Home / МАҚОЛАЛАР / САБР – ҚАНОАТ – БУНЁДКОРЛИК ОМИЛИ СИФАТИДА (фалсафий таҳлил)

САБР – ҚАНОАТ – БУНЁДКОРЛИК ОМИЛИ СИФАТИДА (фалсафий таҳлил)

Сабр-қаноатлилик сифати хотиржамлик, барқарорлик, бунёдкорлик омили сифатида инсон маънавий такомили, жамият равнақини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Мазкур фазилат ислом динининг муқаддас манбалари бўлмиш Қуръони карим, ҳадиси шариф, шунингдек, ўзбек халқининг кўп асрлик миллий қадриятлари, улуғ аллома ва мутафаккирлар, хусусан, Алишер Навоий илмий-маънавий мероси мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилган.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида сабр – бирор ҳолат ёки ҳодисани бардош билан кутиш, қаноат қилиш, ўзини тийиш, ғам-кулфат, азоб-мусибатларга чидаш каби маъноларни англатади. Унинг чидам, бардош, ирода, қатъият каби маънодошлари мавжудлиги таъкидланади [3].

Қаноат – мамнунлик, борига шукур қилиш, қаноатлилик, камсуқумлик, борига сабр қилмоқ, бори билан кифояланмоқ, нафси тийиқлик билан кўпга, ортиқчаликка интилмаслик каби маъноларни билдиради [4].

Мақолада Қуръони карим, ҳадиси шариф каби ислом динининг муқаддас манбаларидан, Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб”, Жалолиддин Румийнинг “Ичингдаги ичингдадир” каби асарларидан фойдаланилди.

Тадқиқотда илмий билишнинг тарихийлик ва мантиқийлик, анализ ва синтез, таққослаш, умумлаштириш, синергетик таҳлил каби усулларидан фойдаланилди.

Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деб келтирилади (“Бақара” сураси, 157-оят) [5].

Оятда мўминнинг ҳаёт қийинчиликларини енгишида сабр-қаноатлилик хислати ва Аллоҳга ибодат туганмас мадад, куч-қувват, сокинлик ва хотиржамлик манбаи, бунёдкорлик омили сифатида талқин этилади.

Ҳадисда: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган” [6], деб келтирилади (Бешовлари ривоят қилган).

Дарҳақиқат, сабр-қаноат Аллоҳнинг инсонга берган буюк неъмати, файзу баракоти манбаидир. Буни ўзбек халқининг “Сабр таги – сариқ олтин”, “Сабрли бўлсанг ўзарсан, сабрсиз бўлсанг тўзарсан”, деган мақоли ҳам тасдиқлайди.

Камолотга эришган ақлли инсон ошкор ёки хуфиёна равишда жафоларига шукр ва сабр қилган зотдир. Ҳикоя: Асҳобдан бирининг уйида бир яҳудий яшарди. Кир ва қўл-оёғини ювганда, мағзавасини уй соҳибининг турар жойига оқизарди. Асҳобдан бўлган зот эса шикоят ўрнига шукр ва барчасига сабр этар, оиласини ҳам шунга буюрарди. Орадан саккиз йил ўтди. Уй эгаси вафот қилди. Ҳол сўраш учун кирган яҳудий ўз мағзавасининг нималар қилганини кўрди ва шунча вақт ичида бу ерда не-не кўнгилсизликлар бўлганини англади. Ва: “Аллоҳ тақдирласин! Нега буни шу пайтгача айтмадингиз? Яна ташаккур ҳам билдириб турардингиз” деди. Марҳумнинг оиласи жавоб берди: “Раҳматли отамиз бизга шукр ва сабр қилишни амр этар ва уларни ташламанг, дея бизни қўрқитарди”. Буларни эшитиб яҳудий тўлқинланди ва мусулмон бўлди [2:148]. Мазкур ҳикоят шукроналик, сабр-тоқатлилик фазилатлари инсон ҳаёти ва фаолиятида улкан аҳамият касб этишини кўрсатади.

Алишер Навоий асарлари моҳиятини эзгу фазилатлар тарғиботи ташкил этади. Жумладан, мутафаккир сабр-қаноатлилик хислатининг синергетик хусусиятларини гўзал бадиий-фалсафий ташбеҳлар орқали очиб беради.

Мутафаккир “Маҳбубул қулуб” асарида феъл-атворга хос фазилатлар таърифида “Сабр нафсоний истаклар ва жисмоний лаззатлардан ўзини чиқармоқ ва ибодат машаққати билан нафсни ҳибс қилмоқ ва риёзат қаттиқлигида қадамни собит қўймоқликдир [1:75], дейди. У Ҳақ йўлида кескин ҳаракат қилмоқ ва яхши ёмондан ҳар нима эшитса, чидам билан сабр қилмоқлик. Сабр аччиқдир, лекин фойдали, қаттиқроғдир, лекин у зиён-заҳматни даф қилгувчидир. Қайси номурод сабр этагига қўл уриб, муродига етмади экан? Ва сабр туфайли қайси гирифтор кўнгилнинг мушкули ечилмади? Сабр – роҳат-фароғат калити ва тугунлар ечими. Сабр дўстдир, лекин суҳбати зерикарли, аммо муродга етказувчи. Сабр узоқни кўзлаган улфатдир, аммо у охирда истакка етказувчи. Сабр секин юрадиган уловдир, аммо манзилга элтувчидир. Сабр оғир қадам босувчи туядир, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр – аччиқ сўзлаб, таъбни хира қилувчи насиҳатчи, лекин у туфайли охирида мақсад ҳосил бўлади. Дориси аччиқ табиб, бемор ундан озорланади, аммо охирида сиҳат топади, деб баён қилади.

Сабр қафасида жон булбулига на хомушлик фойда беради, на наво, на нола. Сабр мажлисида руҳ тўтисига на сукут фойда беради, на фарёдуна фиғон. Сабр саҳросида фароғату изтиробнинг фарқи йўқ. Биёбонида дам олиш нимаю, югуриш нима – бари бир. Ёрнинг фироғида куйганлар сабр туфайли ўлимдан ҳам ғам емайдилар. Сабр ҳажр шамидек қоронғи ва узун, аммо охири висол тонги, ҳаж йўлидек оғир ва йироқ, аммо ниҳояти иқбол Каъбасига олиб боради.

Ҳар балога гирифтор бўлган, жони хавф остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод, ҳар ноумиднинг тушкун руҳи сабр туфайли қувват топади. У – ошиқларга дард ва беморларга ҳалокатли заҳар. Соғлом одам унинг азобидан бемор, ҳис-туйғулар унинг уқубатидан бекор. Руҳ сабр туфайли иллатли, кўнгил унинг қаттиқлигидан тоқатсиз, беҳаловат. Йўли саҳросида зулмат ва офат, Хизрдек уни босиб ўтганга охири оби ҳаёт чашмаси насиб этади. Сабр шиддатини тотиб кўрганлардан бири ҳазрат Аюб алайҳиссаломдирлар ва қийинчиликларга бардош берганлардан бири Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Байт:

Ажаб ранжеки андин саъб йўқ ранж,

Вале чеккан кишининг баҳраси ганж [7].

Байтда сабрнинг ажиб қийноқ экани, ундан ортиқ азобнинг бўлмаслиги, лекин у азобни чекканнинг мукофоти бойлик экани айтилмоқда.

Ривоятларга кўра, Айюб пайғамбарнинг мол-дунёси, Роҳма исмли хотини, бир уй фарзандлари бўлган. У дунё лаззатларидан тўла баҳраманд ҳолда ҳаёт кечирган. Аллоҳ уни имтиҳондан ўтказмоқчи бўлади. Молу мулки қўлидан кетади. Айюб сабр қилади. Бир – бир болалари вафот этади, у сабр қилади. Касал бўлади, аъзойи баданига яра тошади, ҳатто бу яралар қуртлаб кетиб, азоб беради, у сабр қилади. Роҳма унга меҳрибонлик билан хизмат қилади. Ниҳоят, Аллоҳ Айюбга шифо бахш этади, Ҳавран элига пайғамбар қилиб жўнатади. Унга янгидан мол-дунё ва фарзандлар ато қилади. Адабиётда Айюб сабр қаноат тимсоли сифатида тилга олинади. “Айюб сабрини берсин” деган дуо халқлар орасида кенг тарқалган.

Инсон неъмат ва хотиржамлик ичида яшар экан, шукр қилади ёки мусибат ва қийинчиликларга сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби беҳожатлик ва ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатлилик, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлаб, инсонни эзгуликка, комилликка йўналтиради. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади.

Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чеклай олади. Шу боис, ҳадисда: “Сабр имоннинг ярмидир”, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калитидир. Зеро, ҳадисда: “Мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур”, дейилади.

Алишер Навоий “Маҳбубул қулуб” асарида бир йигитнинг бошига тушган азоб-уқубатларга юксак сабр-бардоши ҳақида ҳикоя қилади: “Бир нотавоннинг кўнглига бир гулюзнинг ишқи тушди ва у туҳмат билан зиндонга гирифтор бўлди. Туҳматни бўйнига олиши учун тортмаган азоби қолмади. Аммо у кўнглидаги махфий сирни тилига чиқармади. Охири бир кун аскарлар арқон билан зиндондан судраб чиқарди. Уни бошдан оёғигача шунчалик урдилар, бир қучоқ ўтин майдаланиб кетди. Бошдан оёғигача жароҳат бўлди. Барча аъзоларининг териси ёрилди. Таёқ аъзосини шу ҳолга келтирдики, унинг бадани қон туфайли лолазор бўлди. Мазлум асло гапирмади ва иқрор ҳам бўлмади. Ниҳоят, золимлар азоб беришдан чарчади ва ўртадан судраб чиқариб, ноилож қўйиб юборди. Инсоф билан айтганда, тўғри қилдилар. Зулм қилганлар йироқлашгандан кейин у йигит оғзидан майдаланиб кетган танга чиқарди. Одамлар уни кўриб, сабабини сўради. Унинг жавобидан маълум бўлдики, золимлар калтаклаётганда одамлар орасида унинг ёри ҳам бор экан. Бир чеккада унинг ҳолига қараб турган экан. У азоб чекаётганда, танга тишлари орасида экан. Калтак зарбидан тишлари қисилганда, танга майда-майда бўлиб кетибди. Ёрнинг қараб турганини сезиб, бу азобларга сабр қилган экан. Ёр бу аҳволни билди ва меҳр ва шафқат билан бошига келиб, ширин сўзлар айтиб, яраларига малҳам қўйди. Ширин сўзлар билан мажруҳ танига жон киргизди. Йигит ҳеч хаёлида йўқ, тушига ҳам кирмаган давлатга муяссар бўлди ва хаёлига келмаган саодатга эришди. Барча қийинчиликларни сабр-чидам билан енгиб, бахтга мушарраф бўлди”.

Байт:

Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нишини нўшу хорини гул айлади
[7].

Мутафаккир ушбу ҳикоят орқали кимки мусибатларга сабру тоқат қилса, бахт унинг заҳри (зиёни)ни болга, тиканини гулга айлантиришини маълум қилади.

Сабр билан кўп мушкул ишлар очилади. Ишда шошган эса кўп тойилади. Кўп тойилган кўп йиқилади. Ишда шошилмоқ – ёш болалар иши. Сабр билан иш қилмоқ – улуғлар иши.

Байт:

Ҳар кимсаки айламас ошумоғни хаёл,

Яфроғни ипак қилур, чечак баргини бол [7].

Яъни кимки шошилишни хаёл қилмаса, япроқни ипак қилиб, гул баргидан бол олади.

Қаноат – ибодатга етгудек қувват ҳосил бўлгунча еб-ичиб кун ўтказмоқдир ва бошқа барча ҳою ҳавасларни хаёлдан чиқармоқликдир. Ва бенаволиқ билан нафсни қийнамоқ ва шаҳвоний ҳисларни рад этиш билан чалажон қилмоқ. Қаноат бир чашмадурким, суви олинган билан қуримайди ва бир хазинадурки, сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини берар ва дарахтдурки, шохи эҳтиёжсизлик ва ҳурмат келтиради. Қаноат инсон кўнглига равшанлик келтиради ва кўз ундан ёруғлик касб этади.

Қаноатли дарвешнинг қуруқ нони, тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатли фақирнинг ёвғон умочи (Умоч – қаттиқ хамирни сувга увалаб пиширилган суюқ овқат), олғир бойнинг новвоту ҳалвосидан яхшироқдир. Шоҳ шу кишики, олмайди, лекин беради. Гадо шу кишики, сочмайди-ю, лекин теради. Кимки қаноатни одат қилиб олса, шоҳлик-гадолик ташвишидан қутулади. Гарчи унинг тирикчилик уйи тор бўлса ҳам, ҳар қанча муболаға қилсанг, ўринлидир.

Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафс ёмонлигидан қутулисан ва тоғ чўққисидурки, унга чиқсанг, дўсту душманга муҳтожликдан қутуласан. Қаноат ҳокисорликдурки, натижаси баландлик ва эҳтиёжликсизликдир. Қаноат экиндир, унинг уруғи – бойлик, дарахтдир, меваси эса муҳтож бўлмасликдир. Қаноат аччиқ майдир, лекин нашъаси шодлик, қаттиқ йўлдир, аммо манзили қувончли.

Қаноат – эҳтиёжсизлик белгиси ва шараф  иззат зийнати. Қаноатли фақир бойдир ва шоҳу гадодан эҳтиёжсиздир. Тама – хор-зорликка далил ва тамагир бой эса хору зордир. Киши тама билан ё бирор нарса қўлга киритади ёки киритмайди. Лекин тама қилмаслик ҳеч бир саховатдан қолишмайди. Бундай саховат аҳли ўта сахийдирлар ва тама аҳли эса пасткашдирлар.

Байт:

Хорлиғлар боши – тама, билгил,

Доимо “азза ман қанаъ” билгил [7].

Яъни хорликнинг боши тамагирликдир, доимо “қаноатли ҳамиша азиз” деб билгин, дейилмоқда.

Қаноатда қанча аччиқ роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси – тамада шунчалик разолат ва тубанлик бор.

Хасис кишининг дўсти тиланчи ва нокасдир, разолат уларнинг феъл-атворига мосдир. Уларнинг муносабатида кишиларни камситиш ва енгилтаклик бордир. Кимдаки бу сифат мавжуд бўлса, бундай кишини халқ ёмон кўради.

Тама туфайли нокаслик ва разиллик авж олади, одамийлик завол топади. Қаноатсиз кишилар ор-номус уйини куйдирувчи бир ўтдир, иззат-ҳурмат хирмонини совургучи ва улуғворлик шамъини ўчирувчи бир елдир. Тамагир кишиларнинг бирор нима олишга ўчлиги, худди еб тўймаснинг таомга очкўзлигига ўхшайди. Бириники тубанлар ҳаракати бўлса, бириники ҳайвонлар одатидир. Қаноат бир жавоҳирким, элни бу икки балодан қутқаради ва халқни бундай офатдан халос этади.

 Тамагирлик ва нокаслик шундай ёмон феълки, гўёки икки ёқимсиз эгизакдир, иккаласи эса ёмонларнинг ёмонидир. Буларнинг бири нокас ва бирининг иқболи паст, шунинг учун иккаласининг моҳияти бирдир.

Мухбири содиқ (Мухбири содиқ – садоқатли хабар етказувчи,  Муҳаммад  пайғамбар (c.а.в.)га нисбатан қўлланиладиган ибора) шундай дебдурлар: “Аллоҳ қаноатни азиз қилган бандасига, тамани эса хор қилган бандасига берибдур” [1:73].

Рубоий:

Ҳар кимки, қаноат тарафи нисбати бор,

Борча эл аро тавозеу иззати бор,

Улким тамау ҳирс била улфати бор,

Яхши-ямон ичра зиллату накбати бор [7].

Рубоийда кимнинг “қаноат” деган хислати бўлса, унинг барча эл орасида иззату ҳурмати бор. Кимнинг тамаю ҳирс билан ошнолиги бўлса, яхши-ёмон ичида хорлигу бахтсизлиги бор, дейилмоқда.

Илоҳий сирлардан воқиф Шайх шоҳ Зиёратгоҳий (XV асрда яшаб ўтган Хуросон машойихларидан) ибодат фароғати учун қаноатни одат қилиб олди ва Зиёратгоҳ қасабасида маскан тутди. Ва халойиқ назр-ниёзига парво қилмади ва султонлар инъом ва эҳсонига назар солмади. Ҳақирлик мероси бўлган ҳовлисига дарахт ва экин экди. Ўз муборак қўли билан экин суғорар ва дарахтларни теша ва арра билан бутар эди. Шу тариқа қаноат билан кун кечирар ва Тангри ибодатига машғул эди. Бу қаноатнинг натижаси “азза ман қонааа” (таржимаси: “Қаноат қилган азиз бўлади”) ҳукми билан шу ерга етдики, Ҳирот доруссалтанатидан султонлар ва дин уламолари ва тариқат машойихлари ул бузруквор ҳузурига борар эдилар, остонаси тупроғини ўпиш билан фахрланар эдилар ва унинг эккан буғдойидан бўлган нонни ва унинг дастурхонидаги мевалардан нимаики қўлларига тушса, кўзларига суртиб, қўйинларига солиб, табаррук билиб, шаҳардаги аҳли аёллари ва болаларига берар эдилар ва ундан еганлар жаннатдан умидвор бўлур эдилар. Қаноат натижаси бундан ортиқроқ бўлмайди ва хурсандлик боғчасининг райҳони бундан тароватлироқ бўлмайди.

Қитъа:
Жаҳон ичра кўп сунъ кўргузди сонеъ,
Эмасдур киши турфа андоқки, қонеъ.
Кишидин талабсиз ғино ҳосил этмас,
Яна жудға бўлмамоқ ҳеч монеъ
[7].

Яъни, Яратувчи Парвардигор жаҳонда кўп ажойиб нарсаларни яратди. Лекин қаноатли кишидан кўра ажабтовурроқ киши йўқдир. Зеро, қаноатли киши меҳнат қилмасдан, талаб қилмасдан бой бўлади, ҳатто саховат қилишга ҳам ҳеч монелик бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги глобаллашув даврида ўзбек халқининг азалий миллий қадриятлари ва улуғ аждодлар бой илмий-маънавий меросининг эзгу моҳиятини, уларда илгари сурилган юксак ахлоқий фазилатларни ёшлар онги ва қалбига чуқур сингдириш комил инсонни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Алишер Навоий. Маҳбубул қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. – Т.: Сано-стандарт, 2018.
  2. Мавлоно Жалолиддин Румий. Ичингдаги ичингдадир. – Т.: Ёзувчи, 1997.
  3. https://n.ziyouz.com/books/uzbek_tilining_izohli_lugati/Oʻzbek%20tilining%20izohli%20lugʻati%20-%20Q.pdf
  4. https://wayu.uz/media/services/book/1_XklEfI67uMZfdNUE-5DQbsFT9l0nDvAt-2022-12-25_090639.pdf
  5. https://islom.uz/view/sabr-xakida-kelgan-xadislar

 

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

КАСБ-ҲУНАРНИ МУКАММАЛ ЭГАЛЛАШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ГАРОВИ (2-қисм)

Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш – келажакка инвестиция Ёшлар мустақил ҳаётга тайёр бўлиши, келажакда жамиятда ўзига муносиб …