IX-X асрларда Мовароуннаҳрда ислом илмлари, хусусан, фиқҳ илми жадал ривожланиб, маҳаллий илмий мактаблар шаклланди. Бу жараёнда Бухоро муҳим илмий марказлардан бирига айланиб, ҳанафий мазҳабининг кенг тарқалиши ва мустаҳкамланишида алоҳида ўрин тутди. Бироқ, Бухоро фиқҳ мактабининг мазкур жараёндаги ўрни кўп ҳолларда фақат ташқи таъсирлар доирасида баҳоланиб, унинг мустақил илмий мактаб сифатидаги хусусиятлари етарлича ёритилмаган. Шу боис мазкур тадқиқотда Бухоро фиқҳ мактабининг шаклланиши ва ҳанафий мазҳаби ривожидаги ўрни манбалар асосида таҳлил қилинади.
Ушбу тадқиқотнинг илмий янгилиги шундаки, Бухоро фиқҳ мактаби IX-X асрларда ҳанафий мазҳабининг ривожида фақат тарқатувчи марказ эмас, балки уни маҳаллий ижтимоий муҳит ва урф-одатлар асосида қайта шакллантирган мустақил илмий мактаб сифатида комплекс тарзда таҳлил қилинди. Абу Ҳафс Кабир ва унинг шогирдлари фаолияти мисолида ҳанафий таълимотнинг Мовароуннаҳрда институционаллашув жараёни аниқлаштирилди. Шунингдек, фақиҳларнинг давлат бошқарувидаги иштироки орқали ҳанафий мазҳабининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳаётга таъсир механизми очиб берилди.
VIII аср охири IX аср бошларида Мовароуннаҳрнинг марказий шаҳарлари Бухоро, Самарқанд, Насаф, Кешда ҳанафийлик марказлари вужудга кела бошлади. Турли шаҳарлардаги ҳанафий марказларининг шаклланишига Ироқ ва Хуросон мактабларининг таъсири салмоқли бўлди. Бухоро мактабига Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/805 й.)нинг шогирди Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий асос солди. У Бухоро шаҳрини ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айлантирди. Абу Ҳафс Кабирнинг шогирдлари ҳанафийлик фиқҳининг минтақада кенг ривожланишида ўз ҳиссасини қўшди. Улар ҳатто давлат идораларида нуфузли лавозимларда фаолият юритиб, бу мактабнинг ёрқин намоёндалари сифатида танилди.
Манба ва тадқиқотларда Мовароуннаҳрга ҳанафий мазҳаби (Бухоро йўналиши)нинг кириб келиши ва ёйилишини қуйидаги йўналишда келтирилган:
Абу Ҳанифа (ваф.150/767 й.) – Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф.189/804-805 й.) – Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий (ваф. 217/832 й.) –унинг ўғли Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳафс Бухорий (ваф.274/878 й.) – Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб Субазмуний Бухорий (340/952 й.) – Абу Бакр Муҳаммад ибн Фадл Бухорий (370/981 й.) – Абу Али Ҳусайн ибн Хидр Насафий (ваф.1032-33 й.) – Шамсу-л-аимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний (448/1056-57 й.)[1].
Қуйида Бухоро фиқҳ мактаби намоёндалари силсиласидан айримлари хусусида сўз юритилади.
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий (150/768-216-17/832) дастлабки илмларни ўз юртида эгаллайди, сўнгра Бағдодга бориб, у ерда Абу Ҳанифа асҳобининг кўпларини учратган, улардан Муҳаммад ибн Ҳасаннинг бир неча йил илмий мажлисларида бўлган, унинг “Мабсут” китобини кўчирган. У Имом Муҳаммаддан кейин энг кучли, энг ишончли, энг тақводор фақиҳ ҳисобланган. Бунга далил сифатида қуйидаги ривоятни келтириш мумкин: Абу Ҳафс билан бирга Имом Муҳаммаддан таҳсил олган Абу Сулаймон Жузжонийнинг таъкидлашича: “Устозим Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан: “Агар сиз вафот этсангиз илмни кимдан олайлик?”, дея сўрадим. Шунда устозим: “Ҳеч ким мендан илмни Абу Ҳафс Бухорийчалик ололмаган”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Субазмуний (258/872-340/952) Абу Ҳафс ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради: “Афлаҳ ибн Муҳаммад Абу Юсуфнинг мажлисида бўлган, ундан “Амолий”ни ёзиб олган, Аҳмад ибн Ҳафс эса Афлаҳ билан мажлисда Абу Юсуфнинг ҳузурига боришдан олдин бирга бўлган. Аҳмад ибн Ҳафс Абу Юсуфни умри охирлаган бир даврда учратди. Кейин Имом Муҳаммадга бориб, унинг китобларини эшитди ва унинг ҳузурида фиқҳни ўрганди”. Демак, Абу Ҳафс Абу Ҳанифанинг мумтоз шогирдлари саналган Муҳаммад ва оз муддат бўлса-да, Абу Юсуфнинг ҳам мажлисида бўлган. Шамсиддин Заҳабийнинг хабар беришича, Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усомалар ҳам унинг устози бўлган.
Мовароуннаҳрда фиқҳнинг ривожланишида Абу Юсуфдан кўра Имом Муҳаммаднинг қарашлари кўпроқ таъсир кўрсатган. Илм олиб ўз юртига қайтган Аҳмад ибн Ҳафс шу тариқа ҳанафий мазҳаби таълимотини биринчилардан бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келган шахс сифатида танилди ва Бухоро шаҳрини ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айлантирди. Абу Ҳафс Кабирнинг шогирдлари ҳанафийлик фиқҳининг минтақада кенг ривожланишида ўз ҳиссасини қўшди. Улар ҳатто давлат идораларида нуфузли лавозимларда фаолият юритиб, бу мактабнинг ёрқин намоёндалари сифатида танилди. Шунинг учун Ёқутий: “Бухоро фақиҳлар академияси ва фозиллар маконидир. Бухородан кўра илм аҳлига ҳурмати кучлироқ шаҳар аҳлини кўрмаганман”, дея эътироф этади.
Абу Ҳафс Кабир нафақат фиқҳ соҳасида самарали ижод қилган, балки у ҳадис ва калом илмларининг ҳам етук билимдони саналади. Манбаларда Абу Ҳафс Кабир ва унинг авлодлари Бухородан чиққан илк ҳанафий муҳаддислари қаторида зикр этилган. У Асад ибн Амр, Абу Яҳё Ҳимоний, Яҳё ибн Закариё ибн Абу Зоида, Исо ибн Юнус, Муҳаммад ибн Робиа, Абу Муовия, Ибн Муборак, Абдуллоҳ ибн Нумайр, Амр ибн Муҳаммад, Ибн Мунир Варроқ, Ҳушайм ибн Башир, Салм ибн Солимлардан ривоят қилган.
XI асргача фақиҳлар орасида илоҳиётга доир масалалар ҳам муҳокама этилган, жумладан, Бухорода Абу Ҳафс Бухорий, Самарқандда “Иёдия” ва “Жузжония” каби илоҳиёт мактаблари фаолият юритган.
Абу Ҳафс Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солган. Бу ўз замонасида машҳур мадрасалардан саналиб, ҳозирги “Пойи Калон” мавзесида жойлашган. Наршахийнинг маълумотига кўра, Абу Ҳафс Кабир бомдод намозидан кейин талабаларга дарс берган.
Олим кўплаб шогирдларни тарбиялаб, камолга етказди: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (Абу Ҳафс Сағир), Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадокорий, Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизуғукий, Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Ҳорис ибн Абул Вафо Бухорий, Довуд Шарғий, Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шарғийлар шулар жумласидан.
Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Абу Ҳасан ибн Толиб Ғишатийлар ундан ривоят қилган. Абдулкарим Самъоний “Ансоб” номли асарида келтиришича, Абу Ҳафснинг шогирдлари Харожир деган қишлоқда кўп бўлган. У туфайли Бухоро шаҳри ҳанафийликнинг муҳим марказларидан бирига айланди.
Бухорода фаолият олиб борган “Садру-шшариа”лар ва уларнинг оила аъзолари фиқҳ илмини ўз замоналарининг машҳур олимларидан олган. Фиқҳ илмини ўрганишда силсилалари Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс Кабирга етиб боради.
Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Бухорога, қолаверса, ислом оламига тарқалди. Олимлар унинг илму фазлини баҳолаб, уни “муаллими ислом”, яъни “Ислом динининг муаллими”, унинг шарофати билан Бухорони “Қуббатул ислом”, яъни “Ислом дини гумбази” ва у киши яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ”, яъни “Ҳақ йўл” деб аташган. Ҳатто, араб диёри олимлари бирор масаланинг жавобини топишда қийналиб қолса, Бухорога Абу Ҳафс Кабирнинг олдига бир кишини юбориб, ўша масаланинг ечимини билиб олишар эди. Наршахийнинг айтишича, ҳожилар карвони келаётганида, карвондан бир киши Абу Ҳафснинг ёнига келиб, ундан масала сўраганда, Абу Ҳафс ҳайратланиб: “Ўзингку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?”, деса у: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин улар қониқарли жавоб бера олмади ва менга Бухорога бориб, бу масалани Абу Ҳафсдан ёки унинг фарзандидан сўрагин, улар сенга бу масаланинг жавобини аниқ айтишади дейишди”, деб жавоб беради.
Бу даврда Араб халифалиги ҳудудида турли халқлар яшар эди. Ўз-ўзидан маълумки, уларни бир хил қонун ўлчовда сақлаш яъни ҳамма жойда ягона қонун жорий қилиш мумкин эмас эди. Турли ижтимоий гуруҳларнинг вакиллари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳадислар тўқиб олар эди. Маълумки, ислом ҳуқуқи нафақат соф ҳуқуқий меъёрлар мажмуидан иборат, балки у диний расм-русум, ахлоқий мезонларни ҳам қамраб олади. Абу Ҳафс Кабир мана шундай талабларга риоя қилиб, ўзи яшаган жамият ҳаётидаги барча диний ва дунёвий масалаларни давр талабларига жавоб берадиган, маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда умумий шариат нормаларини ишлаб чиқди. Абу Ҳанифанинг фиқҳ ва шариатга оид қонуншунослик таълимотларини маҳаллий урф одатларга мослаштириш ғояларини илгари сурди. Абу Ҳафс Кабир амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини ҳам жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурмат қилган. Ҳозирги кунга қадар Бухоро аҳолиси Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳини “Имоми Ҳожатбарор” зиёратгоҳи дея ардоқлаб келади.
Тадқиқот жараёнида Абу Ҳафс Кабир Бухорий қаламига мансуб “Китобут тахриж”, “Фавоид”, “Фатово” ҳамда “Масоил” каби асарлари борлиги аниқланди. Шунингдек, у “Наводирус солат”ни ривоят қилгани манбаларда қайд этилган[2].
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳафс Кабир Бухорий (ваф. 265/878 й.) Бухоро фиқҳ мактаби намояндаларидан бири саналиб, дастлабки билимларини отаси Абу Ҳафс Кабирдан олди. Унинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги маълумотлар жуда кам сақланган. Абу Ҳафс Сағир фиқҳ, ҳадис, калом илмларининг билимдони бўлган. Отаси Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида жонбозлик кўрсатган бўлса, Абдуллоҳнинг ҳам бу борада хизмати буюк бўлган. Шунинг учун ҳам уни Абу Ҳафс Сағир, яъни кичик Абу Ҳафс деб аташган.
Тоҳирийларнинг Бухородаги ҳукмронлиги тугаганидан сўнг қароқчилик ва талончилик билан шуғулланган ва хонавайрон бўлган деҳқонлардан ташкил топган ғозийлар гуруҳининг ҳаракати Бухоро атрофида янада кучайиб кетди. Шаҳарнинг юқори мартабали амалдорлари фақиҳ Абу Ҳафс Сағир билан маслаҳатлашиб, Самарқанд ва Фарғона ҳокими Наср ибн Аҳмаддан Бухорони ўз ҳомийлигига олишни илтимос қилди. Наср ибн Аҳмад укаси Исмоил ибн Аҳмад Сомонийни Бухорога ҳоким этиб юборди.
Шундай қилиб, Абу Ҳафс Сағирнинг салтанат соҳиби Исмоил Сомоний билан алоқаси яхши бўлгани[3] туфайли кўплаб ҳанафийлар давлат ишларига ўтган[4], оқибатда ҳанафий қарашлар билан Абу Ҳанифа орқали ривоят қилинган ҳадисларнинг ҳамда ҳанафий мазҳаби кенг кўламда тарқалишига имкон яратилди.
Ўша даврда “аҳли ҳадис” билан бўлган муносабат Мовароуннаҳр ҳанафий олимларининг кейинги фаолиятига муайян даражада таъсир қилди. Бинобарин, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “аҳли ҳадис” билан кечган кескин баҳс-мунозаралар натижасида иснодлар пайдо бўлди, имло дарслари олиб борилди, матнни ривоят қилиш одатий тусга кирди. Натижада, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Ҳафснинг “Ал-Аҳвоъ ва-л-ихтилоф”, (Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий ўзининг “Катоиб аълом” асарида унинг “Китаб ар-радд ъала аҳл ал-аҳва” номли асари борлигини таъкидлайди), “Ар-радду ала-л-лафзийя” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари вужудга келди. Шунингдек, олимнинг “Китобул имон” ҳамда “Муқаддима фи-л-фуруъ”[5] номли асарлари ҳам борлиги кейинги давр уламоларининг китобларида тилга олинади.
Абу Ҳафс Сағир ҳам отаси сингари кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар орасида мумтоз шогирдларидан бири бўлмиш, теран ақли, етук салоҳияти сабабли Сомонийлар саройи фақиҳи сифатида танилиб, “Устоз”, дея эътироф этилган Абдуллоҳ Субазмуний бор эди. Самарқандда “лаббодун” (кигиз босувчилар) кўчасида истиқомат қилган Абу Усмон Саид ибн Муҳаммад Бухорий (ваф. 311/924 й.) ҳам унга шогирд тушиб, устозидан кўплаб ҳадис ривоят қилган[6]. Олим 274/878 йилда Бухоро шаҳрида вафот этиб, отасининг олдига дафн этилган.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб Субазмуний Бухорий (258/872-340/952 йй.) Бухородан ярим фарсах (1,5 км) узоқликдаги Субазмун қишлоғида таваллуд топган. Абдуллоҳ Субазмуний ҳанафий фақиҳи, муҳаддис, шу билан бирга, тилшунос ҳам бўлган. У ҳадис ва адабиётдан дарс берган. Исмоил ибн Аҳмад Сомонийнинг “Дору-с-султон” саройида фақиҳ бўлган ва саройдаги турли масалалар бўйича ҳукм чиқарган. Бундан ташқари, сарой аҳли бу зотдан кўп маслаҳатлар олар эди. Мазкур маслаҳатларда биронта ҳам хато учрамагани учун “Устоз” дея унинг билимдонлигини алоҳида эътироф этганлар. Фақиҳ Маккадан тортиб Ироқ ва Хуросон шаҳарларига кўплаб саёҳат қилиб, у ердаги ҳадис ровийларидан ҳадислар эшитган ва ишончли ҳадисларни ўз асарига киритган. Шу боис унга “Жаввол” (саёҳатчи) лақабини ҳам берганлар.
Дастлабки илмини отаси ва амакисидан олган. Отаси эса Абу Ҳафс Кабирнинг шогирди эди. Шунингдек, Абу Касир Сайф Зоминий Самарқандий Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ Бухорий, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳотам Бухорий, Абу Содиқ, Ҳалаф Бухорий, Абу Саид Халаф Насафий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Калободий ва бошқалар Субазмунийга устозлик қилган.
Абдуллоҳ Субазмунийнинг ўзи ҳам кўплаб шогирдларни тарбиялаб, вояга етказган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Фадл Каморий, Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Калободий, Абул Қосим Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Қози Бухорий Калободий, Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад Ҳаййом Бухорий каби кўплаб олимлар Абдуллоҳ Субазмуний шогирдларидан саналади.
Субазмунийнинг ҳанафийлик мазҳабини турли айб ва таъналардан ҳимоя қилиш мақсадида “Кашфу-л-осор фи маноқиби Абу Ҳанифа” (“Абу Ҳанифа маноқиблари бўйича ёдгорликларни кашф қилиш”) асарини ёзган. Асар Мовароуннаҳрдаги маноқиб жанрида ёзилган илк асарлардан бири саналади.
Олим асарда 28 та мовароуннаҳрлик ҳанафий олим ҳақида маълумот беради[7]. Унда Абу Ҳанифа ҳақидаги фикрлар холислик билан ёритилгани, бошқа маноқиблар каби ҳаддан ошириб бўрттириб кўрсатилмагани боис асар кейинги олимлар томонидан танқидга учрамаган.
У илк бора ҳанафий мазҳабида ҳужжат сифатида ишлатиладиган ҳадислар билан ушбу йўналиш олимлари томонидан айтилган фатволарини жамлади. Абдуллоҳ Субазмуний ўзи тўлиқ эгаллаган ҳанафий фиқҳини тарқатиш ва минтақадаги бошқа мазҳаб тарафдорлари каби ўз мазҳабини ҳимоя қилиш учун ўзининг фиқҳий қарашлари ва таълимотини маҳаллий аҳолига сингдириш йўлида бор куч-ғайратини аямади. Бу ишларни амалга ошишида унинг саройда фаолият олиб боргани ҳамда Сомонийларга мударрислик қилгани, чиқарган тўғри фатволари каби омиллар ижобий роль ўйнагани шубҳасидир.
Ҳанафийларнинг яна бир машҳур вакили Абу Бакр Муҳаммад ибн Фадл Бухорий (ваф. 370/981 й.) муҳтасиб вазифасига тайин қилинган эди. Умуман олганда, бу пайтга келиб шарқда фақиҳлар бошқарувчи кучга айланиб ҳатто, маликлар даражасигача кўтарилди[8].
Бухоро аҳолиси фарзандларини китоб ўқишга қизиқтирган ва турли хил асарлар ва улар шарҳларини ёдлашга ундаган. Жумладан, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорийнинг отаси ҳам икки ўғлига Абу Бакр Сарахсийнинг “Мабсут” китобини ёдлашга ундаган ва мукофот тариқасида ҳар бирига минг динордан беришни ваъда қилган[9].
Абу Бакр Муҳаммад ибн Фадл кўплаб шогирдларни тарбиялаган. Жумладан, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр Шаъбий Уструшаний (ваф. 404/1013 й.), бухоролик машҳур сўфий олим, “Китобут таъарруф ли-мазҳаб аҳли-т-тасаввуф” (“Тасаввуф кишилари йўлини таниш бўйича китоб”) муаллифи Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ Бухорий Калободий (ваф. 380/990 й.) унинг машҳур шогирдларидан саналади. Олим нафақат фиқҳ соҳаси, балки, илоҳиёт, тасаввуф ва ислом ахлоқ-одоби масалалари бўйича ҳам чуқур билимга эга бўлган.
Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, IX-X асрларда Бухоро фиқҳ мактаби Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг шаклланиши ва ривожланишида ҳал қилувчи ўрин тутган. Ушбу мактаб нафақат Ироқдан кириб келган фиқҳий анъаналарни қабул қилган, балки уларни маҳаллий ижтимоий муҳит, урф-одат ва сиёсий шароитлар асосида қайта ишлаб, янги босқичга олиб чиққан.
Абу Ҳафс Кабир ва унинг шогирдлари фаолияти натижасида Бухоро ҳанафийликнинг йирик илмий марказига айланиб, бу ерда фиқҳ, ҳадис ва калом илмлари ўзаро уйғун ҳолда ривожланган. Айниқса, фақиҳларнинг давлат бошқаруви тизимида фаол иштирок этгани ҳанафий мазҳабининг жамият ҳаётига чуқур сингиб кетишига хизмат қилган.
Шунингдек, Бухоро фиқҳ мактаби доирасида шаклланган илмий анъаналар кейинги асрларда ҳам ўз таъсирини сақлаб қолиб, Мовароуннаҳрда ислом ҳуқуқи ва маънавий ҳаётнинг ривожига мустаҳкам замин яратган. Демак, ушбу мактаб нафақат минтақавий, балки ислом цивилизацияси доирасида муҳим илмий марказ сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




