Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илмий-маърифий мавзуларда долзарб маърузалар тингланди

Илмий-маърифий мавзуларда долзарб маърузалар тингланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий-маърифий йўналишдаги навбатдаги маърузалар ташкил этилди. Унда Имом Бухорийнинг бой илмий мероси, ҳадислардаги ижтимоий-ахлоқий қадриятлар, зиёрат туризмида хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда ислом маърифатининг асосий тамойиллари ёритилди.

Маърузалардан бирида Имом Бухорийнинг 24 та асар яратгани, улардан 12 таси бизгача етиб келгани ва бу асарларнинг бугунги кундаги илмий-маърифий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Ҳадисларда акс этган ростгўйлик, қариндошлик ришталарини асраш, қўшнига яхшилик қилиш, инсонлар билан гўзал муомала, омонатдорлик, ваъдага вафо, саховат, меҳр-шафқат, ғазабни жиловлаш ва кечиримлилик каби қадриятларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, зиёрат туризми объектларида экскурсантларга хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақида сўз юритилиб, Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини ривожлантириш, зиёрат объектларининг туристик салоҳияти ва ташриф буюрувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш масалалари ёритилди. Гид-экскурсоводнинг тарихий маълумот бериш билан бирга, зиёратгоҳнинг маънавий муҳитини асраш, диний ва маданий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ташриф буюрувчиларга одоб-ахлоқ ва ташриф қоидаларини тушунтиришдаги масъулияти таъкидланди.

Маърузада тарихий маълумотларни ишончли манбалар асосида етказиш, тарихий фактлар билан ривоятларни фарқлаш, диний масалаларда холисликни сақлаш, турли миллат ва маданият вакилларига нисбатан хушмуомалалик, бағрикенглик ва ҳурмат тамойилларига амал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда ислом маърифатининг асосий тамойиллари ҳам муҳокама қилиниб, илмга интилиш, фикрлаш ва тафаккур қилиш, билимни ахлоқ билан уйғун ҳолда қўллаш муҳим экани таъкидланди. Маърифатли жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва тинч-тотувлик устувор бўлиши, инсон ўз қарашларини зўрлик билан эмас, балки мулоқот ва тушунтириш орқали етказиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Марказий Осиё асрлар давомида ислом илми ва маърифати ривожланган муҳим ҳудудлардан бири бўлгани, бу заминдан Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломалар етишиб чиққани таъкидланди.

Илмий-маърифий тадбирлар аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, ёш авлодда илмга ҳурмат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат, маънавий баркамоллик ҳамда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мероси ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгиламоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон ва Индонезиянинг илмий-таълим ва маърифий муассасалари вакиллари иштирокида учрашув …