2026 йил 14 август куни Имоми Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси” малака ошириш ўқув курси доирасида навбатдаги дарс машғулотлари ўтказилди.

Машғулотларда туризм соҳасининг ҳуқуқий асослари, гид-экскурсоводларнинг касбий маҳорати ва компетенцияларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва унинг зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти каби муҳим мавзулар қамраб олинди.

Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавзусидаги дарсда туризм соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар, соҳада фаолият юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, туристлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, туристик хизматларга қўйиладиган талаблар ҳамда давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, гид-экскурсоводларнинг касбий маҳорати ва касбий компетенцияларини ривожлантириш механизмлари мавзусида гидларнинг тарихий, маданий ва маърифий маълумотларни туристларга аниқ ва ишончли етказишдаги масъулиятига эътибор қаратилди. Экскурсияларни мазмунли ташкил этиш, нотиқлик ва мулоқот кўникмаларини такомиллаштириш, хорижий тилларни билиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳамда касбий этика тамойилларига риоя этиш муҳим компетенциялар сифатида қайд этилди.

Курснинг яна бир муҳим машғулоти Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва унинг зиёрат туризмини ривожлантиришдаги аҳамияти мавзусига бағишланди. Унда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз ва Термиз каби тарихий шаҳарларнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, меъморий обидалар, археологик ёдгорликлар ва номоддий маданий мерос ҳақида маълумот берилди.

Шу билан бирга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг илмий-маънавий мероси, улар билан боғлиқ зиёрат масканларининг аҳамияти ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришда тарихий обидаларни асраш, ишончли маълумот тақдим этиш ва инфратузилмани такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

12–14 август кунлари ўтказилган ўқув машғулотлари билан мазкур малака ошириш курси якунига етди. Курс давомида тингловчиларнинг ислом маърифати, ҳадис илми, Имом Бухорий мероси, тарихий-маданий мерос ва зиёрат туризмига оид билимларини бойитиш билан бир қаторда, амалий ва касбий кўникмаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний машғулотларда эгалланган билимларни мустаҳкамлаш ва уларни амалий фаолиятда самарали қўллаш муҳимлиги таъкидланди. Мазкур ўқув курси тингловчиларнинг маърифий ва касбий салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, Ислом маърифати ва миллий-тарихий меросни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





