Home / МАҚОЛАЛАР / КАСБ-ҲУНАРНИ МУКАММАЛ ЭГАЛЛАШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ГАРОВИ (2-қисм)

КАСБ-ҲУНАРНИ МУКАММАЛ ЭГАЛЛАШ – ФАРОВОН ҲАЁТ ВА ЮКСАК МАЪНАВИЯТ ГАРОВИ (2-қисм)

Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш – келажакка инвестиция

Ёшлар мустақил ҳаётга тайёр бўлиши, келажакда жамиятда ўзига муносиб ўрин эгаллаши, эл-юртга наф келтириши уларнинг касбни тўғри танлаши билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун бу борада ёш авлодга ёрдам бериш, қизиқиши, қобилияти ва имкониятларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришни том маънода келажакка йўналтирилган инвестиция дейиш мумкин.

Касб танлашда фақат оила аъзолари, дўстлар ёки атрофдаги яқин шахсларнинг фикрига эргашиш, муайян касбни обрўли (“мойли”) деб билиб, ўзининг асл қизиқишини эътиборсиз қолдириш тўғри эмас. Инсон ўз қобилияти, жисмоний салоҳияти, қизиқиши ва келажакдаги мақсадларини ҳисобга олиши лозим. Шу билан бирга, танланаётган соҳанинг жамият учун аҳамияти ва ривожланиш истиқболларини ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Ота-она фарзанднинг касб танлашида уни қўллаб-қувватлаши, боланинг қизиқишларини билиши ва ҳурмат билан ёндашиши, тўғри маслаҳат бериши зарур. Фарзандни ўзи истамаган касбга мажбуран йўналтириш ўрнига, ундаги мавжуд қобилиятларни ривожлантириш ва мустақил қарор қабул қилишига кўмаклашиш самаралироқдир.

Таълим муассасалари эса ёшларга турли касблар ҳақида холис маълумот бериш, касбга йўналтириш машғулотларини ташкил этиш, корхона ва ташкилотларга турлар уюштириш, мутахассислар билан учрашувлар ўтказиш орқали уларнинг касбий тасаввурини кенгайтириши мумкин.

Ҳозирги шароитда ахборот технологиялари, дастурлаш, муҳандислик, тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандлик каби соҳаларда малакали кадрларга эҳтиёж мавжуд. Бироқ қайси соҳа танланишидан қатъи назар, ёшлар пухта билим олиш, меҳнат қилиш ва малакасини доимий ошириб боришга тайёр бўлиши керак.

Шунингдек, ёшларга фақат касб эгаллашни эмас, балки тадбиркорлик, молиявий ва юридик саводхонлик, жамоа билан ишлаш, муаммоларни муроса билан ҳал қилиш ва мулоқот маданиятини ҳам ўргатиш зарур. Бу кўникмалар уларнинг келажакда муваффақиятли фаолият юритишига ёрдам беради.

Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ишсизликни камайтириш, оилалар фаровонлигини ошириш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, касбли ва билимли ёшлар жамиятнинг ишончли таянчига айланади. Зотан, юртнинг эртаси ҳам ўшалардир.

Халқимизда ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришда азалдан устоз-шогирд анъанасига алоҳида эътибор берилган. Ҳунармандлик, кулоллик, заргарлик, дурадгорлик, тўқувчилик ва бошқа кўплаб соҳаларда ёшлар тажрибали устозлардан таълим олиб, касб сирларини ўрганган. Устоз шогирдга фақат иш усулларини эмас, балки меҳнат маданияти, ҳалоллик, сабр, камтарлик ва масъулиятни ҳам ўргатган.

Устознинг ҳаётий тажрибаси шогирд учун катта мактабдир. У касбий фаолиятда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларни кўрсатиб беради ва сабабларини тушунтиради, мураккаб вазифаларни бажариш усулларини ўргатади ва (ҳадиксирамасдан) мустақил қарор қабул қилишга кўниктиради. Албатта, шогирд ҳам устознинг насиҳатларини диққат билан тинглаши, берилган топшириқларни сидқидилдан бажариши ва ўрганишдан чарчамаслиги лозим.

Бугунги кунда касб-ҳунар таълими муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, илмий ташкилотлар ва турли хизмат кўрсатиш соҳаларида устоз-шогирд анъанаси катта аҳамиятга эга. Назарий таълимни амалий тажриба билан уйғунлаштириш ёшларнинг меҳнат бозорига мослашиши ва касбий маҳоратини оширишда муҳим ўрин тутади.

Айниқса, ёш мутахассисларга тажрибали ходимларни бириктириш, уларга амалий вазифалар бериш, иш натижаларини таҳлил қилиш ва хатоларини тўғри тушунтириш самарали усуллардан ҳисобланади. Бунда устознинг шахсий намунаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Зеро, шогирд кўпинча устознинг гапидан кўра унинг амалий фаолияти, ишга муносабати ва одамлар билан муомаласидан кўпроқ нарса ўрганади.

Шу боис устозларни қадрлаш, уларнинг тажрибасини ёш авлодга етказиш ва касб-ҳунар анъаналарини асраб-авайлаш жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Касбни мукаммал эгаллашда устоз кўрсатмалари билан бирга ишни пухта бажариш ҳам муҳим ўрин тутади. Ҳақиқий мутахассис ўз меҳнатининг натижаси учун масъулиятни ҳис этиши, одамларга наф келтиришни мақсад қилиши ва ўз фаолиятида ҳалолликни устувор билиши керак.

Масалан, шифокорнинг билими ва маҳорати инсон саломатлигига, қурувчининг масъулияти бинонинг мустаҳкамлигига, ҳайдовчининг интизоми йўловчилар хавфсизлигига, ўқитувчининг маҳорати эса ёш авлоднинг келажагига бевосита таъсир қилади. Яъни, касбий хатоларга бепарво қараш, вазифани юзаки бажариш ёки шахсий манфаатни жамият манфаатидан устун қўйиш салбий оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Ҳалоллик касб эгасининг энг муҳим фазилатларидан бири бўлиши керак, жўралар. Ҳалол мутахассис иш вақтидан унумли фойдаланади, зиммасидаги вазифани виждонан бажаради, хизмат ёки маҳсулот сифатини таъминлайди ва ўз имкониятларини сохта қилиб кўрсатмайди. У ўз меҳнатининг қадрини билади ва бошқаларнинг меҳнатини ҳам ҳурмат қилади.

Касбий маҳорат билан маънавий етукликнинг уйғунлиги инсонни ҳақиқий мутахассис даражасига олиб чиқади. Билимли, аммо масъулиятсиз танбаллик қилиб, инсон ўз салоҳиятидан тўлиқ фойдаланмайди. Аксинча, билим, маҳорат, одоб ва виждонни ўзида мужассам этган мутахассис жамоада ишонч қозонади, обрў-эътибор топади ва узоқ муддатли муваффақиятга эришади.

Шу маънода, касб-ҳунарни мукаммал эгаллаш инсоннинг ўз олдидаги вазифаси бўлиш билан бирга, жамият ва халқ олдидаги масъулияти ҳамдир. Ҳар бир касб эгаси ўз соҳасида ҳалол ва сифатли меҳнат қилса, умумий тараққиётга муносиб ҳисса қўшган бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, касб-ҳунарни мукаммал эгаллаш инсон камолоти, оила фаровонлиги ва жамият тараққиётининг муҳим шартларидан биридир. Касбли инсон ўз меҳнати билан ҳаёт кечириш, оиласини таъминлаш, бошқаларга ёрдам бериш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш имкониятига эга бўлади.

Бироқ касбий муваффақиятга эришиш учун муайян ҳунарни ўрганишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун мустаҳкам билим, амалий тажриба, сабр-тоқат, интизом, масъулият, ҳалоллик ва доимий изланиш талаб этилади. Шу боис замон талаблардан келиб чиқиб, ўз малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам ҳар бир мутахассиснинг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Айниқса ёш авлодни касб-ҳунарга йўналтириш, қалбида меҳнатсеварлик ҳисси ва мустақил қарорлар қабул қилиш кўникмасини шакллантириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш ва касбий одобни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ислом таълимоти ҳалол меҳнатни, ўз қўл меҳнати билан ризқ топиш ва инсонларга наф келтиришни юксак қадрият сифатида эътироф этади. Демак, касбни пухта эгаллаш, уни ҳалоллик ва виждон билан адо этиш инсоннинг моддий фаровонлиги билан бирга маънавий камолотига ҳам хизмат қилади.

Қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлишга интилиши, меҳнатини қадрлаши ва касбий маҳоратини доимо такомиллаштириб бориши зарур. Зеро, касбни билиш – имконият, касбни мукаммал эгаллаш – маҳорат, уни ҳалол ва виждонан бажариш эса юксак фазилатдир.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Қуръони карим. Нажм сураси, 39-оят.
  2. Имом Бухорий. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”. 2072-ҳадис.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни. 2020 йил 23 сентябрь. “ЎРҚ-637-сон Қонуни”. 9-модда. “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим”.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни. 2020 йил 20 октябрь. “ЎРҚ-642-сон Қонуни”. 3-модда. “Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими”. // 63-модда. “Касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малака оширишга доир давлат буюртмаси”.
  5. Касб-ҳунар таълими, меҳнат тарбияси ва шахс камолотига оид илмий-услубий адабиётлар.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ҳалоллик ва ростгўйлик – саодат калити

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: …