Бугун Самарқанд давлат Чет тиллар институтида хорижлик талабалар учун ўзбек тили ва маданияти, Ўзбекистон тарихи, географияси ва иқтисодиётини ўрганишга бағишлаб ташкил қилинган “Янги Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини кашф этинг: Тил ва маданиятини ўрганинг!” номли халқаро ёзги мактаб тингловчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Директор ўринбосари О.Муҳаммадиев меҳмонларга Марказнинг ташкил этилиш тарихи, бўлимлар фаолияти ва Музей экспонатлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг ташкил этилган давра суҳбатида хорижлик илм шайдолари ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасалари, Ўзбекистонга келиш сабаблари, бундан кўзлаган мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.


Суҳбат қизғин руҳда ўтди, қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Меҳмонлар Ўзбекистонда таълимга берилаётган эътибор, тинчлик ва осудалик, экологик маданият, бой тарихимиз, кўҳна обидалардаги битиклар, миллий архитектура каби қадриятларимиз уларда қизиқиш уйғотганини эътироф этди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





