Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.
Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.
Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.
Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].
Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].
Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангина ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.
- Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].
Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].
Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].
Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.
Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.
Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.
Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].
Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].
Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.
Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.
Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».
Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.
Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».
Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.
Давоми бор…
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





