Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Покистонлик таниқли олим ташрифи

Покистонлик таниқли олим ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида покистонлик таниқли олим, катта халқаро нуфузга эга бўлган жамоат арбоби Мавлоно Ториқ Жамил бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб музей экспозициялари, илмий ходимлар ва тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шарт-шароит билан яқиндан танишди. Бу ерда намойиш этилаётган ноёб қўлёзмалар, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳамда мовароуннаҳрлик бошқа алломаларнинг бой илмий-маърифий мероси, шунингдек, Марказ томонидан нашр этилган янги китоблар ва манбашунослик соҳасидаги ютуқлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг илмий ходимлар, хорижлик тадқиқотчилар ва делегация аъзолари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқотда Имом Бухорийнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг ҳадис илми ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, диний-маърифий фаолиятда юксак ахлоқ, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва инсонпарварлик тамойилларининг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Мавлоно Ториқ Жамилнинг кўп йиллик тарғибот-ташвиқот фаолиятида инсон маънавиятини юксалтириш, ахлоқий камолот ва жамиятда тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин тутади. Марказ вазифаларининг асосий йўналишларидан бири бўлган буюк алломалар илмий меросини ўрганиш ва унинг маърифий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш билан мазкур мақсадлар ўртасида муштарак жиҳатлар мавжуд, албатта.

Олим ўз нутқида ислом цивилизацияси ривожида Мовароуннаҳр уламоларининг ўрни беқиёс эканини алоҳида эътироф этиб, бугунги глобаллашув даврида ёшлар тарбиясида гўзал хулқ, қалбни поклаш ва зўравонликдан узоқ бўлиш сингари эзгу ғояларни кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қозоғистонда диний маърифат ва исломий маориф ривожи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан …