Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ УЧРАШУВ

ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ УЧРАШУВ

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ва Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида «Имом Бухорий илмий мероси ва маънавий тарбия: Аллома асарларининг замонавий тарғиботдаги ўрни» мавзусида илмий-маърифий учрашув ташкил этилди. Тадбирда мазкур ташкилот ва муассасаларнинг салоҳиятли мутахассислари, тарихчи ва файласуф олимлари, таниқли шоир ва адиблари иштирок этди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари Марказ фаолияти билан яқиндан таништирилди, Марказ нашрлари тақдимоти ўтказилди ва Имом Бухорий музейи бўйлаб экскурсия амалга оширилди.

Илмий-маърифий учрашувнинг назарий қисмини Марказ директори Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини Марказ фаолияти мисолида баён этди.

Анжуманда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори А.Маврулов “Мустақилликнинг 35 йиллиги: Миллий маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг илмий-методик масалалари”, Марказ катта илмий ходими Б.Турсунов “Миллий қадриятларимиз – тарбия омили сифатида”, Республика Маънавият ва маърифат маркази профессори Н.Жўраев “Миллий маънавиятимиз илдизлари” мавзуларида маъруза қилди.

Тадбир иштирокчилари мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган маънавий-маърифий ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, миллий маънавий мероснинг тарбиявий аҳамияти, миллий ўзлик ва миллий бирлик ғояларини ҳаётга кенг татбиқ этишнинг аҳамияти хусусида ўзаро фикр алмашди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий-маърифий фаолияти натижалари, нашр этилган китоб ва рисолалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир савол-жавоб ва мунозараларга бой бўлди.

Илмий-маърифий учрашув Имом Бухорийнинг бой илмий ва маънавий меросини замонавий тарғибот жараёнларига татбиқ этиш, миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, миллий ўзлик ва миллий бирлик ғояларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ИЛМДАН АМАЛИЁТГА: “ИСЛОМ МАЪРИФАТИ, ҲАДИС ИЛМИ ВА ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ” КУРСИ ЯКУНЛАНДИ»

2026 йил 14 август куни Имоми Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Ислом маърифати, ҳадис …