Барча ошкору пинҳон мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Инсу жинларнинг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!
Деярли барча эътиқод ва маданиятларда учрайдиган жинлар Ислом ақидасида фаришталар каби ғайб оламига мансуб мавжудотлар сифатида эътироф этилади. Жинларнинг фаришталар билан муштарак жиҳатлари бўлгани каби, уларни бир-биридан фарқловчи хусусиятлари ҳам мавжуд. Масалан, латофатли, яъни кўзга кўринмас ва нозик мавжудотлар экани уларнинг муштарак жиҳатларидан бири бўлса, диний ҳукмлар билан масъул (мукаллаф) этиб белгилангани фарқли хусусиятларидан ҳисобланади.
Жинлар ва инсонлар яратилиш жиҳатидан бир-биридан фарқ қилса-да, улар ўртасида муайян муштаракликлар ҳам бор. Хусусан, ҳар иккиси ҳам диний кўрсатмаларга амал қилиш ва илоҳий ҳукмлар олдида масъул бўлган мукаллаф мавжудотлар ҳисобланади.
Саҳобалар авлоди Ислом цивилизациясининг барпо этилишида алоҳида ва беқиёс ўрин тутади. Зеро, улар диннинг асосий манбалари ҳисобланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва амалларини бизга етказган илк воситачилар ҳисобланади. Бу эса уларнинг Ислом тарихидаги аҳамиятини янада оширади.
Саҳоба тушунчасининг қамрови борасида, асосан, унинг луғавий ва урфдаги маъноларига таянган ҳолда турли қарашлар илгари сурилган. «Дўстлик», «ҳамроҳлик» ва «суҳбатдошлик» маъноларини англатувчи «с-ҳ-б» (صحب) ўзагидан олинган сўз луғатда бирор киши билан ҳатто бир лаҳза бўлса-да, бирга бўлишни ифодалайди. Урфда эса дўстлик ва суҳбат деганда узоқ вақт давом этадиган ҳамроҳлик тушунилади. Шу нуқтаи назардан, айрим уламолар саҳобалар қаторига кириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир-икки йил давомида ҳамсуҳбат бўлиш, у зот иштирок этган бир ёки икки жангда қатнашиш ёхуд Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларида ҳозир бўлиб, у зотдан ҳадис ривоят қилишни шарт қилиб белгилаганлар. Бошқа бир гуруҳ уламолар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳатто бир лаҳза бўлса-да, бирга бўлиш, у зотни кўриш, ҳатто у зот яшаган даврда ҳаёт кечиришнинг ўзини ҳам саҳобалик учун кифоя деб ҳисоблаганлар.
Умумий эътироф этилган ва энг кенг маънодаги таърифга кўра, саҳоба деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва мўмин ҳолда вафот этган кишиларга айтилади.
Жинлар ҳам диний ҳукмлар билан масъул (мукаллаф) мавжудотлар экани, шунингдек, Қуръони каримнинг «Аҳқоф» (46:29) ва «Жин» сураларида зикр этилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлари ҳамда кўплаб ҳадисларда у зот билан учрашганлари ҳақида маълумотлар келтирилгани сабабли, айрим уламолар уларни ҳам саҳобалар қаторига киритганлар. Бунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва Ислом динига эътиқод қилган ҳолда вафот этган жинлар ҳам саҳоба мақомига эга деб ҳисобланган.
Қадим замонлардан буён деярли барча дин ва маданиятларда кўзга кўринмас мавжудотларнинг борлигига ишониб келинган. Уларнинг моҳияти ва вазифалари турлича талқин этилган бўлса-да, шумерлардан тортиб ҳинд халқларигача, Европа қавмларидан мисрликларгача, яҳудийлик ва насронийликдан тортиб жоҳилият даври арабларигача бўлган деярли барча халқ ва эътиқодларда бундай ишончнинг турли кўринишларини учратиш мумкин.
Ислом ақидасида кўзга кўринмас мавжудотлар фаришта, жин ва шайтон тушунчалари орқали ифодаланади. Уларнинг орасида фаришталар Аллоҳ таолонинг амрларига мутлақ итоат этувчи руҳоний мавжудотлар сифатида таърифланади. Жинлар эса, умумий эътирофга кўра, Аллоҳ таолонинг амр ва қайтариқлари билан масъул (мукаллаф) бўлган, улар орасида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам мавжуд бўлган руҳоний мавжудотлар ҳисобланади. Уларнинг кофирлари шайтонлар деб аталади.
Қадимдан буён айрим кишилар турли сабаб ва мақсадларни рўкач қилиб, ғайбий мавжудотлар, хусусан, жинлар билан алоқада бўлишларини даъво қилиб келганлар. Баъзилари ғайритабиий мавжудотларнинг ҳужумларидан инсонларни ҳимоя қилишини иддао этса, бошқалари улардан ўтмиш ва келажакка оид хабарлар олишини таъкидлаган. Яна бир тоифа кишилар эса турли йўллар билан одамларга таъсир ўтказиш мақсадида ғайбий мавжудотлар билан мулоқот қилишларини даъво этганлар.
Сўнгги асрларда, айниқса, Ғарб жамиятларида, шунингдек, деярли барча халқлар орасида кузатиш ва тажриба орқали исботлаш имкони бўлмаган маълумотларга нисбатан шубҳа, ҳатто инкор кайфиятининг кучайиши натижасида жин ва демон каби ғайбий мавжудотларга бўлган қизиқиш илк ва ўрта асрларга нисбатан бирмунча сусайгандек кўринса-да, бу қизиқиш ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Шу билан бирга, айниқса, тарих давомида сеҳр-жоду ва афсунгарлик билан боғлиқ ҳолда жинлар билан алоқа ўрнатганини даъво қилувчи, ўзини «жин чалган» ёки «сеҳрланган» деб ҳисоблаган кишиларни жуда катта маблағ эвазига «даволаш» билан шуғулланувчи шахслар ҳам кўплаб учрайди. Жамоатчилик орасида «жинчи», «медиум» ва «ғайритабиий ҳодисалар мутахассиси» сифатида танилган бундай кимсаларнинг эшиги олдида навбат кутиб турган минглаб инсонларни ҳам учратиш мумкин.
Сўнгги йилларда, айниқса, Ғарб манбаларида НЛОлар (номаълум учар объектлар), «ўзга сайёраликлар» каби сирли қурилмалар ва мавжудотлар ҳақидаги хабарларнинг кўпайиб бораётгани ҳам эътиборга моликдир. Бошқа томондан, кейинги пайтларда, айниқса, «элита» деб аталувчи ижтимоий қатлам вакиллари орасида бир неча машғулотдан сўнг «астрал саёҳат» деб номланувчи амалиёт орқали жинлар ва бошқа сирли мавжудотлар билан мулоқот қилгани, ҳатто коинот бўйлаб саёҳат қилганини даъво этувчи кишилар ҳам кўпаймоқда. Шу боис жинлар билан мулоқот қилиш ва улардан турли хабарлар олиш масаласи диний гуруҳларга мансуб бўлган ёки бўлмаган муайян доираларда ҳануз ўз оммабоплигини сақлаб келмоқда.
Араб дунёсида ҳам жинлар мавзусига бағишланган кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилган. Жумладан, Валийзор ибн Шоҳзиддиннинг «ал-Жинну фи-л-Қуръан ва-с-сунна», Иброҳим Камол Адҳамнинг «ал-Алоқа байна-л-инси ва-л-жинни мин манзури-л-Қуръан ва-с-сунна», Тоҳа Абдурауф Саъднинг «Ҳусну-л-баян фи ма қила ани-л-жанн», Абдулқодир ибн Муҳаммад Ғомидийнинг «Ҳукму-л-истиъана би-л-жинни фи-л-мубаҳат» номли асарларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Шу ўринда, асар номиданоқ тадқиқотимиз мавзуси билан бевосита боғлиқ экани англашиладиган Сомия Абдулазиз Манисийнинг «ал-Жинну-л-муслимуна мин саҳабати-л-ҳодий-л-башири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китоби ҳақида ҳам маълумот бериш ўринлидир. Номидан кўриниб турибдики, мазкур асар жин саҳобаларга бағишланган тадқиқотдек таассурот уйғотади. Бироқ унда жин саҳобаларга ажратилган қисм анча қисқа бўлиб, ушбу масала юзасидан эътиборга молик илмий таҳлил ва хулосалар келтирилмаган.
Муаллиф дастлаб жин ва шайтон тушунчаларининг мазмун-моҳиятини очиб беради. Сўнгра Қуръони карим ва ҳадислар асосида жинларга пайғамбар юборилган ёки юборилмагани, уларнинг диний ҳукмлар билан масъул (мукаллаф) экани, ораларидаги мўмин ва кофирларнинг макони қаерда жойлашгани каби масалаларга жавоб излайди. Шундан кейин жинларнинг яратилиши, улар қайси моддадан вужудга келгани, шайтоннинг васвасаси каби мавзуларни, Иблис ва қарин сингари тушунчаларни ёритади.
Шунингдек, муаллиф Қуръони каримда жинлар ҳақидаги оятлар жамланган «Раҳмон» ва «Жин» суралари, шунингдек, «Анъом», «Соффот» ва «Аҳқоф» сураларидаги тегишли оятларнинг тафсирини келтиради. Бунда Ибн Касир, Қуртубий ва Суютийнинг тафсир асарларига асосланади. Кейинчалик Абу Нуъайм ва Байҳақийнинг «Далоилу-н-нубувва» номли асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган жинларга оид ҳадис ва хабарларни келтиради. Асарнинг сўнгги қисмида эса, асосан, Ибн Ҳажарнинг «ал-Исоба» асарида жинларга бағишланган таржимаи ҳолларни деярли ўзгаришсиз баён қилади.
Жинлар ҳақида атрофлича маълумотлар келтирилган асарлар қаторига Ибн Абиддунё (ваф. 281/894) ва Ҳароитийнинг (ваф. 327/939) «Ҳавотифу-л-жинан», Бадруддин Шиблийнинг (ваф. 769/1367) «Оқому-л-маржон», Суютийнинг (ваф. 911/1505) «Лақту-л-маржон», Ҳайтамийнинг (ваф. 974/1567) «Фатово ал-ҳадисийя» ҳамда Валийзор ибн Шоҳзиддиннинг «ал-Жинну фи-л-Қуръан ва-с-сунна» асарларини киритиш мумкин.
Жин саҳобалар ва уларнинг ривоятларига бағишлаб ёзилган мустақил асарлардан эса Зубайдийнинг (ваф. 1205/1791) «Лақту-л-маржон», Аҳмад ибн Сиддиқ Ғуморийнинг (ваф. 1960) «Муснаду-л-жин», Абдулҳай Каттонийнинг (ваф. 1962) «ал-Маъосиру-л-фошия» ва «Мавоҳибу-р-Раҳмон», Сомия Абдулазиз Манисийнинг «ал-Жинну-л-муслимун» номли асарларини қайд этиш мумкин.
Жин саҳобалар ва уларнинг ривоятларини ўрганишга ўтишдан аввал жин тушунчасининг мазмун-моҳияти, Ислом динида ҳамда ундан олдинги дин ва маданиятларда жинларга бўлган эътиқод, шунингдек, жинларни кўриш мумкин ёки мумкин эмаслиги, уларнинг турли қиёфаларга кира олиши ёки олмаслиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Жинлар мавзусига бағишланган кўплаб асарларда ушбу масалалар батафсил ёритилганини инобатга олган ҳолда, мазкур тадқиқотда уларга доир баҳс-мунозаралар ва турли қарашларга зарур даражадагина тўхталиб ўтилади.
«Жин» сўзи келиб чиққан «ж-н-н» (جنّ) ўзагидаги феъл, асосан, «яширмоқ», «беркитмоқ», «тўсмоқ» ва «қопламоқ» каби маъноларни англатади. Ушбу ўзакдан ҳосил бўлган деярли барча сўзларда ҳам мазкур маънолар ўз ифодасини топган. Жумладан, араблар тун қоронғулиги бутун атрофни қоплашини «жанна алайҳи-л-лайлу» (جَنَّ عَلَيْهِ اللَّيْلُ), эгасини яширувчи ва ҳимоя қилувчи қалқонни «жунна» (جُنَّة), ҳали туғилмагани учун она қорнида яширинган ёки қабрга дафн этилган мавжудотни «жанин» (جَنِين), ичидагини ўз бағрига яширгани сабабли қабрни «жанан» (جَنَن), дарахтлари билан ер юзаси тўсилиб, яширинган боғ ёки бўстонни «жаннат» (جَنَّة), бадан билан қоплангани сабабли руҳни, кўкрак қафаси билан ўралгани учун эса қалбни «жанан» (جَنَان), ақлни тўсиб қўйиши сабабли жунунлик ва ақлдан озиш ҳолатини «жинна» ёки «жунун» (جِنَّة / جُنُون) деб атайди.
Истилоҳий маънода жин тушунчаси ҳиссий идрок воситалари билан англаб бўлмайдиган, ҳаво ёки оловдан яратилган бўлса-да, турли қиёфаларга кира оладиган, мураккаб ва оғир ишларни бажариш қобилиятига эга, инсонлар каби онг ва ирода соҳиби бўлган, илоҳий буйруқларга амал қилиш масъулияти юклатилган, мўмин ва кофир тоифаларидан ташкил топган нозик табиатли руҳоний мавжудот сифатида таърифланади.
«Ж-н-н» феълининг луғавий маъноси ҳамда жинларнинг яратилиш моддасидан келиб чиқиб, айрим оят ва ҳадисларда келган «жин» сўзига замонавий даврда турлича талқинлар берилган. Жумладан, уни оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган микроорганизмлар, вируслар, микроблар, космик нурлар, шунингдек, сеҳргарлик, фолбинлик, астрология каби амалиётларнинг рамзий ифодаси сифатида шарҳловчи қарашлар ҳам мавжуд.
Шунингдек, айниқса, «Аҳқоф» сурасининг 29–32-оятлари ва «Жин» сураси доирасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат қилган Қуръони каримни тинглаш учун келган «жинлар» тушунчаси ҳам турлича талқин қилинган. Айрим тадқиқотчилар уларни Макка аҳли илгари дуч келмаган, нотаниш, номаълум ёки бегона яҳудий ва насронийлар деб изоҳлаганлар. Бошқа бир қарашга кўра, улар Қайс Айлан, Ҳавозин ёки Сақиф қабилаларига мансуб кишилар бўлган. Мазкур ёндашув тарафдорлари ушбу ўринда «жинлар» деганда инсонлар назарда тутилган, деб ҳисоблайдилар.
Бу нуқтаи назардан, Сулаймон алайҳиссалом қиссасида зикр этилган жинлар ҳам фолбинлар, мунажжимлар ва юксак маҳоратга эга ҳунармандлар сифатида таъвил қилинади.
Давоми бор…
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




