Ибн Сино “Ал-қонун фи-т-тибб” асарида қалбнинг (юракнинг – Н.Ж.) анатомик тузилишини ва физиологик вазифаларини батафсил очиб берган. У қалбни тўрт бўшликка (камерага) бўлинган аъзо эканини айтади ва уларнинг ҳар бирининг вазифаларини алоҳида изоҳлайди. Бу тавсиф ўша давр учун жуда илғор билимлар даражасини кўрсатади ва айтиш мумкинки, Ибн Сино парадигмасининг бир кўриниши. Аллома ўз таълимотида қалбни инсон танасидаги асосий аъзо сифатида баҳолайди. Уни “ҳаётнинг асли” ва “руҳнинг қароргоҳи” деб атайди. Тасаввуфда “Қалб – Аллоҳнинг уйи, Мутлақ руҳ ошиёни” дейилади ( Ансорий, Ғаззолий, Румий, Насафий, Ҳайём, Навоий ва бошқалар). Қалбга нафақат қонни ҳайдовчи, вужудни қон билан таъминловчи аъзо, балки ҳаётий ҳарорат, иштиёқ (ҳарораи ғаризия) ва “ҳаёт руҳи” (руҳи ҳаявони)ни қўзғатувчи аъзо деб қараган. Қалб (юрак) тўрт асосий вазифани бажаради: қонни ҳайдаш, ҳаётий ҳарорат – яшаш иштиёқини қўзғатиш, руҳни шакллантирадиган аъзоларга етказиш ва ҳис-туйғулар маскани бўлиш. Бу вазифалар бир-биридан мустақил ва айни пайтда ўзаро чамбарчас боғлиқ. Уларнинг ҳамжиҳатликдаги фаолияти вужуд ҳаётийлигини таъминлайди. Ибн Сино қалб билан жигар, мия ва бошқа аъзолар ўртасидаги боғлиқликларни ҳам таҳлил қилган. У қалб, жигар ва миянинг танадаги энг муҳим учта аъзо эканлигини таъкидлайди. Қалб ҳаётий кучнинг таянчи, жигар озиқланиш маскани, мия эса ҳис ва ҳаракатни таъминлайди.
Ибн Синонинг тиббий фалсафасида руҳ ва жисм ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд. У тананинг соғлиги руҳнинг ҳолатидан келиб чиқишини ва аксинча, руҳий соғлиқ жисмоний ҳолатга таъсир қилишини айтади. Бу илмий ғоя замонавий психосоматик тиббиётнинг асослари олдиндан яратилганини кўрсатади.[1] Ибн Сино тўртта асосий мизож (темперамент) назариясини ривожлантирган. Жумладан, қонли (жонзотлар билан боғлиқ), сафро (холерик), савдо (меланхолик) ва балғам (флегматик) мизожлар. Бу мизожлар жисмдаги тўрт асосий суюқлик (қон, сариқ сафро, қора сафро, балғам) нисбатига боғлиқ. Мизож нафақат жисмоний, балки руҳий хусусиятларни ҳам белгилайди[2]. Руҳнинг жисмоний соғлиққа таъсири ҳар хил йўллар орқали амалга ошади. Руҳий изтироблар, ғам-ғусса, қайғу ва хавотир жисмда турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Аксинча, руҳий тинчлик, хотиржамлик ва қувонч жисмоний соғлиқни мустаҳкамлайди. Ибн Сино бу ҳолатларга кўплаб мисоллар келтирган. Файласуфнинг таълимотида касалликларни даволашда ҳам руҳий омилларга эътибор бериш зарурлиги ғояси илгари сурилган. Бемор билан мулоқотда унинг руҳий ҳолатини эътиборга олиш, ишонтириш ва умид уйғотиш муҳимлигини таъкидлайди. Баъзан сўз ва ишонтириш дорилардан ҳам самаралироқ бўлиши мумкинлигини айтади.
Ибн Сино қалб (юрак) касалликларини икки турга ажратган: моддий ва руҳий. Моддий касалликлар қалбнинг тўқималарида юзага келадиган ўзгаришлар билан боғлиқ. Руҳий касалликлар эса қалбнинг фаолият бузилиши билан боғлиқ бўлиб, кўпинча руҳий сабаблар натижасида юзага келади[3]. Қалбнинг руҳий касалликлари орасида Ибн Сино қуйидагиларни санаб ўтган: юрак уриши тезлиги (хафақон), юракнинг сиқилиши (инқибоз), қўрқув ва ташвиш. Бу касалликлар кўпинча кучли ҳис-туйғулар, хавотир, қўрқув ёки ғам-ғусса, хулласки, руҳий ва маънавий озурдаликлар натижасида пайдо бўлади. Аллома бу касалликларни даволашда умумий ёндашувни таклиф этади. Даволаш нафақат дорилар билан, балки руҳий таъсир кўрсатиш, муҳитни ўзгартириш, мусиқа терапияси, хуш кайфият уйғотувчи, ором берувчи кўпгина омиллар ва бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши керак. У қалбни тинчлантириш ва руҳий мувозанатни тиклаш учун махсус усуллар ишлаб чиққан. Руҳий жиҳатдан анча оғир ҳисобланган “Ишқи жунун” (ишқ ал-жунун) касаллиги ҳам Ибн Сино томонидан кенг ўрганилган. У мазкур касалликни қалбнинг бирор нарсага ҳаддан ташқари қаттиқ боғланиши, бошқача қилиб айтганда, ўзини буткул унутган ҳолатдаги ошиқлик натижасида юзага келувчи руҳий бузилиш деб таърифлаган ва унинг даволаш усулларини кўрсатган. Бу ҳолат ҳар кимда ҳар хил шаклда юз бериши мумкин. Яъни кимдир пул, бойликка, яна кимдир амал, мансабга, бошқаси шон-шуҳрат, унвону мукофотларга буткул боғланган ва унга эришмаса ҳаётининг мазмуни қолмаган бўлади. Уни фожиадек қабул қилади.
Ибн Сино тиббиёт ва фалсафани бирлаштириб, руҳ ва қалбнинг тиббий-физиологик жиҳатларини чуқур таҳлил қилган. Қалбга нафақат моддий аъзо сифатида, балки руҳий жараёнларнинг устуни сифатида ҳам қарайди. Юракнинг тўрт камерали анатомик тузилиши, қон айланиши, ҳаётий иштиёқ, завқ уйғотиши ва руҳий машқлар билан боғлиқ фаолиятлари борасидаги хулосалари замонавий кардиология ва психосоматик тиббиётнинг асосини ташкил этади. Ибн Сино руҳ ва жисм ўртасидаги узвий боғлиқликни таъкидлаб, руҳий ҳолатнинг жисмоний соғлиққа таъсирини ва аксинча, жисмоний ҳолатнинг руҳий фаолиятга таъсирини аниқлаган.
Мизож (темперамент) назарияси ҳам жисм ва руҳнинг бир-бирига таъсирини тушунишда муҳим аҳамият касб этади. Қонли, сафро, савдо ва балғам мизожлар инсоннинг руҳий хусусиятлари ва жисмоний соғлиғи билан чамбарчас боғлиқ. Демак руҳ ва қалбнинг бир-бирини тўлдирувчи фаолиятида жисм билан уйғунлик мавжуд. Шу тариқа, Ибн Синонинг тиббий-физиологик қарашлари руҳ ва қалбнинг интеграл тизимини очиб беради: улар нафақат инсоннинг моддий ҳаётини, балки маънавий ва ахлоқий фаолиятини ҳам мувофиқлаштирувчи восита ҳисобланади. Бундай ёндашув замонавий психосоматик тиббиёт ва психологик тренингларда ҳам яққол акс этади, инсоннинг жисмоний ва руҳий соғлиғини уйғунлаштиришга хизмат қилади[4].
Ибн Сино метафизикасида руҳ табиатан Олий оламга интилувчи субстанция ҳисобланади. Бу интилиш руҳнинг келиб чиқиш манбаи – Фаол ақлга қайтиш истаги билан боғлиқ. Руҳнинг моддий дунёдаги ҳаёти вақтинчалик, бироқ доимо ўз асл ватанига – Мутлақ руҳга қайтишни орзу қилади. Бу интилиш руҳнинг табиий ҳаракати бўлиб, у икки йўл орқали амалга ошади: билим орқали ва маънавий тазкия орқали. Билим орқали руҳ ақлий ҳақиқатларни англайди ва улар билан уйғунлашади. Маънавий тазкия орқали руҳ ўзини моддий боғланишлардан озод қилади, маънавий оламга, кайҳоний хилқатга яқинлашади[5]. Зотан, руҳ – Аллоҳдан. У моддий оламга – вужудга маъно, мазмун, эзгуликка интилиш қуввати бўлиб келади. Руҳ ҳақидаги тасаввурларимиз чекланган, уни бутун миқёси, кўлами ва барча қирралари билан англашимиз мушкул. Руҳнинг сирли, синоатли томони ана шунда. “Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ – Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”[6].
Ибн Сино таълимотида инсоннинг комилликка ва ундан сўнг Мутлақ руҳга интилиши жараёни босқичма-босқич – оддийдан мураккабга, қалб жавҳаридан Олий ҳақиқатга қараб ҳаракатда амалга ошади. Яъни руҳ аввал моддий нарсалардан билим, куч, рағбат олади. Билим қанча кучли бўлса, рағбат, интилиш шунча ошади. Кейин тахайюл оламига – мавҳум тушунчалар даражасига кўтарилади, сўнгра универсал ҳақиқатларни англайди ва ниҳоят, Олий ақл билан уйғунлашади. Бу жараён “ақлий кўтарилиш” (ат-тараққи ал-ақли) деб аталади. Руҳнинг олий оламга интилиши нафақат назарий, балки амалий аҳамиятга ҳам эга. Бу интилиш инсонга ҳаётдан маъно излаш, мақсад ва орзу билан яшаш завқини беради. Уни камолотга йўналтиради ва ҳаётий қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Ибн Сино фалсафасида бу интилиш инсониятнинг энг олий мақсади ҳисобланади.
Қалб Ибн Сино метафизикасида маънавий тажрибаларни бошдан кечириш ва илоҳий ҳақиқатларни идрок этиш аъзоси сифатида муҳим ўрин тутади. У қалбни руҳий ҳис қилиш ва бевосита англашнинг асосий аъзоси деб ҳисоблайди. Инсон қалб орқали ҳақиқатларни ақлий мулоҳазаларсиз тўғридан-тўғри идрок этиши мумкин.[7] Ибн Сино таълимотида қалбий идрок (ал-идрок ал-қалби) алоҳида билиш тури ҳисобланади. Бу идрок ҳиссий ва ақлий идрокдан фарқли ҳолда, бевосита, яъни амалий ва интуитив имкониятга эга. Қалбий идрок орқали олинган билимлар аниқ ва ишончли бўлади. Чунки улар ҳеч қандай воситасиз тўғридан-тўғри қалбга тушади. Қалбнинг маънавий тажриба маскани сифатидаги вазифаси турли ҳолатларда намоён бўлади. Ундан муҳаббат, қўрқув, умид, сабр-тоқат каби бир-бирига зид руҳий кечинмалар ўрин олади. Булар фақат ҳис-туйғуларгина эмас, балки маънавий англашнинг ўзига хос имкониятлари. Масалан, илоҳий муҳаббат қалбда юзага келиб, инсонни олий ҳақиқатларга етаклайди. Ибн Сино қалбнинг маънавий тажриба майдони сифатидаги ролини тасаввуф таълимоти асосларига боғлайди ва тасаввуфдаги қалбий англаш, ҳол ва мақом тушунчаларини ўз фалсафасига сингдиради. Қалб софлиги ва маънавий кўтарилиш Алломанинг метафизик тизимида муҳим ўрин тутади. Қалб – минг бир жилодаги жавҳар. Руҳ – ёғду. Қалб – покиза ниятлар, олий мақсадлар, эзгуликлар маскани. Руҳ қалбни макон тутиб инсон оламини нурга чулғаб, уни ўзи билан бирга самовий юксакликларга – Мутлақ руҳга олиб чиқади.
Ибн Синонинг эманация назариясида инсон руҳи ва кайҳоний ақл ўртасида доимий алоқа мавжуд. Самовий ақл, яъни Фаол ақл (ал-ақл ал-фаъал) барча инсоний билимлар ва маърифатнинг манбаи ҳисобланади. Ҳар бир инсон руҳи ўз тайёргарлик даражасига ва имкониятига қараб ақлдан файз олади. Бу алоқа икки йўналишда амалга ошади. Бир томондан, Фаол ақлдан барча руҳий шакллар ва билимлар сочилади. Инсон руҳи бу шаклларни қабул қилиш орқали билим олади ва камолотга эришади. Иккинчи томондан, инсон руҳи изчил такомил ва ривожланиш орқали Фаол ақлга яқинлашади ва ундан тобора кўпроқ файз олиш имкониятига эга бўлади[8].
Ибн Сино таълимотида бундай алоқанинг самарадорлиги турли омилларга боғлиқ. Жумладан, руҳнинг софлиги, ақлий тайёргарлиги, моддий манфаатлардан озодлиги ва юксак маънавий даража. Баъзи одамлар, хусусан пайғамбарлар, авлиёлар, валийлар ва файласуфлар бу алоқани жуда кучли ўрнатадилар. Уларда қалб ва само, руҳ ва Мутлақ руҳ ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот бир мунча фаолроқ ўрнатилади. Натижада улар бевосита илоҳий билим, илҳом, завқ оладилар. Ана шунда ваҳий ҳолати юзага келади. Инсон руҳининг кайҳоний ақл билан алоқаси Ибн Синонинг табиат, унинг тизими, чегаралари ва асосларига доир қарашларида муҳим ўрин тутади. Бу алоқа орқали универсал ҳақиқатлар, умумий тушунчалар ва зарурий билимлар инсон руҳига тушади. Шу маънода ҳар бир инсон кичик олам ва у улкан олам билан уйғунликда яшайди (Олами суғрода неки бор, олами куброда бор. Ж. Румий).
Ибн Сино фалсафасида руҳ билан қалбнинг метафизик ва маънавий жиҳатлари инсоннинг олий мақсадга интилувчи табиатини очиб беради. Руҳ нафақат моддий дунёда вақтинчалик шаклда мавжуд, балки доимо Олий олам – Ақлий ҳақиқатлар манбаига қайтишни орзу қилади. Бу орзу руҳнинг табиий ҳаракати ва унинг “ақлий кўтарилиши” жараёнида намоён бўлади. Яъни руҳ аввало моддий объектлардан билим олади, кейин мавҳум тушунчалар даражасига кўтарилади, охир-оқибатда Мутлақ ҳақиқат билан уйғунлашади[9].
Руҳнинг Олий оламга интилиши нафақат назарий аҳамиятга эга, балки инсоннинг амалий ҳаёти ва маънавий камолотида ҳам муҳим рол ўйнайди. Бу интилиш инсонни маъно ва мақсад сари йўналтиради, ҳаётий қийинчиликларни енгишга ёрдам беради, шахсга юксак маънавий даражага кўтарилиш имкониятини яратади. Қалб эса руҳий тажриба ва маънавий англаш маскани сифатида муҳим вазифани бажаради. Қалбий идрок (ал-идрок ал-қалби) ҳиссий ва ақлий идрокдан фарқли ҳолда бевосита ва интуитив характерга эга бўлиб, ақлий мулоҳазаларсиз ҳақиқатларни англаш имконини беради. Шу тариқа, қалб орқали инсон муҳаббат, сабр, умид ҳамда илоҳий тажрибалар каби маърифий ҳолатларни бошдан кечиради ва маънавий камолотга эришади.
Ибн Синонинг метафизик тизимида руҳ ва Фаол ақл ўртасидаги алоқа ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Инсон руҳи Фаол ақлдан файз, рағбат олади ва унинг маънавий равнақи шу ҳолат билан қатъий боғлиқ. Бу алоқа икки йўналишда амалга ошади: бир томондан, Фаол ақлдан руҳий шакллар, рамзлар ва билимлар сочилади. Иккинчи томондан, инсон руҳи ўз маънавий ва ақлий камолоти орқали Фаол ақлга яқинлашади. Бу жараёнда руҳнинг софлиги, ақлий тайёргарлиги ва моддий боғланишлардан, турли ҳою ҳаваслардан озодлиги муҳим омил ҳисобланади. Шу тариқа, Ибн Синонинг метафизик ва маънавий қарашларига кўра, руҳ ва қалб инсоннинг камолотга интилишида, муҳим рол ўйнайди, маънавий ва эпистемологик жараёнларнинг асосий субъектида туриб, уни олий маърифат ва фазилатларга йўналтиради. Бу қарашлар фалсафа, психология ва маънавий тарбия билан боғлиқ бошқа соҳаларда ҳам замонавий тушунчалар билан уйғунликда қўлланиши мумкин.
Ибн Сино руҳ ҳақидаги қарашларини шакллантиришда Афлотун таълимотидан фойдаланган. Афлотун руҳни олий, ғайримоддий оламга тегишли субстанция деб ҳисоблаган ва унинг моддий дунёга (инсон қалбига) тушишини асл ватанидан узоқлашиш деб қараган. Ибн Сино бу қарашларнинг кўп жиҳатларини қабул қилган. Лекин ўз фалсафаси билан бойитиб, уни тўлдирган ва давом эттирган. Афлотун руҳни олдиндан мавжуд бўлган субстанция деб ҳисоблар эди. Руҳ инсон туғилишидан олдин ҳам мавжуд бўлган ва вужуд йўқ бўлганидан кейин ҳам мавжудлигини йўқотмаган. Ибн Сино бундай қарашни қисман қабул қилиб, унга аниқлик киритган. Яъни руҳнинг ҳеч қачон йўқ бўлмаган ва бўлмаслигини қатъий таъкидлаган. Лекин руҳнинг олдиндан шахс ҳолатида мавжуд бўлганлигини инкор этган. Афлотун руҳни уч қисмга бўлган: ақлий руҳ бошда жойлашган, жасорат руҳи кўкракда ва шаҳвоний руҳ қоринда[10].
Ибн Сино бу тақсимотни ўзгартирган ва руҳнинг кучларига доир янги ўзига хос концепцияни ишлаб чиққан. Унинг таълимотида руҳ ягона, ажралмас субстанция бўлиб, у турли қувватлар орқали намоён бўлади. Афлотун руҳнинг жисмга тушишини жазо деб ҳисоблаган. Руҳ олий оламдан пастроқ оламга тушиши билан қулайди, деган фикрда бўлган. Ибн Сино эса руҳнинг жисм билан бирлашишини табиий жараён деб қараган. Руҳ жисм орқали турли маиший синовлар оқимида тарбияланади, шаклланади ва охир-оқибатда ўз маънавий-маърифий иродаси доирасида камолот поғоналаридан кўтарилади, билимлар савиясини эгаллайди, комилликка эришади. Шунинг учун руҳнинг жисм билан бирлиги жазо эмас, балки покланиш, ривожланиш ва такомилга эришиш имконияти эканини исботлаб беради.
Арасту руҳ ҳақида Афлотундан фарқли ҳолдаги қарашларга эга бўлган ва ибн Синога катта таъсир кўрсатган. Арасту руҳни жисмнинг шакли деб ҳисоблаган. Яъни руҳ жисмнинг фаол тамойили ва унинг ҳаётийлигини таъминловчи омил. Аллома бу қарашни ўз метафизикасининг асоси сифатида қабул қилади. Арастуга кўра, руҳнинг уч даражаси мавжуд: ўсимлик руҳи, ҳайвон руҳи ва инсон руҳи. Ҳар бир юқори даража пастроқ даражани ўз ичига олади. Ибн Сино бу тақсимотни тўлиқ қабул қилган ва унга аниқлик киритиб, ривожлантирган. Аллома ҳар бир руҳ даражасининг хусусиятларини батафсил таҳлил қилган ва уларнинг ўзаро муносабатларини, боғлиқликларини кўрсатиб, мантиқий асослаб берган. Аммо муҳим фарқ шундаки, Арасту ақлий руҳнинг ўлмаслигини тан олган бўлса-да, индивидуал руҳнинг абадий давом этиши ҳақида аниқ фикр билдирмаган. Ибн Сино эса индивидуал руҳнинг тўлиқ ўлмаслигини қатъий равишда айтади ва бир қатор далиллар билан асослайди[11]. Арасту Фаол ақл тушунчасини илмий муомалага киритган, лекин уни ташқи, самовий ақл сифатида тасаввур қилмаган. Ибн Сино Фаол ақлни эманация (нурланиш) тизимида ўнинчи – Олий ақл сифатида жойлаштирган ва уни жамики одамзод руҳларининг манбаи ҳамда барча илоҳий билимларнинг сарчашмаси деб ҳисоблаган. Бу аллома таълимотининг асосини ва мутлақ ўзига хослигини кўрсатади.
Тасаввуфшунос Ж.Холмўминов “илоҳий ишқ”, “илоҳий нур” тушунчалари ҳақида фикр юритар экан, Ибн Синонинг “Рисола фил-ишқ” асарига мурожаат этади ва қуйидагиларни келтиради: “Агар Мутлақ эзгулик тажаллий этмаганида, ундан ҳеч нарса олиб бўлмасди. Ундан ҳеч нарса олиб бўлмаганда эса ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Шундай қилиб, агар Унинг тажаллийси бўлмаганида, борлиқнинг ўзи ҳам бўлмасди. Демак, Унинг тажаллийси бутун борлиқнинг сабабчисидир. Олий зотга бўлган ишқ қанчалик Унинг улуғлиги учун бўлса, ишқ ҳам шунчалик улуғвор бўлади. Унга бўлган севгининг ҳақиқий манбаи унинг тажаллийсидир”.[12]
Ибн Сино ўзидан олдинги ва кейинги ислом файласуфлари орасида алоҳида, ўзига хос ёрқин ўринга эга. У Ал-Киндий, Ал-Форобий каби ўзидан олдин яшаб ўтган мутафаккирлар қарашларига таяниб, ўз мустақил фалсафий тизимини яратган. Руҳ ва қалб масаласида ҳам ислом фалсафасининг янги қирраларини очган ва ривожлантирган. Ал-Киндий руҳ ва ақл масалаларида юнон фалсафасини ислом ақидасига татбиқ этишга ҳаракат қилган. Ибн Сино эса бу масалада янада чуқурроқ ва мустақилроқ ёндашади. У руҳнинг табиати, унинг билиш жараёнидаги ўрни ва охират ҳаётдаги давоми каби масалаларда батафсил ва тизимли қарашларни илгари сурган. Форобийнинг эманация назарияси Ибн Синога тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган. Лекин аллома бу қарашларни янада ривожлантириб, Фаол ақл ва инсон руҳи ўртасидаги муносабатларни аниқ, батафсил тушунтириб берган. Унинг руҳ ҳақидаги таълимоти Форобий қарашларидан кўра тўлиқ ва тизимлилиги билан ажралиб туради.[13]
Ибн Синонинг қалб ва руҳ тушунчаларига доир хулосалари ўзигача бўлган (Афлотун, Арасту, Ислом фалсафаси) ғоялар таъсирида шаклланган. Шу билан бирга, уларни ўзига хос янги тамойил ва ёндашувлар билан бойитган. Буни, жумладан, қуйидаги қиёсий таҳлилда кўришимиз мумкин:
Афлотундан таъсир.
Биринчидан, Афлотун руҳни кайҳоний, ғайримоддий оламга тегишли субстанция сифатида тасаввур қилган ва унинг моддий дунёга тушишини асил ватанидан – Олий қароргоҳдан узоқлашиш, чекиниш деб ҳисоблаган. Ибн Сино эса бу қарашларни умумий тарзда қабул қилиб, руҳ мавжудлиги ва ўлмаслигини исботлаб берган. Бироқ, уни олдиндан мавжуд, яъни бошқа вужудда яшаган ва кейинги вужудда ҳам яшайверади, деб ҳисобламаган.
Иккинчидан, Афлотун руҳни уч қисмга бўлиб талқин қилган. Ибн Сино эса руҳнинг ягона субстанцияси ва унинг уч қуввати концепциясини ишлаб чиққан. Жумладан, ақлий, ғазабий ва шаҳвоний.
Учинчидан, Вужуд билан бирлашиш Афлотунда жазо сифатида кўрилса, Ибн Синода бу табиий жараён, камолотга эришиш ва Мутлақ руҳга яқинлашиш имконияти, деган хулосага келади[14].
Арасту ғоялари билан Ибн Сино қарашларида қуйидагича ўхшашлик ва фарқ бор:
Биринчидан, Арасту руҳни жисмнинг фаол ҳодисаси сифатида кўрган. Руҳнинг даражалари: ўсимлик руҳи, ҳайвон руҳи ва инсон руҳи. Ибн Сино бу тақсимотни тўлиқ қабул қилган ва ривожлантирган.
Иккинчидан, Ибн Сино инсон руҳининг жисм йўқ бўлгач, ундан ажралиб абадий яшашини Арастудан фарқли ҳолда исботлаб берган.
Учинчидан, Фаол ақл тушунчаси Ибн Синода Арастудан фарқли ҳолда эманация тизимида муҳим ўрин эгаллайди ҳамда унга барча инсон руҳлари ва билимларнинг манбаи сифатида қаралади.
Ислом таълимоти билан боғлиқлиги:
Биринчидан, Ибн Сино Ал-Киндий ва Форобий хулосаларига таянади. Лекин ўз мустақил фалсафий тизимини яратиб, уни бойитади, ривожлантиради.
Иккинчидан, Ал-Киндий руҳ ва ақлни ислом ақидасига татбиқ қилган бўлса, Ибн Сино бу масалаларда батафсил, тизимли ёндашган ва тасаввуф фалсафаси моҳиятини чуқурроқ очиб берган.
Учинчидан, Форобийнинг эманация назариясини ривожлантириб, Фаол ақл ва инсон руҳининг муносабатларини янада аниқроқ ва чуқурроқ очиб берган.
Тўртинчидан, кейинги мутафаккирлар, жумладан, Ибн Рушд ва Суҳравардий Ибн Сино қарашларининг айрим жиҳатларини танқид қилган. Лекин аксари ҳолларда уни ривожлантиришган. Бу – табиий ҳол. Чунки, дунёқарашлар, хусусан, илмий тафаккур бир нуқтада қотиб қолмайди. Акс ҳолда тараққиёт юзага келмайди. Бунинг устига, ҳар бир даврнинг ўз талаблари, қарашлари ва маънавий эҳтиёжлари бўлади. Ибн Сино даврида унинг қарашлари энг илғор ғоя сифатида қабул қилинган. Орадан икки юз йил ўтиб, фаннинг янги, номаълум қирралари кашф этилди ва Сино ғояларининг айрим эскирган қисмларидан воз кечилди, энг муҳим фундаментил асослари ривожлантирилди. Аслини олганда, Ибн Сино ҳам ўзидан олдинги алломалар қарашларини чуқур ўрганган. Фақат ўзига маъқул томонларини қабул қилиб, ривожлантирган. Маъқул келмаган жиҳатларига муносабат билдирмаган.
Ибн Синонинг илмий янгилиги:
Биринчидан, руҳнинг ягона, ажралмас субстанция сифатида қаралиши ва унинг ўз қувватлари доирасида турли ҳолатларда намоён бўлиши.
Иккинчидан, жисм билан руҳ бирлашишининг жазо эмас, аксинча инсоннинг камолотга етишининг муҳим омили эканлиги асослаб берилган.
Учинчидан, инсон руҳи ва кайҳоний Фаол ақл ўртасидаги алоқа тизимли, ўзаро боғлиқлик асосида тушунтирилган ва илмий жиҳатдан исботлаб берилган.
Тўртинчидан, индивидуал руҳнинг тўлиқ ўлмаслигини илмий далиллар билан асослаб берган.
Бешинчидан, Ибн Сино руҳ ва қалб масаласини ўз даври алломалари қарашлари билан юнон ва ислом фалсафий анъаналарини синтез қилиб, батафсил, тизимли таҳлил қилган ва янги ғояларни илгари сурган. Унинг қарашлари нафақат метафизик, балки ахлоқий, маънавий ва эпистемологик жиҳатларни ҳам қамраб олган.
Ибн Синонинг педагогик қарашларида руҳ тарбияси асосий ўринда туради. Унинг “Рисола фи сиёсат ас-сибиён” (“Болаларни тарбиялаш ҳақида рисола”) асарида руҳнинг тўғри шаклланиши учун зарур бўлган педагогик тамойиллар баён этилган. Аллома тарбияни руҳ кучларининг мувозанатли ва кенг кўламли ривожлантириш жараёни, деб тушунган[15]. Унинг таълимотига кўра, тарбия икки асосий йўналишда амалга оширилиши керак: биринчиси – ақлий тарбия, иккинчиси – ахлоқий тарбия. Ақлий тарбия руҳнинг идрок қобилиятларини ривожлантиради, билим олиш ва фикрлаш малакаларини шакллантиради. Ахлоқий тарбия эса руҳнинг шаҳвоний ва ғазабий кучларини назорат қилишга ўргатади, ҳар қандай шароитда инсонда фазилатларни чуқурроқ сингдириш кўникмасини ҳосил қилади[16]. Тарбия жараёнида, албатта, боланинг ёши, ақли, биологик, физиологик ва табиий қобилиятлари эътиборга олиниши керак.
Ибн Сино болалик даври турли босқичларида руҳнинг ўзига хос ривожланиш хусусиятлари ва жисмоний-руҳий имкониятларини чуқур тадқиқ этган. Унинг хулосаларига кўра, эрта ёшда асосан жисмоний тарбия ва одобга доир малакалар шакллантирилади. Кейинчалик эса ақлий ва маънавий тарбия кучайтирилади. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, аллома муаллимларга ҳам алоҳида талаблар қўйган. Муаллим нафақат билим берувчи, балки руҳ тарбиячиси бўлиши керак. У ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини тушуниши, уларнинг табиий-физиологик қобилиятини ўрганиши, ҳисобга олиши ва ҳар бир ўқувчига салоҳиятига қараб алоҳида ёндашиши зарур, деган ғояни илгари суради.
Ибн Синонинг педагогик тизимида қалбни тарбиялаш муҳим ўрин тутади. У қалбни ахлоқий фазилат ва иллатлар юзага келадиган маскани деб ҳисоблаган. Қалбни тўғри тарбиялаш орқали инсоннинг ахлоқий даражасини шакллантириш мумкин, деган хулосага келади. Аллома қалбни тарбиялашнинг бир неча усулларини тавсия этган. Жумладан, биринчидан, фазилатларни шакллантириш. Қалб такрорланадиган ҳаракатлар орқали маълум одатларга кўникади. Агар ижобий ҳаракатлар мунтазам такрорланса, улар одатга айланади ва қалбда мустаҳкам ўрнашади. Одамнинг ўзгармас феъл-атворига айланади. Иккинчидан, ибрат ва намуна усулидан фойдаланиш. Яъни яхши намуналарни, ибратли ҳолатларни мисол сифатида кўрсатиш ва уларга тақлид қилиш. Болалар ва ёшлар катталар хатти-ҳаракатини кузатиб, уларга тақлид қилади. Шунинг учун ёшлар атрофида обрўли, аъло хулқли ва кенг жамоатчилик ҳурматини қозонган одамлар бўлиши зарур. Учинчидан, насиҳат ва таълим бериш[17].
Қалбни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир омил – ўзини назорат қилиш (муҳосаба) омили. Ибн Сино ҳар бир кишига ўз кундалик ҳаракатини таҳлил қилиш, хато ва камчиликларни аниқлаш, уларни тузатишга ҳаракат қилишни тавсия этган. Бунда қалб доимий назорат остида сақланади ва иллатлардан ҳимоя қилинади. Ёшларда, айниқса, бундай кўникма жуда зарур.
Ибн Сино таълимотида билим олиш нафақат амалий мақсадларга хизмат қилади, балки руҳий такомилнинг муҳим воситаси сифатида алоҳида ўрин тутади. Билим руҳни моддий дунёдан маънавий оламга – самовий юксакликларга кўтаради ва уни камолотга етказади. Шунинг учун илм ўрганиш ижтимоий ва илоҳий жиҳатдан ҳар бир инсонга мажбурий ҳисобланади. Аллома билим олиш жараёнини босқичма-босқич амалга ошириш зарурлигини таъкидлайди. Бу аввал оддий ва тушунарли нарсалардан бошланади. Кейин изчиллик билан тобора мураккаб ва чуқур билимлар ўргатилади. Ана шундай тадрижий тартиб руҳнинг табиий ривожини таъминлайди ва уни ортиқча юкламадан сақлайди. Қалб зўриқмайди, одам чарчамайди. Билим олишда нафақат миқдор, балки сифат ҳам муҳим. Ибн Сино юзаки билимлар тўплашдан кўра, чуқур тушунишга эришиш кераклигини уқтиради. Руҳ нафақат далилларни эслаб қолиши, балки уларнинг моҳиятини англаши ва улар ўртасидаги боғлиқликларни, мазмуни ва моҳиятини тушуниши зарур. Билим олиш жараёни бир вақтнинг ўзида ҳам ақлий ва ҳам ахлоқий тарбия беришни талаб қилади. Билим инсонга куч беради. Шунинг учун у аниқ мақсадларга қаратилиши лозим.
Ибн Синонинг педагогик қарашларида руҳ тарбияси муҳим ўрин тутади ва тарбия жараёни руҳнинг изчил ривожланиши асосида ташкил этилиши лозимлиги ғояси илгари сурилади. Жумладан, ақлий ва ахлоқий тарбия:
Биринчидан, ақлий тарбия. Бу руҳнинг идрок қобилиятини ривожлантириш, фикрлаш ва билим олиш малакаларини шакллантириш, мантиқий фикрлаш ва асосли хулосаларга келиш билан боғлиқ.
Иккинчидан, ахлоқий тарбия руҳнинг ғазабий ва шаҳвоний кучларни назорат қилишга ўргатиш, юксак маънавий ва ғоявий етуклик ҳамда ёшлар қалбига фазилатларни сингдиришдан иборат.
Учинчилан, тарбия жараёнида боланинг ёши ва ақли. Табиий, жисмоний қобилиятлари ҳисобга олиниши керак: эрта ёшда жисмоний тарбия ва оддий ахлоқий малакалар шаклланади, кейин ақлий ва маънавий тарбия кучайтирилади[18].
Муаллим (тарбиячи)нинг вазифаси:
Биринчидан, муаллим нафақат билим берувчи, балки руҳ тарбиячиси ҳам бўлиши зарур. Ибн Синонинг бундай қарашлари бугунги кунда тобора долзарблик касб этмоқда. Ҳозирги шароитда ўқитувчининг тарбиячилик вазифаси четга сурилган. Билимлар эса “инновацион технологиялар” воситасида механик тарзда берилмоқда. Замонавий педагогик технологияларга кўр-кўрона ёндашиш оқибатида муаллимнинг қалби, мураббийлик меҳри, ҳарорати, нафаси ўқувчи оламига кириб бормаяпти. Ҳар қандай замонавий технология ўз жойида, фанига қараб, меъёрида ишлатилмоғи лозим. Бу, айниқса, умумтаълим мактаблари учун жуда муҳим.
Иккинчидан, муаллим ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини тушуниши, уларнинг табиий қобилиятини аниқлай олиши ва индивидуал ёндашув тамойилига тўла амал қилиши, тарбияси оғир ўқувчилар билан махсус шуғулланиши керак[19].
Қалбни тарбиялаш усуллари:
Биринчидан, ўқувчида ижобий кўникмаларни шакллантириш. Қалбда эзгулик ва меҳр ҳиссини уйғотиш, изчил ва доимий такрорланадиган ҳаракатлар орқали одатларга, шаклланган феъл-атворга эга қилиш. Шунда ёш қалб ва руҳиятда фазилатлар барқарор бўлади.
Иккинчидан, эътиборли намуналарга ҳавас уйғотиш, обрўли кишиларга тақлид ҳиссини кучайтириш. Болалар катталарни кузатиб, уларнинг хатти-ҳаракатларини ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун улар атрофида юксак ахлоқли одамлар бўлиши зарур.
Учинчидан, насиҳат ва таълим бериш: ёшлар қалби ва онгига тўғридан-тўғри таъсир этиш, бунёдкор ғоялар ва миллий қадриятларни сингдириш.
Тўртинчидан, ўзини назорат қилиш (муҳосаба): кундалик фаолиятни таҳлил қилиш, ўзига танқидий ёндашиш ва камчиликларни тузатиш қалбни иллатлардан тозалайди. Ўз-ўзини бошқариш, иллатлардан тийилиб, фазилатларни эгаллаш иммунитетини кучайтириш.
Билимни мунтазам ошириш ва маънавий ривожланиш:
Биринчидан, билим олиш нафақат амалий мақсадларга хизмат қилади, балки руҳий такомилнинг асосий воситаси ҳисобланади. Инсон эса бутун моҳияти билан ақл, қалб ва руҳ олами.
Иккинчидан, илм руҳни моддий дунёдан маънавий оламга – самовий Хилқатга кўтариб, камолотга етаклайди. Ҳақиқий билим соҳиби эзгуликлар оламига айланади.
Учинчидан, билим олиш жараёни босқичма-босқич бўлиши керак: аввало оддийдан бошланиб, тобора мураккаблашиб, кейин чуқур билимларга ўтиш лозим.
Тўртинчидан, масалалар моҳиятини чуқур тушуниш ва билимларнинг савиясини эгаллаш муҳим. Руҳ далилларни эслаб қолиши билангина чекланмаслиги, улар орасидаги боғлиқликларнинг мазмун-моҳиятини ҳам тушуниши, таҳлилий қувватга эга бўлиши, тўғри ва асосли хулосалар чиқара олиши керак.
Бешинчидан, билим олиш жараёни бир вақтнинг ўзида ақлий ва ахлоқий тарбияни талаб қилади. Ибн Сино олим ва файласуфларга билимларини жамият манфаати йўлида ишлатиш масъулиятини юклайди[20]. Бу ҳозирги замон олимлари учун ҳам муҳим талаб ҳисобланади.
Демак, Ибн Сино педагогикасида руҳ ва қалб тарбияси мувозанат, босқичма-босқич ривожланиш, индивидуал ёндашув ва маънавий юксалиш сингари таълим ва тарбия тамойиллари асосида амалга оширилади. Унинг педагогик қарашлари нафақат ахлоқий ва ақлий ривожланишга, балки маънавий камолотга ҳам қаратилгани билан алоҳида аҳамиятли. Инсоният қадриятлардан узоқлашиш жараёнини бошдан кечираётган ҳозирги шароитда алломанинг бу талаби тобора долзарблик касб этмоқда.
Ибн Синонинг руҳ ва қалб ҳақидаги қарашлари замонавий психология нуқтаи назаридан таҳлил қилинганда ҳам қизиқарли ва ғоят аҳамиятли натижалар беради. Руҳнинг турли кучлар ва қобилиятларга бўлиниши замонавий психологиядаги шахснинг руҳий тизими – ид, эго ва суперэго (З. Фрейд) концепциясига асос бўлган ва руҳиятнинг мураккаб тузилмасини тушунишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади. Ибн Синонинг ички сезим, ҳис қилиш қобилиятлари, жумладан, умумий ҳис, тасаввур, хаёл, ваҳм ва хотира борасидаги хулосалари замонавий когнитив психологиядаги идрок, хотира ва тасаввур жараёнлари билан мос келади. Айни пайтда, аллома бу қобилиятларни фалсафий категориялар сифатида кўриб чиққан бўлса, замонавий психология уларни экспериментал усуллар орқали ўрганади ва амалиётга татбиқ этади.
Ибн Сино қалбнинг жисмоний ва руҳий соғлиқ билан боғлиқлиги ҳақидаги қарашлари замонавий психосоматик тиббиёт асосларини олдиндан башорат қилади. У кучли ҳаяжон, руҳий зарба, оғир ҳиссий ҳолатлар ва уларнинг жисмоний соғлиққа таъсирини ўз вақтида ўрганган ва бу ҳолатлар натижасида касалликлар юзага келиши мумкинлигини қайд этган. Замонавий тиббиётда бу соҳада кенг тадқиқотлар олиб борилмоқда ва Ибн Сино назарияси шу ҳолатларни олдиндан билиш ва тавсия қилиш жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Аллома руҳ ривожланиши ва камолот концепциясида инсоннинг ўз ички салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши, ақлий ҳамда маънавий жиҳатдан энг юқори даражага эришиши ғоясини илгари сурган. Бу ғоя замонавий гуманистик психологиядаги А. Маслоу ва К. Рожерснинг дунё тан олган ўз-ўзини ривожлантириш концепциясига замин яратди. Уларнинг ҳар иккаласида ҳам инсоннинг мақсади фақат ташқи натижаларга эришиш эмас, балки ўз ички салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва маънавий камолотга интилиш эканини тушунтиради.
Фалсафий антропология нуқтаи назаридан Ибн Синонинг руҳ ва қалб ҳақидаги таълимоти инсоннинг мураккаб табиатини тушунишда муҳим аҳамият касб этмоқда. У инсонга дуалистик эмас, монистик ва интеграцион ёндашувни таклиф қилади: инсон фақат жисм ва руҳнинг оддий йиғиндиси эмас, балки уларнинг моҳияти бир-бирига дахлдорлигини, бир бутунлигини назарий жиҳатдан исботлаб беради. Бу қараш инсоннинг биологик, психологик, ақлий ва маънавий жиҳатларидан ягона, мураккаб ҳодиса эканини кўрсатади. Алломанинг инсон ҳақидаги қарашлари замонавий экзистенциализм фалсафаси билан таққосланганда ҳам унда ўзига хос умумийлик ва ўхшашликлар топилади.
Ибн Синонинг билиш назарияси ва инсоннинг камолот йўли ҳақидаги таълимоти замонавий фалсафий антропологиянинг долзарб масалаларини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Инсон ким? У қанақа жонзот? Бошқа жонзотлардан нимаси билан фарқ қилади? Унинг ўзига хос жиҳатлари нимада? Инсоннинг мақсади ва вазифаси нималардан иборат? Ибн Сино бу саволларга фан нуқтаи назаридан аниқ ва асосли жавоб беради. Айтиш мумкинки, алломанинг олам ва одам атрофидаги таълимоти ўрта асрларда ўзига хос тафаккурдаги тўнтариш бўлгани каби, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Унинг ғоялари ҳозирги замонавий фан тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг инсон тушунчасига ёндашувида биологик, психологик, ақлий ва маънавий жиҳатларнинг умумий бирлиги ва замонавий фанлараро интеграцияга фалсафий ёндашувидан далолат беради.
Ибн Синонинг руҳ ва қалб ҳақидаги таълимоти Шарқ ва Ғарб фалсафасига катта таъсир кўрсатган. Ўрта асрлардаёқ унинг асарлари лотин тилига таржима қилинган ва Европада кенг тарқалган. Ғарбда алломанинг таълимоти Фома Аквинский, Дунс Скот ва бошқа схоластик файласуфлар томонидан ўрганилган, қабул қилинган. Айниқса, руҳ ҳақидаги қарашлари ва ақл даражалари назарияси уларда катта қизиқиш уйғотган, чуқур ўрганилган.
Шарқ фалсафасида унинг мероси янада кенгроқ тадқиқ этилган ва бир қатор файласуфлар унинг ғояларини давом эттирган. Суҳравардий, Мулла Садро ва бошқа ислом файласуфлари Ибн Синонинг руҳ фалсафаси асосида ўз таълимотларини яратган. Ҳозирги шароитда алломанинг мероси Шарқ ва Ғарбда қайта баҳоланмоқда, унга эҳтиёж тобора ошиб бормоқда. Алломанинг руҳ ва қалб ҳақидаги қарашлари нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки замонавий фалсафий, психологик ва тиббий муаммоларни ҳал қилишда ҳам қимматли манба сифатида қўлланилмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz




