Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Анқара Ижтимоий фанлар университети Илоҳиёт факультети профессори Селжуқ Жўшқун ташриф буюрди.


Олим Марказ музейи билан танишиб, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий мероси, аллома асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олди.
Меҳмон билан мулоқотда Марказ ва у фаолият кўрсатаётган университет ўртасидаги илмий ҳамкорлик алоқалари, жумладан, ислом илмлари ва буюк алломалар меросини тадқиқ этиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, китоблар ва илмий ишлар алмашилди.

Ҳамкорликнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида, аввал қабул қилинган Англашув меморандумининг амал қилиш муддати тугагани муносабати билан муддати янгиланган ҳужжат имзоланди. Мазкур келишув илмий алоқаларни изчил давом эттириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳамкорликни изчил давом эттириш ва кўламини кенгайтириш борасидаги муштарак мақсадларни янги меморандум билан расман тасдиқлаган ушбу ташриф икки муассаса ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




